06.03.2024

МУБОРАК ҲАДИСГА ГЎЗАЛ АМАЛ ҚИЛИШ ТАРИҚАСИ

Улуғ муҳаддис ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратларининг “Саҳиҳи Бухорий” асарининг энг биринчи ҳадиси “Амаллар ниятга боғлиқ” мазмунидаги إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ  [Иннамал аъма́лу бин нийя́ти] “Амаллар ниятларга кўрадир” жумласи бизнинг ҳанафийлар наздида: “Амаллар ният билан савобга эга бўлади”, деган мазмунга эга. Шунга кўра, бизларнинг нафақат фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб амалларимиз ниятга қараб қолган, у билангина савобга эришилади, балки мубоҳ амалларимиз ҳам яхши ният орқали ибодатга айланади. Мубоҳ амал бу – уни бажарган кишига на савоб, на азоб ва на иқоб бор. Масалан, еб-ичишимиз, юриш-туришимиз, ризқ ахтаришимиз, ишлашимиз, буларнинг ҳаммаси мубоҳ амаллар. Агар бу амалларимизда ниятимизни гўзал қиладиган бўлсак, улардан Аллоҳнинг розилигини қасд қиладиган бўлсак, бу ишлар учун ҳам савобга эришамиз. Ризқ дардида ишлашимизни кузатайлик. Агар бу ишни “Фарзанд ва аҳли оиламнинг нафақасини Аллоҳ таоло менинг зиммамга юклаган. Шу вазифамни бажаряпман”, деган мақсад билан амалга оширсак, унга ҳам савоб оламиз.

Демак, бу ниҳоятда ажойиб ҳадис. Чунки инсон бу ҳадисга амал қилиш орқали ўзининг бутун ҳаётини, барча амалларини ибодатга айлантириши мумкин. У хоҳ дунёвий амал бўлсин, хоҳ охират иши бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ейиш-ичиш, ором олиш ёки инсон ўз нафсининг ҳақлари, хоҳишларини шариат чегарасида адо қилиши бўлсин, яхши ният воситасида бу амалларнинг ҳаммаси ибодатга айланиши мумкин. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Аёлингиз билан бирга бўлган чоғингизда ҳам савоб бўлади”, деганларида, саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз бу билан нафсимизни қондиряпмиз-ку, бу ишда қандай савоб бўлади?” деб сўрашди. Шунда У зот алайҳиссалом: “Агар аёлингиз билан бирга бўлмаганингизда зинога бориш эҳтимоли бормиди?! Шундоқ бўлганида гуноҳ бўлармиди?! Сиз бу ишни ўз аёлингиз билан бирга қилганингиз учун, мана шу ишга ҳам савоб берилади”, деганлар.

Ҳар бир ишда Аллоҳнинг розилигини ният қилиш осон иш эмас. Масалан: ушбу китобни бирор ниятсиз қўлга олган бўлишингиз мумкин. Бу вақтда сизга савоб йўқ. Мабодо “Динимни ўрганаман. Илм оламан”, деган ниятда уни қўлга олган бўлсангиз, албатта савобга эришасиз. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг ризосини ният қилиш учун инсон кўп машқ қилиши керак.

Муҳаммад Тақий Усмоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳакимул умма ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг хос халифаларидан бири Доктор Абдулҳай Орифий раҳматуллоҳи алайҳ айтардилар: 

“Мен йиллар давомида ўзимнинг ҳаётимга суннатни жорий қилиш учун машқ қилганман. Масалан, уйга кирган чоғимда ҳузуримга таом олиб келинса, қарайман. Ўша пайтда қорним ниҳоятда оч, лазиз ва ширин таом ҳузуримда турибди. Нафсим бу таомдан тезроқ тановул қилиб, очликни қондиришни, очлик дардини тезроқ кетказишни хоҳлайди. Лекин мен ўша пайтда ўзимни бироз тўхтатиб оламан ва қалбимга гўзал бир ниятни келтириб, ўзимга ўзим: “Бу ширин таом Аллоҳ таолонинг неъмати. Парвардигор Ўзининг фазлу марҳамати ила менга бу таомни берди. Шу билан бирга нафсимга едириш-ичириш ҳаққини ҳам жойлаштирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳузурларига таом тортиқ қилинган пайтда, аввал шукрини адо этиб, кейин тановул қилар эдилар. Мен ҳам ҳозир ана шу суннатга эргашиш учун бу таомни еяпман”, дер эдим. Бу нарсаларни тилда айтиш шарт эмас. Бироз тўхтаб, мулоҳаза қилиш кифоя.

Шунга ўхшаш, сиз кўчадан уйингизга келган чоғингизда ёш болангиз ўйнаб ўтирган бўлса, уни қучоқлаб, кўтариб ўпгингиз, у билан бирга ўйнагингиз келади. Мен ҳам уйга кириб фарзандларимни кўрганимда, қалбимдан мана шу туйғулар ўтган чоғда ўзимни бир неча сония тўхтатиб оламан. Қалбимда “Расулуллоҳ алайҳиссалом болаларни яхши кўрганлар, набираларини кўтарганлар, уларни эркалаб суйганлар”, деган ниятни пайдо қилиб, мен ҳам мана шу ишни ана ўша суннатга эргашганим учун қиламан, деб, кейин уларни эркалаб, кўтариб ўйнатар ва ўпиб яхши кўрар эдим. 

Мана шундай қилиш орқали оддий амални ҳам суннатга айлантирар эдим. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Балки узоқ машқлар давомида вужудга келади. Мен йиллар давомида мана шундай қилдим ва бу ишлар менга одатга айланиб қолди. 

Ҳар куни намоз ўқиймиз. Агар бирор вақт намозни ўқий олмай қолсак, қалбимиз безовта бўлади. Нима учун? Чунки авваламбор бу Аллоҳ таолонинг ибодати. Шу билан бирга бунга, яъни намоз ўқишга одатланганмиз ва мана шу одатимизга кўра ўша амални қилмайдиган бўлсак, беҳаловат бўламиз. Демак, инсон оддий амалларида ҳам ниятни гўзал қилишга одатланса, бунинг воситасида ана шу ишлар аста-секин унинг ҳаётига чуқур кириб бориб, гўзал ният унинг кундалик одатига айланиб боради. Бунинг натижасида суннатга эргашиш ўз-ўзидан ҳосил бўлади”.

Суннатга эргашиш осон иш эмас. Бироқ бир жиҳатдан у жуда осон. Юқоридаги гаплардан шуни хулоса қилиш мумкинки, инсон гўзал ният қилиши ва бунинг воситасида ўзининг баъзи мубоҳ амалларини ҳам ибодатга айлантиришга уриниши лозим. 

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ келтирган биринчи ҳадисдан мақсад мана шу. Буюк олим мазкур ҳадисни китобнинг аввалида келтириш орқали барчамиз ниятимизни тўғрилаб олишимиз кераклигини уқтирмоқда. Шундай экан ҳар биримиз ҳаётимизга мана шу нарсани жорий қилишимиз керак.


Ҳикматуллоҳ Абиев,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish