ИЛМ ВОСИТАЛАРИ
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёхуд бошқа пайғамбарлар воситасида ўша илоҳий тортиқ – илмни бандаларига етказди. У Зот тарафидан берилган мана шу илмнинг номи – Ваҳий. Маълумки, илмга эришишнинг бир неча воситалари бор, уларнинг энг олий даражаси ваҳий саналади. Илмнинг ваҳийдан ҳам бошқа воситалари ҳам мавжуд.
Биринчиси “Ҳавосси хамса” – инсондаги бешта сезги аъзолари: кўз – кўриш учун, қулоқ – эшитиш учун, тил – татиб билиш учун, қўл – ушлаб билиш учун, бурун – ҳидлаб билиш учун.
Аллоҳ таоло инсонга ана шу воситаларни ҳам берганки, банда улар орқали ўзига номаълум нарсаларнинг илмини ҳосил қилади. Баъзи нарсаларни кўриш орқали билиб олса, баъзилари эшитиш орқали унга маълум бўлади. Яна бошқаси ушлаш, айримлари эса таъмини билиш орқали маълум бўлади. Бу илм воситаларининг ҳаммаси Аллоҳ таоло тарафидан берилган инъомдир. Бироқ бу воситаларнинг ҳаммаси маълум чегарагача илмни ифодалай олади, холос.
Масалан, кўз кўра олади, бироқ у билан ҳидлашнинг имкони йўқ. Қулоқ орқали эшитиш мумкин, лекин у билан кўриб бўлмайди. Тил таъмни тотади, лекин кўриш ва эшитиш салоҳиятидан маҳрум. Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бирини ўзининг доирасига чегаралаб қўйган. Агар бирор киши қулоқ билан кўраман, тил билан эшитаман, деса ҳамма уни нодон санайди. Чунки бу аъзолар билан бошқасининг ишини амалга ошириш имконияти йўқ. Буни қуйидаги мисол билан тушунтирамиз:
Пиёлани олайлик. Унинг рангини кўз билан кўриб биламиз. Қаттиқ ёки юмшоқ нарса эканини ушлаб биламиз. Шу билан бизда пиёланинг кўриниши ва ҳолати борасида илм ҳосил бўлди. Лекин унинг қандай ясалгани, нимадан ясалгани ҳақида на кўз билан, на қўл орқали билиб бўлади. Яъни, ҳис аъзоларининг илмга восита бўлиш имкониятлари маълум чегарада тугайди.
Иккинчиси – ақл. Ҳис аъзоларининг имкониятлари тугаган ўринда бошқа илм воситалари ёрдамга келади. Аллоҳ таоло ато этган у нарса – ақл. Демак, пиёланинг қандай ва нимадан ясалганини билиш воситаси ақл экан. Ақл кўрмайди, эшитмайди, ушламайди, ҳидламайди. Бироқ инсон ана шу ақл воситасида кўп нарсаларни идрок эта олади.
Муҳаммад Тақий Усмоний буни қуйидаги мисол билан тушунтирганлар:
Микрофон. Уни кўриб рангини ажратиш мумкин. Айтайлик, у қора рангда. Бу кўз ёрдамида маълум бўлмоқда. Ушлаш орқали эса унинг қаттиқ жисм экани ойдинлашди. Бу икки нарсани бизларга ҳавосси хамса билдирмоқда – кўз ва қўл. Лекин қандай вужудга келгани, яратилгани, ижод қилинганини на кўз, на қўл айта олади. Балки мана шу ўринда сиз билан бизга ақл раҳбарлик қилади. Яъни, унинг қандай яратилганини, уста буни ясаш учун нималарни қориштирганини ақл айтиб беради.
Бироқ яна бир жиҳат бор. Яъни, ақл ва ҳавосси хамса илмга олиб борадиган сабаб бўлса-да, уларнинг ҳам имкон доираси чегараланган. Бошқача айтганда, ҳамма нарса иккаласи билангина маълум бўлиб қолавермайди. Иккаласи ҳам маълум бир чегарага етгандан кейин илмни ифода этишдан тўхтайди. Бу – дунёдаги собит бўлган ҳақиқат.
Мисол учун Ер ўз ўқи атрофида айланади, деган назарияни олайлик. Буни илмсиз одамга айтилса, у бунга ишонмай, бу ҳақда гапирган кишини аҳмоққа чиқаради. “Бир жойда турибмиз-ку, Ер айланиши билан бир жойдан бошқасига кўчиб қолмадик-ку?!”, дейди ўзини ақлли санаб. Лекин назарияда Ер ўз ўқи атрофида айланиб туриши борасида даъво бор. Кўз ўз доирасида бу назарияни ёлғонга чиқаради. Фақат кўзига ишонган киши: “Ҳаракатланмай, сокин турибмиз-ку?!” дейди. Қўл билан ҳам, қулоқ, тил билан ҳам буни билиб бўлмайди. Шунинг учун бу назарияни исботлашда ақлни ишга солиш лозим. Бошқа назария, мушоҳада, тажрибаларни эшитган, кўргандан кейин ақл умумий хулоса чиқаради ва Ернинг айланишини тан олади. Бундан маълум бўладики, мушоҳада ёки “ҳавосси хамса”нинг ҳам чегараси бор.
Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, ҳавосси хамса ҳам, ақл ҳам кишини алдаши, чалғитиб, нарсаларни асл моҳиятидан бошқача кўрсатиши мумкин. Масалан, ҳали ҳаракатланмаётган поездга чиқиб ўтирган вақтингизда ёнингиздаги йўлдан бошқа поезд ўтса, менинг поездим юряпти деб ўйлайсиз. Ҳолбуки, сизнинг поездингиз жойида турибди. Бу ерда кўзингиз сизни алдаяпти. Ёки қулоқни олайлик. Баъзида кимнингдир овозини эшитгандай бўласиз. Аслида эса бундай бўлмайди. Шундай туюлади, холос. Демак, бу аъзо ҳам ўзига тегишли илмни тўлиқ ифода қилиб беролмайди. Тилни олайлик. Инсон касал бўлган чоғида ширин нарса ҳам унга аччиқ туюлади. Бундан кўринадики, тил ҳам ўзига тегишли илмни тўлиқ ифода қилолмас экан.
Хулоса шуки, гарчи ҳавосси хамса маълум чегарада илмни ифода қилиб берса ҳам, айрим ҳолларда хато ва камчиликка йўл қўяди. Ақлнинг ҳам ҳоли шундай. Илмни ифода қилишда унинг ҳам чегараси бор. Демак, ақл билан собит бўладиган илм ҳам қатъий бўла олмайди. Чунки, шу кунгача яшаб ўтган қанчадан-қанча файласуф ва ҳукамолар ўз замонасида ақлга таяниб маълум назарияларни илгари сурган. У назариялар бошқаларнинг ҳам ақлига тўғри келган ва ҳамма уни тан олган. Лекин замонлар ўтиши балан ўша назариянинг бутунлай тескари экани маълум бўлмоқда. Чунки улар назарияларини ўз ақл, ижтиҳод, ҳаракатлари билан исбот қилган эдилар. Шунга қарамай кейинчалик унинг тўла хатолиги оддий одамга ҳам маълум бўлиб қолди. Агар ақл билан собит бўладиган илм қатъий бўлганида эди, бир назариянинг ўзи икки ёқламалик ва зиддият касб этмас эди.
Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ақл билан собит бўладиган илм ҳам чегараланган экан. Буларнинг барчасини айтишдан мақсад ваҳийга зарурат ва эҳтиёж борлигидир. Аллоҳ таоло бандаларига илмнинг иккита сабабини берган. Бироқ уларнинг иккиси ҳам чегараланган. Қолаверса, улар воситасида собит бўладиган илм қатъий бўла олмайди. Сабаби, юқорида айтганимиздек, уларда хато эҳтимоли бор. Шунинг учун инсонга қатъий ва аниқ илмни ифода этиб бера оладиган учинчи воситага эҳтиёж бор.
Учинчиси – ваҳий. Аллоҳ таоло инсонга илм ҳосил қилиши учун беш сезги аъзолари ва ақлни ато этди. Лекин бири чегараланган, иккинчисининг хатога йўл қўйиш эҳтимоли бор. Ақл чегарасида яна бир илм бошланади. У – ваҳийдир. Унинг биринчи хусусияти – ақлнинг чегараси тугаган ерда ваҳийнинг чегараси, иши бошланади. Ваҳий билан илм собит бўлади. Иккинчи хусусияти – унда ақл ва ҳавосси хамсадаги каби хатонинг эҳтимоли йўқ.
Ақлнинг ўзи билангина идрок қилиш имкони бўлган нарсаларда ваҳийга эҳтиёж йўқ. Аллоҳ таоло бундай нарсалар ва ҳолатлар учун ваҳий нозил қилмайди.
Ҳозирги замондаги баъзи ақли ноқис, ҳар нарсани моддиятга боғлайдиган одамлар хаёлида бир эътирознамо савол пайдо бўлиши мумкин. Яъни, улар: “Қуръон ва суннатда ҳозирги тараққиёт, техниканинг формуласи баён этилмаган. Бу борада улар жим. Масалан, атом ёки водород бомбаси қандай ясалиши борасида Қуръону ҳадисда ҳеч қандай маълумот йўқ-ку?! Агар Қуръон ва ҳадисда мана шундай етук тараққиёт сирлари баён этилганида эди, биз мусулмонлар бошқа дин вакилларига ўзимизнинг устунлигимизни кўрсатиб қўйган бўлар эдик. Бизнинг Қуръонимиз, суннатимизда инсониятнинг ақли етмайдиган етук илмлар баён қилингани билан мақтанган бўлар эдик”, дейишади.
Бунга жавоб бериб айтамизки, Қуръони каримда бундай технология, техникалар, тараққиётларнинг формуласи баён этилмаганига сабаб, улар инсон ақли билан эришиш мумкин бўлган нарсалардир. Инсон ақли билан тиришиб, тафаккур қилиб бу нарсаларни ижод қилади. Чунки Аллоҳ таоло уларни инсоннинг ҳис аъзолари ва ақлига қўйиб берган. Инсон ўз меҳнат-машаққати билан бу нарсаларга эришиши мумкин. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ваҳий ақл чегараси тугайдиган жойда бошланади. Яъни, қай бир нарсани ақл идрок қила олмаса, ўша нарса борасида ваҳий келади. Бу “Қуръони карим тараққиётдан юз ўгирди”, дегани эмас. Бу нарсалар борасида Қуръони каримда маълум ўринларда мухтасар шаклда зимнан ва табъан кўрсатмалар бериб ўтилган. Қуръон бу каби илмларни рад этмайди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қайси нарсанинг ҳукми илоҳий ваҳий билан собит қилинса, бирор шахс ўша ҳукмни ақл тарозисига солиши мумкин эмас. Яъни, бу ҳукм менинг ақлимга тўғри келмаяпти, деб ўзича тафаккур юритиши ножоиз. Илоҳий ваҳий билан собит бўлган иш борасида: “Бу иш менинг ақлимга тўғри келмаяпти-ку, унга қандай амал қиламан?”, дейиш айни жаҳолатдир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ақлнинг чегараси тугаган жойда ваҳийга зарурат туғилади ва ўша ўрин илоҳий кўрсатманинг бошланиши бўлади. Агар ўша ишни ақл идрок эта олганида эди, ваҳийга зарурат туғилмас эди. Шунинг учун ҳам инсонга ҳар бир шаръий ҳукмнинг ҳикмати ва сири маълум бўлиши шарт эмас.
Ҳикматуллоҳ Абиев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish