14.02.2024

“БОБУРНОМА”ДА ТЕРМИЗИЙЛАР ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР

“Бобурнома” ноёб тарихий манба бўлиб, Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларининг тарихи, маданияти, этнографияси, турмуш тарзи ҳақида ғоят муҳим маълумотлар беради. Тадқиқотчилар асарга жуда кўп бор ўтмишимизнинг турли жиҳатларини ўрганишда манба сифатида мурожаат қилганлар. Ўрганилган ва фойдаланилган “Бобурнома”дан янги маълумотлар топиш амри маҳол ҳисобланади. Илмий изланиш йўналишларининг янгиланиши ва чуқурлашуви, манбага янги саволларнинг қўйилиши, бошқа манбалар билан қиёсий таҳлил жараёнида “Бобурнома” имкониятлари битмас тугамасдир. Негаки, билимларимиз доираси кенгайиб борган сари асарнинг янги қирралари кашф этиб борилади.                 

“Бобурнома”нинг бизгача етиб келган матнида Термизийлар борасида маълумотлар кам бўлсада, улар муҳим аҳамият касб этади. Асарда Термиз саййидларининг икки етакчиси Амири Бузург Термизий ва Саййид Ҳусайн Акбар, Султон Ҳусайн мирзонинг мулозими, Термиз саййидларидан бўлган Нўёнбек, Темурийларга турмушга чиққан хонадон вакилалари тилга олинади. Уларнинг Марказий Осий тарихидаги ўрнини билган ҳолдагина, “Бобурнома”нинг мазкур шахсларга бағишланган сатрларини тушуниш мумкин.

Тарихий меросимизнинг ёрқин намунаси бўлган, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган, ҳар бири алоҳида бир мамлакатнинг ифтихори бўлиши мумкин муқаддас қадамжойлар  доимо зиёратчилар билан гавжум. Мустақиллик йилларида ўзгача тароват олган бу масканларда аждодларимизнинг эътиқоди ва урфу-одатлари инсон руҳига сингиб, халқимизга маънавий куч-қудрат бахш этади, ғурурини уйғотади. Ана шундай муқаддас қадамжойлардан бири  Термиз шаҳри яқинида жойлашган Султон Саодат зиёратгоҳи Термиз саййидлари хонадонининг Х-ХVII асрлар давомида қурилган мақбараларидан иборат бўлган ўзига хос меъморий мажмуадир. Унинг номи Султон Саодат, араб тилидан таржима қилинганда – «бахтлилар султони» демакдир. Термиз саййидларининг етакчилари – нақиблари асрлар давомида “Султон Содот” – саййидлар султони унвони билан шарафланганлар[3, 4 б.]. Иккала атама бир-бирига ўриндош сифатида фойдаланилган, арабча  “Баб ас-садат мадан ас-саодат; хубб ас-садат мифтах ас-саодат”,  яъни “саййидлар эшиги, бахт конидир; саййидларга муҳаббат бахт калитидир” калимаси кенг ишлатилган[5, 40 б.].

Мажмуадаги илк қабрда Термиз саййидлари хонадонининг асосчиси Ҳасан Амирнинг ўзи ёки унинг отаси дафн этилган. Унинг Ислом дунёсида эътироф этилган шажараси Ҳазрат Пайғамбаримизга (САВ) бориб тақалади. Нақл қилинишича, Ҳазрат Алининг Биби Фотимадан туғилган ўғли Ҳусайн сўнгги сосоний шоҳи Йаздигарднинг қизига уйланади. Уларнинг фарзанди Алидан Ҳусайн ал-Асқар, ундан Убайдуллоҳ дунёга келади. Убайдуллоҳнинг фарзанди Жаъфар Ҳужжат Мадина шаҳрининг ҳокими бўлганлиги ривоят қилинади. Жаъфар Ҳужжатдан Амир Ҳусайн, ундан эса Амир Ҳасан туғилади. У милодий 850 йили яқинлари билан Самарқандга келади. У ерда ўн бир йил яшаб кейин Балхга ўтади. Тахминан 865 йилда Термизга келади ва шу ерда бутунлай ўрнашиб қолади[2, 32 б.]. 

Сомонийлар давридан Термиз саййидлари худовандзода фахрий унвонига сазовор бўлишган. Айнан шу маънода, лекин бошқа кўринишда Темурийлар даври манбаларида Термиз саййидлари “хонзода”, ХV асрнинг иккинчи ярмидан эса “мирзо” унвонлари билан шарафланганлар. Шунингдек, улар ўзларининг исми-шарифларидан ташқари Мусавий, Алавий ва бошқа кўплаб куниялар ва унвонлар билан номланганлар[5, 52 б.].

Термиз саййидлари хонадонининг вакиллари салоҳияти бутун ислом дунёсида эъзозланиб келинди, улар асрлар давомида жамият ҳаётида етакчилик қилганлар. Саййидлар сулоласига мансуб бўлиш ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, мафкуравий ва илмий жараёнларида фаол иштирок этишни талаб этган. Жумладан, Термиз саййидларининг еттинчи нақиби Мажидиддин Али ибн Жаъфар Мусавий XII асрнинг биринчи ярмида Салжуқийлар давлатининг етакчи дин пешволаридан бири бўлиш билан бирга, олимлар ҳомийси сифатида танилади ва Термизда расадхона қурдиради. Термиздан етишиб чиққан энг машҳур шоир Адиб Собир Термизий Мажидиддин Али ибн Жаъфарнинг ҳомийлигида ижод қилган.  Муҳаммад Хоразмшоҳ 1212 йилда уламо ва имомларини йиғиб, Аббосийларни халифаликдан маҳрум қилади ва вазири, Термиз саййидларидан бўлган Аъло ал-Мулкни халифа деб эълон қилади[1, 18 б.]. Саййидлар мўғуллар босқинидан кейин ҳам мавқеларини йўқотмай, вайрон бўлган Термиз марказини Султон Саодат мажмуаси ҳудудига кўчиришади. Термиз саййидларидан етишиб чиққан машҳур аллома Саййид Бурҳониддин Термизий(тахминан 1275-1342) 1231 йилгача шаҳар аҳлига етакчилик қилган, кейинчалик Кичик Осиёга, Конияга кўчиб кетиб, Жалолиддин Румийнинг устози бўлган. Саййид Бурҳониддин Термизийнинг Туркиянинг Қайсария шаҳрида қад кўтарган мақбараси асрлар давомида зиёратгоҳ бўлиб келади. Хонадоннинг яна бир етакчиси Худованзода Абу-л Макарим Аъло ал-Мулк – “Амир аш-Шахид”(1292-1344) Термиз ҳокими бўлиб, муғулларга қарши мустақиллик курашида фаол иштирок этган. Унинг ўғиллари ва жиянлари манбаларга кўра Амир Темур ҳаёти ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этишади. Нашр этилган шажаралардан бирига кўра Амир Темурнинг илк умр йўлдоши Хонзода Олий-Насаб бўлган. Термиз саййидларининг шажарасига кўра Аъло ал-Мулкнинг  шундай исмли жияни ва қизи бўлган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Амир Темур саййидлар билан оилавий алоқада бўлган. Мазкур воқелик тарих давомида ўз исботини топади: кўплаб Темурийлар саййидлар билан никоҳлар воситасида қариндошчилик ришталарини боғлаганлар. Ўзаро никоҳлар натижасида Темурийлар ва саййидлар хонадони чамбарчас боғланиб кетганлар[2, 19 б.]. 

Амир Темур ўзининг авлодларига саййидларни азиз тутишни васият қилиб кетган. Темурийлар бу васиятга содиқ бўлиб Самарқандда Шоҳи Зиндада Термиз саййидларининг вакилларини дафн этган бўлсалар, Шаҳрисабзда Улуғбек томонидан 1437 йилда барпо этилган, асли номи "Авлоди муборак" бўлган - Гумбази Саййидон мақбараси Термиз саййидларининг даҳмасига айланган. "Султон Содот" Абул Маолий 1459 йилда вафот этган ва  Гумбази Саййидонда дафн этилади. Саййиднинг қабритошида Термиз саййидларинииг шажараси келтирилган[8, 9 б.].

XV асрда Термиз саййидларининг раҳнамоларидан бири бўлган Аъло ал-Мулк Термизий – “Амири Бузург” тахаллуси билан машҳур бўлиб[1, в. 18б], “Бобурнома” да у Мир Бузург Тирмизий номи билан келтирилган[2, в. 27а, 28а]. Ўз замонсининг машҳур кишиларидан бўлган Мир Бузург кўплаб тарихий манбаларда тилга олинади. Масалан, Алишер Навоий "Ҳолати Паҳлавон Муҳаммад" асарида Паҳлавон Муҳаммаднинг (1423-1493) мусиқада тенги йуқлигини таърифлар экан, у яратган "Чахаргоҳ" куйи Мавлоно Тутий шеъри билан Мир Бузург номига аталганлигини кўрсатади[1, 132 б.]. Унинг укаси "Султон Содот" Абул Маолий Шаҳрисабздаги Гумбази Саййидонда дафн этилган[1, 49 б.]. “Бобурнома” матнида Термиз саййидлари етакчисининг тахаллуси “Мир Бузург” форс тилидаги шаклининг келтирилиши, айни вақтда унинг арабча "Султон Содот" шакли билан бирга ишлатилганлиги, бошқа манбаларни таҳлил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Темурий шаҳзодаларнинг кўпчилиги Термиз саййидлари хонадонидан уйланишган. Мовароуннаҳр султони Султон Аҳмад ибн Абу Саид (1469–1494)  1487 йилда Хонзодабегимни ўз никоҳига олади. Беш яшар Бобур Мирзо никоҳ тўйидан кейин келинчакнинг юзини очганлигини, кейинчалик, “Бобурнома” да шундай эслайди: “Ҳануз юз ёпуғи бор эди. Туркий расм била манга буюрдилар, мен юзини очтим” [1, в. 20 б.]. Мазкур сатрлар этнографик жиҳатдан муҳим аҳамият касб этиб, ўз даврининг расм–русумларини кўрсатиб беради.

Мовароуннаҳрнинг кейинги султони Абу Саид мирзонинг ўғли Маҳмуд Мирзо (1453 – 1498) Амири Бузург Термизий қизига уйланган. “Бобирнома” да шундай келтирилади: “Улуғ хотуни Мир Бузург Тирмизийнинг қизи Хонзодабегим эди. Мирзо бисёр севар эди. Султон Масъуд мирзонинг онаси эди. Ул ўлганда мирзо жуда бисёр қаттиқ таъзия тутқондир. Андан сўнг Мир Бузургнинг набираси – Хонзодабегимнинг биродарзодасини олди. Ани ҳам Хонзодабегим дер эдилар. Беш қиз ва бир ўғилнинг онаси эди” [4, в. 28 а.]. Кейинчалик, Маҳмуд Мирзонинг Хонзодабегимдан бўлган қизини – Зайнаб Султон бегимни Бобур Мирзо ўз никоҳига олган[4, в. 28 а.]. 

Шайбонийхон Мовароуннаҳрда ҳукмронлигини ўрнатгач, саййидлар хонадонининг кўплаб ваккиллари Бобур Мирзо билан Ҳиндистонга кетадилар. Улардан бири, Термиз ҳокими Саййид Ҳусайн Акбар - Амири Бузургнинг невараси "Бобурнома"да бир неча бор тилга олинган[4, в. 44а, 149а, 152б, 209б.]. Фақатгина бир манбадан, "Бобурнома"дан Саййид Ҳусайн Акбарнинг, Темурийларга яқин қариндош бўлганлиги, шунингдек, Термиз ҳокими бўлганлиги маълум. Демак, азалий анъана бўйича, у саййидлар жамоасининг нақиби "Султон Содот" ҳам бўлган.

"Бобурнома"да Султон Ҳусайн мирзо мулозими Нуёнбек ҳақида маълумот берилади. Унинг отаси Тирмиз саййидларидан, она тарафидан Темурийлардан эканлиги қайд этилади[4, в. 27 б.]. Бошқа тарихий манбаларда Нуёнбек ҳақида маълумотни ҳозиргача учратмадик.

“Бобурнома”нинг келтирилган сатрлари Термиз саййидлари тарихини ёритишга, ўзаро никоҳлар натижасида Темурийлар ва саййидлар хонадони чамбарчас боғланиб кетганлигини аниқ маълумотлар асосида тасдиқлашга имконият беради. Мазкур боғлиқлик эса ўша давр воқеъаларининг моҳиятини очиб беришга хизмат қилади. Чунки ўтмишда рўй берган ҳар бир ҳодиса маълум маънавий – руҳий, ижтимоий – сиёсий муҳит, ундаги ўзаро боғланишлар таъсирида юз берган.

 

Мирзаев Жалолиддин - Имом Термизий халқаро илмий–тадқиқот маркази илмий ходими, доцент, тарих фанлари номзоди

Izoh qoldirish