12.03.2024

РЎЗА ОДОБЛАРИ

Рўза сўзининг шаръий истилоҳдаги маъноси тонг отгандан то қуёш ботгунга қадар рўза нияти билан овқатдан, ичимлик ва жинсий яқинлик қилишдан ўзини тийишдир. Масалан: Рўзанинг фарзлиги ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», – деган. (Бақара сураси, 183–184-оятлар).

Ва яна бошқа оятда Аллоҳ таоло шундай мархамат қилади: «Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин». (Бақара сураси, 185-оят).

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ “Рўза тутиш одоблари” бобида қуйидаги гапларни айтадилар: “Сиз агарда рўза тутаётган бўлсангиз, рўза фақатгина таом ейиш, ичимлик ичиш ва жимоъдан сақланиш деган гумонда бўлиб қолманг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча рўзадор борки, уларнинг рўза тутиши фақатгина очлик ва чанқоқликдир”, – деганлар.

Хабарларда келади“Тўрт нарса борки, улар рўзадорнинг рўзасини очади: ёлғон гапириш, чақимчилик, ёлғон қасам ичиш, шаҳват билан назар солиш”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Сизлардан бирингиз рўза тутса сўкинмасин, фисқ сўзларини сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар уни бирортаси ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман”, – деб айтсин”, – деб марҳамат қилганлар”.

Рўза ақли расо, соғлиғи яхши бўлган ҳар бир мусулмон эркакка ҳамда ҳайз ва нифосдан пок бўлган мусулмон аёлга фарз қилинган. Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутмайдилар, кейин қолдирган кунларининг қазосини тутиб берадилар. Янги ойни кўриб, рўзага ният қилиш Рамазон рўзасининг асосий шартларидандир. Рамазон ойида ношаръий амаллар қилмаслик, тилни ғийбат, ёлғон сўзлардан тийиш, ўзгага озор бермаслик, яхши хулқли ва раҳм-шафқатли бўлиш рўзанинг одобларидандир.

Рўзадор кишига яна ушбу амаллар суннатдир: 

Нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш; 

Фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш; 

Биров билан урушишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш;

Мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш Қуръон ўқиш; 

Қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш;

 Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш; 

Таровеҳ намозида Қуръони каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш;

Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган кишининг витр намозини ҳам жамоат билан ўқиши.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Жаннатда рўзадорлар учун Райён деб аталадиган эшик бор. Унга улардан бошқалар кирмайди. Рўзадорларнинг охиргиси киргач, эшик беркитилади. Ким унга кирса, (жаннат шаробидан) ичади. Ичган киши эса абадий чанқамайди”. 

Аллоҳ таоло барчаларимизга рамазон ойи рўзасини мукаммал рўзалар қаторида тутушимизни насиб қилсин. Тутган рўзаларимизни бекаму кўст Ўз даргоҳида қабул қилсин! 

Муҳиддин Чориев – Имом Термизий 

халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish