СИҲОҲИ СИТТА” ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИНИНГ УСЛУБ ВА ШАРТЛАРИ
Ҳадисга оид беадад ва беҳисоб китоблар ёзилган. Лекин улардан олтита китоб энг асосий манба бўлиш мартабасига эришган. Одатда, ҳадис илмида мана шу олтита китобга мурожаат қилинаверади. Бу китоблар “Ал-мммаҳот ситта” (“Олтита она китоб”), “Ал-усул ас-ситта” (“Олтита асосий китоб”), “Ас-сиҳоҳ ас-ситта” (“Олтита саҳиҳ тўплам”) дейилади. “Сиҳоҳи ситта”нинг номидан баъзи одамлар улардаги ҳар бир ҳадис саҳиҳ деб ўйлайди. Баъзи одамлар эса улардан ташқари бирор-бир саҳиҳ ҳадис йўқ деб тушунади. Ҳатто “Саҳиҳи Бухорий”дан бошқа китобларда саҳиҳ ҳадислар йўқ ёки унинг даражасидаги саҳиҳ ҳадислар йўқ, деб гумон қилади. Лекин бу фикрлар жуда хато!
Аслида, «Сиҳоҳи ситта»даги ҳар бир ҳадис саҳиҳ ҳам эмас, ундан бошқа китоблардаги ҳадисларнинг ҳаммаси заиф ҳам эмас. Балки «Сиҳоҳи ситта» истилоҳи ким бу олтита китобни ўқийдиган бўлса, унинг ҳузурида дин асосларига тегишли, динга кифоя қиладиган саҳиҳ ривоятларнинг катта бир захираси келади, ҳосил бўлади деган маънодадир. Энг аввал «Сиҳоҳи хамса» («Бешта саҳиҳ тўплам») истилоҳи машҳур бўлган. Ибн Можанинг асари булар орасига киритилмаган. Шу эътибордан Абу Бакр ал-Хозимий «Шурут аиммат ал-хамса» («Беш нафар имомнинг шартлари») деган китоб таълиф қилганлар. Шу сабабдан Ибн ал-Асир ал-Жазарий «Жомеъ ал-усул»га Ибн Можани киритмаганлар. Кейинчалик муҳаққиқ олимлар у зотнинг асарларини ҳам тартиби гўзал бўлгани ва саҳиҳ ҳадислар кўпчиликни ташкил этгани эътиборидан «Сиҳоҳи ситта»га қўшдилар. Айрим уламолар «Сунани Ибн Можа»нинг ўрнига «Муваттои Имом Молик»ни, баъзилар «Сунани Доримий»ни олтита саҳиҳ ҳадислар тўплами жумласига киритганлар. Лекин охирида барибир Ибн Можанинг асари мақбул кўрилган. Шундай қилиб, «Сиҳоҳи ситта» таркибидан «Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим», «Сунани Абу Довуд», «Сунани Термизий», «Сунани Насоий» ва «Сунани Ибн Можа» ўрин олган.
«Сиҳоҳи ситта»ни ёзган муҳаддисларнинг мақсадлари турлича бўлган. Имом Бухорийнинг таълифдан саҳиҳ ҳадислардан фиқҳий аҳкомлар, ақоидлар, сийар ва тафсир истинбот қилинсин деган мақсадлари бўлган. Шунинг учун бу зот қайси ҳадисдан қандай ҳукм чиқадиган бўлса, ўшани сарлавҳада зикр қилиб борганлар. Сарлавҳа ҳадис илми истилоҳида «таржима ал-боб» ва «тарожим» атамалари билан номланган. Масалан, «Имоннинг зиёда бўлиши ва нуқсони ҳақидаги боб» дейилган бўлса, пастда шунга тегишли бўлган ҳадислар келтирилади. Баъзи ўринларда у зотнинг истинботи ўта нозик ва дақиқ бўлади. Ҳадис ва боб сарлавҳасида зоҳиран қараганда мувофиқлик маълум бўлмайди.
Имом Бухорий кўпинча узун бир ҳадисни бўлакларга бўлиб, турли боблар ва сарлавҳалар остида зикр қилганлар. Яна муайян ҳадиснинг ҳамма «туруқ»ларини, бошқа вариантларини келтирмаганлар. Балки ҳар хил бобларда у зотнинг ҳадислари тарқалиб кетган. Шу сабабдан «Саҳиҳи Бухорий»дан бир ҳадисни ахтариш ниҳоятда мушкул.
Имом Муслимнинг мақсадлари эса бир мавзуга тегишли ҳадисларнинг барча саҳиҳ «туруқ»ларини битта жойда жамлаш бўлган. Масалан, «Ким менинг номимдан ёлғон тўқиса...» ҳадисининг ҳаммасини, қанча тариқ билан келган бўлса ҳам, битта бобда жамлаганлар. Шунга Имом Муслимнинг китобларида бир мавзунинг ҳадислари бир жойда топилади.
Имом Муслимнинг ҳадислардан ҳукмлар чиқариш мақсади бўлмаган, балки бир мавзуга оид ҳадисларни битта жойда келтириш бўлган. Шу сабабдан китобларининг боблари сарлавҳаларини ўзлари қилмаган, ўзлари фақат ҳадис тўплаган, кейинчалик шогирдлари бобларга сарлавҳа қўшиб чиққан деган қараш мавжуд. Ҳусни тартиб эътиборидан Имом Муслимнинг китоби ўхшаши йўқ, беназирдир. Ундан ҳадисни излаш, ахтариш ва топиш ниҳоятда осон.
Имом ан-Насоийнинг таълифдан мақсадлари санадларнинг «иллат»ларини баён этиш бўлган. Умуман, одатда, у зот ҳар бобнинг аввалида «иллат»ли ҳадисни келтирадилар. Биринчи келтирилган ҳадисда қандайдир «иллат» бор бўлади. Ўша ҳадиснинг «иллат»ларини баён этиб, кейин ўзларининг фикрларида саҳиҳ бўлган ҳадисни олиб келадилар. Шу билан бирга, озроқ ҳукмларни истинбот қилишга ҳам мойиллик кўрсатганлар. У зотнинг боб сарлавҳалари диққати назар эътиборидан «Саҳиҳи Бухорий»дан кейин туради.
Абу Довуднинг тўплам тузишдаги мақсади қайсидир фақиҳ қандайдир масалани истидлол қилган ҳадисларни жамлаш бўлган. У зот бу хилдаги ҳадисларнинг барча «туруқ»лари билан бирга бир жойда тўплаганлар. Шу эътибордан, унинг услуби «Саҳиҳи Муслим»даги услубга ўхшайди. «Сунани Абу Довуд»да ҳамма фақиҳлар далил деб билган ҳадислар келтирилади, лекин саҳиҳ ҳадисларни жамлашга унча эътибор қилинмайди. Баъзи фақиҳлар далил қилган ҳадислар заиф бўлган бўлиши мумкин. Унда ана шу хилдаги ҳадислар ҳам келтирилган. Имом Муслимдек Абу Довуд саҳиҳ ҳадисларга шарт қўя олмаганлар, қила олмаганлар. Балки у зотнинг китобларида ҳасан ва заифлар ҳам келган. Албатта, заиф ва музтараб ҳадисларни айтиб-билдириб кетганлар. Қайси ҳадисда заифлик зиёда ва кучли бўлса, бу ҳақда, албатта, огоҳлантириб қўйганлар. Қайси ҳадисда сукут қилинган бўлса, бунинг маъноси мазкур ҳадис у зотнинг наздида далилланишга лойиқ деганидир.
Абу Довуд эса Имом Насоийнинг аксича, бобнинг бошланишида ўзларининг наздларида «асаҳҳ мо фи-л-боб» – «мавзудаги энг саҳиҳроқ» бўлган ривоятни биричи келтирадилар. Охирида ўзларининг наздида маржуҳ бўлган ҳадисни келтирадилар.
Имом ат-Термизий муҳаддислардан Имом ан-Насоий рoҳимаҳуллоҳ ва Абу Довуд иккаласининг услубини жамлаганлар. У зот асарларининг мақсади фақиҳларнинг далилларини алоҳида-алоҳида бобда зикр этиш бўлган. Лекин бир мавзудаги ҳадисларнинг ҳаммасини Абу Довудга ўхшаб бирдан келтирмайдилар. Балки ҳар бобда, одатда, фақат битта ҳадис олиб келадилар. Ҳадисда имкон қадар бошқа муҳаддислар тахриж қилмаган ривоятларни келтирганлар. Қолган бобга тегишли ҳадисларни: «Бу бобда фалончи, фалончилардан ҳам ривоятлар бор», ‒ деб уларга ишора қилиб кетадилар.
«Сунани Термизий»да худди «Сунани Насоий»даги каби санадлар тўғрисида ҳам маълумотлар берилган, «иллат»лар ҳам айтиб ўтилган. Бундан ташқари, фақиҳларнинг мазҳаблари ҳам батафсил баён этилган. «Сунани Термизий»нинг бошқа хусусиятларини алоҳида айтиб ўтамиз.
Ибн Можанинг услуби Абу Довуд услубига ўхшайди. Фарқи шуки, бу зот ҳадисларнинг саҳиҳлик ёки ҳасанлик даражасига Абу Довуд эътибор қаратгандек эътибор қаратмаганлар.
Бу «Сиҳоҳи ситта» муаллифларининг тўплам тузишдаги мақсадлари эди. Иккинчи масала шартлар борасида бўлиб, бу ўринда «Сиҳоҳи ситта»нинг шартлари қандай бўлгани зикр этилади. Яъни бу зотлар бирор ҳадисни ўз китобларида келтириш учун қандай шартларга эътибор қаратганлар? Бу мушкул савол. Чунки муҳаддислар китобларида ҳадисларни келтиришда олинган шартларни очиқ-ойдин ёзмаганлар. Албатта, кейинги уламолар уларнинг китобларига яхши назар қилганларидан кейин амаллари ва услубларидан ўзларича шартлар ишлаб чиққанлар. Яъни фалон муҳаддис ҳадисни саҳиҳ ёки ҳасанга ажратишда бундай шартларга амал қилган, Бухорий бунга эътибор қилган, Муслим бунга эътибор қилган, Имом Термизий бунга эътибор қилган дейишган. Бу масалада кўп баҳс қилишган.
Муҳаддисларнинг шартлари тўғрисида машҳур рисолалар ҳам битилган. Жумладан, Абу Бакр ал-Ҳозимийнинг «Шурути аиммат ал-хамса», Абул-Фазл ал-Мақдисийнинг «Шурути аиммат ас-ситта» каби рисолаларини келтириш мумкин. Зоҳид Кавсарий бу икки рисолани ўзларининг изоҳлари билан нашр қилдирганлар.
Энг қаттиқ шарт Имом ал-Бухорий томонидан қўлланган. У зот саҳиҳлик шартларига тўлиқ тушадиган ҳадисларни ўз китобига киритганлар. Ҳадис ровийларининг табақаларидаги бешта табақадан фақат биринчи табақасидаги ровийлардан ҳадислар қабул қилганлар. Иккинчи табақа ҳадисларини эса баъзи-баъзи ўринларда истишҳодан қўшимча равишда зикр этганлар, холос.
Имом Ҳоким айтадиларки, Имом Бухорийнинг бир шарти: агар ҳадис ғариб бўлмаса, ўшани қабул қилганлар. Яъни ҳар табақада ўша ҳадиснинг ровийси иккита бўлиши керак. Лекин Имом Мақдисий ва Имом ал-Ҳозимий иккаласи Имом Ҳокимнинг бу гапларини инкор этганлар. Чунки «Саҳиҳи Бухорий»да кўп ғариб ҳадислар ҳам бор. Имом Бухорий рoҳимаҳуллоҳнинг энг биринчи: «Амаллар ниятга боғлиқдир» ҳадиси ҳам ғариб. Зотан, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан тортиб Яҳё ибн Саъид ал-Ансорийгача ровийлар силсиласи ёлғиз-ёлғиз бўлган. Шунингдек, Имом Бухорийнинг энг охирги: «Раҳмонга маҳбуб икки калима бор. Улар тилга енгил, мезонда оғир: Субҳоналлоҳ ва би-ҳамдиҳи, Субҳоналлоҳи-л-ъазийм!» ҳадиси ҳам ғариб ҳадис.
Ҳофиз Мақдисий яна Имом Бухорийнинг бир шарти бўлган деганлар. У зот ишончли эканига уммат тўлиқ иттифоқ қилган, ҳамма «сиқа» деган ровийнинг ривоятларини олиб келади, ана шундай ровийларнинг ҳадисларини китобига киритади. Лекин бу гап ҳам дуруст эмас. Чунончи, Имом ал-Ҳозимий уни ҳам рад қиладилар. Масалан, Имом Бухорийнинг саксон нафар ровийси борасида кимдир ҳар хил сўз айтган. Хусусан, Имом ан-Насоий Холид ибн Махлад ал-Қатвоний, ибн Абу Увайс ва бошқалар борасида гап қилган. Демак, Имом Бухорий саҳиҳ деб қараган ровийларга у зот томонидан «жарҳ» етказилган. Ёки Имом Бухорий бундай ровийларнинг ҳадисларини уларда «жарҳ» сабаби топилмаганида олганлар. Яъни Имом Бухорий ҳадис олган вақтда ўша ровийда «жарҳ» топилмаган, у кейин пайдо бўлган. Бундай ўринларда муҳаддис Ҳокимнинг «тасоҳул»и – енгил қарашлари бошқа ўринда ёзиб ўтилган.
Имом Муслим гарчи саҳиҳ ҳадисларни тўплашга катта эътибор қаратган, ҳадисларни ўзининг китобларига киритиш учун уларнинг саҳиҳлигини шарт қилиб қўйган бўлса ҳам, лекин у зотнинг шарти Имом Бухорийнинг шартига нисбатан юмшоқроқ. Қуйидаги учта маълумотдан бу равшан бўлади:
1) Имом Бухорий ровийларнинг бешта табақасидан фақат биринчи табақанинг, яъни «қавий аз-забт, касийр ал-мулозамат»лардан ҳадис олганлар. Баъзан мазкур табақадагиларнинг ҳадисларини қувватлаб қўйиш учун иккинчи табақадан ҳам олганлар. Бунинг муқобилига Имом Муслим биринчи ва иккинчи табақадан бемалол ҳадис олаверганлар, учинчи табақадан эса қувватлаш учун ҳадис келтирганлар. Имом ал-Ҳозимий «Шурути ал-аиммат ал-хамса»да шундай таҳқиқ қилганлар.
2) Имом Муслимнинг шартларида «муъанъан» ҳадиснинг саҳиҳлиги учун ровий ва ривоятни қабул қилиб олган иккинчи ровийнинг ҳамаср бўлиши, бир даврда яшаганлиги кифоя қилади. Уларнинг учрашганлиги, ҳадисни айнан ва шахсан эшитганлиги шарт эмас. Имом Бухорий эса буни шарт қилиб қўйганлар.
3) Имом Муслим ровийларни танқид қилиш борасида Имом Бухорийдан кўра юмшоқроқ. Чунончи, у зот шундай «мутакаллам фийҳ» ровийларнинг ривоятларини зикр қилганлар. Имом Бухорий эса уларни тарк этганлар. Масалан, Ҳаммод ибн Салама, Ҳасан ибн Солиҳ, Абдураҳмон ибн ал-Ало, Абу аз-Зубайр ва бошқалар.
Бунинг сабабини Ҳофиз Мақдисий айтадилар. Имом Муслим мазкур ровийларни яхши ўрганиб чиққанларидан кейин уларга етказилган «жарҳ» дуруст эмас деб ҳукм қилганлар.
Қисқаси, «Саҳиҳи Муслим» «мутакаллам фийҳ» ровийларининг ададлари «Саҳиҳи Бухорий» муқобилида икки баробардир. Яъни бир юз олтмиш нафар. «Саҳиҳи Бухорий»да эса улар сони саксон нафар эди.
Кейин, «Саҳиҳайн»нинг барча ҳадислари ҳақиқатан ҳам саҳиҳми ёки баъзи бир ҳадислар, аслида, саҳиҳ эмасми?
Имом ад-Дорақутний бир мустақил рисола ёзганлар. Унда «Саҳиҳайн»нинг ҳадисларини текшириб чиққанлар. Натижада бу икки саҳиҳ ҳадислар тўпламининг икки юз ўнта ҳадиси саҳиҳ эмас деган қарорга келганлар. Улардан ўттиз иккита ҳадис «муттафақун алайҳ», яъни Имом Бухорий ҳам, Имом Муслим ҳам ривоят қилганлар, ҳар иккала «Саҳиҳайн»да ҳам бор. Етмиш саккизтаси эса фақат «Саҳиҳи Бухорий»да, юзтаси эса фақат «Саҳиҳи Муслим»да мавжуд.
Шунингдек, Имом ат-Таҳовий ҳам «Саҳиҳайн»нинг баъзи бир ҳадисларига эътироз билдирганлар. Масалан, «Таваррук» бобида Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳунинг ҳадисини Имом Таҳовий заиф деб баҳолаганлар. Ҳолбуки, бу «Саҳиҳи Муслим»да бор.
Ҳофиз Абдулқодир ал-Қураший ўзларининг «Табақот» китобида бу икки асарнинг ҳамма ҳадислари саҳиҳ деган қоидани қабул қилишни инкор этганлар.
Лекин Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзларининг «Саҳиҳи Бухорий»га битган «Фатҳ ал-Борий» номли кўп жилдлик шарҳининг муқаддимаси бўлмиш «Ҳадй ас-сорий» асарида Имом ад-Дорақутнийнинг ва бошқаларнинг ҳар бир эътирозига муфассал жавоб берганлар ва барча ҳадисларнинг ҳақиқатан ҳам саҳиҳ эканлигини исботлаганлар. Бошқа муҳаддислар ҳам «Саҳиҳайн»нинг ҳар бир ҳадисини саҳиҳ деганлар. Имом ад-Дорақутнийдек муҳаддиснинг бу ҳадисларга эътироз билдирганлиги сабабли бу ҳадислар «мутакаллам фийҳ» бўлиб қолган, барибир.
«Сиҳоҳи ситта»нинг қолган муаллифлари шартлари ҳақида ровийларнинг бешта табақаси ҳақидаги мавзудан маълум бўлади. Чунончи, ровийлар борасида Имом Насоий Абу Довуддан, Абу Довуд эса Термизийдан, Имом Термизий эса Ибн Можадан кўра қаттиқроқдир.
Ҳикматуллоҳ Абиев Ҳасанович,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими,
Izoh qoldirish