05.03.2024

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ОНАСИ

Улуғ олимларнинг етишиб чиқишида тарбия муҳим ўрин тутса, тарбияда ота-онанинг ҳиссаси асосий саналади. Ўтмишдаги улуғ аждодларимиз ҳаётида ота-онанинг ўрнига мисол йиғилса, катта-катта жилдларни ташкил этадиган асарлар юзага келиши тайин. Жумладан, Ҳаким Термизий номи билан машҳур бўлган олим ва мутафаккир, улуғ донишманд Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр ҳақида ҳаёти ва камолотида ҳам унинг ота-онаси муҳим ўрин тутган. 

Фаридуддин Аттор (1145–1221)  “Тазкират ал-авлиё” асарида Ҳаким Термизийнинг таърифина шундай келтиради:

“У суннат (Пайғамбар йўли) нинг бўлиғи, у миллатнинг улуғи, у авлиёларнинг қутлуғи, у мусаффо (пок) ликда ягона, у муқаддас Аллоҳ таолонинг эъзозли бандаси, замона шайхи – Муҳаммад  (бин) Али ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳи (унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин), шайхларнинг иболиси, вилоят аҳлининг ҳурмат (эҳтиром) лиси, ҳамиша тилларда достон, маънолар шарҳида беқиёс, ҳадис, ривоят, хабарлар бобида энг муътабар, билим ва ҳақиқат баёнида ажойиблардан эди. Комилликда эътироф топган, эзгуликда зийнатланган, меҳрибонликда беадад, ахлоқу хулқда буюк, унинг илм ўрганишда ва илм ташвиқу тарғиботида шижоати бепоёндир. Илм ва фан бобида мукаммал, шариат ва тариқат ишида ғайрати бемисл эди. Термизлик бир неча кишилар унга эргашар эдилар, унинг танлаган йўли илм эди ва олимликда пешволар сафида эди. Пайғамбар умматининг донишманди эди, бировга тақлид қилмас эди, ошкору пинҳонни билувчи эди, бағоят даражада билим эгаси эди ва кўп ҳикматлари бор, шундан уни авлиёларнинг донишманди дер эдилар. Бу (яъни Аби-Абу) Туроб раҳимаҳуллоҳу (Аллоҳ унга раҳм қилсин), Хизравия раҳимаҳуллоҳу ва Ибни Жало раҳимаҳуллоҳу суҳбатларини олган эди ҳамда Яҳё Маоз раҳимаҳуллоҳу ила баҳслашган эди. Термизийнинг айтишича: “Бир куни мунозарада сўз айтар эдим, менинг сўзларимдан Амир Яҳё раҳимаҳуллоҳу ҳайратга тушдилар”. Ва унинг кўп китоблари бор, улар манзуру машҳур бўлиб, ўз зикрини топгандир. У яшаган замонда Термизда унинг сўзини тушунадиган киши топилмас эди ва у шаҳар аҳлидан узоқлашган эди.   

Ёшлик пайтлари икки дўсти билан илм олиш учун аҳдлашиб, сафар тараддудини кўра бошладилар. Йўлга чиқиш олдидан онаси ғамгин ҳолда деди: “Эй, жоним болам! Мен заиф ва ишимни қиладиган кишим йўқ, сен ишларимни бажарувчисан, мени кимга ташлаб кетасан? Мен танҳо ва ожизман!” 

Бу сўзлардан фарзанд дилига дард тушиб, тарки сафар айлади. Унинг икки дўсти илм истаб жўнаб кетишди, орадан беш ой ўтди, бир куни гўристонда зор-зор йиғлар эди: “Мен бу ерда абгорман, дўстларим эса илмда камолга етиб, олим бўлиб қайтадилар ”. Шу чоғ бир нуроний чол келиб деди: 

– Эй ўғлон! Нега йиғлаяпсан? 

Ўғлон аҳволни тушунтирди. Чол айтди:

– Истасанг, мен сенга ҳар куни шу ерда дарс ўтаман ва тезда дўстларингдан ўзиб кетасан! 

– Истайман, – деди ўғлон.

Чол ҳар куни дарс ўта бошлади, шу зайлда орадан уч йил ўтди. Шундан сўнг маълум бўлдики, чол Хизр алайҳиссалом экан. Аллома айтган экан:  “Мен бу давлат (бойлик) ни онамнинг розилиги туфайли топганман”. 

Ўша чол унинг ёнига тез-тез келиб турар ва бир-бирларидан воқеа-ҳодисаларни сўраб олар экан. Абубакр Варроқ айтадики: “Ҳар якшанба Хизр алайҳиссалом унинг олдига келар  ва улар ўзаро савол-жавоб қилишар эди” (Форс тилидан Бобоназар Муртазаев таржимаси).

Ҳаким Термизий ўзининг “ар-Радд ъалал-муаттила” асарида “Менга онам ривоят қилди” деб, онасидан ҳадис ривоят қилган. Ўзининг ҳадисга оид асосий асари бўлган “Наводир ал-усул” асарида эса ушбу ҳадисни онасига ҳурматан унинг исмини эмас, балки кунясини “Умму Оиша бинти Саҳл” деб келтирган ҳолда ривоят қилган. 

Ҳаким Термизийнинг отаси Али ибн Ҳасан Термизий йирик муҳаддис бўлганлиги ва ўзининг “Наводир ал-усул” асарида ундан 206 ҳадис ривоят қилган. Маълум бўлмоқдаки, у зотнинг нафақат отаси, балки онаси ва она томондан бўлган бобоси ҳам илм аҳлидан бўлишган. Бу эса фарзандлар камолотида ота-она, хусусан, оналарнинг ўрни қанчалик катта эканлигини кўрсатади. Ҳаким Термизий онасидан илм ўрганишдан ташқари, унинг хизматини қилиб, хайрли ва сидқидилдан қилинган дуосини олишга эришгани туфайли ҳам Ислом тарихидаги катта из қолдирган улкан шахсиятга айланди. 

Бошқа халқларда ота-онасини номини атаб чақириш учрайди. Ҳаким Термизийнинг асарларидан маълум бўладики, у зот ота-онасининг номини ҳеч қачон тилга олмайди, балки ота-онасини “отам”, “онам” деб, ёки онасини фарзандининг номи билан кунялаб “Умму Оиша” (Оишанинг онаси) деб келтиради. Бу эса фарзанднинг ўз ота-онасига кўрсатиши лозим бўлган юксак эҳтиромини ифодалайди ва халқимиз қадриятларида бу одатга доимо амал қилиб келинади. Хулоса қилиш мумкинки, аждодларимиз меросини қанчалик чуқур ўргансак, миллий қадриятларимиз мазмун-моҳиятини шунчалик чуқур англаймиз, натижада эса ўзлигимизнинг мустаҳкам илдизларига шунчалик мустаҳкам боғланамиз.  

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими    

 

Izoh qoldirish