20.03.2024

ТАСАВВУФДА ИНСОН МУАММОСИ ВА ИНСОН ҚАДРИ

Инсон энг олий қадрият сифатида ҳамма вақт, ҳамма даврларда, фалсафий фикрлар тарихи тараққиётида, турли таълимотларнинг асосий мавзуларидан бири бўлиб келган. Айниқса, истиқлол даврида инсон салоҳиятини юксалтириш, инсонпарварлик ғояларига эътибор янада кучайиб, тасаввуф таълимоти ва унда инсон муаммосига бўлган эътибор муҳим ўрин эгаллади. Чунки ушбу таълимот негизини инсон, унинг руҳий камолоти, маънавий поклик, ҳалоллик каби беқиёс инсоний фазилатлар ифода этади.

Инсон учун қайғуриш, унинг маънавий камолотини ўйлаш| тасаввуфнинг асосий масалаларидан бири бўлиб келган. Сўфийларни инсоннинг ботиний ва зоҳирий олами, руҳ ва жисм орасидаги кураш муаммолари қизиқтирган. Мутасаввифлар ижтимоий низолар, мулкий тенгсизликнинг туб моҳиятини инсоннинг табиатида деб биладилар ва инсон ахлоқини тузатиш учун табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни маҳв этиши керак, деб таълим берадилар. Нафсни ўлдириб, қаноат билан ҳалол яшаш, руҳни чиниқтириш, инсонни фалокатлардан қутқаришнинг энг тўғри йўли эканлигини таъкидлайдилар. Чунки нафс худбинликни келтириб чиқаради. Нафс домига тушган киши ҳаром-xаришдан ҳазар қилмайди, қандай йўл билан бўлмасин яхши яшашни хоҳлайди ва натижада бераҳм, золим кишига айланади, маънавий таназзулга юз тутади. Шунинг учун тасаввуф таълимотидаги тийилиш, сабр-қаноат каби хислатларнинг инсон учун аҳамияти беқиёсдир. Тасаввуф бойлик учун эмас, балки ҳар бир одамнинг ўз нафси билан курашишини тарғиб этади.

Мутасаввифлар инсонларни нафс балосидан сақланишга чақирганлар. Жумладан, шу таълимот тарғиботчиларидан бири Ориф Ревгарий ёзади: “Иймони комил мўъмин улдирки, пулу давлатдин юз ўгирсин, ранггин либослар ва нозу неъматлар уни ўзига мафтун этмасин, катта нафс балосига айланмасин. Ва у буларнинг барчасига зулм этиб, ҳақорат назари билан қарасин!”

Мутасаввифлар таълимотича, нафс инсон учун шундай бир тубанлик манбаидирки, ўз нафсига қул бўлган одам учун иймон-эътиқоддан кечиш нафсидан кечишдан  осонроқдир. Бу ҳақда Жалолиддин Румий шундай ёзади:

“Бутни снндирмоқ осондир сенга, бас,

Нафсни синдирмоқ, вале осон эмас,

Нафс шаклин сенга билдиргай басе,

Етти эшикли жаҳаннам қиссаси.

Нафснинг макру риёси бор чунон.

Юз Фиръавн ғарк бўлгай бегумон”[1].

Нафс деганда мутасаввифлар фақат ейиш - ичишни эмас, балки янада кенгроқ, бойлик, мол-мулк, тож - тахт масалаларини тушунганлар.

Хожагон мутасаввифлари ҳалоллик билан қатьий боғлиқ ва солик эришиши зарур бўлган “фақр” мақоми ва ҳолатига ҳам эътибор берганлар. Умуман “фақр” мақоми, орифларнинг “фақир”лик ҳолатига шундай тавсиф берилади: “Бу мақом уч босқичдан иборат: биринчи босқичда ориф нима топса, шунга қаноат қилади. Иккинчи босқичда, ориф ўзида дунё молидан кечиш ҳиссини тарбиялайди. Сўнгги босқичда у шундай бир даражага эришадики, бу мақомда ориф учун ҳақиқатга етишга халал берадиган бир нарса қолмайди”. Демак, ориф фақирона ҳаёт кечириб, мол-мулкка, бойликка меҳр қўймаслиги, Аллоҳ таоло ризқ берувчи эканлигини англаб, ҳирсу ҳавасни тийиши лозим. Чунки бу хислатлар инсонни гумроҳга айлантириб, уни инсоний хислатлардан четга тортиб, тубанлик томон боришига сабаб бўлади.

Тасаввуф ғоялари инсонпарвар ғоялар бўлиб, одамларнинг табақаларга бўлинишига қарши. Оллоҳ олдида шоҳу гадо тенг, улуғлик фақат мустаҳкам имонда, ахлоқий поклик ва комилликда деб таълим беради. Сўфийликда оз нарсага қаноат қилиш ва қўлидан иш келадиган ҳар бир сўфий фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳалол луқма топиши шарт қилиб қўйилган. Шунинг учун Хожа Баҳоуддин Нақшбанд “Даст ба кору, дил ба ёр” деб айтганлар ва ўзлари ҳам бу шиорга амал қилган, ҳалол луқма мақсадида кимхобга гул нақшлаган, у кишини “Нақшбанд” деб атаганлар. Шайхлар таъма қилмаганлар, ҳар қандай инъомларни, ҳаттоки шоҳларнинг туҳфаларини ҳам қабул қилмаганлар. Ривоят қилишларича, кунлардан бир кун мамлакат шоҳи катта зиёфат уюштириб, барча фуқароларни таклиф этади. Ушбу зиёфатда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд иштирок этмайди. Подшо бунинг сабабини суриштирганда, у киши бу “ҳалол луқма” эмаслигини, ҳар бир киши ўз меҳнати орқали кун кечириши лозимлигини таъкидлайдилар.

Сўфийликда “инсон – инсоннинг биродари” деган ғоя мавжуд бўлиб, унга кўра бою камбағал бир-бирига биродар ҳисобланади ва шоҳ ўз раияти, бой қўл остидаги хизматкорлари олдида масъул, ишлаб топилган бойлик эса ўртада баҳам кўрилиши лозимдир. Бу эса ўз навбатида турли ижтимоий мавқега эга кишиларни бир-бирларига яқинлаштиришга хизмат қилган. Мутасаввифлар умумхалқ фойдасини кўзлаб, мулкдорларнинг ўз мулкини бошқалар билан баҳам кўришга даъват этганлар. Чунки саховат ва футувват, яъни ўзликдан воз кечиб, ўзгалар ҳожатини чиқариш ғояси тасаввуфнинг асосий талабларидан биридир.

Сўфийлар футувват, карим, тавозуъ, ҳаё, шафқат, садоқат каби хислатларга эга бўлган киши ахлоқини “ахлоқи маҳдума” (мақталган ахлоқ) деб, манманлик, ҳирсу ҳавасга берилиш, золимлик, лаззатпарастлик каби хулқни “ахлоқи мазмума” (мазаммат қилинган ахлоқ), деб атаганлар. Мазмума ахлоқий белгилари нафс балосига гирифтор бўлган одамда шаклланадиган бўлса, маҳмуда, яъни намунали ахлоқий сифатлар эса нафсдан қутулишга интилган одамда ортиб бораверади. Демак тасаввуф таълимотининг моҳияти инсоннинг ҳамида ахлоқли бўлишини таъминлашдир.

Мутасаввифлар бир томондан, инсонларни ҳалоллик билан ризқ топиш йўлларини қидиришга ундаса, иккинчи томондан, ҳалол воситалар билан топган мол-мулк ва давлатни исроф қилмасликка чақиради. Ҳақиқатан ҳам, пешона тери ва меҳнати ҳисобига топилган бойликни беҳудага исроф қилиш ҳалол бойликни ҳаром нарсаларга сарф қилиш билан баробардир. Бу эса ўта гуноҳ ишдир.

Буюк мутасаввиф Аҳмад Яссавий ўзининг “Расоил” асарида инсоний хислатлар хусусида фикр юритиб инсон кўкрагида беш гумбаз борлигини айтади: 1) қалб ёки кўнгил; 2) руҳ; 3) сирр; 4) хофий, яъни махфийлик; 5) ихфо, яъни эзгулик гунбази. Бундан маълум бўладики Аҳмад Яссавий руҳий оламнинг барча гумбазларини дилга жо этган. У кўп вақтни ер остида тоат-ибодат билан ўтказарди. Олий руҳий олам сирларига етишгани учун у нафсидан, кибру ҳаводан кечган эди.

“Жондан кечган чин ошиқдар дунё демас,

Нафси ўлук, обу таом ғамин емас.

Бу дунёда суду зиён бўлса билмас,

Дунё келиб, жилва қилса боқғони йўқ”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўз даврининг илғор фикрли инсонлари, айниқса, орифлик, валийлик даражасига кўтарилган мутасаввифларнинг ҳаёт тарзи, фалсафий - ирфоний, маънавий камолот ҳақидаги таълимотларини ўрганиш ёшларимиз дунёқарашининг шаклланишида муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам маънавий қадриятлар тизимида алоҳида ўрин тутган мутасаввифларнинг таълимотидан ёш авлодни баҳраманд қилиш мустақиллик шароитида ёшларни инсонпарварлик руҳида тарбиялашнинг асосий омилидир.

 

Шодиев Жаҳонгир Жўрақулович,

Бухоро муҳандислик-технология институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси, фалсафа фанлари доктори (PhD)

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Янги Ўзбекистонни биргаликда албатта барпо этамиз! Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи.

2. Мирзиёев Ш.М. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. – Тошкент: Тасвир, 2020. – Б. 41.

3. Мавлоно Жалолиддмин Румий. Маснавийи маънавий. – Б. 88-89.

4. Шодиев Ж.Ж. Умар Хайёмнинг ижтимоий-ахлоқий қарашлари // Фалсафа ва ҳуқуқ. – Тошкент: 2020. – № 3. – Б. 107-110. 

5. Шодиев Ж.Ж. Interpretation of the image of may in the ruba of Umar Khayyam // Monografia pokonferencyjna science, research, development #33. – Paris, 29.09.2020-30.09.2020. – P. 126-133. 


 

[1] Мавлавӣ Ҷунунӣ. Маъдан ул-ҳол. – Душанбе: Сафват, 2009. – С. 830-831.

Izoh qoldirish