25.01.2024

ШАМОИЛУН НАБАВИЙНИНГ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

IX–XII асрлар Ислом Ренессанси деб эътироф этилган. Айнан ўша даврда давлат юритишдаги сиёсат тубдан ўзгариши билан бир қаторда илм-фаннинг турли соҳаларида юксак чўққилар забт этилган. Айниқса, тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, тилшунослик, математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезия ва география каби янги соҳаларга қизиқиш кучайган. Натижада Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Замахшарий, Абулмуъин Насафий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий каби юзлаб аждодларимиз серқирра истеъдод соҳиблари бўлиб етишган.

Бу даврда яшаб ўтган Мовароуннаҳр ҳадис мактабининг йирик вакилларидан бири, машҳур муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Сулламий Термизийдир. У 209/824 йил Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топиб, 279/892 йил етмиш ёшда вафот этган [1].

Имом Термизий ҳадис илмининг султони, дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг шогирдидир. У диний ва дунёвий илмларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан ўрганган. Аллома Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада бўлиб, у ернинг йирик олимларидан ҳадис ва фиқҳ каби илмлар бўйича таълим олган. Шу билан бирга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни жамлаган.

Аллома ўзидан бой илмий мерос қолдирган. Уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Сунани Термизий”, “Шамоилун набавий” (“Набавий хулқ асослари”), “Илалу фил ҳадис” (“Ҳадислардаги иллатлар”), “Рисолату фил хилофи вал жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Тарих”, “Китобуз зуҳд” (“Зоҳидлик китоби”), “Китобул асмоу вал куня” (“Исмлар ва кунялар китоби”) каби асарлар шулар жумласидандир. Алломанинг “Сунани Термизий” асари “Жомиъус саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”), “Жомиъул кабир” (“Катта тўплам”) ёки “Саҳиҳи Термизий” номлари билан машҳур бўлиб, 6 та ишончли ҳадислар тўпламидан бири ҳисобланади. Имом Термизийнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ҳаёти, У зотнинг сурат, сийрати, ажойиб фазилатлари ва одатларига бағишланган машҳур яна бир асари “Шамоилун набавий” бўлиб, у 408 ҳадисни ўз ичига олган.

Дарҳақиқат, дунёда ҳеч бир инсон тарихи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари каби мукаммал ўрганилмаган. У зотнинг суннатлари, холқий ва хулқий сифатларини васф этувчи ҳадислар кўплаб муҳаддислар томонидан китобат қилинган. Уларнинг ичида Имом Термизий қаламига мансуб асарнинг илмий ва тарбиявий аҳамияти жуда юқори бўлиб, у ўзига хос услуби билан Пайғамбар алайҳиссалом шамойилларига оид бошқа асарлардан алоҳида ажралиб туради. Мазкур асар кўп асрлардан бери нафақат тадқиқотчи олимларнинг диққатини, балки Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийрат ва фазилатларини ўрганишга қизиққан барча мусулмонлрнинг эътиборини ўзига тортиб келган.

Асарни мазмун-моҳиятига кўра икки қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисм: бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг холқий сифатлари – сурат (ташқи қиёфа)ларини тавсифлаган ҳадислар киради. Уларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йирик суякли, ўрта бўйли, гавдали, бақувват, хушбичим, кўкраклари кенг, қоринлари билан кўкраклари бир (текис), қўллари гўштдор ва пешоналари кенг ва кўзлари катта-катта бўлганини билиб олиш мумкин.

Иккинчи қисм: бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари – ички дунёси ва ахлоқий сифатларига оид ҳадислар киради. Улар орқали Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ахлоқий жиҳатдан намунавий, мукаммал бир сиймо бўлганини билиб олиш мумкин. Жумладан, У зот каттаю кичик, аёл-эркак, бой-камбағаллар билан бир хил муомалада бўлганлар. Башарти бирор киши ножўя иш қилиб, узр сўраса, узрини қабул қилганлар. Йўлда учраган барча кишиларга биринчи бўлиб салом бериб, самимий ҳол-аҳвол сўрашганлар.

Мазкур асарнинг қўлёзма нусхалари ер куррасининг деярли барча минтақаларидаги архив, музей ва кутубхона фондларида сақланиб келмоқда.

Жумладан: маҳаллий фондлардан Ўзб ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 1510 ва 1533-йилларда [2] кўчирилган нусхалари;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида XVI асрга оид қўлёзма нусхаси;

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида инв. №71 рақам остида бир нусхаси сақланмоқда [3];

Хорижий фондлардан Саудия Арабистони “Жомиъул Маликис Сауд” кутубхонасида инв. №277, 938, 1765, 2292, 2961, 5355, 6922, 7895 ва 8135 рақам остида, “Мактабатул Жомиъил Ислом” кутубхонасида инв. №701 ва 3280 рақам остида;

Америка Қўшма Штатлари Мичиган университети кутубхонасида инв. №211 ва 488 рақамлар остида;

Франция миллий кутубхонасида инв. № 709, 712, 713, 723, 5971, 6841 рақамлар остида;

Грузиядаги Корнели Кекелидзе номидаги Грузия миллий қўлёзмалар марказида инв. № 123, 447, 539, 687 ва 609 рақам остида [4] бир неча нусхалари сақланмоқда.

Ҳозирда мазкур нусхалардан “Жомиъул маликис Сауд” кутубхонасидаги 9 та, “Мактабатул Жомиъил Ислом” кутубхонасидаги 2 та, Мичиган университети кутубхонасидаги 2 та ва Франция миллий кутубхонасидаги 6 та қўлёзманинг электрон нусхаси Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказининг электрон базасида сақланмоқда.

Улардан баъзиларининг тавсифига қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, Саудия Арабистонинг “Жомиъул Маликис Сауд” кутубхонасида инв. №277 рақам остида сақланаётган қўлёзма тўлиқ бўлиб, 102 варақни ташкил қилади. Ўлчами – 22х15.5 см.. Асар матни сатрлари 11 қаторни ташкил этиб, улар зарҳал рангли рамка ичига олинган. Асар ҳошиясида матндаги баъзи сўзларга изоҳлар ёзилган. Пойгири бор. Асарнинг 3а варағида китоб фиҳристи (мундарижаси) келтирилган бўлиб, унда асар ичидаги 55 та боб номлари келтирилган. Унинг 4б варағида эса зарҳал унвони ҳам бор. Асар 4б варақдан басмала билан бошланиб, Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга саловат келтириб, асар муаллифи ва биринчи боб номини келтирган ҳолда давом этиб кетган:

الحمد لله وسلام على عباده الذين اصطفى قال الشيخ الحافظ ابو عيسى محمد بن عيسى بن سورة الترمذى رحمه لله باب ما جاءَ فى خلق رسول الله صلى عليه وسلم .

Асар насх хатида кўчирилган бўлиб, боб номлари, “ҳаддасана”, “ҳаддасани” ва “ахбарна” каби сўзлар қизил сиёҳда ёзилган.

Асар охири 102а варақда.

عن ابن سيرين قال هذا الحديث دين فانظروا عمن تأخذون دينكم.

Ибн Сиррийн роҳимаҳуллоҳ: “Ҳадистдиндир, динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар”, –  деди, ривояти билан тугаган. Яъни диний илмлар жумладан, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ақоид, ахлоқ ва шу каби илмлар диндир. Чунки, инсон улар воситаси билан ўз динига оид таълим, тарбияни олади ва диний ҳукмларини ўрганади. Шу боисдан ҳам дин илмини тақводор устозни танлаб, таниб, ундан сўнг ўрганмоғи лозим. Шунда ҳозиргидек билиб-билмасдан ҳар-хил оқимларга эргашишлар бўлмайди.

Асар колофони 102а варақда жойлашган бўлиб, унда асар 1164/1751 йилда кўчирилгани ҳақидаги маълумот келтирилган:

تمت كتابته ونقص قرأته فى الامبول تمت كتابته وتصحيحه 1164[5] .

“Мактабатул Жомиъил Ислом” кутубхонасида №3280 рақам остида сақланаётган қўлёзма 93 варақдан иборат. Асар хаттот Саййид Дарвиш Абдураҳим Диёрбакрий томонидан насх хатида кўчирилган бўлиб, пойгирлари келтирилган. Барча варақларидаги сатрлар рамка ичига олинган бўлиб, 13 қаторни ташкил этади. Асарнинг 28а-б ва 93а варақларига бир турдаги муҳр ва 5б варақда ўртаси араб хатида, чети лотин хатида ёзилган замонавий муҳр (печат) қўйилган. Муҳрлар жуда хира бўлгани учун уларни ўқиш мушкул.

Асар 1б варақдан басмала билан бошланган. Ундан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга салавот, муаллиф ва биринчи боб номи келтирилган.

 الحمد لله وسلام على عباده الذين اصطفى قال الشيخ الحافظ ابو عيسى محمد بن عيسى بن سورة الترمذى رحمه لله باب ما جاءَ فى خلق رسول الله صلى عليه وسلم

Асар охири 93а варақда қуйидагича тугаган:

فاردنا ايصال كلام مهم للّا يحصل لبعض الناس تردّد فى هذالامر وتعثربه شبهة فيض والله يهدی مایشأ الى صراط مستقیم.

Асар колофони 93а варақда жойлашган бўлиб, хаттот номи Сайд Дарвиш Абдураҳим Диёрбакрий эканлиги келтирилиб ўтилган.

صرده عبده الفقيرالحقير المحتاج الى رحمة ربّه القدير السيد درويش عبدالرحيم دياربكری[6] .

Франция миллий кутубхонасида №5971 рақам остида сақланаётган қўлёзма ҳам тўлиқ бўлиб, 29 варақдан иборат. Асар сатрлари 29 қаторни ташкил этиб, улар рангли рамка ичига олинган. Асарнинг пойгири ва 1б варағида зарҳал унвони бор. Асар мазкур варақдан басмала билан бошланиб, юқоридаги нусхалар каби Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга саловат келтириб, ундан сўнг асар муаллифи ва биринчи боб номини келтирган ҳолда давом этиб кетган.

الحمد لله وسلام على عباده الذين اصطفى قال الشيخ الحافظ ابو عيسى محمد بن عيسى بن سورة الترمذى رحمه لله باب ما جاءَ فى خلق رسول الله صلى عليه وسلم[7] .

Бу нусха ҳам насх хатида кўчирилган. Унинг матнидаги фақат “ҳаддасана” сўзи баъзи ўринларда қизил сиёҳда ёзилган.

Асар охири 29а варақда: Ибн Сиррийн раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис диндир, динларингизни кимдан олаётганингизга қаранг деди” – ривояти билан тугаган.

حدثنا محمد بن على ثنا النضر قال انا ابن عوف عن ابن سيرين قال هذا الحديث دين فانظروا عمن تأخذون دينكم .

Асар колофони 29а варақда бўлиб, унда қуйидаги сўзлар ёзилган.

تم بعون الله و توفيقه .

Асар муқоваси ва таякси қора чармдан бўлиб, муқова четига оқ рангли рамка чизилган.

Америка Қўшма Штатлари Мичиган университети кутубхонасида №211 рақамлар остида сақланаётган қўлёзма ҳам тўлиқ бўлиб, 79 варақдан иборат. Мазкур нусха Абу Сано Ҳаммод ибн Ҳибатуллоҳ ибн Ҳаммод ибн Фузайл Ҳароний ривояти асосида ёзилган [8]. Асар насх хатида кўчирилган. Матн сатрлари 13 қаторни ташкил этади. Асарнинг пойгирлари ва 2б варағида кўк ва зарҳал рангли унвони бор. Қоғозлари сариқ рангли. Бу нусхада фақат “боб” ва “ҳаддасана” сўзлари қизил сиёҳда ёзилган. Асарнинг 48б, 49б, 72а-76б варақларидаги матннинг ҳаракат – эъроби қўйилган. Унинг 50а, 54а, 57а, 62а, 79б варақларида муҳрлар бўлиб, барчаси хира бўлгани учун уларни ўқиб бўлмайди.

Мазкур асар ҳам 1б варақдан басмала билан бошланган. Ундан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга салaвoт ва ровийлар силсиласи келтирилган.

الحمد لله رب العالمين و الصلوة والسلام على سيدا محمد وآله وصحبہ اجمعین اخبرنا الشيخ الفقيہ الامام العالم رضی الدین ابوالثناء حمّاد بن هبة الله بن حماد بن الفُضيل الفيضلى الحراني …قال اخبرنا ابوعيسی محمد بن عيسى بن سورة الترمذی الحافظ قال باب صفة رسول الله صلّى الله عليه و سلّم.

Мазкур нусханинг бошқаларидан фарқли жиҳати шундаки, асар бошида Имом Термизийдан то Абу Сано Ҳаммод ибн Ҳибатуллоҳ ибн Ҳаммод ибн Фузайл Ҳаронийгача бўлган ровийлар силсиласи келтирилган. Алоҳида эътиборга молик томони, бу нусханинг ровийси Ҳаммод ибн Ҳибатуллоҳ Ҳаронийга устозларидан икки йўл билан етиб келган. Биринчи йўл устози Абу Шужоъ Умар ибн Абулҳасан Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Наср Бастомийдан ижоза олиш орқали бўлса, иккинчи йўл устози Абулмаҳосин Масъуд ибн Муҳаммад ибн Ғоним Ғонимийга Ҳавот, деган жойда ўқиб бериш орқали етиб келган. Ҳар икки йўналишда ҳам Имом Термизийдан Абу Сано Ҳаммод ибн Ҳибатуллоҳ ибн Ҳаммод ибн Фузайл Ҳаронийгача бўлган санади олтита ровийни ташкил этади. Бу эса мазкур нусха ишончли ровийлар орқали, узлуксиз санад билан етиб келганига ҳужжат бўлиб, шубҳаларга ўрин қолдирмайди.

Асарнинг охири 79б варағида олдинги нусхалар каби: Ибн Сиррийн рoҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис диндир, динингизни кимдан олаётганингизга қаранг деди” – деган қуйидаги ривоят билан тугаган.

حدثنا محمد بن على اخبرنا النضر اخبرنى ابن عوف عن ابن سيرين قال هذا الحديث دين فانظروا عمن تأخذوا دينكم.

Асар муқоваси ва таякси тўқ малла рангли чармдан, чети ва ўртасида зарҳал рангли нақшлари бор.

Мазкур нусхалар турли замонларда, ҳар хил жойларда, бошқа-бошқа хаттотлар томонидан кўчирилгани боис уларнинг ёзилиши ва ҳажми бир-биридан фарқ қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Термизийнинг “Шамоилун набавий” асари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шамойилларини ўрганишда, ёшларнинг имонли, эътиқодли бўлиб улғайишида ва уларни ватанпарварлик руҳиятида тарбиялашда катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Асарнинг нусхалари эса мазкур асарни ўрганишда таҳқиқ, тадқиқ ва таҳлил этишда тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Йўлдошхон Исаев,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. Қўлёзма – Саудия Арабистони, “Жомиъул Маликис Сауд” кутубхонаси. – № 277. 
  2. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. Қўлёзма – Саудия Арабистони, “Мактабатул Жомиъил Ислом” кутубхонаси. – № 3280. 
  3. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. Қўлёзма – Франция миллий кутубхонаси. – № 5971.
  4. Кенжабек M. Буюк Термизийлар, Термиз тазкираси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2017. – Б. 115.
  5. Қўлёзмалар каталоги. Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти. 2018. – Б. 102.
  6. Уватов У. Икки буюк донишманд. – Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2005. – Б. 7.
  7. Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри. Т-1. – Тошкент: “Тасвир” нашриёт уйи. 2020. – Б. 60.

Izoh qoldirish