11.03.2024

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ таоло бандаларига сон-саноқсиз неъматлар берган. Бу неъматларидан бири – Рамазон ойидир. Рамазон ойида тутилган рўза улуғ ибодатлардан биридир. Рамазони шариф, тоат-ибодат ва қут-барака ойидир. Рўза биздан олдинги қавмларга фарз бўлгани каби, бизларга ҳам фарз бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз[1]. Аллоҳ таоло бу оят билан рўза тутишликни бандаларига фарз қилди.

Рўза – исломнинг беш асосий рукнларидан бири ҳисобланади. Рўза – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш мақсадида тонг отгандан то қуёш ботгунгача ейиш-ичишдан, шаҳвоний нафслардан ўзини тийиш ва турли хил гуноҳларга сабаб бўладиган ишлардан сақланишга сабаб бўладиган ибодатдир. 

Рўза тутишнинг кўплаб фойдалари бор. Бу фойдалардан бири рўза тутишнинг маънавий фойдасидир. Ҳар бир нарсанинг закоти бўлганидек, баданнинг ҳам закоти бор. Баданнинг закоти эса рўзадир. Банда закот билан молини тозалаганидек, рўза билан ҳам қалбини ва руҳини турли хил иллатлардан тозалайди ва ўзини руҳан ва жисмонан тарбиялайди. Бундай фазилатли киши эса, ўзининг нафсини бошқара оладиган, йил бўйи иродаси мустаҳкам, сабр-қаноатли ва ўзини ҳар хил ёмон ишлардан сақлайдиган бўлади.

Рўзанинг фойдалари жуда ҳам кўп. У энг аввал рўзадорда тақводорлик ҳиссини кучайтиради. Чунки ярим кечада фақат Аллоҳнинг амрини бажо этиш йўлида ўрнидан туриб, саҳарлик қилиб, кун бўйи қайси ҳолатда бўлса ҳам ўзини овқатдан, ичимликлардан ва шаҳватли нарсалардан тийиб юрган одам ҳақиқатда тақводор бўлади.

Рўза тутган одам сабрли, бардошли бўлади. Шу билан бирга ихтиёрий равишда оч қолиб, очлик нималигини ўз бошидан ўтказиб, доимо оч юрганларнинг ҳолини тушуниб етади ва уларнинг ҳолидан хабар оладиган бўлади.

Бир ой давомида ўзини ҳалол-пок нарсалардан тўхтатиб турган мўъмин-мусулмон ҳеч қачон йилнинг қолган ўн бир ойида ҳаром нарсаларга яқин келмаслиги керак[2].

Ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлган Рамазон ойи шарафли ва муқаддас ойдир. Бу ойда қилинган ҳар бир яхши амал, хайр-эҳсон қилиш, инсонларга ёрдам бериш ва ибодат билан ўтқазишнинг бошқа ойларда кўра савоби кўпроқ бўлади. Бу ҳақда шундай ҳадис келади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтганлар: “Аллоҳга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид, Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир, чунки Аллоҳ таоло: “Рўзадор Мени деб еб-ичмайди ва Мени деб рўза тутади, бинобарин унинг мукофатини Ўзим бераман ва ҳар бир яхшилиги эвазига Мендан ўн баробар мукофот олади”, – дейди”[3].

Яна бу ҳақда Имом Муслимдан ҳам ҳадис ривоят қилинган: “Аллоҳ таоло: “Рўза Меникидир. Унинг мукофотини берадиган ҳам Ўзим”, дейди[4]Шу сабабли бу ойни фурсат билиб, қўлдан келгунча бошқаларга ёрдам қилишимиз ва ўзимиз учун кўпроқ ибодат қилишимиз керак. 

Рўза тутишнинг маънавий фазилатларидан бири – Қадр кечасининг фазилатидир. Барча инсонларнинг бир йил давомида бажарадиган ишлари тақдирига ёзиладиган қадрли кеча – Қадр кечаси ҳам айнан Рамазон ойига яширилган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳу-л-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик[5]. Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Ким Қадр кечасини ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган. Шу сабабли, бу кунни яхши амаллар ва ибодат билан ўтказсак яхши иш бўлади.

Рамазон ойи гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Бу ойда бирор киши билан тортишиш ва жанжаллашиш яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Бинобарин, рўза тутган киши ҳақорат сўзларини тилга олмасин, сўзлашганда бақирмасин, бировни масхара қилмасин! Агар бирор киши рўзадор билан уришса ёки уни ҳақорат қилса, рўзадор икки бор: “Мен рўзадорман”, десин!”[6]

Рўза инсонларни ёмонлик ва гуноҳлардан асрайдиган бир қалқондир.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтганлар: “Рўза (тутмоқлик) дўзах ўтидан асровчи воситадир!...”[7]

Ибн Можада келган бошқа бир ривоятда эса, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қалқон жангда сизни асрагани каби рўза ҳам жаҳаннам оловидан асрайди”[8].

Рамазон руҳан покланиш ва ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазон ойида шайтонлар кишанланиб, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланади ва кишиларнинг ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Бу ойда қилинган гуноҳнинг бошқа ойларда қилинган гуноҳлардан жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис, ҳадисларда Рамазон ойида барча ахлоқсизликлардан ва гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган. Ёлғон гапирилмайди, туҳмат ва бўҳтон каби ишлардан узоқ турилади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ёлғон сўзлашни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди”[9].

Рамазон ойи мағфират ойидир. Биз фарз бўлган Рамазон рўзасини тутганимизда, ҳам Аллоҳ таолонинг розилигига эришиб савобни қўлга киритамиз, ҳамда тутган бу рўзаларимиз бизнинг гуноҳларимизга каффорат бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки Аллоҳга ишониб, ундан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутса, қилган гуноҳи кечирилади”[10].

Рамазон сабр ойидир. Рўза бизга сабр қилишни ўргатади. Рўза тутган киши иссиқни иссиқ демай, совуқни совуқ демай турли хил машаққатларга сабр қилади ва ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийиб сабр ва чидамнинг энг юқори даражаларини ўзлаштиради. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  сабр ҳақида шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бор. Баданнинг закоти эса рўзадир. Рўза сабрнинг ярмидир”[11].

Доно халқимиз бекорга “сабрнинг таги сариқ олтин”, демайди. Бу мақол халқимизнинг минглаб йиллик тажрибаларига асосланиб айтилган. Сабрли инсон ҳаётида дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта оладиган бўлади.

Аллоҳ таолодан Рамазон ойининг фазилатидан қолган ойларни ҳам барокатли қилишини, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик бўлишини, хотиржамлик ва яхшиликларингни бардавом қилишини, кейинги Рамазон ойларига ҳам эсон-омон етказишини сўраб қоламиз.

 

Имом Термизий халқаро маркази 

илмий ходими Олим Жўраев


 

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004.  “Бақара” сураси, 183-оят мазмуни.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Поклик имондандир. – Т., 1991. 

[3] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 1 – китоб. – Т.: “Ўзбекистон миллий энҳиклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2008. 1894-ҳадис.

[4] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Байрут. 2764-ҳадис.

[5] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Қадр” сураси, 1-оят мазмуни.

[6] Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. 1894-ҳадис. 

[7] Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. 1894-ҳадис; Саҳиҳи Муслим. 2761-ҳадис.

[8]Ибн Можа. 1639-ҳадис.

[9] Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. 1903-ҳадис.

[10] Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. 38-ҳадис. 

[11] Ибн Можа. Сунан Ибн Можа. 1817-ҳадис.

 

Izoh qoldirish