07.03.2024

УЛУҒ САҲОБАЛАР: АБУ БАКР СИДДИҚНИНГ ИСМИ ВА “АТИҚ” ЛАҚАБИ ҲАҚИДА

Ушбу мақолада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин биродарларидан бири, жоҳилият замонида ҳам инсонийлик чегараларидан чиқмаган, жоҳилият одатларидан мутлақо йироқ бўлган улуғ саҳоба Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу улуғ саҳобий ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لو وزن إيمان ابي بكر بإيمان أهل الأرض لرجح إيمان ابي بكر علي إيمان اهل الأرض

“Ер юзидаги иймон аҳлининнг иймони Абу Бакрнинг иймони билан ўлчанса, Абу Бакрнинг иймони бутун ер юзи аҳлининг иймонидан устундир”.

Дарҳақиқат, бу улуғ зот ҳақида кўплаб сийрат китобларида ажиб фикр-мулоҳазалар айтилган. Биз ушбу табақот китоблар ичида Жалолиддин Суютийнинг “Тарих ал-хулафо” асаридан баъзи иқтибосларни келтиришни лозим кўрдик. Жалолиддин Суютий китобида шундай маълумот келтирилади: “Ибн Касир деди: “У кишининг исми Абдуллоҳ ибн Усмон эканлигига иттифоқ қилишган”. Лекин Ибн Саъд Ибн Сирийндан қилган ривоятда: “У кишининг исми Атиқдир”, – дейди. Атиқ у кишининг лақабидир”.

Бу лақабнинг у кишига қачон берилганлиги ва сабаби ҳақида ихтилофлар мавжуд. Лайс ибн Саъд, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда Ибн Муъийн «Юзининг келишганлиги, яъни жамолининг гўзаллиги учун ҳам унга Атиқ лақаби берилганлигини айтганлар. Абу Наим ал-Фазл ибн Дакин эса унга бу лақаб яхшиликда пешқадам бўлганлиги учун берилганлигини таъкидлайди. Баъзи китобларда унга аввалдан Атиқ деб исм қўйилганлиги, кейинчалик Абдуллоҳ исми билан чақирилганлиги тўғрисида маълумотлар келтирилган. 

Табароний Ибн Аббосдан қилган ривоятда: «Юзининг чиройли бўлганлиги учун Атиқ деб чақирилган», – деди.

Абу Яъло «Муснад»ида, Ибн Саъд ва Ҳоким ал-Нишопурийнинг «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:

«Аллоҳга қасамки, кунлардан бир куни мен уйимда эдим. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг саҳобалари ташқарида эди. Улар ва менинг ўртамда парда тортилган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу келганларида, Пайғамбаримиз: «Ким жаҳаннам оловидан озод қилинган кишига қарашни хоҳласа, Абу Бакрга қарасин», – дедилар. Қариндош аҳли уни чақирадиган исми Абдуллоҳдир. Атиқ лақаби унинг бу исмидан ғолиб келди.

Имом Термизмй ва ал-Ҳоким Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилди:  «Бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. У зот:«Сен Аллоҳнинг дўзаҳдан атиқисан (озод қилинганисан)», – дедилар. Ўша кундан у Атиқ  деб чақирила бошланди».

 Ал-Баззор ва Табароний Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилади: «Абу Бакрнинг исми Абдуллоҳ эди, Расулуллоҳу солаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен Аллоҳнинг жаҳаннам оловидан Атиқисан!», – дедилар ва у Атиқ деб чақирила бошланди».

Маҳмуд Нормуродов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish