29.01.2024

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ВА УНИНГ УСТОЗЛАРИНИНГ ҲАДИС ВА УНГА БОҒЛИҚ ИЛМЛАР РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАЛАРИ

Ҳижрий учинчи аср ҳадис ва унга боғлиқ илмларни ажратиб берувчи босқич ҳисобланади. Бу аср ҳадисларни ёзишда улкан ривожланиш, ҳадис илмидаги истилоҳларни аниқ қилиб белгилаш ишлари билан бошланди. Мазкур ишлар суннатни сақлаш, уни ҳимоя қилиш, саҳиҳни мавзудан ажратиш учун кенг кўламдаги илмий ҳаракат билан олиб борилди. Бу ишни Имом Бухорийнинг катта устозларидан бир гуруҳи бошлаб бердилар.

Имом Суютий ушбу даврда 295 та ҳофиз бўлганини ривоят қилади[1]. Бу саҳобалар замонидан бошлаб, Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний вафот этган йил – ҳижрий 852-йилгача бўлган ҳофизларнинг тўртдан бир қисмига тенг эканини билдиради.

Иккинчи юз йиллик бошларида ҳадис китобларидаги саҳоба ва тобеинларнинг сўзларини, марфуъ ҳадис бўлимларини ажратиб олиб, алоҳида китобларга жамлашга бир неча олимлар киришдилар. Бу иш орқали муснад туркумидаги асарлар пайдо бўлиб, ҳадис илми бир қолипга тушди[2]. Биринчи бўлиб Убайдуллоҳ ибн Мусо Абасий, Наим ибн Ҳаммод, Асад ибн Мусо, сўнг Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий ва Абу Хайсама Заҳир ибн Ҳарб каби олимлар ва бошқалар муснадлар ёздилар. Муснадлар кўпайиб, бундай китоб ёзмаган олимлар озчиликни ташкил қилар эди. Юқорида зикр қилинган уламоларнинг ҳаммаси Имом Бухорийнинг устозларидир.

Ҳадисларни ёзиш ва уни ҳадис бўлмаган хабарлардан ажратиш борасидаги ишлар олимларнинг қатъиятли саъй-ҳаракатлари билан алоҳида фанга айланди. Улар ҳадис туруқлари (бизга етиб келиш йўллари), ровийларнинг ҳолатлари ва уларга доир масалаларни синчиклаб кўриб чиқдилар ва ишончлиларини ишончли, ишончсизларини ишончсиз деб белгиладилар.

Уламолар баъзи ҳадис айтувчиларнинг ҳадисларни аралаштириб, саҳиҳини ҳам, заифини ҳам инсонларга айтаётганини кўргач, одамларни тўғри йўлдан оғишига олиб келишидан хавфсираб, ҳадислар ва уларнинг навларини ажратишди ва унга доир махсус қоидаларни ишлаб чиқдилар. Бу борада ҳадис имомлари, жарҳ ва таъдил, ровийлар тарихи олимлари орасида бир гуруҳи донг таратдилар. Улар янги бир илмий уйғонишга бошчилик қилдилар.

Улар ҳадис илмларини алоҳида бўлимларга бўлиб, ҳар бир фанни алоҳида асарларда ёзиб чиқдилар. Заҳир ибн Ҳарб “Тарих” номли китобини, Яҳё ибн Маъин ровийлар аҳволлари ва тарихлари борасида бир неча асарлар, Муҳаммад ибн Саъд табақа китоблари орасида уламолар биринчи ўринга қўядиган “Ат-табақот ал-кубро” номли китобини ёздилар. Имом Бухорийнинг устозлари Али ибн Абдуллоҳ Мадийний ҳадис илми фанларини ўрганиш борасида ажралиб турардилар. Ўша фанларни ўрганишни биринчи бўлиб бошлаб берганлар. Ҳадис илмлари ривожида у зотнинг ҳиссалари катта. Бунинг самараси Имом Бухорий ва у каби олимлар, кейинчалик Абу Исо Муҳаммад Термизийда намоён бўлди.

Али ибн Мадийний ҳадис ва унинг бир қанча илмлари борасида тахминан 200 га яқин асар ёзиб қолдирган. У зот ҳақида Имом Бухорий: “Мен ўзимни ҳеч кимнинг олдида (илмда) кичик санамайман. Фақат Али ибн Мадийний бундан мустасно”[3], – деган.

Бу уйғониш ҳаракати натижасида ҳадис илмлари юксак ривожланди, ҳадис фани масалалари мустақил бўлиб, унинг навлари ва истилоҳлари аниқ бўлди. Мисол учун, Имом Бухорийнинг устози Али Мадиний ҳадисни саҳиҳ, ҳасан ва заифга ажратишни бошлаб берди. У зот кўп ҳадисларга “саҳиҳ” ва “ҳасан” деб сифат берган. Ваҳоланки, бундан олдин бу термин ишлатилмаган. Ҳофиз ибн Ражаб айтади: “Мутақаддим уламолар ҳадисни, асосан, саҳиҳ ёки заифга ажратишар эди”.[4] 

Ҳофиз ибн Ҳажар Ибн Салоҳга ёзган хатида қуйидагиларни келтиради: “Али ибн Мадиний ўзининг муснад ва илалларида кўп ҳадисларни саҳиҳ ва ҳасан деб сифатлаганлар. Ҳадисларда “ҳасан” истилоҳини биринчи бўлиб қўллаган олим шу киши эди. Бу зотдан Имом Бухорий, Яъқуб ибн Шайба ва бошқа кўплаб олимлар ўрганганлар. Имом Бухорийдан Имом Термизий ўрганган”[5].

Юқоридаги ҳаракатлар натижасида ҳадис илмига асос солинди. Мазкур уламолардан сўнг Имом Термизийга устоз бўлган Имом Бухорий, Муслим, Яъқуб ибн Шайба каби олимлар табақаси вужудга келди.

Уламолар суннатни ўрганиш йўлида муснадлардан фойдаланишда баъзи қийинчиликларга дуч келдилар. Бу иш анчагина маърифатли ҳофиз бўлган олимларгагина енгил эди. Инсонлар ҳадиснинг саҳиҳи билан заифини ажрата олмасди. Ҳадис айтувчилар авом халққа мункар ҳадисларни ҳеч қандай аниқлик киритмасдан, ундаги иллат нимада эканини баён этмасдан ривоят қилаётганини кўрган олимлар инсонларга саҳиҳ ҳадисларни етказиш, бу ишни яна ҳам осонлаштириш мақсадида ғайрат билан ишга киришдилар. Имом Бухорий, кейинчалик Имом Муслим марфуъ бўлган саҳиҳ ҳадисларни бобларга ажратиб, алоҳида китоб ҳолига келтириш фикрига келдилар. Бунда ҳадисларни ёзишда олдин қўлланилган икки услубни бирлаштирдилар. Булар мусаннафотлар ва муснадлар услублари эди. Ҳадисларни бобларга ажратиб тартиблаш мусаннафотларда қўлланилган бўлса, муснадларда маълум бир ровийдан ривоят қилинган ҳадислар келтирилади. Бу усул муснад эгалари томонидан қўлланилган. 

Уламолар бу услубга кўра ҳадис китобларини бобларга ажратиб ёза бошладилар. Шундай қилиб, “Сунани Абу Довуд”, “Сунани Насаий”, “Сунани Ибни Можа” ва “Сунани Термизий” каби сунан китоблари пайдо бўлди. 

Ҳадис ёзишнинг бу даврига келиб икки алоҳида йўналиш юзага келди. Бу икки йўналиш ҳадис мусаннифларининг асосий йўналишига айланди. Биринчиси, фиқҳ илми – ҳадисдан ҳукмлар ва қоидалар чиқаришга мувофиқ қилиб китоб ёзиш. Имом Бухорийнинг услуби ҳам шундай. Имом Моликнинг “Муваттоъ” китоби олдинроқ ёзилган бўлса-да, унинг масалалари унчалик мураккаб эмас эди. Имом Бухорий эса кенг кўламдаги ишни амалга оширган эди. “Муваттоъ”да йўқ боблар ва мавзуларни киритади, масаланинг ҳукмини чиқаришда маҳоратини кўрсатади. Бунинг самараси ўлароқ “Саҳиҳи Бухорий” бу йўналишдаги мукаммал намуна ва асосий китобга айланди.

Иккинчиси, иснод фани – ҳадис санадларининг томонлари ва бундаги ҳадисдан олинадиган манфаатлардан фойдаланиш. Бу Имом Муслимнинг услубидир.

Ҳадис ёзиш билан бирга ҳадис илмлари ҳам тенг ривожланди. Юқоридаги табақа олимларининг ҳадис илмларини алоҳида қилиш ва бу борада катта-катта китоблар ёзишдаги улкан саъй-ҳаракатлари натижасида ривожланди. Ҳар бир олим маълум бир фанда ижод қилди. 

Имом Бухорий учта тарих китоби: “Кабир”, “Авсат” ва “Сағир”ни, “Китоб ал-илал”, “Китоб аз-зуафо” ва бошқа асарларини, Ижлий ва Исҳоқ жарҳ ва таъдил илмида китоблар, Имом Муслим “Китоб ал-илал”, “Китоб ал-асмо вал-куна”, “Ифрод” ва “Тамйиз” асаларини ёздилар. Бу китоблар уламоларнинг улуғ ишлари ва бу илмни ўрганиб, китоб ёзмоқчи бўлган олимларнинг манбасига айланди. Бу китоблар аждодлардан авлодларга мерос бўлиб қолди ва бугунги кунгача етиб келди. 

Имом Термизий устозларининг табақаси ҳадис илми ривожи йўлида ана шундай улкан хизматлар қилдилар. Шундай қилиб, ҳадис фанининг асоси мукаммал бўлди. Булардан кейингилар ана шу асосга биноан ижод қилдилар. 

Бу давр уламолари меҳнатларининг самаралари бир неча ишларда намоён бўлди. Ҳадис истилоҳлари аниқ ва равшан бўлди, баъзи ҳадис навлари баъзисидан ажралиб чиқди, ҳадисни қабул қилиш ёки қилмаслик жиҳатидан уч турга – саҳиҳ (мақбул ҳадис турларининг энг улуғи), ҳасан (қабул қилинадиган ҳадисларнинг энг даражаси қуйиси) ва заиф (қабул қилинмайдиган тур)га ажратилиши қарор топди. 

Ҳадисни бундай кўринишда тақсимлашни Али Мадинийдан Имом Бухорий, Яъқуб ибн Шайба ва бошқалар нақл қилганлар. Бу усулни кенг ёйдилар ва унга доим амал қилдилар. Уларнинг ҳадисларга саҳиҳ, ҳасан ва заиф деб берган ҳукмлари ривоят қилинган.

Имом Муслим ҳам “Саҳиҳ”ларини ёзишда мазкур услубни қўллаб, ҳадис ва унинг ровийларини уч қисмга бўлган:

  1. Мутқин ҳофизлар ривоят қилган ҳадислар. Бундай ҳадислар саҳиҳи лизотиҳи бўлган;
  2. Юқоридагилардан даражаси бироз қуйида бўлган, лекин тақво ва омонат эгаси бўлган олимлар ривоят қилган ҳадислар. Бундай ҳадис ҳасан лизoтиҳи бўлади;
  3. Ёлғон билан айбланган ва унутиш ва хатоси кўп инсонлар ривоят қилган ҳадислар. Бундай ҳадислар заиф бўлади.

Имом Мулим ўзининг китобларида биринчи ва иккинчи турдаги ҳадисларни келтириб, учинчи турдаги ҳадисларни ташлаб кетган. Бу юқоридаги тақсимотга мувофиқ бўлади. 

Шундай қилиб, ҳадисни тақсимлашда Имом Муслим Имом Бухорий ва у зотнинг табақаларидаги олимлар билан бир йўналишда бўлиб, Имом Термизий учун асос тайёрлаб бердилар. У эса бундан фойдаланиб, уни кенг ёйиб юборди.

Имом Бухорий, Яъқуб ибн Шайба ва Абу Али Тусий каби ўша давр уламоларининг китобларида “Сунани Термизий”да машҳур бўлган ибора “Ҳасан саҳиҳ”ни келтирганларини кўришимиз мумкин. 

Ҳадис илмининг асоси қўйилган ва йўналиш аниқ бўлган бир даврда Имом Термизий илм олишга бел боғлади. Улардан мазкур илмларни олиб, тақсимотларда ва умумий қоидаларда уларнинг услубларини қўллади. Ҳар бир ҳадисда ундан олинадиган ҳукмлар ва ҳадисга боғлиқ бўлган жузъий маъноларни чиқариш ва бошқа масалаларда улардан истифода қилди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: “Агар намоз ўқимоқчи бўлсанг, таҳоратни мукаммал қилгин” мазмунидаги марфуъ ҳадисларини ривоят қилиб, айтадилар: “Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдан бу ҳадис ҳақида сўраганимда: “У ҳасан саҳиҳ ҳадисдир”, – деб жавоб берди”.

Бундан ташқари, Ҳасна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳонинг мустаҳоза ҳақида келтирган ҳадисларини ривоят қилиб айтади: “Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдан бу ҳадис ҳақида сўраганимда: “У ҳасан саҳиҳ ҳадисдир”, – деб жавоб берди. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан сўраганимда ҳам: “У ҳасан саҳиҳ ҳадисдир”, – деб жавоб берди”.

Имом Термизий “Илал” китобларида келтирган иллатларнинг аксари борасида Имом Бухорий билан, қолгани борасида эса Имом Доримий ва Абу Заръалар билан мунозара қилганларини ёзади. Бу эса унинг юқоридаги табақа олимларидан қанчалик фойда олганларини кўрсатади. Бу табақанинг бошида эса Имом Бухорий турибдилар. 

Имом Термизийга бу даражага етишларида ҳадис фани тараққий этган асрларининг энг порлаган даври – III асрда яшаганлари сабаб бўлганида шубҳа йўқ.

 

Абдувохидов Абдулло Шукрулло ўғли,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. https://savollar.islom.uz/s/37530
  2. Жалолиддин Суютий. Тобақот ал-ҳуффоз. 
  3. Ибн Ҳажар Асқалони. Ҳадю ас-сори. 1-жуз, – Б. 54.
  4. “Ар-рисолат ул-мустатрофа..” (машҳур суннати шариф китоблари баёни борасида қизиқарли рисола).
  5. Имом Заҳабий. Тазкирот ул-ҳуффоз. – Б. 429.
  6. Имом Суютий. Қут ул-муғтазий. 1-жуз, – Б. 8.

 

 

[1] Ибн Ҳажар Асқалони. Ҳадю ас-сори. 1-жуз, – Б. 54.

[2] “Ар-рисолат ул-мустатрофа..” (машҳур суннати шариф китоблари баёни борасида қизиқарли рисола), – Б. 127.

[3] Имом Заҳабий. Тазкирот ул-ҳуффоз. – Б. 429.

[4] Имом Суютий. Қут ул-муғтазий. 1-жуз, – Б. 8.

[5] “Sunani Termiziy” hadis toʻplami tarjimasi..Tarjimon Mirzo Kenjabek. – Toshkent: Adolat, 1999. 1-jild

Izoh qoldirish