14.03.2024

Мустақиллик йилларида юртимизда Қуръони каримнинг ўрганилиши

Қуръони карим илмий равишда ўрганилар экан, унинг маъноларини чуқурроқ тушунишда унга тааллуқли билимларни билиш ҳам муҳим ҳисобланади. Жумладан, унинг мусҳаф сифатида жамланиши, оятларнинг қаерда нозил бўлгани, ваҳийнинг қай тарзда келгани, ояти карималарнинг сабаби нузули – туширилиш сабабларини билиш, муҳкам ва муташобиҳ оятлар, тажвид каби «Улум ал-Қуръон» («Қуръон илмлари») мавзуларига оид илмий изланишлар дунё юзини кўрди. Шунингдек, Қуръони карим қиссалари, унда келган илоҳий мўъжизалар, ундаги айрим суралар ва оятлар фазилати, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳамда Қуръони каримга тафсир ёзган олимлар, муфассирлар ҳаёти ва ижоди, тафсир йўналишларига оид тадқиқотлар, Мусҳаф ҳамда Қуръон нусхалари тарихига бағишланган асарлар ҳам чоп қилиниб, кенг халқ оммасига тақдим этилди ва этилмоқда.

Мустақиллик йилларида юртимизда Қуръони каримни ҳар томонлама тадқиқ этиш ва илмий ўрганиш бир неча йўналишларда олиб борилаётганини кузатиш мумкин. Қуръони каримда баён қилинган турли фан соҳаларига оид илмий ҳақиқатлар, ундаги ҳаётий ва долзарб мавзулар, сура ва оятларни филологик (тилшунослик) нуқтаи назардан тадқиқ ва таҳлил қилиш ҳам истиқлол йилларида кенг йўлга қўйилди. Бу турдаги тадқиқотларни Қуръони каримга битилган тафсир ва уларнинг муаллифлари борасидаги изланишлар, шунингдек, Қуръони каримнинг маънавий ва тарихий аҳамиятини илмий нуқтаи назардан кўрсатиб берадиган, бугунги кун учун ўта долзарб ва муҳим аҳамиятга эга илмий-тадқиқотлар мисолида кўриш мумкин.

Алоуддин Мансур томонидан Қуръони каримнинг илк бор тўлиқ равишда замонавий ўзбек тилидаги таржимаси чоп қилинди. Мазкур таржима 1990-1992 йилларда «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилинган бўлса, 1992 йилда алоҳида китоб шаклида кўп нусхада нашр этилди. Мазкур изоҳли таржима Қирғизистонда 2004 йилда қайта нашр қилинган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952-2015) томонидан ёзилган «Тафсири Ҳилол» номли тафсир 1991 йилдан бошлаб аввалига Қуръони каримнинг 27, 28, 29, 30 поралари нашр қилинган. Айтиш керакки, ушбу тафсир замонавий ўзбек тилидаги кенг изоҳли ва шарҳларга бой асарлардан биридир. Ушбу тафсир 2005 йилда олти жилдда тўлиқ нашр этилди, сўнгра унинг тузатилган ва тўлдирилган нашри 2011-2020 йиллар оралиғида бир неча марта қайта чоп қилинди.

Шайх Абдулазиз Мансур томонидан амалга оширилган Қуръони каримнинг маънолари таржимаси Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмасида 2001, 2004, 2006, 2007, 2009, 2012, 2014, 2016, 2018 йилларда қайта-қайта нашр қилинди. Ушбу асарнинг бошқа таржима тафсирлардан фарқи шундаки, унда Қуръони карим маънолари арабча матн атрофида ўзбек ўқувчисига ўз она тилида равон ва тушунарли қилиб, керакли изоҳлар билангина чекланиб, ибораларнинг бадиий таъсирчанлигига катта эътибор берган ҳолда тақдим этилган.

Усмонхон Алимов томонидан Қуръони каримнинг тафсири амалга оширилиб, «Тафсири Ирфон» номи билан нашр этилди.

«Тафсири Ирфон»нинг бошқа тафсирлардан ажралиб турадиган хусусиятлари шундаки, унда оятлар маъноси замондошларимиз учун тушунарли, содда ва равон бўлишига ҳаракат қилинган. Бунда оятлар таржимасида қавс ичидаги изоҳлардан иложи борича воз кечилди. Оятларни тафсир қилишда ўтмиш ва ҳозирдаги улуғ муфассирлардан Абу Мансур Мотуридийнинг «Таъвилот аҳл ас-сунна», Абул Фидо ибн Касирнинг «Тафсир ал-Қуръан ал-азийм», Ибн Жарир Табарийнинг «Тафсир ат-Табарий», Жалолуддин Суютийнинг «Ад-Дурр ал-мансур фи тафсир бил-маъсур», Имом Абул Баракот Насафийнинг «Мадорик ат-Танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил», Жалолуддин Суютийнинг «Тафсир ал-Жалолайн», доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «Тафсир ал-Мунир» тафсирлари ҳамда рус, татар тилларидаги тафсирлардан истифода қилиш билан бир қаторда замонавий фан-техника ютуқлари ва кашфиётлари баён этилган илмий китоблардан ҳам фойдаланилган.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, бугунгача Қуръони каримнинг ўзбек тилида бир неча маънолар таржимаси ва тафсир китоблари нашр этилган бўлса-да, Қуръон оятларини замонга боғлаб ўрганиш, очилмаган қирраларини кашф этиш ҳамон долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

 

Мухлиса Эргашова - Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази АРМ бўлими илмий ходими 

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Абдуллаев А. Ғ. “Қуръоншунослик”(ўқув қўлланма). – Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт‑матбаа бирлашмаси, 2011 йил.
  2. Қуръоншуносликка оид илмлар / т.ф.н., доц. А.Абдуллаев ва бош. – Тошкент: Тошкент ислом ун-ти Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази, 2016.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръон илмлари. – Тошкент: «HILOL NASHR» нашриёти, 2013.
  4. Обидов Р. Қуръон ва тафсир илмлари. Тошкент: – Тошкент ислом университети нашриёт‑матбаа бирлашмаси, 2003.

 

Izoh qoldirish