ИМОМ АБУ ИСО МУҲАММАД АТ-ТЕРМИЗИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИ ВА ФАОЛИЯТИНИ ЭЪТИРОФ ЭТИШ ЖАРАЁНИНИ ТУРЛИ ФАНЛАР КЕСИМИДА ТАДҚИҚ ЭТИШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ
Ўзбекистонда сўнгги йилларда миллий тарбия тенденцияларининг асл моҳиятини ёш авлод онги ва қалбига сингдириш жараёнида ислом маданияти ва тарихининг таълим-тарбияга оид назарий ҳамда амалий ғоялари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, улар асосида вужудга келган педагогик фикрларни ўрганиш масаласида умумий педагогика ва унинг тарихи, психология назарияси ва тарихи фанларида ислом маданиятига бўлган илмий муносабатни шакллантириш борасида ҳам турли тадқиқотлар ўтказилмоқда. Шу билан биргаликда, республикамизда бу йўналишдаги ишларни, тадбирларни ташкил этиш ва йўлга қўйиш масалалари юзасидан 2017-йил 7-февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” ПФ-4947-сонли Фармон[1], 2017-йил 24-майда имзоланган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2995-сонли қарор[2], 2018-йил 16-апрелда имзоланган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5416-сонли Фармон[3] ҳамда ушбу йўналишга тегишли бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди.
Қабул қилинган ҳужжатлар билан бир қаторда, юртимизда ислом дини билан боғлиқ тарзда олиб борилаётган ижобий тадбирларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ислом маданиятининг қайси жиҳатларини ўрганиш зарур ва ислом маданиятининг педагогика ёки психология фанлари билан боғлиқ омиллари қандай ёки ислом маданияти манбаларидаги педагогик-психологик фикрларни таҳлил этганда қайси илмий жиҳатларга эътибор қаратиш зарур? – деган саволларга жавоб олиш мақсадида биз тадқиқот йўналишимизни шакллантирдик.
Маълумки, кейинги вақтларда ислом маданиятига оид манбаларни таҳлил этиш, уларнинг тарбиявий аҳамиятини тадқиқ этиш, Қуръони карим ва ҳадисларнинг педагогик ва психологик жиҳатларини аниқлаштириш, ёшлар муаммоларини тадқиқ этишда ислом маданияти манбаларининг тарихий ва назарий аҳамияти, замонавий дунёқарашни шакллантиришда ислом маданияти ва манбаларининг ўрни, ислом маданиятининг жаҳон маданияти ривожидаги ўрни ва таъсири, дин вакилларининг донишмандлик ғоялари ва авлиёлик фаолияти, ижтимоий-педагогик, фалсафий ва психологик қарашлари, алломаларнинг педагогик-психологик қарашларни тадқиқ этишда диний манбаларнинг аҳамияти, ислом маданияти мутафаккирларининг педагогик ва психологик фикрларини ўрганиш юзасидан жаҳонга машҳур таълим муассасалари – Ал-Азҳар университети (Al-Azhar University, Cairo, Egypt); Малайзия халқаро ислом университети (International Islamic University Malaysia (IIUM), Kuala Lumpur, Malaysia); Нур-Муборак ислом маданияти Миср университети (Египетский университет исламской культуры Нур-Мубарак, Алматы, Казахстан); Исломобод халқаро ислом университети (International Islamic University, Islamabad, Pakistan); Имом Муҳаммад ибн Сауд Ислом университети (Imam Muhammad ibn Saud Islamic University (IMSIU), Riyadh, Saudi Arabia); Макка Уммул-Қура университети (Umm al-qura university, Makkah, Saudi Arabia); Роттердам ислом университети (Islamic University of Applied Sciences Rotterdam, Rotterdam, Netherlands); Дор-ул Худо ислом университети (Darul Huda Islamic University, DHIU, Mallapuram, India); Индонезия Джокьякарта ислом университети (Universitas Islam Indonesia, Yogyakarta, Indonesia); Читтагонг халқаро ислом университети (International Islamic University Chittagong, Chittagong, Bangladesh); Пятигорск давлат университети ҳузуридаги Араб тили, ислом ва ислом маданиятини ўрганиш маркази (Центр арабского языка, изучения ислама и исламской культуры при Пятигорском государственном университете, Пятигорск, Россия); Москва ислом институти (Московский исламский институт (МИИ), Москва, Россия); Мусулмонлар марказий диний бошқармаси ҳузуридаги Россия ислом университети (Российский исламский университет при Центральном духовном управлении мусульман (РИУ ЦДУМ), Уфа, Россия); Россия фанлар академияси Шарқшунослик институти Араб ва исломий тадқиқотлар Маркази (Центр арабских и исламских исследований Института востоковедения Российской академии наук, Москва, Россия)да бугунги кунга қадар илмий муаммоларни ечиш масаласида ўзаро ҳамкорликда қатор халқаро тадқиқотлар ва илмий анжуманлар ўтказилди.
Авваламбор, юқорида номлари қайд этилган муассасаларнинг веб-сайтларини ва улар билан боғлиқ ёзма маълумотларни ўрганар эканмиз, уларнинг кўпчилиги ислом дини вакилларининг фаолияти ҳақида маълумот беришлари, илмий мунозаралар ва баҳслар олиб бориш масалаларида ҳам ислом дунёсининг машҳур шахслари ижодига тез-тез мурожаат қилишлари маълум бўлди.
Бизнинг, тадқиқот ва таҳлил ўтказишимиздан кўзланган бош мақсад ҳам айнан шу, шахслар тарихини ўрганиш йўналиши, ислом маданиятининг машҳур алломаларидан бири – Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий (алломанинг тўлиқ исми – профессор У.М. Уватов томонидан қайд этилган)[4] шахсига бағишланади.
Алломанинг ҳаёт ва фаолиятини, асарларини ўрганиш, энг муҳими унинг қаламига мансуб ҳадисларни таҳлил этиш масалаларига кўп йиллар давомида турли миллат вакиллари бўлган мутахассислар томонидан жиддий эътибор қаратилгани маълум.
Илмий тадқиқотларнинг кўпчилиги асосан ва табиийки, исломшунослик, тарих, филология, фалсафа, ҳуқуқшунослик ҳамда педагогика, психология, санъатшунослик, айрим ишлар архитектура йўналишлари мутахассислари томонидан олиб борилган.
Жумладан, тарих фанлари йўналишида – М.Ф.Алимова, А.Асқаров, Б.Аҳмедов, В.В.Бартольд, Е.А.Беляев, Е.Э.Бертельс, О.Г.Большаков, К.Э.Босворт, П.А.Грязневич, С.Н.Жўраева, А.Д.Кныш, Ж.З.Мирзаев, А.К.Муминов, Э.А.Қабулов, Т.Пардаев, С.М. Прозоров, Б.Радтке, Д.Н.Расулов, Д.А.Рахимджанов, А.Темурий, С.Н.Турсунов, Н.Турсунов, У.М.Уватов, И.С.Усмонов, М.А.Усмонов, А.А.Ҳасанов, Ж.О.Чўтматов, Б.И.Эшонжонов, И.М.Фильштинский, Б.Я.Шидфар;
ҳуқуқшунослик фанлари йўналишида – Ҳ.Б.Бобоев, А.Ш.Жўзжоний;
педагогика назарияси ва тарихи фанида – Н.Ортиқов, А.Зуннунов, Х.Маъсудов, О.Мусурмонова, С.Нишонова, К.Ю.Қиличева, Б.О.Қодиров, Қ.Б.Қодиров, Қ.А.Тошмуродова, М.Х.Тўхтахўжаева, Б.Тўхлиев, О.Ҳасанбоева, Ж.Ҳасанбоев, М.Хайруллаев, Ҳ.Ҳомидий (Ҳомидов), Н.Ҳотамов, К.Ҳошимов;
психология фанлари йўналишида – И.Худойбердиев, Б.Р.Қодиров, А.Б. Қодирова;
филология фанлари йўналишида А.Абдулло, З.М. Исломов, Мирзо Кенжабек (Кенжабоев М.Т.), Б.Х.Муртазоев, Ж.Омонтурдиев, А.Ж. Омонтурдиев, С.Сайфуллоҳ (Рафиддинов);
фалсафа фанлари йўналишида – З.И.Алимова, Н.Жўраев, Н.Комилов, З.Э.Маркаев, У.У.Мустафаев, Е.А.Фролова, З.М.Ҳусниддинов;
кенг омма учун асарлар ёзишда – Муҳаммад Юсуф, М.С., А.Абдураҳмонов каби соҳа вакиллари томонидан ёзилган диссертatsiя ишларида, илмий асарларда, илмий-оммабоп шарҳларда Имом ат-Термизий фаолиятига аҳамият қаратилганини ёки бевосита унинг ҳаёти, асарлари тадқиқ этилганини кузатамиз.
Мазкур олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот ва таҳлилларнинг яна бир қимматли томони, уларда ўзга миллат вакилларининг ижодлари намунасида ўрганилмаган жиҳатларни эътироф ва кашф этилиши, таълим-тарбия масалаларининг тарихий босқичларини изчил кузата борилиши ҳамда шу асосда замонавий илмий тавсиялар яратилиши ва шакллантирилишидир.
Шу ўринда, юқоридаги тадқиқотчилар томонидан илмий ишларида ислом маданияти манбалари – ҳадисларни таҳлил қилишда Имом ат-Термизий шахсига эътибор қаратилса-да, инсон тарбиясида ҳадислардан фойдаланишнинг ижтимоий-педагогик ва психологик асослари алоҳида педагогик муаммо сифатида ажратилган ҳолда тадқиқ этилмаганлигини ёки махсус тадқиқот объекти сифатида ҳам ўрганилмаганлиги маълум бўлади.
Имом ат-Термизийнинг жамият ривожига бўлган муносабати, инсон тарбияси, илм йўлида қилган илмий хизматлари ҳозирги кунда ҳам ўз моҳияти билан муҳимдир.
Имом ат-Термизий ўз асарларида инсон тарбиясининг турли йўналишларига эътибор қаратар экан, жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий асосларига ҳам диққатини қаратди ва кўплаб фалсафий, ҳуқуқий саволларга жавоб топа олди.
Имом ат-Термизий тарбия йўналишида миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ҳадисларни баён этишда қуйидаги жиҳатларга эътиборини қаратади:
– уларни қўллашга илмий жиҳатдан ёндашиш;
– тарбиялашнинг воситаси сифатида фойдаланишнинг йўллари ва шакллари излаш;
– болаларни инсонпарварлик, ватанпарварлик, ахлоқий-эстетик ва жисмоний руҳда тарбиялаш асосий масала эканлигини доим ёдда тутиш каби жиҳатлардир.
Шунингдек, Имом ат-Термизийнинг фаолиятини тадқиқ этар эканмиз, унинг илмни ривожлантириш борасида қилган меҳнатлари бизга намоён бўлди:
биринчидан, ҳадисларни ўрганиш ўзбек халқи анъаналарининг, диний қарашларининг педагогик хусусиятларини аниқлаш имконини беради;
иккинчидан, ҳадисларнинг ғояларини илмий таҳлил қилиш ва объектив баҳолаш педагогика тарихи, яъни унинг асосий қисми бўлган этнопедагогика бўйича назарияларнинг кейинги ривожига йўл очади;
учинчидан, ҳадисларни ўрганиш бўйича тавсия этиладиган материалларнинг самараси ва сифати ошишига хизмат қилади.
Имом ат-Термизий ахлоқий муаммоларни ҳал қилиш бўйича кенг ёйилган анъанавий, этник тушунчаларни ривожлантирди. Унинг фикрича, инсон ўз xатти- ҳаракатлари ва фаолияти бўйича эркин бўлиб, унинг ижобий ҳамда салбий томонлари ўша одамнинг ўзига, атрофдагиларга боғлиқдир.
Мустақиллик миллий урф-одатларни ўрганиш, аждодларимизнинг бой маданий ва маънавий меросидан баҳраманд бўлиш учун кенг имкониятлар яратди. Бундай сиёсий имконият халқнинг, давлатимизнинг холис равишда миллий тарихимизни ўрганиш, қадриятларимизни англаш, миллий меросимизни тиклаш ҳамда тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.
Қ.Б. Қодиров, педагогика фанлари номзоди,
Термиз давлат университетининг Педагогика институти
Педагогика-психология ва бошланғич таълим факультети декани
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Исо Термизий. Аш-Шамоил ан-Набавийа. Арабчадан У.Уватов тарж. – Тошкент: Чўлпон, 1993. – Б. 5.
- Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.07.2018 й., 06/18/5483/1594-сон; 11.12.2019 й., 06/19/5892/4134-сон; 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон, 01.05.2021 й., 06/21/6217/0409-сон.
- Ҳаким Термизий. Маърифатул асрор. – Таржимон А.Турсунов. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018.
[1] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2018 й., 06/18/5399/1018-сон
[2] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.04.2018 й., 06/18/5416/1079-сон, 13.12.2018 й., 06/18/5597/2300-сон; 22.04.2021 й., 06/21/6212/0358-сон.
[3] Абу Исо Термизий. Аш Шамоил ан Набавийа. Арабчадан У.Уватов тарж. – Тошкент: Чўлпон, 1993. – Б. 5.
[4] Ҳаким Термизий. Маърифатул асрор. – Таржимон А.Турсунов. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. – Б. 12.
Izoh qoldirish