“САҲИҲИ БУХОРИЙ”НИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
“Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиб-ўрганиш охирги йилларда Ўзбекистонда ҳам анча ривожланди. Самарқандда ҳадис илми мактаби иш бошлади. Бу олий даргоҳда “Саҳиҳи Бухорий”ни тўла ўқитиш ва уни илмий тадқиқ этиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Имом Бухорийнинг мақбараси ва зиёратгоҳини қайта қуриш ва янада муҳташам қилиш жараёнларида унинг музейини ҳам ташкил қилиш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Шу аснода, “Саҳиҳи Бухорий”нинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида сўз юритишни мақсад қилдик. Унинг ўзига хос хусусиятлари анчагина бўлса-да, улардан айримлари қуйидагилар деб кўрсатса бўлади:
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг китобидаги ўзига хос муҳим биринчи хусусият сарлавҳалар ва уларда келтирилган маълумотлардир. У “тарожим” деб аталади. Бу каби сарлавҳаларни у зотдан аввалгиларда ҳам, кейингиларда ҳам учрамайди. У зот тарафидан қилинган баъзи сарлавҳалар ҳозиргача мунозарали, ҳали ҳануз улардан кўзланган мақсад ноаниқ. Лекин ҳар ким ўзида бор маълумот ва ишораларга асосланиб улардан кўзланган мақсадни белгилашга ҳаракат қилади.
“Саҳиҳи Бухорий”даги иккинчи хусусият Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳукмларни исбот қилиш учун сарлавҳаларда Қуръон оятларини келтиришидир.
Учинчи хусусият – ихтилофли масалаларни ёритишда саҳоба ва тобеинларнинг асарларидан фойдаланиш ва турли асарларни ривоят қилишда ўзи рожиҳ деб топганини биринчи келтиришидир.
Тўртинчи хусусият. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг тўпламида устозидан хат орқали олган ривоятларини келтирмаган. Лекин “Қасам ва назрлар китоби”нинг бир ривоятида санаддаги ровийлар орасида “كتب الى محمد بن بشار (Муҳаммад ибн Башшор менга йўллаган мактубида)”, деб ёзилган[1]. Бу гап Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳга тегишли эмас, балки бу зотдан юқоридагиларга алоқадор.
Бешинчи хусусият. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ваҳийнинг бошланиши, ҳайзнинг бошланиши, азоннинг бошланиши, яратилишнинг бошланиши”, каби тарзда сарлавҳаларни келтириб, бу билан бир ҳукмни бошланишига ишора қилган.
Шайхул ҳадис бўлган бир зот: “Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ баъзи ўринларда ҳукмнинг бошланишини махфий тарзда ҳам баён этган”, деган экан.
Олтинчи хусусият. Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий”да ҳар бир китоб охирида хотимага далолат қилувчи “براعة الاختتام” сўзларини келтириб ўтган. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳар бир китоб охирида хотимага далолат берувчи лафзларни ишлатган ва улар китобни якунланишига ишора қилган.
Шайхул ҳадис раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрича, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳар бир китоб охирида инсоний ҳаётнинг тугашини эсга солиб ўтади.
Еттинчи хусусият. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ора-орада басмалани такрор ёзишни давом эттирган. Чунки, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳи Бухорий”даги китоблар мустақил китоб бўлгани эътиборидан басмалани қайта-қайта келтирган.
Саккизинчи хусусият. “Саҳиҳи Бухорий”да сулосиётлар ҳам келтирилган. Унда жами йигирма иккита сулосиёт нақл қилинган.
Ҳикматуллоҳ Абиев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Саҳиҳи Бухорий. Ж. II. – Б. 987.
Izoh qoldirish