01.03.2024

ВАТАН МЕҲРИ

Ушбу туйғу ҳар бир инсон қалбида гўдаклигиданоқ пайдо бўлиб, умрининг охиригача тарк этиб бўлмайдиган бебаҳо қадриятдир. Ватанга бўлган меҳр-муҳаббати ҳақида ҳеч қачон чурқ этмаган инсоннинг ҳам кўнгил тубида “Мен унда ўсиб-улғайдим, сиз кўриб турган бу камолотнинг барчаси шу Ватан бағрида менга улашилди”, деган бир яширин туйғу қалқиб туради.

Инсон кексайиб борар экан унда Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат ва садоқат туйғулари ҳам ортиб бораверади. Шундан бўлса керак, мусофирликда, Ватандан айро бошқа юртларда қолиб кетган инсон ёшини яшаган сари ўзи туғулиб ўсган жойини қумсаб Ватанига қайтиш йўлини излай бошлайди. Ватан соғинчи, Ватан меҳри дея аталмиш улуғ туйғу уларни мана шунга даъват этади мудом.

Тарихда эса бунга исталганча ҳаётий мисолларнинг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Кўҳна мозийдан маълумки, тақдир измига кўра аксарият умри мусофирликда ўтган, туғилган гўшасидан узоқларда иккинчи ватан қилиб, умргузаронлик қилиган буюк шахслар ҳам умри поёнига етганда имкон топиб, туғилиб ўсган Ватанига қайтишга интилишган, бунинг имкони бўлмаганда, ҳеч бўлмаса хокини ватанига олиб боришларини васият қилишган.

Ҳукмдор Амир Собуктегин ҳаёти бунга мисол бўлиши мумкин. “Тарихий Яминий” асарида қайд этилишича Амир Собуктегинга мусибатлар изма-из келишда давом этган. Ҳатто азиз синглиси ҳам оламдан ўтиб, уни тарк этади. Мусибатлар занжири амир тўшакка михланиб қолгунича давом этаверади. Хаста амир ҳаётнинг сўнги дақиқаларигача ўз Ватани – Ғазнага бориш, унинг мусаффо ҳавосидан нафас олиб, зилол сувларидан қониб ичишни, Ватан меҳридан сўнги бор баҳраманд бўлишни орзу қилади. Бироқ паймонаси етиб, энди тўшакдан тура олишнинг имкони йўқлигини англагач, жасадини ўзи туғилган юрт – Ғазнага олиб боришларини васият қилади ва Амир Собуктегин ўлимидан сўнг Ғазнада дафн этилади.

Ватандошимиз Бобур, гарчанд Афғон ва Ҳинд тупроғини забт этиб, ўз замонасининг буюк империясига асос солган бўлса-да, бир умр Ватанини соғиниб, Ватан меҳрига зор бўлиб ўтди. У ҳамиша Андижонга қайтишни орзу қилди. Андижон она Ватан тушларини тарк этмади. Бу соғинч, унинг ғазалларида, беқиёс автобиографик асари “Бобурнома”да ҳам асосий мавзу бўлди. Пировард, шоҳ ва шоир Бобур вафотидан кейин бир қанча вақт ўтиб, унинг хокини Кобулга кўчиришиб, қайта дафн этишди. Ҳар ҳолда Кобул узоқ Ҳиндустон – Аградан Андижонга яқинроқ маскан эди…

Ҳаким ат-Термизий, Имом Термизий ва бошқа ўнлаб буюк ватандошларимиз ҳам илм излаб йиллар давомида узоқ юртларда мусофирчиликда умргузаронлик қилган бўлсалар-да, охир-оқибат Ватанларига қайтишган. Ваҳоланки, улар ўша бегона юртларда ҳам улуғ ном, шон-шуҳрат, меҳр-муҳаббат ва юксак эътиборга эга эдилар. Фақат Ватан соғинчи уларни туғилган гўшаларига қайтишга ва сўнги манзилни Ватан тупроғидан танлашга даъват этган.

Яна бир буюк бобомиз, ўзбек классик адабиётининг асосчиси Алишер Навоий ҳам Астрободга қилинган сургун пайтларида мудом Ҳиротга қайтиш орзуси билан яшаганлар. Бу ҳақда Ҳусайн Бойқарога неча бор хатлар йўллагани, ғазаллар битгани ва ҳеч бир мушкулот Ватан соғинчидек азобли эмаслигини таъкидлаб келганлар.

Ватан соғинчи ҳақида фикр юритар эканмиз, пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари билан боғлиқ бир воқеани ҳам эслаб ўтиш жоизки, бу ҳам Ватан меҳридан бебаҳра инсонлар учун буюк ибрат бўлиши шубҳасиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамага бўлган иштиёқлари (соғинчлари) вақти-вақти билан у кишини осмонга тикиладиган қилиб қўйди. Расулнинг қалбида кечган нарсани билган Зот намоз ўқиб турган жойларида қиблани Ақсодан Каъбага бурганлиги ҳақида ваҳий юбориб бурилишга амр қилди.

Ҳа азизлар, инсон учун Ватан меҳридек буюк бахт йўқ. Аслида, киндик қони тўкилган тупроқ – Ватан ҳар бир бандасига Яратган ато этган энг буюк неъмат, бойликдир. Шу боис уни асраш, авайлаш, обод этиш ва ёмон кўзлардан сақлаш банданинг бурчи, вазифасидир. Зотан, Ватан меҳри қалбидан жой олган, ватан ҳимоясидек шарафли бурчни унутмаганлар дунё ва охират мукофотларига лойиқ кўрилувчи кишилар бўлиб, улар боис Ўзбекистон аталмиш жаннатмакон юртимиз, она ватанимиз тинч, фуқаролари эса осуда, фаровон ҳаёт кечиришлари мудом кафолатланган бўлади.

 

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими - Аббосхон Абдуллаев.

Izoh qoldirish