АЛЛОҲ ТАОЛО ЗАМОН ВА МАКОНДАН ПОК ЗОТ
Ислом ақидаси ўзининг очиқ-ойдин ва равшанлиги, инсон ақлига тўла мувофиқлиги билан ажралиб туради. Аслини олганда унда мушкул масала йўқ, аммо адашган фирқаларнинг нотўғри тушунчалари оқибатида айрим чигалликлар ва баҳслар келиб чиқиши мумкин. Масалан, исломий ақидага кўра Аллоҳ таоло ломакон – замон ва макондан беҳожат Зот эканлиги маълум. Аммо айрим адашган тоифалар бу масалада турли тушунмовчиликларни юзага келтиришади ҳамда Аллоҳнинг осмонда ва аршда эканлигини борасида нотўғри фикрлар келтиришади. Чунки биз агар: “Аллоҳ таоло осмонда ёки аршда”, – десак унда Аллоҳ таолога маконни нисбат берган бўламиз. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бундай сифатланишдан покдир.
Аллоҳ таоло макон ва замон билан чекланмаган. У замон ҳамда маконнинг яратувчисидир. У замонга ҳам, маконга ҳам муҳтож эмас. Агар замон ва макон Аллоҳни қамраса, “Аллоҳ таоло маконни яратишдан олдин қаерда эди?”, – деган савол туғилади. Бу савол ҳам мутлақо нотўғри савол бўлиб, ундай савол қилишнинг ҳукми шаръан гуноҳ ҳисобланади.
Албатта, барча нарсани Яратувчиси Аллоҳ таолога иймон келтириш масаласининг ечими шуки, Аллоҳ таолодан олдин ҳеч нарса бўлмаган, Аллоҳ таоло қадиму аввалдир. У Зот субҳонаҳу Ўз зоти билан мавжуд бўлиб, Уни пайдо қилувчи воситага муҳтож эмас. Масаланинг моҳияти шуки, Аллоҳ таоло яратилмагандир. Модомики, Аллоҳ таоло махлуқ эмас экан, биз: “Уни ким яратган”, – деб сўрашимиз тўғри бўлмайди. Инсон ақлида бу савол пайдо бўлиши мумкинлиги тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ишора қилиб, шундай деганлар:
“Шайтон бирингизга келиб: “Фалонни ким яратди?, Фалонни ким яратди?”, – деб то: “Роббингни ким яратди?” дейишгача олиб боради. Қайсингизга у келса, Аллоҳ таолодан паноҳ сўранг ва савол беришдан тийилинг”[1].
Демак, бу мантиққа зид савол бўлиб, кишини адаштиради, чунки у жавоби йўқ савол ҳисобланади. Мабодо бундай вазиятларга тушиб қолганда ҳам Аллоҳдан паноҳ тилаш ва Ундан ўзини тўғри йўлга йўллашини сўраш лозим бўлади.
Хуллас, исломий ақидани ҳар киши ўзича ўрганишида улуғ хатар бўлиб, бундай ҳолатда киши кўпинча адашиб кетади. Бундай хавф-хатарларни бартараф қилиш учун исломий ақидани улуғ олимларимизнинг Қуръон ва Суннатни яхшилаб батафсил ўрганиб чиқилгандан сўнг бизларга берган хулосавий қарашларидан олишимиз лозим. Бунда эса шуни ҳисобга олишимиз лозимки, Ислом оламида асосан мотуридийя ва ашъарийя ақидавий мактаблари тарқалган бўлиб, бизнинг юртларда амалда бўлгани мотуридийя ақидаси саналади. Демак, ақидавий масалаларни ўрганмоқчи бўлган инсон ҳақиқатга асосланган ва барча саволларга тафсилий жавоб бериш масаласида узоқ асрлардан бери такомилга етган мотуридийлик мактабига асосланиши лозимдир.
Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1]Шайхул Азҳар Аҳмад Тоййиб. Ал-Атфал йасъалунал имама. – Қоҳира: 2024.
Izoh qoldirish