06.10.2021

БУХОРОНИНГ ДИҚҚАТГА САЗОВОР ЗИЁРАТГОҲЛАРИ

Бухоро – Нақшбандия тариқатининг намояндаларидан бўлган етти буюк пирлар ватани. Бу ерда тасаввуфнинг буюк вакиллари яшаб, улар диний ва ижтимоий ҳаётда муҳим рол ўйнаганлар. Ушбу пирлар Бухоронинг ободлиги, маънавий қиёфасининг юксалишига катта ҳисса қўшдилар. Бу ерда пирлар, мусулмонларнинг зиёратгоҳлари, улуғ сўфийларнинг мақбаралари сақланиб қолган. Бухорони зиёрат қилишга келувчиларнинг аксарияти ўз зиёратларини Хожагон (кейинчалик Хожагон-Нақшбандия) тариқатининг асосчиси – Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилишдан бошлайдилар. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний даврида мақбаранинг ўрнида чиллахона бўлиб, одамлар бу ерга ёзнинг иссиқ чилласида ибодат қилиш учун келганлар. Кейинчалик ушбу жой ибодат қилишга мўлжалланган муқаддас қадамжога айланди. Яқин ўтмишда зиёратгоҳ қаровсиз қолган.

Мақбара бугунги гўзал кўринишга келиши учун бир неча авлодлар алмашинуви керак бўлди. Эндиликда, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбараси Кўҳна Шарқнинг ажралмас бир қисми сифатида ер ва осмонни боғлаб турибди. 

Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий мақбараси – Хожа Ориф ар-Ревгарий дафн этилган жой. У Бухоронинг етти муқаддас пирларидан иккинчиси ҳисобланади. Унинг улуғвор юзи қайсидир маънода ойни эслатган. Шу сабабли замондошлари унга “Моҳитобон”“тўлин ой” лақабини беришган. У XII аср ўрталарида Ревгар қишлоғида туғилган. У буюк шайх Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг шогирди эди. Устозининг вафотидан сўнг, у бошқаларга маънавий устозлик қилишга ижозат олган. Умрининг охирига қадар Ориф Ревгарий фаол диний фаолият билан шуғулланиб, баланд овозда зикр қилишни ниҳоятда севган. У Бухоро ҳудудидаги Шофиркон туманида дафн қилинган.

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий мақбараси - буюк сўфий, маънавий устоз дафн этилган жой. У Вобкент шаҳри яқинида туғилган. Анжир Фағнавий уста-дурадгорлик билан шуғулланган. Илм йўлини босиб ўтиб, муршид даражасига чиққан. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий биринчи бўлиб зикрни баланд овозда талаффуз қилиб, “ухлаётганлар уйғонишлари керак” деб ҳисоблаган. У она қишлоғи Анжирободда дафн қилинган. 

Хожа Али Ромитоний ёдгорлик мажмуаси – Хожагон сўфийлик мактабининг машҳур маънавий устози дафн қилинган жой. Халқ орасида ушбу сўфий “Муҳтарам шайх” номи билан машҳур бўлган. XII аср охирларида Ромитан шаҳрида туғилган. Бутун ҳаёти давомида тўқувчилик касби билан шуғулланган. У Маҳмуд Фағнавийнинг шогирди бўлган. Хожа Али Ромитоний имконсиз ишнинг уддасидан чиқиб, мўғулларни исломга ўтказишда катта муваффақиятларга эришди. Мўғуллар босқинидан кейин тарқоқ ҳудудларни бирлаштирди, табиблик билан ҳам шуғулланди. Афсонага кўра, сўфий одамлар гапирмасдан олдин уларнинг фикрларини ўқиган, бермоқчи бўлган саволларига жавоб берган. Ўзининг узоқ ва тақвога асосланган ҳаётида кўплаб шогирдлар етиштирган. Улар орасида ўз ўғли ҳам бор эди. У кенжа ўғли Хожа Иброҳимга ўз таълимотини давом эттиришни васият қилган.

Хожа Муҳаммад Бобо Самосий ёдгорлик мажмуаси - Хожа Али Ромитонийнинг шогирги бўлган машҳур сўфийнинг дафн қилинган жойи. Хожа Самосий сўфийлик ривожига катта ҳисса қўшган, буюк зот - Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбандийнинг дунёга келишини башорат қилган. Муршид 1354 йил 95 ёшида вафот этган. Муқаддас мақбара Ромитан туманининг Симас қишлоғида жойлашган. Бу ерда ушбу бебаҳо инсон ўз шогирдларига васият қилганидек, мақбара, масжид, қудуқ ва гўзал боғ барпо қилинган.

Хожа Сайид Амир Кулол Бухорий ёдгорлик мажмуаси - Сайид Амир Кулол дафн этилган жой. Ҳаётлик чоғида у “буюк” маъносини англатувчи “Калон” номини олган. Кулолчилик билан кун кечирган. Буюк устоз сифатида танилгунга қадар ҳам халқ орасида машҳур бўлган. Сайид Амир Кулол диний уламо бўлиб, 100 дан ортиқ шогирдларга эга бўлган. Улар орасида Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбанд ҳам бор эди. У Нақшбандийни тариқат асослари, зикрни тўғри ўқиш ва Хожагон тариқатининг тасаввуфий анъаналари билан таништирди. 

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси – Бухородан 12 км узоқликда жойлашган ноёб ёдгорлик мажмуаси. Мажмуа буюк сўфий, диний уламо, энг йирик сўфийлик тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд шарафига қурилган. Нақшбанд лақаби “нақш солувчи” деган маънони билдиради. Тасаввуфга бўлган қизиқишига бобоси сабаб бўлган. Унинг биринчи устози шайх Муҳаммад Бобо Самосий бўлган. Кейинчалик устози Нақшбандийни Хожагон жамоати билан таништиргани Шайх Амир Кулол ҳузурига жўнатди. Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбанд оддийлик тарафдори бўлиб, маросимлар ва намойишкорона тақво қилишни рад этган. У медитация (мушоҳада)нинг 11 қоидасини ишлаб чиққан. Нақшбанд ўзига хос нафас олиш усули орқали “овозсиз зикр” тушунчасини кенг ёйди. Нақшбандия тасаввуф тарифати бутун дунёда кенг тарқалган. Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбанд мажмуаси мадраса, иккита масжид, минора ва ушбу буюк шахснинг ҳаёти ва фаолиятига оид қизиқарли экспонатлар ва маълумотлар тўпланган музейдан иборат. Сўфийлар устози бўлган бу инсон жуда одобли шахс бўлиб, солиҳларга хос ҳаёт кечирган ва одамлар учун ибрат намунаси бўлган.

✍️Сарвар Саидов,

Имом Термизий халқаро

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish