ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДАДИР
Тарихдан бизга маълумки, муқаддас Ислом дини келишидан олдин, жоҳилият даврида аёлларнинг жамиятдаги ӯрни ачинарли аҳволда бӯлган. Эр кишининг ҳаққи олдида аёлларнинг умуман қиймати йӯқ эди. Аёлларнинг нафақат ҳуқуқлари поймол қилинган, балки уларга нисбатан ноинсоний муносабатда бӯлиниб, қуллар табақасидан бӯлса бозорларда сотилар, зодагон бӯлган тақдирда ҳам мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум эди. Эри вафот этган аёл яқин қариндошлари томонидан эридан қолган мерос билан бирга тақсимланар эди. Яъни келишув асосида фарзандлари ёки ака-укалари ёхуд бошқа меросхўрлари томонидан тақсимланиб олинарди. Агар оилада қиз бола туғилса, ўша давр инсонлари учун бу катта муаммо ҳисобланиб, бой оилада туғилган бӯлса, тириклайин кўмилар эди. Такаббур, давлатманд оилалар қизни ӯзларига ору номус деб билишар, фақатгина камбағал оилаларгина қизларини сақлаб қолишар эди.
Башарият Ислом неъмати билан ризқлангандан кейин аёлларга бӯлган муносабат тубдан ӯзгарди. Аёлнинг қадри юксак мартабаларга кўтарилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга қилинадиган салбий муносабатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Қизларини тириклайин кӯмиб юбориш оғир гуноҳ экани таъкидланди. Қизларни яхши тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганлардан ҳам кўпроқ ажрлар ваъда қилинди. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимнинг ҳузурида бир қиз бола туғилсаю, уни тириклайин кўмиб юбормаса, камситмаса ва ўғил фарзандини ундан устун қўймаган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади” (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида «Жаннат – оналар оёғи остида», – деб марҳамат қилганлар: Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу сўзлари оналар учун энг юқори таъриф эди. Яна бир ҳадис шарифда: “Бир киши Расулуллоҳ(с.а.в.)дан: «Инсонлар ичида яхшилик қилишга ким ҳақлироқ?» - деб сўраган эди, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Онанг, кейин онанг, кейин яна онанг», – деб жавоб берганлар.
Имом Ғаззолий (р.а.) «Иҳёи улуми-д-дин» китобида қуйидаги ҳадисни ривоят қилиб келтирадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: “Онанинг дуоси тезроқ ижобат бўлади: “Ё Расулуллоҳ (с.а.в) нима учун?” – деб сўрадилар. Жавоб бердиларки: “Она отадан кўра фарзандига меҳрибонроқдир. Шафқат билан қилинган дуо зое кетмайди”.
Бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен катта гуноҳ қилдим, энди мен учун тавба борми?”- деди. “Сенинг онанг борми?” – дедилар. “Йўқ”, – деди. “Сенинг холанг борми?” – дедилар. “Ҳа”, – деди. “Унга яхшилик қил”, – дедилар.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса, ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, уларга гўзал муносабатда бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳдан қўрқса, унга жаннат берилур” (Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, ҳадиси шариф маъноларига диққат билан эътибор қаратсак, Аллоҳ таоло аёлларнинг мартабасини эркакларга қараганда ҳам юқорироққа кўтарганининг гувоҳи бўламиз. Зеро, она ҳар бир инсон учун энг яқин инсон, бор вужуди билан ўзини фарзанд тарбиясига бағишлаган меҳрибон муштипар зотдир. Ҳар бир мўмин инсоннинг аёлларга нисбатан яхши муомалада бўлиши унинг ҳақиқий мусулмон эканига ёрқин далилдир. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлу аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир”, – деб марҳамат қилганлар.
Улжаев Умарали – Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish