20.03.2024

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙГА КЎРА АҚЛ ВА УНИНГ ИНСОН КАМОЛОТИДАГИ ЎРНИ

Ҳаким Термизий илмий меросининг катта қисмини матн шарҳи ва талқини эгалласа-да, алломанинг барча асарларида унинг наздида ақлнинг ўрни беқиёс экани сезилиб туради. Ҳаким Термизий ақлнинг мартабаси ҳақида нақлий далил ўлароқ қуйидаги ҳадисни келтиради:

«Аллоҳ таоло ақлни яратиб, унга: «Кел!» – деди. Ақл келди. Сўнгра унга: «Ортингга қайт!» деди. Ақл ортига қайтди. Аллоҳ таоло айтди: «Эй ақл! Ўзим учун сенданда мукаррамроқ бўлган бирор хилқатни яратмадим. Бандаларга сен туфайли савоб бераман ва уларга сен сабабли азоб бераман. Уларга сен сабаб ғазаб қиламан. Сени кимга йўлласам, унга икром қилган бўламан. Кимни сендан маҳрум қилсам, лаънатга дучор қиламан»[1]. Ушбу ҳадисни Табароний ва Зарқоний ҳам бироз фарқли лафзлар билан ривоят қилган ҳамда санадини яхши (جيد) деб баҳолаган.

Ҳаким Термизий ақл нафсни хоҳиш-истаклардан тўсиб, қайтариб туради, унинг ҳаракати яхши ва ёмонни таниш, чиройли фарқлаш, дея таъкидлайди. Ақлнинг тескариси эса ҳавойи истаклардир. Ақлнинг алоқаси – қалб алоқаси бўлиб, ақл қалб билан боғланса, уни (қалбни) Аллоҳга етиштиради[2]. Бундан кўриш мумкинки, ақл қалбни Аллоҳга етиштирувчи омил сифатида кўрилади. 

Ҳаким Термизий таъкидлашича, қалбнинг ўзи ақл воситасисиз ҳаракатлана олмайди. Қалбнинг қуввати маърифат, ақл, илм, зеҳн, фаросат, муҳофаза (хотира), аҳд (қатъият) ва Аллоҳ ила тирикликдир[3]. Ҳаким Термизий юқорида санаб ўтилган қувватларни қалбнинг лашкарлари, деб сифатлайди. Бунинг сабаби, мазкур тушунчаларсиз қалб ҳавои нафсга тобе бўлиб қолиш эҳтимоли катта экани билан изоҳланади. 

Ҳаким Термизий ақлнинг ахлоқий-тарбиявий аҳамиятига ҳам катта эътибор қаратади. Унга кўра, инсонлар мудом нафс хоҳиш-истакларидан маст бўлиб, ушбу хоҳиш-истаклар то етишган нарсаларининг ёмонлигини ва мастликнинг тўсиғини кўриб-англамагунларича қалблари ва ақлларининг ўртасида тураверади. Ақлнинг маъдани мияда бўлса, унинг тадбири қалбда бўлиб, ақлдан чиққан ушбу нур орқали ишларнинг яхши ва ёмонини кўриб-англай олади. Нафс хоҳишлари ақл ва қалб ўртасида жойлашиб олгач, ақлнинг қалбга бўлган йўли бузилади ва қалб ҳавойи нафсга эргашиб кетади[4]

Ҳаким Термизий ақлни икки турга бўлади:

 1. ҳужжат, яъни далил ақли бўлиб, жойлашуви мияда. Ақлнинг нури қалбга йўналади.

 2. каромат ақли бўлиб, ўрни ғайбда. Унинг нури ва салтанати қалбда бўлади. 

Каромат ақли ҳам ўз навбатида табиий (туғма) ақл ва тажрибавий (орттириладиган) ақл турларига бўлинади[5].

Ҳаким Термизийнинг «ҳужжат ақли», деб тақсимлаган ақл турининг мияда жойлашуви ҳақидаги фикри Абу Ҳанифанинг ақлнинг ўрни мияда экани ҳақидаги қарашларини акс эттиради. Иккинчи турдаги «каромат ақли» ҳам қалбда эмас ғайбда жойлашади. Каромат ақли деганда инсоннинг бошқа мавжудотлардан устун қилиб қўйилишидаги «аслий» ёки «куллий» (умуминсоний) кароматини назарда тутилади. Буни каромат ақлининг табиий, яъни туғма ҳамда тажрибавийга бўлинишидан тушуниб олса бўлади. Яъни, инсон онгли мавжудот бўлгани жиҳатидан унда туғма ақлий қобилият борлиги унинг каромати, бундан ташқари у тажриба орқали ақлга эга бўлиш, яъни интеллектуал бойиб бориш хусусиятига эга экани ҳам унинг устунлигини ёки сийланган эканини англатади. 

Ҳаким Термизий бошқа ўринда ҳам ақлнинг жойлашуви бош мия бўлиб, унинг ёғдуси кўксда эканини қайд этиб ўтган. Ақл мўминга унинг қалбида тоатларни зийнатлаш ва маъсиятларнинг ёмонлигини кўриш учун берилган бўлиб, бу ақлнинг асосий ишидир[6]. Демак, алломанинг наздида ақл туйғу ва ҳиссиётлар ўрни бўлган қалбга яхши ва ёмон тушунчаларни англатиб турувчи муҳим омил сифатида кўрилади. 

Ақлнинг руҳият билан боғлиқлигига келганда, Ҳаким Термизий руҳиятнинг кўриши инсон кўзидаги ақлнинг кўриши билан муттасил боғлиқ, дейди. Кўз аъзо бўлса, кўриш руҳиятдан юзага келади. Рангларни идрок этиш ҳар иккисидан содир бўлади.  Ақл ва руҳ нафснинг машғулликларидан фориғ бўлганда руҳият том маънода кўради ва ақл руҳият кўрсатган нарсани идрок этади ҳамда билади[7]

Ҳаким Термизийга кўра, ақл Аллоҳнинг бандага тортиғи бўлиб, тоатларга бандалар ўз ҳаракатлари билан эришадилар. Шундай бўлса-да, улар ҳаракатлари билан эришадиган натижалар ҳам Аллоҳ ато этган ақлий қобилият орқали етишади. Ақлнинг бўлаклари қум ва тупроқ зарралари саноғидан ҳам кўп бўлиб, Аллоҳ ҳар бир инсонга мартабасига яраша ақл беради. Аллоҳга яқинроқ (муқарраб) банданинг ақлдан улуши кўпроқ бўлади. Ақлнинг биринчи босқичи ақлсизликни кетказиш бўлиб, у орқали дунё ишларини чиройли юритиш ва охират ишларига юзланишни рўёбга чиқаради[8]

Эътибор бериб қаралса, қалбни ва руҳиятни муҳофаза этувчи номоддий қувватларнинг барчаси инсоннинг интеллектуал салоҳиятини акс эттиради. Инсон ақлий жиҳатдан қанчалик етук бўлса, унинг руҳияти ва ахлоқи шунчалик такомиллашиб боради ва аксинча, ақлий тубанлик инсонни ҳиссий ва руҳий тубанликка элтади. Ҳаким Термизий бирор ўринда ақлни танқид қилувчи фикрни билдирмайди. 

Ҳаким Термизий «Таҳсил назоир ал-Қуръон» асарида ҳам ақлнинг аҳамиятини ниҳоятда юксак баҳолайди. Масалан, Қуръони каримда келган сўзлар қаторида «ал-ислāм» атамасининг «важҳ», яъни маъноларидан бири ихлос эканини келтирар экан, мўмин Аллоҳ унга инъом этган тавҳид нури билан Аллоҳга холис бўлади, дейди. Бандадаги Аллоҳнинг муҳаббати ўша тавҳид нуридан бўлиб, Аллоҳ унга ақлни ҳам инъом этгани, банданинг кўксидаги яхшиликларни безаб кўрсатиш учун ақлни гўзаллик, чирой нуридан яратилгани, Аллоҳдан ато этган ақл ва тавҳид нури ҳамда унинг мағзи бўлмиш Аллоҳга муҳаббат тўкис бўлса, ширк тузоғининг тузоқ иплари узилиб, қалби Аллоҳ сари парвоз қилади ва унинг учун холис бўлади, дея таъкидлайди[9].

Ҳаким Термизийнинг сўзларидан маълум бўладики, ақл тавҳид нури билан чамбарчас боғлиқ нарсадир. Ширкнинг жоҳилият (ақлсизлик, билимсизлик), деб номланиши сабаби ҳам жоҳилда ақлнинг тавҳид билан бир маромда мавжуд бўлмаслиги туфайли экани баён қилинади. Ушбу таъриф ва изоҳлардан сўнг Ҳужурот сурасининг 7-оятида келтиради:

وَلَكِنَّ اللَّهَ حَبَّبَ إِلَيْكُمُ الإِيمَانَ وَزَيَّنَهُ فِي قُلُوبِكُمْ

«...ва лекин Аллоҳ иймонни сизларга севимли қилди ва уни қалбларингизда безаб қўйди»...

Ҳаким Термизий оятнинг юқорида келган мазмунидаги жумласини: «Чиндан ҳам, уни [иймонни] муҳаббат билан севимли қилди ва ақл билан безади», деб шарҳланган[10]

Алломанинг таъкидлашича, имоннинг қалбда зийнатланиши ақл билан бўлади. Кофирга бу нарса берилмагани сабабли имон унинг қалбига севимли бўлмайди ва чиройли кўринмайди. Бандалардан қайси бирига имоннинг муҳаббати ва зийнати ато қилинса, айнан шу ақлдир. Аллоҳнинг мўминга берган ақл зийнати устидан ғолиб келишга бирор қувват йўқдир. Ақлнинг зийнати банданинг қалбига ўрнашгач, ширк унга йўл топа олмайди[11]

Бу ўринда ақлнинг имонни қабул қилишдаги ўрни ниҳоятда аниқ ва юксак баҳоланишининг гувоҳи бўлиш мумкин. Шу билан бирга имонсизлик ақлсизлик натижаси экани тўғрисидаги назария акс тушунча ўлароқ ақлсизлик имонсизликни келтириб чиқариши эҳтимолини тақозо этади. Кўпгина ширк амалларнинг манбаи ақлсизлик, жоҳиллик, маърифатсизлик экани намоён бўлади. Шу жиҳатдан Ҳаким Термизий наздида ақл улуғ неъматдир. Имон эса ақлдан ҳам улуғроқ. Чунки биринчи босқич, иккинчи босқичдан кўра қуйи бўлади. Ақл ва имон бирлашганда ундан ҳам юқори босқич – сиддиқликка етишилади[12]

Ҳаким Термизийнинг изоҳлашича «оқил» «фоил» – иш бажарувчи вазнида бўлиб, ақл юритгани, ақлини ишлатгани учун оқил, деб номланади. Оқил ўз қалбини ҳавои нафсга эргашишдан тортиб «боғлаб» қўяди ва қалбини нафснинг ғам-ташвишдан фориғ қилади. Бу ўринда Ҳаким Термизий ақл сўзининг луғавий жиҳатдан «боғламоқ» маъноси борлигига ҳам ишора қилиб кетади. Қалб фориғ бўлиши натижасида теп-текис чўлга ўхшаб қолади ва ақлнинг нури мазкур текисликда порлаган пайтда унга яхши ва ёмонликларни, амалларнинг чиройи ва айбларини кўрсатиб, ажратиб бера бошлайди[13].

Албатта, Ҳаким Термизийнинг ақлий жараёнларга қўллаган изоҳлари тасаввуф адабиётига хос ишора ва тасвирларга бой. Аллома калом илмидаги баҳс-мунозарага йўналтирилган жадал усулидан кўра, кўпроқ моҳиятни бадиийят ва тасаввур орқали тушунтириб, инсон онгига етказишга ҳаракат қилади. 

Маълум бўладики, ақл маърифат ва иймонни ҳосил қилишнинг асосий воситаси экани ҳанафий мазҳаби шаклланган вақтларданоқ ақидавий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ақл ва нақлни тенг мақомда кўриш мотуридия таълимотининг таянч хусусиятларидан бири бўлиб, бу ёндашув бевосита Қуръон оятлари, саҳиҳ ҳадислар ва хулафои рошидин амалиётига бориб тақалади. Қуръони каримнинг Мулк сураси 10-оятида айни мазмун бор:

وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ أَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا فِي أَصْحَابِ السَّعِيرِ

«Ва: «Агар эшитган ёки ақл ишлатган бўлганимизда дўзах эгалари ичра бўлмас эдик», – дедилар».

Юқоридаги оятда «эшитган» (نَسْمَعُ) феъли нақлий далилга, «ақлини ишлатган» (نَعْقِلُ) феъли ақлий далилга ишора қилади. Яъни қадимда «раъй» деб номланган ақлоният (рatsiонализм) услуби бевосита исломнинг муқаддас манбаларидан келиб чиққан ва уларга асосланган. 

Ҳаким Термизий «ал-куфр» назоирининг шарҳида куфр масаласига ҳам тўхталиб ўтар экан, куфрнинг ақлсизликдан келиб чиқишига урғу беради:

«Бошқа ўринда «ал-куфр» «жуҳӯд» – тортишувга ҳам эврилган. Чунки уни ақл маърифати билан эмас, зеҳн маърифати билан таниди. Зеҳн маърифати билан чақмоқ янглиғ ёришди холос[14]. Сўнгра нафс, ҳасад, бузуқлик ва иззатталабликдан иборат нарсалар билан ҳаяжонлангани туфайли зулматда қолиб, ўзида мавжуд зеҳн маърифатига таяниб, у орқали тортишди. Аммо, нурни барқарор этувчи ва кўксини мудом ёритиб турувчи ақл маърифати у билан бирга бўлмай туриб, тортишган пайти қалб узра ғилоф юзага келди. Аллоҳ таолонинг сўзига қарамайсанми:

وَجَحَدُوا بِهَا وَاسْتَيْقَنَتْهَا أَنْفُسُهُمْ ظُلْمًا وَعُلُوًّا

«Зулм ва кибр билан ўзларига ишонган ҳолда бу борада тортишдилар»[15].

Бу нафснинг ишончидир, қалбнинг ишончи эмас. Чунки қалб ишончи ақл маърифатидандир, нафс ишончи эса зеҳн маърифатидандир»[16].

Яъни куфрнинг асоси бўлган беҳуда саркашлик ва бесамар талашиб-тортишишнинг манбаи ақл орқали ҳосил бўлувчи маърифат эмас, балки, зеҳн – ўйлаб кўриш, салмоқлаб, манфаатли нуқтани топишга қаратилган туйғу ҳосил қилган маърифатдир. Зеҳн орқали ҳам ҳар тарафлама ўйлаб кўрган инсон имоннинг фойдаларини қисқа муддат англаб етади, аммо, уни қисқа муддатли бошқа манфаатлар билан солиштирганда аввалги фикридан узоқлашиб кетади. Чунки зеҳн қисқа муддатли жараёнларни тез фурсатда таҳлил  қилиш қобилиятидир. Аммо узоқни кўзловчи масалаларда наф беролмай қолади. Имон тўғрисидаги тушунчалар ақл орқали ҳосил бўлганда эди, улар барқарор қолар эди, деб хулоса ясайди Ҳаким Термизий.

Ҳаким Термизий ниятнинг юзага келишини ҳам ақлий фаолият билан боғлаган. Унга кўра ният қалбнинг ақл билан Аллоҳга уйғониши бўлиб, ақл ёлқинлари имон нурининг ёлқинлари билан ўзаро аралашади ва Аллоҳга юзланади. Мана шу ниятдир. Ушбу феъл қалбга нисбат берилади. Чунки иккови ҳам ундан чиқади ва у иккисининг манбаидир[17]. Яъни ният ақл ва имоннинг ўзаро маънавий ҳосиласи сифатида юзага келади, аммо уни қалбга нисбат берилади. Бу ниятнинг қалбда туйилиши билан бир вақтда у ақл ва қатъий ишонч орқали юзага келадиган онгли жараён сифатида кўрилаётганига эътибор қаратиш керак. Исломда ният амалларнинг қабул бўлиш омили эканини ҳисобга олса, ҳар бир амал онгли равишда бажарилиши лозим экани аниқлашди.

«Таҳсил»да зикр сўзининг маъноларидан бири «ҳифз», яъни ёд олиш қобилияти бўлиб, мазкур қобилият зикрнинг бардавомлиги билан ҳосил бўлади. Ҳифз – ақлнинг ажралмас ҳамроҳи сифатида кўрилади. Ҳаким Термизийнинг таъкидлашича, Аллоҳ мусулмон умматига ҳифз масаласида мадад берган, шу сабабли улар Қуръонни ёд олишда алоҳида куч-қувватга эга бўлдилар ва уни ёддан ўқий оладилар. Бошқа умматлар эса ўз муқаддас битикларини китобга қараб ўқийдилар[18]. Яъни ақлий фаолият билимларнинг мунтазам ўзлаштириб борилиши орқали ҳосил бўлади. Ёд олиш қобилияти эса ақлнинг тараққий этиши учун ниҳоятда муҳим омилдир. 

Зафар Фахриддинов,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

Замонавий ислом тадқиқотлари бўлими бошлиғи

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул. Илмий-танқидий нашр. – Тошкент: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2020. – Т. 1. 
  2. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Сарахс аҳли сўраган масалалар. – Таржимон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2019. 
  3. Ат-Термизий ал-Ҳаким, Муҳаммад ибн Али. Таҳсил назоир ал-Қуръон. Нашрга тайёрловчи Ҳ.Зайдон. – Қоҳира: Матбаат ус-саода, 1970. 
  4. Ҳаким Термизий. Маърифат ул-асрор. – Таржимон А.Турсунов. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. 
  5. Ҳаким Термизий. Сарахс аҳли сўраган масалалар. – Таржимон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2019. 


 

[1] Ўша манба. – Б. 48.

[2] Ҳаким Термизий. Сарахс аҳли сўраган масалалар. – Таржимон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2019. – Б. 34. 

[3] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул. Илмий-танқидий нашр. – Тошкент: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2020. – Т. 1. – Б. 635.

[4] Ҳаким Термизий. Маърифатул асрор. – Таржимон А.Турсунов. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. – Б. 48.

[5] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Сарахс аҳли сўраган масалалар. – Таржимон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2019. – Б. 42.

[6] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул. Илмий-танқидий нашр. – Тошкент: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2020. – Т. 1. – Б. 640.

[7] Ҳаким Термизий. Маърифатул асрор. – Таржимон А.Турсунов. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. – Б. 12.

[8] Қаранг: Ат-Термизий ал-Ҳаким, Муҳаммад ибн Али. – Таҳсил назоир ал-Қуръон. Нашрга тайёрловчи Ҳ.Зайдон. – Қоҳира: Матбаат ус-саода, 1970. – Б. 122.

[9] Ўша манба. – Б. 124.

[10] Ҳаким Термизий. Сарахс аҳли сўраган масалалар. – Таржимон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2019. – Б. 42-43-44.

[11] Ҳаким Термизий. Маърифатул асрор. – Таржимон А.Турсунов. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. – Б. 48.

[12] Ҳаким Термизий. Сарахс аҳли сўраган масалалар. – Таржимон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2019. – Б. 45.

[13] Яъни қисқа муддатга ёришди.

[14] Намл сураси, 14-оят.

[15] Ат-Термизий ал-Ҳаким, Муҳаммад ибн Али.Таҳсил назоир ал-Қуръон. Нашрга тайёрловчи Ҳ.Зайдон. – Қоҳира: Матбаат ус-саода, 1970. – Б. 18.

[16] Ат-Термизий ал-ҳаким, Муҳаммад ибн Али.Таҳсил назоир ал-Қуръон. Нашрга тайёрловчи Ҳ.Зайдон. – Қоҳира: Матбаат ус-саода, 1970.  – Б. 32-33.

[17] Ўша манба. – Б. 63.

[18] Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавиийи маънавий. – Б. 88-89 бетлар

Izoh qoldirish