31.01.2024

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИ

Манбаларда ёзилишича, ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда имом Термизий ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам ёки бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан, учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган. Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик қилган.

Ўз ижодий ва илмий фаолияти даврида Термизий бир қанча асарларни ёздики, уларнинг аксарият қисми бевосита ҳадисларга бағишланган. Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб ҳадисларнинг тўғрилиги, уларни ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берилган. Чунончи, ўша даврнинг ўзидан бошлабоқ ноаниқ, чала-чулпа, ҳатто сохта ҳадислар ҳам эл орасида тарқай бошлаган. Шундай пайтларда улар қайта-қайта текширилиб, муҳаддисларнинг бетиним меҳнати натижасида асл ҳолига қайтарилиб, ёзма равишда қайд қилинган. Натижада ислом уламолари орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга келтирилган олтита ҳадислар тўплами (Сиҳоҳ ситта) муаллифлари энг нуфузли ва мўътабар муҳаддислар деб тан олинган. Мана шу эътироф этилган машҳур муҳаддислардан бири – Имом Термизийдир. Имом Термизий ўзидан бой илмий мерос қолдирган. Келинг муҳаддис бобомизнинг асарлари билан қисқача билишиб ўтамиз:

«Ал-жомиъ Ас-саҳийҳ». Имом Термизийнинг ижодий фаолиятида яратилган асарлари ичида «ал-жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам») энг асосий ўринни эгаллайди. Ушбу асар юқорида қайд қилганимиздек, «ал-жомиъул кабийр», («Катта тўплам»), «Саҳийҳ Имом Термизий», «Сунан Имом Термизий» («Термизий суннатлари») каби номлар билан ҳам юритилади. Тарихчи Ибн Хажарул Асқалонийнинг ёзишича, Имом Термизий ушбу асарини 270 ҳижрий (884 милодий) йилда, яъни деярли олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган.Ушбу асар қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида, шунингдек, ўзимизда, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. Муҳим манба сифатида «Ал-жомиъ ас-саҳийҳ» бир неча марта нашр қилинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866) йили Митоҳда, 1292 (1875) йили Қоҳирада, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилганлигини кўрсатиш кифоя.

Имом Термизийнинг бу муҳим асарига бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, улардан ибнул Арабий (ваф. 543/1148) номи билан машҳур бўлган имом, ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллаул Ашбилийнинг «Оридатул Аҳвазий ала китоб Имом Термизий» номли 13 жузъ (қисм)дан иборат шарҳларини келтириш мумкин. Ушбу шарҳ дастлаб 1931 йилда Қоҳирада нашр қилинган. Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдураҳимул Муборакфурий (1283–1353 ҳижрий) қаламига мансуб яна бир шарҳ ҳам «Туҳфатул Аҳвазий бишарҳи Имом Термизий» деб аталади. Тўрт жуздан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Мисрлик олим ва адиб Жамолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ас-Суютийнинг (1445—1505) Имом Термизий асарига ёзган шарҳи «Қутул муғтазий ала жомиъ Имом Термизий» (ундан икки қисми нашр қилинган), деб аталган. Булардан ташқари Муҳаммад ибн Абдуқодир Абу ат-Таййибул Маданийнинг «Шарҳ Сунан Имом Термизий», Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг «Таҳқийқ ва шарҳ Жомиъ Имом Термизий» (ўндан икки қисми 1937 йидда Мустафаул Бобийул Ҳалабий томонидан нашр қилинган), Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг «Маориф сунан шарҳ сунан Имом Термизий» (унинг биринчи қисми 1963 йилда Покистонда нашр қилинган), Сирож Аҳмад ас-Сарҳандийнинг «Шарҳ сунан Имом Термизий» номли форсча шарҳи, шунингдек, Рашиб Аҳмадул Кануҳийнинг «Ал-кавкаб ад-дуррий ала Имом Термизий» (Ҳиндистонда чоп этилган), Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирийнинг икки жузъдан иборат «Арфуш-шазий ала Жомиъ Имом Термизий» (бу асар ҳам Ҳиндистонда чоп этилган) ва ниҳоят Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Абдулҳодий ас-Санадийнинг (1138-йилда вафот этган) «Ҳошия ала сунан Имом Термизий» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.

Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий айтганлар: «Имом Термизий: “Мен “Сунани Термизий”ни ёзиб, уни Ҳижоз, Ироқ, Хуросон олимларига кўрсатдим. Барчалари бу китобдан мамнун бўлдилар ва: “Кимнинг уйида шу китобдан бўлса, гўё унинг уйида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гапириб тургандек бўладилар”, – дедилар”, – деганлар».

“Ал-жомеъ”да манфаатли илм, тўла-тўкис фойда ва улкан масалалар мужассам. У ислом асосларидан бири. Кошки унинг софлигини фазилатларга умидлантирувчи тўқима, мавҳум ҳадислар булғамаса эди.

Абу Наср Абдураҳим ибн Абдул Холиқ айтганлар: «Термизийнинг “Ал-жомеъ”ларидаги ҳадислар тўрт қисмдан иборат:

1. саҳиҳлиги аниқ ҳадислар.

2. Абу Довуд ва Насоийнинг шартларига жавоб берадиган ҳадислар.

3. юқоридаги ҳадисларга зид ҳадислар ва унинг сабабларининг баёни.

4. саҳиҳ бўлмаган ҳадислар ва ул арнинг иллатлари баёни.

Термизий: “Мен ушбу китобимда ривоят қилган ҳадисларга фуқаҳолар амал қилганлар. Фақат бир-иккита ҳадис борки, уларга амал қилишмаган. Улар: “Кимки уч мартагача тавба қилиб, ароқ ичса, уринглар. Тўртинчи мартасида ўлдиринглар” ҳамда “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва асрни Мадинада жам қилдилар. Хавф ҳам йўқ эди, сафарда ҳам эмасдилар”,  ҳадисларидир”, – деганлар».

“Сунани Термизий” у кишининг имом, қуввайи ҳофиза ва фиқҳ соҳиби эканликларининг ёрқин далилидир. Лекин ҳадисларни қабул  қилишда кўп ҳам қаттиқ турмаганлар ва ровийларга баҳо беришда ҳам кўнгилчан бўлганлар.

Ибн Тоҳирнинг “Ал-Мансур” китобларида битилган: «Шайхул ислом Абу Исмоилнинг: “Термизийнинг “Ал-жомеъ Имом Термизий” асарлари Бухорий ва Муслимнинг китобларидан кўра манфаатлироқдир. Чунки Бухорий ва Муслимнинг китобларидан олимларгина, Термизийнинг китобларидан эса барча фойдалана биладилар”, – деганларини эшитдим».

«Шамоилун-набавиййа». Абу Исо Имом Термизийнинг бошқа бир йирик асари «Шамоил ун-набавия» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») деб аталади. Бу асар баъзи манбаларда «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам», «Аш-шамоилул Муҳаммадия» номлари билан ҳам келтирилган. Асар пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид тўрт юзу саккиз ҳадиси шарифни ўзига жамлаган қимматли манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, ушбу мавзу яъни пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп олимлар, муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин Имом Термизий асарининг бошқалардан афзаллиги ва фарқи шундаки, муаллиф имкони борича пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган. «Шамоилун набавия» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ва ҳошиялар ҳам ёзилган. Улардан Абдурауфул Муновийул Мисрийнинг (вафоти 1003 ҳижрий йили) «Шарҳ уш-шамоил», Али ибн Султонул Ҳаравий Қорийнинг (вафоти 1192 ҳижрий йили) «Жамъул васоил фи шарҳи аш-шамоил», Сулаймон ибн Умар ибн Мансурул Жумалнинг «Ал-мавоҳибул Муҳаммадия бишарҳ аш-шамоил Имом Термизия» кабиларни келтириш мумкин. Бу асарнинг бир қўлёзмаси Қоҳирадаги ал-Азҳар кутубхонасида 144 ҳадис илми рақами остида сақланмоқда, Муҳаммад ибн Жасусул Моликийнинг (вафоти 1182 ҳижрий йили) «Ал-Фавоидул жалийлатул баҳиййа ала «Аш-шамоилул Муҳаммадия (бу асар 1927-йилда нашр қилинган) ва ниҳоят ал-Азҳар университетининг собиқ шайхи Иброҳимул Божурийнинг (ваф. 1277 ҳижрий) «Ал-мавоҳибул ладуниййа алаш-шамоил Имом Термизия» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин. 

Буюк бобомизнинг яна «Китоб ат-таърих», «Китобул илал ас-сағийр ва илалул кабийр», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китобул асмо валкуна» («Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб»), «Алилал филҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола фил хилоф валжадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари») деган асарлари ҳам мавжуд.

У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрийсий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида, зарбулмасаллар битилганини айтадилар. Шогирдларидан яна бирлари: «Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо Имом Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди», деб айтади. Имом Имом Термизий кўп йиғлаганларидан, ҳаётларининг охирги икки йилида кўзлари ожиз бўлиб қолган. Ибн Атийя: «Менинг ҳузуримда Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом Имом Термизийнинг китоблари нурлироқ ва тушинарлироқ» -деб айтади. «Нима учун?» -деб сўралганда, Атийя: «Чунки иккита Имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади халос» – деб айтган экан.Шайхлардан бири Имом Имом Термизийга 40та ғариб ҳадисни айтиб, имтиҳон қилишлик учун сўраганда, бирорта ҳарфда ҳам хато қилмасдан аввалидан охиригача ўқиб берганларини кўриб, сенинг мислингдаги кишини кўрмаганман, деб айтди. Имом Имом Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса, «Сунан» китоблари китобларининг чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилган китобдир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Имом Термизийнинг «Жомиъ ас-саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», –деб айтади.

Абу Исо Термизий асарлари ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Унинг «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ», «Аш-шамоил ан-набавия» каби асарларида келтирилган ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди.

Бу ибратли панд-насиҳатлар ва ўгитлар халқимизни, жамиятимиз аҳлини, айниқса ёш авлодни тарбиялашда беқиёс аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Термизийнинг асарлари фақат диний илмлар мажмуасига оид бўлиб қолмасдан, балки дунёвий илмларга оид маълумотларга ҳам бойдир. Масалан, унинг бош асари бўлган «Ал-жомиъ ас-саҳийҳ»да тарих, мантиқ ҳуқуқшунослик, табобат, зироатга оид кўплаб қимматли маълумотларни учратамиз. Араб тилини ривожлантиришда Термизийнинг хизматлари катталигини замонавий олимлар қайта-қайта таъкидлайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, буюк бобокалонимизнинг шахсий ҳаёти ва унинг бой маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир.



Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Кенжабек М. Сунани Термизий. – Тошкент: Шарқ, 2012. Ж 1. – Б. 528.
  2. Уватов У. Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Тошкент: Маънавият. Мовароуннаҳр, 2010. – Б. 348.
  3. Иноятов А.Термизий мақоласи. minbar.uz@mail.ru. – Б. 2.
  4. Тўрақулов.  Имом Термизий мақоласи. – Андижон, 2015. Muslimun.uz. – Б. 5.

Izoh qoldirish