ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ
IX аср ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланади. Бу даврда Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абд ибн Ҳумайд Кеший каби муҳаддис алломаларнинг фаолият юритган. Бу муҳаддислар бошлаб берган хайрли ишларини Имом Термизий ҳам чуқур масъулият ва катта идрок билан давом эттирди.
Ҳадисшунослик илми VIII асрнинг иккинчи ярмидан XI аср ўрталаригача асосий ва зарурий машғулотлардан бири даражасига айланган. Бу даврда Шарқнинг турли мамлакатларидан бўлган тўрт юздан ортиқ муаллифлар ана шу илм (ҳадисшунослик) билан шуғулланганлар[1].
Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Абу Исо Сулламий[2] Зарийр Буғий Термизий[3] бўлиб, 209/824 йили Термиздан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган[4].
Ўз билимини ошириш борасида 850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб қатор хорижий мамлакат ва шаҳарларга сафар қила бошлади. Илмий сафари давомида кўплаб кишилардан ҳадислар эшитади. Макка ва Мадина, Ироқ, Марв, Нишопур, Балх, Термиз, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда кўплаб машҳур муҳаддис ва уламолардан таълим олади. Илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади.
Имом Термизий пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплашга алоҳида эътибор билан қарайди. Бу борада у ҳар қандай қийинчиликларга бардош беради. У ўзи ўқиган ёки бирор ровийдан эшитган ҳадисларни тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилсагина “Саҳиҳ” китобга ёзар эди. Ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф ва ғариб каби турларга бўлиб ўрганади.
Ҳадис илмини эгаллашда Имом Термизий ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозларидан Имом Бухорий, Имом Муслим ибн Ҳажжож, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, Сувайд ибн Наср Марвазий ва бошқа кишиларни кўрсатиш мумкин[5].
Имом Термизий ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина шогирдларга устозлик ҳам қилган. Унинг шогирдларидан Мақҳул ибн Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Абу ибн Муҳаммад Насафюн, Ҳаммод ибн Шокир, Хайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий, Абулаббос Муҳаммад ибн Маҳбуб Маҳбубий каби етук олимларни кўрсатиш мумкин[6].
Имом Термизий ўндан ортиқ асарлар ёзган. Жумладан, “Сунан ат-Термизий” (“Термизий суннатлари”), “Аш-шамоил ан-набавиййа” (“Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари”), “Китоб ат-тарих” (“Тарих китоби”), “Илал ал-кабир” (“Катта иллал”), “Илал ал-сағир” (“Кичкина иллал”), “Китоб аз-зуҳд” (“Тақво ҳақида китоб”), “Китоб ал-асмо вал-куна” (“Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб”), “Ал-илал фил-ҳадийс” (“Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Асмо ас-саҳоба” (“Пайғамбар саҳобаларининг исмлари”)[7] шулар жумласидандир.
Имом Термизий ҳадис илмига оид шоҳ асари бўлган “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида минглаб ҳадислар жамлайди. Бу асар ҳадис илмида энг катта аҳамиятга эга. Асар “Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ” номи билан бирга “Ас-сунан” (“Суннатлар”) ва “Сунан ат-Термизий” номи билан ҳам аталади.
Имом Термизийнинг “Сунан”и жомиъ туркумидаги ҳадис тўпламларида мавжуд барча масалаларни қамраб олганлиги боис “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” номи билан ҳам танилган. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” китоблари ўз ичига ақида доир ҳадисларни, тафсирлар, диний қонун-қоидалар, ижтимоий ва шахсий ахлоқ мезонларини ҳам қамраб олган. Уларнинг ишончлилик даражаси бошка тўпламлардан кўра анча юқори ҳисобланади.
Асарнинг “Сунан ат-Термизий” деб аталишининг асосий сабабларидан бири – унда фиқҳ масаласига доир ҳукмларга оид ҳадислар жуда кўп келтирилган. Шулар билан бир қаторда асарда имон, Қуръон тафсири,Қуръон фазилатлари, илм, панд-насиҳат, одоб-ахлоқ, гўзал хулқ фазилатлар, ва бошқа мавзуларда ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар келтирилган.
Абу Исо Термизий “Сунан ат-Термизий” асарини алоҳида-алоҳида бобларга бўлади. Мана шу боблар асарда сарлавҳа тарзида бўлинган бўлиб, бобга доир ҳадислар бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалайди. Ушбу бобга доир масала бўйича муаллиф бир қанча ҳадисларни келтиради, сўнг бу масала юзасидан бошқа уламо ва фақиҳларнинг фикрларини ҳам тартиб билан баён этади. Ундан кейин ривоят қилинган ҳадиснинг саҳийҳ, ҳасан, заиф ёки ғариблиги даражасига ўз муносабатини билдиради. Шундан сўнг ҳадис ровийлари, санадлари ва санаднинг ўз ичига олган иллатлари хусусида ўз фикрини билдиради[8].
Имом Термизий “Сунан ат-Термизий” асари ҳақида: “Ал-Жомиъ”ни ёзиб тугатиб Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон олимларига кўрсатганимда, улар уни мамнунлик билан бир овоздан маъқул топдилар. Ростдан ҳам кимнинг хонадонида бу китоб, яъни “ал-Жомеъ” бўлса, гўёки унинг уйида Набий алайҳиссалом сўзлаётгандек[9], – деб ёзади”.
Ҳофиз Абулфазл Муҳаммад Муқаддасий (ваф. 507/1113) ҳам бу асар ҳақида “Мен учун Имом Термизийнинг “ал-Жомиъ” таснифи Имом Бухорий ва Имом Муслим ибн Ҳажжож асарларидан кўра ҳам фойдалироқдир. Чунки Бухорий ва Муслимнинг китобларидан кўпинча фақат ўқимишли, зиёли кишиларгина фойдаланади. Аммо Абу Исо Термизийнинг асаридан эса ҳар бир истаган киши бемалол фойдалана олади”[10], деб ёзади”.
Имом Термизий ҳадис илмига оид “Сунан” билан бирга “Ал-Илал ас-сағийр”, “Ал-Илал ал-кабир ёки ал-муфрад” ва “Аш-шамоил ан-набавиййа” номли асарларни ҳам ёзган. “Ал-Илал ас-сағийр” асарини “ал-Жомиъ” асарининг охирги қисмида хотима сифатида киритган. “Ал-Илал ал-кабийр ёки муфрад” эса алоҳида мустақил асар бўлиб, унда биринчи асарига кирмаган иллатли ҳадислар келтирилган.
Ислом оламида эътироф этилган «Кутубу ситта» (“Олти китоб”) номи билан машҳур бўлган ҳадис китоблари бор. Булар “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Саҳиҳи ал-Муслим”, “Сунан Абу Довуд”, “Сунан Ибн Можа”, “Сунан Насоий” ва “Сунан ат-Термизий” асарларидир.
Ҳадислар исломнинг иккинчи асосий манбасидир. Ҳадислар устида кўплаб тадқиқотлар олиб борилиб, китоблар ёзилган. Бу китоблар ичида ишончли ҳадислар манбалари сифатида “Кутуби ситта” ҳадис тўпламларидир.
“Олти китоб” – саҳиҳ ҳадисларни бир жойга жамлаш учун мавзуларига кўра тасниф қилинган асарлардир. Бу китоблардаги ҳадислар саҳиҳилиги жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади ва ҳамма ҳадислар саҳиҳлик жиҳатидан бир-бирига тенг эмасдир. “Кутуби ситта”да келтирилган ҳамма ҳадисларнинг матнлари санадлари билан бирга зикр қилинган.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизийнинг асарлари барча мавзуларига оид ҳадисларни ўз ичига олганлиги сабабли “Жомиъ” туркумига кирса, Абу Довуд, Имом Насоий ва Ибн Можаларнинг асарлари, асосан, фиқҳий мавзуларига оид аҳком ҳадисларни ўз ичига олганлиги сабабли “Сунан” туркумидаги китоблар қаторига киради.
“Сунани Термизий” “Китабул илал”даги ҳадисларни ҳисобга олмаганда 3956 тани ташкил қилади.
“Сунани Термизий” таркибий жиҳатдан бобларга бўлиниб, боблар эса асарда сарлавҳа тарзида бўлинган. Бобга доир ҳадислар бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалайди. Ушбу бобга доир масала бўйича муаллиф бир қанча ҳадисларни келтиради, сўнг бу масала юзасидан бошқа уламою фақиҳларнинг фикрларини ҳам батартиб баён этади. Ундан кейин ривоят қилинган ҳадиснинг саҳийҳ, ҳасан, заиф ёки ғариблиги даражасига ўз муносабатини билдиради. Шундан сўнг ҳадис ровийлари, санадлари ва санаднинг ўз ичига олган иллатлари хусусида ўз фикрини билдиради.
Бундан ташқари Имом Термизий ҳадис илмига оид иккита, бири кичик “Илал ал-сағир”, иккинчиси катта “Илал ал-кабир” номли китоби ҳам бор. “Илал ал-сағир” китоби “Жомиъ ас-саҳиҳ”нинг охирида мустақил бир бўлиб сифатида киритган. Унда “Жомиъ ас-саҳиҳ”да амал қилган тартиб, усули, манбаларини, асарда келган ровийлар ва атамаларни тушунтириб берган. Асарда Бухорий, Абу Зуръа Розий, Ибн Сирийн, Айюб Саҳтиёний, Суфён Саврий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Али ибн Мадиний ва Яҳё ибн Саид Қаттонийларнинг қарашларидан фойдаланган ҳолда жарҳ ва таъдилнинг зарурлиги, исноднинг аҳамияти, ҳадисларни маъно билан ривоят қилиш учун зарур бўлган шартлар, ҳадисларнинг ғариб деб ҳисобланиши сабаблари, ровийлар ҳақида, мурсал ҳадисининг қиймати каби мавзулар билан шуғулланган. “Илал ал-сағир”га Ибн Ражаб Ҳанбалий шарҳ ёзган.
Имом Термизийнинг “Илал ал-кабир” асари “Илал ал-сағир” асарига нисбатан жуда кенг ёзилган бўлиб, у ўз ичига 717 та ҳадисни қамраб олади. “Илал ал-кабир” асарини Абу Толиб Қозий бобларига қараб янгидан тартибга келтирган. Бу асар Туркиянинг Топкапи Саройи музейининг кутубхонасида сақланади.
“Кутуби ситта”даги бошқа китобларда асосий бўлимлар (боблар) учун “китаб” (كتاب) атамасини ишлатилса, Имом Термизий эса “абваб” (ابواب)[11] атамасини қўллашни афзал кўрган.
Термизий, асосан, боб номларида ушбу бобда келган ҳадислардаги мавзуни англатган калит сўзларни ишлатишни маъқул кўради. Имом Термизий, ҳадисларнинг турли туруқларини ушбу бобда матнини келтирганидан кейин ёки турли туруқлар орасига таҳвил (ح) белгисини қўяди[12]. Бундан ташқари, агар бу мавзу ҳақида бир хил ёки шунга ўхшаш ривоятлар бўлса, у саҳобаларнинг исмларини айтиб зикр қилади.
Имом Термизий ҳадислардан кейин ровийлар ҳақида маълумот беради ва ҳадисларнинг саҳиҳлик ҳолатини билдиради. Бу масалада фақиҳларнинг қарашларини, уламо ўртасидаги иттифоқ ёки ихтилофларга ишора қилади. Ровийларнинг ҳолатини, агар бўлса илллатларини ҳам баён қилади. Ўз фикрини ҳам баён қилади.
Имом Термизий турли санадларда келган битта матннинг туруқларини, исноднинг ўзгарган нуқталарига таҳвил (ح) белгисини қўйган. Агар Имом Термизий китобида, бир ҳадис матнининг ўхшаши, саҳиҳлик даражасидан паст даражадаги санадлар билан келган бўлса, бу санадлар берилгандан сўнг ҳадис матни ўрнига “мислуҳу” (“مثله)[13] ёки “наҳваҳу (“نحوه”)[14] дейиш билан кифояланади.
Имом Термизий китобида, тақтиъ[15] жараёни кам учраганлиги ва такрорларининг камлиги бир-бирига ўхшашди. Имом Термизий бир боб остида, аввало, иллат сабабини зикр қилиб, сўнгра эса исноди саҳиҳроқ бўлганини зикр қилади.
Имом Термизий китобида боб номлари қисқа ва аниқ. Фақиҳларнинг далил сифатида ишлатган ҳадисларини келтиришга ҳаракат қилганлар. Амал қилинмайдиган ҳадис, яъни “матрукул-ҳадис” йўқ[16]. Китобда ровийларни таништириб, ровийлар ҳақида жарҳ ва таъдил қилганлар. Айниқса, ҳадисда тақтиъ жараёни ҳар икки китобда ҳам жуда кам учрайди. Бир ҳадиснинг турли ўринларда такрорланиши ҳам камдан-кам учрайди.
Имом Термизий[17] ўзининг фикрини “Қола Абу Иса” шаклида кунялари билан берганлар. Ўзларининг қарашларидан ташқари фақиҳларнинг қарашларини ҳам киритганлар. Ҳадис истилоҳларидан фойдаланганлар.
Имом Термизий деярли ҳар бир ҳадисдан кейин ҳадиснинг саҳиҳлик даражасини баҳолаган бўлса. Заиф ҳадисларнинг иллатларини ҳам қайд этганлар. Имом Термизий китобида мункар деб билинган ривоятлардан фойдаланмаган. Имом Термизий китобини фиқҳ мавзуларига кўра таснифлаганлар. Ҳар икки китобда ҳам боб номлари қисқа ва аниқ бўлиб, баъзан боб номларида савол иборалари ҳам ишлатилган.
Имом Термизий амал қилинган ривоятларни қабул қилаётганда, иттифоқ билан ундан ҳадис олинмаган ровийларнинг ривоятларини ҳам тарк қилганлар. Термизий кўпинча “ҳаддасана” (“حدثنا”)[18] ибораси билан ҳадисларни ривоят қилса. “Сунани Термизий”да исноди йўқ ҳукмида бўлган бундай заиф ривоятлар мавжуд эмас. “Сунан”да ҳадисларнинг такрори кам бўлиб, боб номлари қисқа ва аниқ берилган. Имом Термизий “Сунан”да ҳадисни нақл қилганидан кейин, у ҳадиснинг иснодида келган баъзи ровийлар ҳақида турли маълумотлар берган[19].
Муҳаммад ибн Башшор, Муҳаммад ибн Мусанна, Ҳаннад ибн Сарийй, Суфян ибн Вакиъ каби баъзи муҳаддислар, Ибн Можа ва Термизийларнинг ривоятда шерик бўлган устозларидир (шайхларидир).
Имом Термизий 279/892[20] йилда ражаб ойининг[21] 13-кечаси, Душанба куни[22] Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида вафот этган ва шу жойда дафн қилинган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Имом Термизий қомусий олим сифатида тафсир, фиқҳ ва ҳадис илмларида самарали ижод қилган. Айниқса, ҳадис илмида ўзининг асарлари билан улкан ҳиссасини қўшган. Ҳозирги кунда ҳам дунё турли институт ва университетларида Имом Термизийнинг асарлари дарслик сифатида фойдаланиб келинади.
Имом Термизий асарлари ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Уларнинг асарларида келтирилган ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди.
Имом Термизийнинг шахсий ҳаёти ва унинг бой маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир.
Олим Жўраев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Саъид Абдулкарим Самъоний. Ансоб. – Байрут. Дор ал-фикр, 2009. – Ж. 1.
- Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжам ал-Булдон. – Байрут. Дор ал-фикр, 2009. – Ж. 1.
- Ибн Хажар Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. – Байрут: Дор ал-фикр, 1984. – Ж. 9.
- Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳак Термизий. Таҳқиқ ва таълиқ: Аҳмад Муҳаммад Шокир (1-2 жуз), Муҳаммад Фуад Абдул Боқи (3 жилд), Иброҳим Атво Авда (4-5 жуз). – Миср: Мустафо ал-баби ал-ҳалби, 1975. Ж.1. Ж.2.
- Нуриддин Итр. Ал-Имом ат-Термизий ва ал-мувазанату байна жамиъиҳи ва байна ас-саҳиҳайн. – Миср: Матбуату лажна ат-таълиф ат-таржима ва ан-нашр, 1980.
- Совет Шарқи мусулмонлари, 1990 йил, 3-сон.
- Уватов У. Икки буюк донишманд (Абу Исо ат-Термизий, Ал-Ҳаким ат-Термизий). – Т.: Шарқ, 2005.
- Хайруддин ибн Маҳмуд Зириклий Димашқий. Ал-аълом. Дор ал-илм. 2002. – Ж. 2.
- Халидов А. Б. Арабские рукописи и арабская рукописная традиция. Москва, 1985.
- Шамсуддин Заҳабий. Мийзон ал-эътидал фи нақд ар-рижал. 2009. Ж. 3.
- Шамсуддин Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. Ж. 13. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 1993.
- Шамсуддин Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 1998. – Ж. 2.
- Шамсуддин Заҳабий. Тарихул ислам ва вафийат ал-мушаҳиир ва ал-аълом. – Байрут. Дор ал-китаб ал-арабийя. 1987. – Ж. 20.
- Юсуф ибн Закий Абдурраҳмон Абулҳажжож Миззий. Таҳзиб ал-камол. – Байрут: Муасаса ар-рисала, 1980. Ж. 26.
[1] Халидов А. Б. Арабские рукописи и арабская рукописная традиция. – Москва, 1985. – С. 143.
[2] Шамсуддин Заҳабий. Тарих ал-ислам ва вафийат ал-мушаҳиир ва ал-аълом. – Байрут. Дор ал-китаб ал-арабийя. 1987. – Ж. 20. – Б. 459.
[3] Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжам ал-Булдон. – Байрут. Дор ал-фикр, 2009. – Ж. 1. – Б. 510; Нуриддин Итр. Ал-Имом ат-Термизий ва ал-мувазанату байна жамиъиҳи ва байна ас-саҳиҳайн. – Миср: Матбуату лажна ат-таълиф ат-таржима ва ан-нашр, 1980. – Б. 23.
[4] Абу Саъид Абдулкарим Самъоний. Ансоб. – Байрут. Дор ал-фикр, 2009. – Ж. 1. – Б. 415.
[5]Шамсуддин Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. Ж. 13. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 1993. – Б. 271.
[6] Шамсуддин Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. Ж. 13. – Б. 271-272; Нуриддин Итр. Ал-Имом ат-Термизий. – Б. 30.
[7] Ибн Хажар Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. Ж. 9. – Б. 389.
[8] Уватов У. Икки буюк донишманд (Абу Исо ат-Термизий, Ал-Ҳаким ат-Термизий). – Т.: Шарқ, 2005.
[9] Шамсуддин Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 1998. – Ж. 2. – Б. 154; Ибн Хажар Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. – Байрут: Дор ал-фикр, 1984. Ж. 9. – Б. 344.
[10] Совет Шарқи мусулмонлари, 1990 йил, 3-сон. – Б. 4.
[11] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳак Термизий. Таҳқиқ ва таълиқ: Аҳмад Муҳаммад Шокир (1-2 жуз), Муҳаммад Фуад Абдул Боқи (3 жилд), Иброҳим Атво Авда (4-5 жуз). – Миср: Мустафо ал-баби ал-ҳалби, 1975. Ж.1. – Б.5; 278; Ж.2. – Б.314...
[12] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳак Термизий. Ж.1. – Б.5, 6, 8, 60, 100, 193, 287, 407..
[13] Саҳиҳ Муслим. Ж.1. Б.30, 40, 52.. Сунан Термизий. Ж.1. Б. 19, 73, 129...
[14] Саҳиҳ Муслим. Ж.1. Б.93, 144... Сунан Термизий. Ж.1. Б. 39, 44, 184...
[15] Бир нечта мавзуда келган ҳадиснинг фақат бир қисмини бир жойда, бошқа қисмини эса бошқа жойда худди шу санад билан нақл қилиш.
[16] Имом Термизий “Илал” китобида икки ҳадисни истисно қилганлар.
[17] Сунан Термизий. Ж.1. – Б. 5, 6, 8, Ж.4. Б. 547, Ж.5. – Б. 727...
[18] Сунан Термизий. Ж.1. – Б. 5,6,8-13...
[19] Сунан Термизий. Ж.1. – Б. 6.
[20] Хайруддин ибн Маҳмуд Зириклий Димашқий. Ал-аълом. Дор ал-илм. 2002. – Ж. 2. – Б. 84.
[21] Шамсуддин Заҳабий. Мийзон ал-эътидал фи нақд ар-рижал. 2009. Ж. 3. – Б. 678.
[22] Юсуф ибн Закий Абдурраҳмон Абулҳажжож Миззий. Таҳзиб ал-камол. – Байрут: Муасаса ар-рисала, 1980. Ж. 26. – Б. 250.
Izoh qoldirish