05.03.2024

СУФЁН АС-САВРИЙНИНГ ИМОМИ АЪЗАМНИ ЭЪТИРОФ ҚИЛГАНЛАРИ

Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг улуғ олимларидан бири, ишончли ҳадис ровийси, муҳаддис ва фақиҳ бир зот ҳисобланади. У зот Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг замондоши, фиқҳда унинг мазҳабини қабул қилган олим эди. Ҳижрий 97-161 йилларда яшаб ўтган.

Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга шогирд бўлиб, тадқиқотчи олимлар қарийб тўқсон фоиз фиқҳий масалаларда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга ҳамфикр дейишган. У зотнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга муносабати ҳақида бир воқеа бор. Бу воқеани бир қанча манбалардан топиш мумкин: 

Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳнинг акаси ёки укаси вафот этганида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ унинг уйига таъзия изҳор этишга борган эканлар. Шунда, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ дарс ҳалқасидан туриб, кутиб олганлар. Баъзи илм аҳли бу таъзим – тик туриб кутиб олишга эътироз билдирганларида, Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ уларнинг эътирозига бундай жавоб берганлар: 

هَذَا رَجُلٌ مِنَ الْعِلْمِ بِمَكَانٍ فَاِنْ لَمْ أَقُمْ لِعِلْمِهِ قُمْتُ لِسِنِّهِ وَ اِنْ لَمْ أَقُمْ لِسِنِّهِ قُمْتُ لِفِقْهِهِ وَ اِنْ لَمْ أَقُمْ لِفِقْهِهِ قُمْتُ لِوَرَعِهِ

"Бу зот илмда юксак мақомга етган олим. Агар илми ҳурматига турмасам, ёшини улуғлаб тураман; ёши учун турмасам, фиқҳи учун тураман; агар фиқҳи учун турмайман десам, унинг парҳезкорлиги учун тураман!"

Бундан маълум бўладики, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни улуғлашга сазовор бир неча фазилатлари бор зот деб билганлар.

Абдулваҳҳоб аш-Шаъроний қуддиса сирруҳу "ал-Мезон ал-кубро"да нақл қилишларича, даставвал Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳам баъзи одамларнинг: "Абу Ҳанифа қиёсни ҳадисга муқаддам қилади", деган фикридан таъсирланган эканлар. Бир куни Суфён ас-Саврий, Муқотил ибн Ҳайён, Ҳаммод ибн Салама ва Жаъфар ас-Содиқ раҳимаҳумуллоҳ Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига келганлар. Улар тонгдан пешингача кўп фиқҳий масалаларни музокара қилишган. Шунда, Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ ўз мазҳаби далилларини тақдим этганлар. Мажлис охирида барчалари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қўлларини ўпганлар ва у кишига: 

 أَنْتَ سَيِّدُ الْعُلَمَاءِ فَاعْفُ عَنَّا فِيمَا مَضَى مِنَّا مِنْ وَقِيعَتِنَا فِيكَ بِغَيْرِ عِلْمٍ

"Сиз олимларнинг саййиди – улуғи экансиз. Бизнинг сиз борангизда билиб-билмай гапириб қўйган номақбул гап-сўзларимизни афв этинг!", деганлар.

Мазкур воқеани келтирган "ал-Мезон ал-кубро" муаллифи ҳанафий мазҳаби олими эмас, бошқа мазҳаб олими ҳисобланади. Шундай бўлса-да, инсоф ва адолат юзасидан ушбу воқеани рўй-рост ҳолда келтириб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг юксак даражаларини эътироф қилиб кетганлар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ўз даври олимлари юксак ҳурмат қилганлар, илм-маърифатини эътиороф қилганлар, мазҳабига эргашганлар. Жумладан, ушбу Суфён ас-Саврий ҳазратлари, шунингдек, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак, Назр ибн Шумайл, Абдурраззоқ ва бошқа минглаб муҳаддис олимлар у зотнинг мазҳабига эргашганлар. Бошқа мазҳаб олимлари ҳам уларни эътироф қилганлар. 

Бугунги кунга келиб, айрим ўзларини “билимдон” сановчилар, интернет “олим”лари, бутун дунё эътироф қилган мазҳаб имомларидан гап топиб, уларни айблаб, уларнинг мазҳабларини камситиб, ҳатто ўзларини ҳақорат қилиш даражасига боришмоқда. Ҳолбуки, минг йиллардан бери ушбу мазҳабларни ва мазҳаббошиларни бутун дунё мусулмонларининг ярми ва муайян бир қисми ўзларига пешво қилиб, Аллоҳнинг дини ва Расулуллоҳнинг шариатини тушунишда уларга эргашиб келишмоқда. Бинобарин, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ каби Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларига тобеъ бўлиб, фиқҳни шу мазҳаб қоида ва усуллари бўйича англаб, амал қилсак, мазҳабни ва мазҳаббошини эътироф қилиб, ҳурматини жойига қўя олсак, ҳақ ва ҳақиат устида бўлган бўламиз. Чунки Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳадис илмида буюк ватандошимиз, муҳаддислар имоми Имом Бухорий каби “амир ал-мўъминин” дея тан олинган. Ҳадис илмида амир ал-мўъминин мақоми миллионга яқин ҳадисларни тўла ёд олган кишига берилган. Ислом ва ҳадис илми тарихида бундай юксак мақомга эришганлар бармоқ билан санарли. Ана шундай мақомдаги зотлар ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳини ва мазҳабини эътироф қилганлари айни тарихий ҳақиқатдир. Бугунги авлод ҳам ана шундай зотлар йўлидан юриб, мазҳабда мустаҳкам бўлсалар, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини тўғри тушуниш ва мукаммал англашни эса фиқҳий мактаблардаги тушунча ва таълимотлар асосида амалга оширсалар, мақсадга мувофиқ бўлган бўларди. Аллоҳ таоло илм ва илм аҳлини ҳурмат қиладиган илмсевар авлодни кўпайтирсин!

 

Ҳикматуллоҳ Абиев,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими   

 

 

 

Izoh qoldirish