СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ АСАРИДА ҚУРЪОН ОЯТЛАРИ БАЁНИ
Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асари “сунан[1]” ва “жомеъ[2]” йўналишида ёзилгани боис, Имом Термизий ушбу асарида ҳадисларни фиқҳий боблар тартибига кўра келтириш билан бирга бошқа турли хил бўлимларни ҳам келтирган. Жумладан, муаллиф бу асарда Қуръон оятларига тегишли бўлган учта бўлим ташкил қилган. Улар, “Китабу фазоилил Қуръан” (Қуръон фазилатлари китоби), “Китабул қироат” (Қироатлар китоби) ва “Китабу тафсирил Қуръан” (Қуръон тафсири китоби) номлари билан аталган бўлиб, бу бўлимларда шу мавзуларга оид ҳадислар баён қилинган.
Ушбу бўлимларда келтирилган ҳадислар Қуръони Каримнинг барча оятларини қамраб олмаган. Балки сураларнинг баъзи оятларига алоқадор ҳадислар келтирилган. Чунки муаллиф ўз асарида барча суралар оятларини баён қилишни мақсад қилмаган. Балки оятларга алоқадор бўлган ҳадисларни келтирган. Шунга кўра, бу китоб тафсир китоби эмас, балки ҳадис асари деб номланади.
Мусанниф ушбу асарида сураларнинг фазилатларини баён қилиш мақсадида “Китабу фазоилил Қуръан” (Қуръон фазилатлари китоби) номи билан алоҳида бир бўлим ташкил қилиб, бу жойда Қуръони Карим сураларининг фазилатлари борасида ривоят қилинган ҳадисларни келтирган. Мусанниф ушбу бўлимда 25 та боб зикр қилиб, унда жами 51 та ҳадис келтирган.
Ушбу бўлимда Фотиҳа, Бақара, Оли Имрон, Исро, Каҳф, Ясин, Зумар, Духон, Ҳашр, Мулк, Залзала, Ихлос, Муъаввизатайн суралари номи билан боблар номланган бўлиб, бу бобларда шу сураларнинг фазилати борасидаги ҳадислар келтирилган. Шунингдек, Қуръоннинг фазилати, Қуръон таълими фазилати, Қуръон ўқувчининг фазилатига тегишли ҳадислар ҳам келтирилган. Бу бўлимдаги “Каҳф сураси фазилати” бобида келтирилган ушбу ҳадисни бунга мисол қилишимиз мумкин:
Абу Дардо (р.а.) дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.): “Ким Каҳф сурасининг аввалидан уч оят ўқийдиган бўлса, Дажжолнинг фитнасидан сақланилади”, – дедилар.
Абу Ийсо: “Бу ҳасан, саҳиҳ ҳадисдир”, – деб айтди[3].
Шунингдек, Имом Термизий “Сунан Термизий” асарида қироатлар ҳақида ҳам алоҳида бўлиб ажратган ва бу бўлимни “Китабул қироат ан Росулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб номлаган. Мусанниф ушбу бўлимда Қуръони Каримнинг қироатига тегишли бўлган ҳадисларни келтирган. Бу бўлимда 13 та боб ташкил қилинган бўлиб, унда жами 22 та ҳадис баён қилинган. Ушбу бўлимда Фотиҳа, Ҳуд, Каҳф, Рум, Қамар, Воқеа, Лайл, Зариёт, Ҳаж суралари номи билан боблар ташкил этилган бўлиб, шу бобларда ушбу сураларга оид ҳадислар келтирилган. Бу бўлимдаги “Қамар сураси боби” да келтирилган ушбу ҳадисни мисол қилиб келтиришимиз мумкин:
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) дан ривоят қилинади: У киши шундай деди: Рoсулуллоҳ (с.а.в.) (فَهَلْ مِنْ مُدَّكِرٍ)[4] (фа ҳал мим муддакир), – деб ўқирдилар”.
Абу Ийсо: “Бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир”, – деб айтди[5].
“Сунани Термизий” асарининг “Китабу тафсир ал-Қуръан” бўлими ҳақида ҳам сўз юритадиган бўлсак, ушбу бўлимда зикр қилинган боблар суралар номи билан номланиб, шу бобларда ўша сура оятлари билан боғлиқ ҳадислар келтирилган. Қуръони Каримда жами 114 та сура бўлса, бу асарда 93 та сураларнинг баъзи оятларига тегишли бўлган ҳадислар баён қилинган. Аммо, қуйидаги 21 та (Жасия, Талоқ, Мулк, Нуҳ, Муззаммил, Инсон, Мурсалат, Набаа, Назиъат, Инфитор, Ториқ, Аъло, Балад, Адиёт, Қориъа, Аср, Ҳумаза, Фил, Қурайш, Моун, Кафирун суралар) зикр қилинмаган. Бу бўлимида 95 та боб келтирилган бўлиб, шу боблар остида жами 419 та ҳадис баён қилинган. Боблар Қуръони Карим суралари номи билан номланиб, суралар тартиби бўйича тартибланган. Лекин биринчи боб “Қуръонни ўз фикри билан тафсир қиладиган киши борасида келган нарсалар (ҳадислар) боби” деб номланган. Бу бобда Қуръони Каримни илмсиз, фақатгина ўз фикри билан тафсир қилиши жоиз эмаслиги ҳақидаги ҳадислар баён қилинган. Ушбу бобнинг энг аввалида қуйидаги ҳадис келтирилган:
Ибн Аббос (р.а.) дан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: “Ким Қуръон борасида илмсиз гапирадиган бўлса, дўзахдан жойини олаверсин”.
Абу Ийсо: “Бу ҳасан, саҳиҳ ҳадисдир”, – деб айтди[6].
Ундан кейинги боблар Фотиҳа сурасидан бошлаб, то Нас сурасигача Қуръони Каримдаги суралар тартиби бўйича келтирилган. Ушбу бўлимда “Муъаввизатайн суралари боби” билан тугагандан кейин, охирида яна иккита боб келтирилган. Бу бобларга ном қўйилмасдан “Боб” дейилган. Биринчи бобда Одам а.с.нинг яралиши, саломлашиш ва ташмитнинг бошланиши ҳақидаги ҳадис келтирилган. Иккинчи бобда эса, ерда тоғларнинг яратилиши ҳикмати ва садақанинг фазилати ҳақидаги ҳадис келтирилган.
Ушбу асарнинг “Қуръон тафсири китоби” бўлимида фақатгина сура оятларининг тафсири баён қилинган эмас, балки тафсир илмига алоқаси бўлган, оятларнинг нозил бўлиши сабаби, носих-мансух, оятлар фазилати каби бошқа мавзулар борасидаги ҳадислар ҳам келтирилган. Шунга кўра бу асар тафсир китобларидан фарқ қилади. Шунинг учун бу китоб тафсир китоби эмас, балки ҳадис асари деб номланади.
Бу бўлимда Қуръон ояти тафсири борасида келтирилган ҳадисга ушбу ҳадисни мисол қиламиз. Бу ҳадис “Иза зулзилат сураси боби” да келган:
Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади: “У киши айтдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) мана бу “Ўша кунда у (ер) ўз хабарларини айтадир[7]” оятини ўқидилар-да: “Унинг хабарлари нималигини биласизларми?” – дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, – дейишди. Шунда у зот: “Албатта, унинг хабари ҳар бир банда ва чўрига ўз устида нима қилгани ҳақида гувоҳлик беришидир”. Ер: “У шу куни шундай, шундай ишни қилган”, – деб айтади. Мана шу унинг хабарларидир”, – дедилар.
Абу Ийсо: “Бу ҳасан, саҳиҳ, ғариб ҳадисдир”, деб айтган[8].
Юқорида айтганимиздек, Имом Термизий бу бўлимда оятлар тафсирига оид ҳадислар билан бирга оятларни нозил бўлиши борасидаги ҳадисларни ҳам келтирган. Бунга ушбу ҳадисни мисол қилишимиз мумкин. Бу ҳадис “Жумъа сураси боби” да келган:
Жобир (р.а.) дан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Набий (с.а.в.) жумъа куни тик туриб хутба қилиб турган пайтда тўсатдан Мадина карвони келиб қолди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг саҳобалари унга шошилишди. Ҳатто улардан ўн икки кишигина қолди. Уларнинг (қолганлар) орасида Абу Бакр, Умар (р.а.) бор эди. Шунда: “Қачонки, улар бирор тижоратни ёки беҳуда ишни кўриб қолсалар, ўша томонга тарқалиб кетиб, Сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк этурлар[9]”, ояти нозил бўлди”.
Абу Ийсо: “Бу ҳасан, саҳиҳ ҳадис”, – деб айтди[10].
Шунингдек, Имом Термизий ушбу асарининг бошқа ўрнида алоҳида “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини келтириш билан бирга “Қуръон тафсири китоби” да ҳам баъзи сураларнинг фазилатини ҳам баён қилган. Бунга “муъаввизатайн сураси”, бобида келган ушбу ҳадисни мисол қилишимиз мумкин:
Уқба ибн Омир Ал-жуҳаний (р.а.) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в.) шундай дедилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга мисли кўрилмаган оятларни нозил қилди: “Қул аъузу би роббил фалақ” сурасининг охиригача ва “Қул аъузу би роббиннас” сурасининг охиригача”.
Абу Ийсо: “Бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир”, – деб айтди[11].
Ушбу бўлимда сура ўқиб бўлингандан кейин, унинг ортидан айтиладиган зикрлар ҳақидаги ҳадислар ҳам баён қилинган. Бунга “Тийн сураси боби”да келган ушбу ҳадисни мисол қиламиз:
Исмоил ибн Умайядан ривоят қилинади: У айтди: “Мен бадавий, аъробий бўлган бир кишидан шундай деяётганини эшитдим: “Мен Абу Ҳурайра (р.а.) нинг шундай деб ривоят қилаётганини эшитдим: “Ким “Ваттийни ваз зайтуни” (сураси)ни ўқиса ва “Алайсаллоҳу би аҳкамил ҳакимийн” ни ўқиса, “Ва ана ала залика минаш шаҳидийн”, деб айтсин”.
Абу Ийсо: “Бу ҳадис мана бу аъробийдан, Абу Ҳурайра (р.а.) дан мана шу иснод билан ривоят қилинади. (Аъробийнинг) номи айтилмаган”, деб айтган.[12]
Шунингдек, Имом Термизий ўзининг бу асарида фақатгина марфуъ бўлган ривоятларни келтиришни шарт қилмаган. Шунга кўра, мавқуф, мақтуъ каби ривоятларни ҳам келтирган. Бунга “Нисо сураси боби” да келган ушбу ҳадисни мисол қиламиз:
Али ибн Абу Толиб (р.а.) дан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Қуръонда менга мана бу: “Албатта Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда) ларидан кечирур[13]” оятидан кўра суюклироқ оят йўқ”.
Абу Ийсо: “Бу ҳасан, ғариб ҳадисдир”, деб айтган[14].
Демак, Абу Исо Термизий “Сунани Термизий” асарида Қуръон илмларига тегишли учта китоб ташкил қилган бўлиб, бу бўлимларда Қуръони Карим оятларига оид ҳадисларни баён қилган. Шу ўринда, “Сунани Термизий” асаридан бошқа олти саҳиҳ китобларини кузатадиган бўлсак, улардан Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобида Қуръон илмига тегишли “Китабу бадъул ваҳий”, “Китабу фазоилил Қуръан” ва “Китабут тафсир” бўлимлари ташкил қилинган. “Саҳиҳи Муслим” асарида эса, Қуръон илмларига тегишли “Китабу фазолил Қуръан ва ма ятаъаллақу биҳи” ва “Китабут тафсир” бўлимлари ташкил қилинган. “Сунани Абу Довуд” ва “Сунани Насоий” (ас-суғро) ва “Сунани Ибн Можа” асарларида эса Қуръон илмлари борасида боб ташкил этилмаган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Имом Термизий “Сунани Термизий” асарида Қуръон Карим оятлари ҳақида кўплаб ҳадисларни келтирган. Шунга эътибор бериш керакки, Имом Термизий бу ўринда муфассир эмас, балки муҳаддис ўлароқ оятларга оид ҳадисларни баён қилган. Шунга кўра, оятларни баён қилишда муҳаддислар билан муфассирлар орасида фарқ борлиги намоён бўлади. Чунки муфассирлар Қуръони Каримнинг барча оятларини тўлиқ тафсир қилишни мақсад қиладилар. Муҳаддислар эса Қуръони Карим оятларига алоқадор бўлган ҳадисларни келтиришни мақсад қилишади.
Мадаминов Шокиржон Абдулмиталибович,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Фойдаланилган адабиётлар:
- Қуръони карим.
- Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Жомиъ ат-Термизий. – Қоҳира: Дорул ҳадис, 1999.
- Toʻrаqulov M. Imom Termiziy mаqolаsi. 2015. – B. 5. // www.muslimun.uz.
Izoh qoldirish