12.03.2024

ҚУРЪОНИ КАРИМ ИСМЛАРИ: АТ-ТАФСИР

وَأَحْسَنَ تَفْسِيرًا 

ГЎЗАЛ ТАФСИР (ФУРҚОН, 33)

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:

وَلَا يَأْتُونَكَ بِمَثَلٍ إِلَّا جِئْنَاكَ بِالْحَقِّ وَأَحْسَنَ تَفْسِيرًا

“Улар сенга бирор масал келтирсалар, Биз, албатта, сенга ҳақни ва гўзал тафсирни (шарҳини) келтирамиз”.

Ҳаким Термизий деди: “Инсонларнинг Қуръон тафсирига эҳтиёжлари бор. Қуръон тафсири – унинг маъноларини кашф этиш ва очиқликка чиқаришдир. “Фаср ва “сафр” сўзи бир маънода бўлиб, “сафар” сўзи ҳам шундан келиб чиққан, чунки киши сафар қилса, уйлардан очиқликка чиқади. Қуръон тафсири ҳам унинг маъно ва изоҳларини кашф қилишдир”.

Бу сўзлар Қуръонни тафсир қилиш борасида бўлса-да, Қуръоннинг ўзи тафсир эканлигига ҳам далолат қилади. Маълум бўладики, Қуръон асл ҳақиқат ва унинг маъноларини очади, изоҳлайди ва уни очиқ-ойдик кўриниб турадиган ҳолга олиб келади.

Шунинг учун муфассирлар имоми Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оят тафсирида дейдики, Қуръоннинг муфассирлиги унинг тибён – очиқ-равшан баён қилиши, баён қилганда ҳам ҳақ ва унга мухолифларнинг ҳужжатини ҳақ-ноҳақлигини очиқ баён қилиши сифатида шарҳлаган. 

Абу Лайс Самарқандий ҳам бу хусусда дейди: “Яъни, эй Пайғамбар, сиз қарши тараф хусуматларига энг гўзал шаклда баён берасиз. 

Яна дейиладики, бунинг маъноси улар сизга бирон ҳужжат келтиришса, биз сизга Қуръонда улар ҳужжат-далилининг нуқсонини баён қилиб берамиз ва уларга жавобан энг гўзал шарҳни келтириб қўямиз. 

Яна дейиладики, улар сенга бирон мисол келтиришса, биз сизга уларнинг мисолидан яхшироқ мисолни келтирамиз. 

Яна дейиладики, ҳар бир пайғамбарнинг қавми унга хусуматлашиб бирон сўз айтса, унинг ўзи уларга жавоб қайтаради. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга келсак, агар хусуматчилар у зотга бирон нарса десалар, бас, Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга жавоб қайтаради”.

Имом Табарий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган хабарларга кўра, у зот бу ўриндаги “тафсир”га “тафсил” маъносини берганлиги ҳам юқоридаги маъноларга боғланади ҳамда Қуръоннинг барча нарсани батафсил баён қила олиш хусусиятига ишора қилади. Аллоҳ таоло дейди: 

“Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир”.   

Маълум бўладики, ҳар бир нарсанинг батафсил баёни ва маъно-мазмунига етиш учун Аллоҳ тафсири бўлмиш Қуръон асосий манбадир. Ундан етарлича фойда олингандан сўнг унинг мантиқий давоми сифатида бошқа тажрибаларга ўтилади ва бу манба уларни тўғри йўналишга солиб беради ҳамда ушбу нур ёруғлигида йўллар равшан бўлади.

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Izoh qoldirish