20.03.2024

МАВЛАВИЙ ЖУНУНИЙ ИЖОДИДА ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ МАНОҚИБИ

Мавлавий Жунуний XVIII асрнинг охири ва XIX асрнинг иккинчи ярмидаги Мовароуннаҳр тасаввуф мактабининг йирик вакилларидандир. Бу зот ўзиниинг маънавий мероси билан халқ ичида “Мавлавий”, Жунуний”, “Нодирий”, “Ҳисорий” тахаллуслари билан танилган. Тариқат аҳлининг йирик арбоби сифатида кўплаб асарлар соҳибидир. Жунуний бутун умри давомида қодирия ва нақшбандия тариқатларига эргашиш билан бирга шу тариқатлар таъсири остида орифона ва сўфиёна шеърлар ёзади. “Маъдан ул-ҳол” асари бошқа асарларидан кўра машҳурдир. “Маъдан ул-ҳол” биринчи марта тожикистонлик матншунос олим Асадулло Абдухон томонидан 2009-йил форсий настаълиқ ёзувидан кирилл ёзувига ўгирилиб “Сафват” нашриётидан босиб чиқарилди. Иккинчи марта 1376- ҳижрий-шамсий йили Теҳронда нашр этилган.

Асар маъно-мазмуни жиҳатидан Ислом тарихи, тасаввуф рукнлари, валий зотлар маноқибига бағишланган. Китоб анъанавий тарзда, дастлаб ҳамду наът билан бошланиб, бутун Ислом оламида машҳур бўлган зотлар ҳақида маълумот беради. 

“Маъдан ул-ҳол” асарида маснавий жанри ғазал жанридан кўра ҳажм жиҳатидан кўпдир. Муаллиф ҳар бир бобни ҳамду наът мазмунидаги шеърлар билан бошлайди. Китобнинг ҳар бир боби Пайғамбаримизнинг Чорёрлари номига (Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий) бағишлагани эътиборга моликдир. 

Пайғамбарлар тарихи ва сийратидан кейин валий зотлар маноқиби ва ибратли ҳаётидан намуна келтирилади. Жумладан, Термизийлар маноқибига алоҳида урғу берилган. Мавлавий Жунуний Ҳаким Термизий ва Абу Бакр Варроқ Термизий каби буюк зотларга атаб халқона тилда маноқиб мазмунли шеърлар ёзган алоҳида аҳамиятга эга. 

Маълумки, маноқиб мазмунли асарлар ёзиш Шарқ адабиёти вакиллари ичида кенг тарқалган. Шу нуқтаи назардан Одам алайҳиссаломдан бошлаб ўз давирининг тариқат арбоблари ҳаёти борасида Мавлавий Жунуний маноқибнома мазмунли шеърлар ёзган. Ҳаким Термизий маноқиби ва у кишининг шариат ва тасаввуф илмларида етук олим бўлганлигини қуйидагича изоҳлайди. 

Азизе буд, хоҷа Булҳаким ном,

Паёпай нуш кардӣ, ҷуръаи ҷом.

 

Бинӯшӣ бодаҳои ҷоми лабрез,

Муқими шаръи дин дар шаҳри Тирмиз.

 

Аз ӯ равшан чароғи дину миллат,

Гузашт аз ошиқон дар боби хиллат.

 

Муқаддам з-авлиёи асри худ буд,

Зи маймуни нафас ҳар уқда бикшуд.

 

Мақомаш ёфта айну-л-яқинро,

Бикушта ҳимматаш деви лаъинро.

 

Ҳамеша пешааш эҳёи дин буд,

Чи хур пурнур з-ӯ рӯи замин буд.

 

Ба шайх Бутуробӣ карда суҳбат,

Зи Хузравия басе нушида шарбат.

 

Ба Яҳёи Маъодӣ баҳри маънӣ,

Чунон кушид дар гуфтор яъне.

 

Ки ӯ ҳайрон бимонд аз гуфтаи ӯ,

Гуҳар борид ганҷи суфтаи ӯ.

 

Дари маънӣ гар аз ваҳдат кушояд,

Ба касрат роҳи хомушӣ намояд.

 

Агар дилро муҳаббат кард оғуш,

Аз ӯ илми ладунӣ мезанад ҷуш.

 

Дар ин раҳ тифли мактабхони маҳвӣ,

Ҳамебандад забони пири маҳвӣ.

 

Биё, маҳвӣ шав, ӯ наҳвӣ маҳҷур,

Барой аз ин сиёҳӣ ҷониби нур[1].

 

Мазмуни: Булҳаким номи билан танилган бир азиз зот доимо илоҳий муҳаббат шаробидан сероб эди. Тўлиб тошган муҳаббат шаробидан доимо ичарди, Термиз шаҳрида Ислом шариатига мустаҳкам ва собитқадам зотлардан эди. Миллат ва дин чироғи унинг баракотидан ёруғ эди. Хиллат (ишқнинг бир мартабаси) бобида барча ошиқлардан ўтганди. Ўз асрининг пешқадам валийларидан бўлиб, пок нафаси баракотидан кўплаб мушкулларга имкон топарди. У айнул яқин мақомини топган зотлардан эди. Ҳиммати эса шайтонни мағлуб этганди. Доимо касбу кори динни ривожлантириш бўлганлиги учун ер юзи унинг нури билан тўлганди. У Абу Туроб Нахшабий билан суҳбатдош бўлган, Аҳмад Хизравия маърифатидан эса баҳраманд бўлганди. Маънолар денгизи номини олган Яҳё ибн Муъоз билан ҳамсуҳбат бўлганида уни ҳайратга қолдирганди. Ҳар бир сўзи қиммат дур каби оғзидан чиқарди, гавҳардек уни оро берарди. Агар бу зот ваҳдат (Аллоҳ таолонинг якка ягоналигини тўғри билиш борасидаги илм)дан сўз очса, касрат (кўплик, дунёдаги инсон зотига зарар берадиган маънавий ва моддий тўсиқлар) йўқликга юз тутади. Агар қалбни муҳаббат ўз бағрига олса, мана шундай қалбдан ладуний илм тошиб чиқади. Сен ҳали бу йўлда мактабда ўқийдиган ва ҳали ҳеч нарсани билмайдиган, фанога йўлиққан болага ўхшайсан, мана шу маҳв (йўқ) бўлишинг наҳвни – зоҳирни фано этади. Кел, эй маҳвий, наҳвий ранж тортган, уни бу зулмат саройдан чиқартирайлик. 

Юқоридаги маснавийдан маълум бўладики, Ҳаким Термизий “Булҳаким”, “Муқими шаръи дин”, “Чароғи дину миллат”, “Муқаддам аз авлиёи асри худ”, “Соҳибҳиммат”, “Пурнур” каби сифатларга соҳиб бўлган. 

Мавлавий Жунуний мазкур асарда бу маснавийдан ташқари яна бошқа маснавийларда ҳам бу кишининг валийлиги ҳақида шундай баён этади:

Чунин фармуд он соҳибвилоят,

Ки кушидам ба нафс андар итоат.

 

Наёмад ҳеҷ ин саркаш ба фармон,

Ба ҷаҳдаш гарчи кандам умрҳо ҷон.

 

Ба охир гуфтам ин аҷзои дузах,

Ҳиҷоби роҳ гардидаст, барзах.

 

Ҳалокаш мекунам якборагӣ соф,

Намехоҳам қарини бурёбоф,

 

Ки дил аз ин мухолиф шуд ҷигархун,

Бирафтам бар лаби дарёи Ҷайҳун.

 

Бибастам дасту пои хеш маҳкам,

Бияфкандам тани худро дар он ям.

 

Ба оғушаш кашид он мавҷи дарё,

Кушод он уқдаи дасту сару по.

 

Маро андохт дар хушкӣ зи худ дур,

Ба нола омадам, дар олами нур.

 

Ки, ё Рабб, ин чӣ нафс аст бар тани ман?

Ҳамеша душмани ҷон раҳзани ман.

 

На лойиқ дар биҳишт асту на дузах,

Чӣ сон маҳрум ношоиста барзах?

 

Нашояд қатлро на зиндагиро,

Зи касбу кор роҳи бандагиро.

 

Шудам маъюс кардам гиряи зор,

Кушуд боби дилам аз ганҷи асрор.

 

Ба ин навъ аз ҷиҳоди душмани роҳ,

Расиданд, дӯстони Ҳақ ба даргоҳ[2].

 

Мазмуни: Валоят соҳиби айтадики, нафсни ўзимга итоат қилдириш учун шунча ҳаракат қилдим. Гарчи бутун умрни шунга сарфлаган бўлсам, таассуфки, бўйин товлайдиган нафс ҳеч амримга бўйсунмади. Охири нафсимга айтдимки, бу лаззатлар жаҳаннамнинг бир бўлагидир, нафс йўлимизга ғов бўлиш учун юзига ниқоб таққан. Батамом уни ҳалок этишим керак, бироқ мен бўрё тўқийдиган кишига улфат бўлмайман. Мухолифнинг қилмишларидан қалбим қон бўлди, шунинг учун Жайҳун дарёси қирғоғига бордим. Ўз қўл оёғимни маҳкам боғладим, вужудимни бутун борлиғимни Унга бағишладим-да, дарёга ўзимни отдим. Дарё тўлқини мени ўз қаърига шўнғитди ва бир оздан сўнг қирғоғига чиқарди, нолаю фиғон билан нурли оламда эканлигимини ҳис этдим. Эй Раббим, бу қандай ҳолдирки, қону жон душманим (шайтон) доимо мени адаштиради, убудиятни, мағлуб бўлишни, тирик қолишни, касбу кор қилишни тушунмайди, балки очиқчасига ҳужум қилади. Мен ожиз банда зор-зор йиғлай бошлаганимда дилимнинг қулфи ва сиррлар маҳзани очилиб қолди. Шу сабабли Аллоҳнинг дўстлари Шайтон ва шайтоний нафс билан курашиб, Ҳақ таолонинг ҳузурига келишади.

Валийлик Аллоҳ таоло томонидан баъзи бандаларига бериладиган каромат ва ладуний илмдан иборат. Ҳаким Термизий Аллоҳнинг валийси бўлганлиги учун Мавлавий Жунуний бу зотни “соҳибвалоят” деб таъкидлайди. Шайх Фаридудддин Аттор “Тазкиратул авлиё” асарида бу кишини “Суннат ҳакими, миллат азими, шайхи олам, машойихларнинг муҳташамларидан, валийларнинг муҳтарамларидан, барча кўнгилларда таниқли, барча тилларда таърифли...”[3] деб узун тавсифни тилга олиши Ҳаким Термизийнинг нақадар улуғ зот бўлганини исботлайди. Мутасаввуф шоирлар валий зотларга бўлган эҳтироми ҳар бир асарида жой олгани сир эмас. Зеро, Аллоҳнинг валийларини севган киши, унинг маърифати ва файзидан баҳраманд бўлишига олиб келади. “Валий”нинг кўплиги “авлиё” бўлади. “Валий” луғатда “яқин”, “дўст” каби маъноларни билдириб, истилоҳда эса: “Имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи, доимий равишда Роббисининг зикрида бўлувчи зот валий дейилади”[4].

Уламолар валийликни ўз даражасига кўра икки хилга бўлишини таъкидлаганлар: Умумий ва хос. Умумий валийлик – барча ихлосли мўминлар эришиши мумкин бўлган даража. Хос валийлик – юқори мақомларга эришган суфийларнинг даражаси. Мана шундай мақомга эришган Ҳаким Термизийни Мавлавий Жунуний “соҳибвалоят”лиги борасида кўплаб тавсифларни баён этади. Шеърнинг сиёқи – Ҳаким Термизийнинг каромат борасидаги ҳолати тушунтирилган. Нафс тарбияси валий зотлар учун жиҳоддан ҳам муҳим бир амал бўлганлигини юқоридаги шеърдан билиш мумкин. 

Қуръони каримда валийлар мартабаси ва уларнинг фазилат ҳақида бир қанча оятлар нозил бўлган: 

                                   إِنَّ وَلِـِّۧيَ ٱللَّهُ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡكِتَٰبَۖ وَهُوَ يَتَوَلَّى ٱلصَّٰلِحِينَ١٩٦

“Менинг эгам Китоб нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ кишиларни дўст тутар”[5].

Аллоҳ таоло, қалби ва амали солиҳ бўлган кишиларни доимо дўст тутиши қалби билан юзини нурли қилиши бор ҳақиқат. Аллоҳнинг дўстлари Пайғамбарлар, валий зотлар, орифлар, содиқлар, ҳақ йўлидаги олимлар, мўмину мўминалар, обидлар, ошиқлар ҳамда Қуръон, суннат ва мазҳаб аҳли раъйига амал қилган зотлардир. Фақир ҳам гарчи моли бўлмаса-ю, итоаткор бўлса солиҳ кишидир, аммо итоаткор бўлмаса солиҳ кишилардан бўлолмайди. 

أَلَآ إِنَّ أَوۡلِيَآءَ ٱللَّهِ لَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٦٢

“Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар”[6].

Қуръони карим бутун инсоният учун раҳмат, муҳаббат, шафқат, муравват, саодат ва садоқат рамзи бўлган олий каломдир. Валий – дўст дегани. Дўстликнинг олий кўриниши валийларда намоён бўлади. Аллоҳ таоло валийларнинг зикри ҳурматидан қалбини сокин ва хотиржам қилади. Хавфу хатар ва қўрқинч валий зотларга хос эмас. 

ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ٦٣

 “Улар иймон келтирганлар ва тақволи бўлганлардир”.[7]

Иймон келтириб, тақво билан ҳаёт кечирган киши бахтли саодатлидир. Шунинг учун нафсни енгишда биринчи тақвони лозим тутиш шарт. Тақвони эса илму маърифат билан сайқаллаш муҳим вазифалардан саналади. 

لَهُمُ ٱلۡبُشۡرَىٰ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِۚ لَا تَبۡدِيلَ لِكَلِمَٰتِ ٱللَّهِۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَوۡزُ ٱلۡعَظِيمُ٦٤

  “Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир. Аллоҳнинг сўзларида ўзгартириш йўқдир. Ана шу буюк ютуқдир”[8].

  Аллоҳ таоло томонидан берилган хушхабар олий хушхабар бўлиши билан бирга, олий неъмат ҳамдир. Бундай ютуқ фақатгина тақво аҳлига ва солиҳ кишиларга насиб этади. Бундан кўринадики, Мавлавий Жунуний валийларга хос фазилатларни одамларга манфаати тегиши учун ибрат мисолида назмга келтирилган. 

  “Маъдан ул-ҳол” асаридаги Ҳаким Термизийнинг каромати ва валийлигига бағишланган кейинги шеър “Баёни дар об андохтани Хожа (Ҳаким Термизий) тасонифҳи худро” (Хожанинг ўз асарларини дарёга улоқтириши баёни) шеъри ҳам бу кишининг ўзига хос кароматини зоҳир этади. 

Чунин фармуд он маъруфи доно,

Тасониф кардаам, дар роҳи Мавло.

 

Китобҳое зи шавқи ишқи Бечун,

Фикандам он китобҳоро ба Ҷайҳун.

 

Зи байни мавҷҳо авроқ яксар,

Ҳамаро ҷамъ карда, Хизри раҳбар.

 

Зи ҳифзи қудрати он олами нур,

Яке ҳарф аз тасонифҳо нашуд кур.

 

Ки Хизр он ҷумла пешам карда ҳозир,

Саломат буд аз маҳфузи Қодир.

 

Халилро нор гулшан шуд сурайё,

Аҷаб набвад шавад сандуқ дарё.

 

Ба Мусо дар шабе водии Айман,

Шудӣ гургон шубон аз ваҷҳи аҳсан.

 

Бигардад душманон аз фазли Ӯ дӯст,

Туро фарзанд аз қаҳраш канад пуст.

 

Бифармояд ба дандон канда шав зуд,

Яке дандонат аз бинӣ кашад дуд.

 

Худӣ бегона гардад офати ҷон,

Ки ҳаст ин ҷумла дар фармони Субҳон.

 

Агар бо Ҳақ шавӣ ин ҷумла бо туст,

Тамоми хасми бадхоҳат шавад дӯст.

 

Шунав аз ман лаҳул мавло лаҳул кулл,

Ки Ў бахшад туро сад косаи мул.

 

Гузар кун аз ҳама бо сӯи Ӯ бин,

Иморат кун ҳамеша хонаи дин.

 

Дар ин хона расӣ рӯзе ба хоне,

Расад ҷононаҷӯиҳо ба ҷоне.

 

Саросар ҷон шудӣ бигзор танро,

Ҳама  гӯ Ў шудӣ бигзор манро.[9]

Мазмуни: Барчага маъруфу машҳур бўлган Ҳаким Термизий шундай дейди: Аллоҳ таоло розилиги ва муҳаббати шавқидан ёзган таснифотларимни Жайҳун дарёсига улоқтирдим. Китобларни ташлаганимда муршидим Хизр сув ичидан барча варақларини жамлади. Хизр алайҳиссалом китобларни яна менга саломат Аллоҳнинг қадари ва ҳифзи билан қайтарди. Ўз Халили – Иброҳим алайҳиссаломга олов гулистонга айланди, дарё китобларим учун сандиқ бўлиши ҳам ажаб эмас. Бир кеча Айман водисида Мусо алайҳиссаломнинг қўйларига бўрилар Аллоҳнинг фазли орқали чўпонлик қилганди. У зотнинг фазли билан душманлар дўст бўлиши бор ҳақиқат, гоҳида Унинг қаҳри сени фарзандинг этини шилиб олади. Тишингни суғуриб олишни ирода этса, бир лаҳзада тиш дардидан бурнингдан тутин чиқаради. Мана шундай ҳолатда ўз жисминг ўзинга балодек туюлади. Лекин буларнинг бари барча нуқсону айблардан пок бўлган Аллоҳ қадари биландир. Агар сен Аллоҳ билан бўлсанг, бутун сени душман деб билганлар дўстга айланади ва сенга ёрдам беради. Мендан шуни билгинки, У зот барча махлуқотнинг соҳиби ва барча нарса Унинг изнида қоим, сенга юз коса тўла маърифат шаробини ҳам Аллоҳ беради. Бутун борлиқдан кечиб, У зот қудрати назари билан дунёга боқ, доимо дининг учун иморат барпо эт. Бу каби иморат барпо этишинг бир куни хон – илоҳий нозу неъматга етишишингга сабаб бўлади. Жононани талаб қилмоқ жононга етишга восита бўлганидек. Энди бутун бошли вужудинг жон – нур бўлди, жисмни унут, ўзинг Ундан бўлдинг, менликни унут. 

Валоят берилган кишида баъзи пайтлар ғаройиб ҳодисалар содир бўлиши мумкин. Ҳаким Термизий қуддиса сирруҳу билан боғлиқ ҳодисада ҳам валийлик каромати зоҳир бўлганига ишора. Бу ерда Мавлавий Жунуний бу қиссани ҳикоя қилишидан асосий мақсади маснавийнинг охирги қисмидаги парчаларда яширин. Яъни қачонки банда ўзини Аллоҳ таоло қадарига топшириб, ихлос билан амру наҳийларига итоат этса, ҳатто душманлар ҳам дўстга айланишини таъкидланмоқда. Мана шу ҳикояни Фаридуддин Аттор ўзининг “Тазкиратул авлиё” асарида қуйидагича баён қилади: “Нақлдирки, Шайхнинг шогирди баён қилади: “Бир куни ҳазрат Шайх ўзи тасниф этган асарларидан бир қанча жузъини менга берди-да: “Буни олиб бориб Жайҳунга ташлагин”, – деди. Асарларга қарасам, ҳаммаси латойиф ва ҳақойиқ – латиф ва ҳақиқатга кон жузлар экан. Ташлашга кўнглим бормади. Келтириб уйга қўйдим....”[10] – деб Ҳаким Термизий иккинчи маротаба китобларни дарёга ташлашни буюради. “Қайтиб бориб Жайҳунга ташладим. Кўрдимки, Жайҳун суви иккига ажралди ва ўртасидан қопқоғи очиқ сандиқ пайдо бўлди... Жузлар шу сандиққа бориб тушди-ю, қопқоғи ёпилди. Сўнг Жайхун суви ўз ҳолига қайтиб, оқишда давом этди. Бу ҳолдан ҳайратда қолдим. Ҳазрат Шайхнинг хизматига қайтиб келганимда, Шайх: «Энди ташлабсан», - деди. Мен дедимки: “Эй, ҳазрат Шайх! Аллоҳ таолонинг иззати ҳаққи, бу сирни менга билдиринг!» Шайх айтди: «Бу тоифага (яъни тасаввуф аҳли тоифасига) оид бир асар тасниф этган эдимки, унинг ҳақиқатини англамоқ - уни кашф ва идрок этмоқ ақллар учун мушкул эди. Биродарим ҳазрат Хизр алайҳиссалом уни мендан сўради, бояги сандиқни эса унинг фармони билан бир балиқ келтирган эди. Ҳақ таоло сувга амр қилди, энди у сандиқни Хизр алайҳиссаломга элтади”[11].

“Тазкират ул-авлиё” ва “Маъдан ул-ҳол” асарида келган воқеанинг асли, маъно-мазмуни бир ҳолатни тушунтирилган. Бу ҳам бўлса, Ҳаким Термизий ва Хизр алайҳиссалом ўртасидаги боғлиқлик, муҳаббат ва ихлоснинг қудрати. 

Мавлавий Жунуний “Маъданул ҳол” асарида “Фармудани хоҷа, ки дидам Зоти Бечунро ҳазор бор”(Хожа Ҳаким Термизий Аллоҳ таолони минг бор тушида кўриши баёни) маноқибида “Аллоҳни минг бор тушимда кўрдим”  нақл қилади. Навбатдаги маснавийда шу маъно содда шеърий услубда баён этилган:

Чунин фармуд, боз он пири ирфон,

Ки кандам ҷонҳо дар роҳи Ҷонон.

 

Ба хоби хеш шудастам масти дидор,

Ки дидам Зоти Бечунро ҳазор бор.

 

Ба ҳар дидан аз Ӯ хостам муроде,

Зи эҳсонаш расидам дар кушодӣ.

 

Кушода шуд, зи ҳар су уқдаи роҳ,

Муяссар шуд шароби васли Аллоҳ.

 

Ба бедорӣ ба касби ҷустуҷӯ бош,

Ки хуфтӣ, интизори рӯйи Ӯ бош.

 

Ба он сузиш диле бошад ҳамеша,

Давонад, то ниҳоли ишқ реша.

 

Бикун дар арзи дил кишти муҳаббат,

Ки то ҳосил диҳад рӯзи қиёмат.

 

Бағоят арзи сатҳи дил васеъ аст,

Зи шури ишқ соҳибдил малеҳ аст.

 

Малоҳат ёб, аз кони ҳақиқат,

Ба шуру ҷазба кун сайри тариқат.

 

Малеҳоне, ки сайр диданд аз пеш,

Намак пошидаанд андар дили реш.

 

Гудоз андар раҳи ӯ, сузро ёб,

Кашад ин суз сӯйи васли Ваҳҳоб.

 

Ҳамон сузе, ки бахшад Эзиди пок,

Насузад сузи хокистар чу хошок.

 

Чу уди тар басе бе шуъла сӯзад,

Ба ҳаҷри дуди дил оташ фурузад[12].

 

Мазмуни: Ирфон пири Жонон йўлида машаққатлар чекканини шундай баён этади. Тушимда Унинг дийдоридан маст бўлдим. Ўхшаши йўқ мислсиз Аллоҳни минг бор тушимда кўрдим. Тушимда ҳар кўрганимда бир истагимни хоҳлардим, Аллоҳ таолонинг фазли билан беркитилган эшиклар юзимга очиларди. Беркитилган турли-туман йўллар менга осон бўлди, Аллоҳнинг маърифат шароби менга насиб этди. Ўйғоқликда доимо талаб илинжида бўлгин, ухлаганингда қудрати жамолини кўришга интил. Агар қалбда шу дард доимо ўрнашиб қолса, ишқ ниҳоли илдиз отади. Қиёмат кунида ҳосил олишинг учун қалб экинзорига муҳаббат ниҳолини эккин. Ғоятда дил экинзори кенгдир, соҳибдил қалби ишқ нуридан латифдир. Ҳақиқат конидан малоҳатни – лаззатни топгин ва шуру жазава билан тариқат йўлида сайр қил. Малоҳатни топганлар сайр қилишни олдиндан билган зотлардир, шунинг учун ўз қалбларига туз сепганлар. Унинг йўлида ўзингни фидо этиб, ҳақиқий дардни топгин, шундай бўлсинки, сени Ваҳҳоб (барча яхшиликларни ҳадя этгувчи Аллоҳ таоло) васлига олиб борсин. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло берган ўша дард, хас хошкони олов куйдиргани каби куйдирмайди. Дил фироқдан худ ҳул уд дарахти каби шуъласиз тутун чиқариб ёнади. 

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир неча ҳадисларида: “Роббимни тушимда кўрдим”, – деганлар. Шулардан бири Имом Аҳмад ўз “Муснад”ларида, шунингдек, Имом Термизий ҳам “Сунан”ларида келтирганлар. Мужтаҳид имомларимиз ҳам бир неча бор тушларида Аллоҳ таолони кўрганларини айтганлар. Аҳли сунна вал жамоа уламолари: “Аллоҳ таолони тушда кўриш мумкин” –дейдилар. Бунинг ҳақиқати шуки, Аллоҳ таолонинг мисли – ўхшаши йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ

Унинг мислидек бирор нарса йўқдир[13]

Лекин Аллоҳ таоло Ўзига масал-мисолни исбот қилган.

اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِن شَجَرَةٍ مُّبَارَكَةٍ زَيْتُونِةٍ لَّا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ "...

Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нури”дир. Нурининг мисоли худди бир токча, ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша эса гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудекдир)[14].

Бошқа бир оятда очиқ-ойдин:

وَلَهُ الْمَثَلُ الْأَعْلَى فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ

...Осмонлар ва Ердаги энг олий мисол (яратишдаги олий намуналик) Унга хосдир. У қудратли ва ҳикматлидир[15], –  деган.

“Масал” билан “мисол” бир маънода бўлиб, кўриниши бошқа маъноси бир сўзлардир. Икки нарсанинг бир-бирига ўхшаши қайси бир навда бўлади. Аллоҳ таоло эса шундай навдан пок Зотдир. Шунинг учун Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш мaҳолдир. Лекин мисол келтириш мумкин. Худди юқоридаги оятда Аллоҳ таоло нурининг мисолини келтиргани каби. Мисол келтириш билан бир нарсага ўхшатиш деган нарса келиб чиқмайди. Оддий мисол: инсон ҳам эшитади, робот ҳам эшитади. Роботнинг эшитишининг мисоли одамнинг эшитиши кабидир, лекин ҳеч ким “робот инсон эшитгандек эшитади” демайди. Инсон Аллоҳ таолони тушида айни ўзини ҳам, мислини ҳам кўрмайди. Аллоҳ таолонинг айни Ўзини бу дунёда кўришнинг имкони бўлмагани учун кўра олмайди. Мислини эса Аллоҳ таолонинг мисли йўқ бўлгани учун кўра олмайди. Лекин тушда Унинг мисолини кўра олиши мумкин[16].  

Шеърнинг умумий мазмунидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ҳаким Термизий валоят даражасига етган, қалби маърифатуллоҳ билан тўлиб тошган муршиди комил зотдир. Бутун бошли илмий меросида ҳам алломанинг юксак истеъдод соҳиби бўлиши билан бирга ладуний илмдан насибаси бор зотлардан эди. Мавлавий Жунуний бу зот маноқибини мисол келтиришидан асосий мақсади ривоят қилиш эмас, балки балки тасаввуфдаги валийларнинг риоятидан ибрат олишни мақсад қилган. Тушида Аллоҳни кўриш масаласига келсак, мутафаккир бу масалага Ислом шариати нуқтаи назаридан ёндашган. Аллоҳни кўриш валий зотлар учун кайфиятсиз бўлиб, уни сиррини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. 

Хулоса Мавлавий Жунуний “Маъдан ул-ҳол” асари тасаввуф илмлари бўйича муҳим манба бўлиши билан бирга, валий зотлар маноқибини ўрганишда илмий аҳамиятга молик манбалардандир.

 

Жамаҳматов Каромиддин  - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

 маркази директори ўринбосари,  филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) 

 

Рамазон Абдуллаев,

ТерДУ доценти, Филология фанлари номзоди 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсири муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент: Сано стандарт, 2019. 
  2. Мирзо Кенжабек. Термиз тазкираси. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2017.
  3. مولوی جنونی. معدن الحال. – تهران: 1376. – ص. 948


 

[1] مولوی جنونی. معدن الحال. – تهران: 1376. – ص. 946.

[2]  Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи,  2013. – Б. 402.

[3] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: Даротул Караз, 2009. – Б. 170.

[4] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсири муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент: Сано стандарт, 2019. Аъроф сураси, 196-оят.  – Б. 276.

[5] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири /Таржима ва тафсири муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент: Сано стандарт, 2019. Юнус сураси, 62 оят.– Б. 276.

[6] Юнус сураси, 62-оят.

[7] Юнус сураси, 63-оят.

[8] مولوی جنونی. معدن الحال. – تهران: 1376. – ص. 947.

[9] Мирзо Кенжабек. Термиз тазкираси. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2017. – Б. 66.

[10] Мирзо Кенжабек. Термиз тазкираси. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2017. – Б. 66

[11] مولوی جنونی. معدن الحال. – تهران: 1376. – ص. 948.

[12] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсири муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент: Сано стандарт, 2019. Шўро сураси, 11-оят. 2019. – Б. 484. 

[13] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсири муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент: Сано стандарт, 2019. Нур сураси, 11-оят. – Б. 354.

[14] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсири муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент. Сано стандарт, Нур сураси, 24-оят. 2019. – Б. 354ю

[15] https://savollar.islom.uz/s/37530

[16] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. ТАТ. Ўнинчи жилд. – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги НМИУ, 2012. – Б. 356.

Izoh qoldirish