20.03.2024

ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИГА ОИД ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МЕРОСНИНГ ИСТИҚЛОЛ ЙИЛЛАРИДА ҚАЙТА ТИКЛАНИШИ

Мустақилликнинг дастлабки йиллардан ҳукуматимиз томонидан умуммиллий тарихимизни тиклашга доир кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди, хусусан тасаввуф алломалари илмий-маърифий меросини қайта тиклаш учун зарур бўлган ҳуқуқий база шакллантирилди. Жумладан, 1992 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 28 октябрдаги “Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳақида”ги 497-сон қарори бу соҳадаги дастлабки ижобий қадамлардан бири бўлди. Ушбу қарор асосида тасаввуф оламидаги Нақшбандия тариқатининг энг йирик вакили бўлган Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллик юбилейини нишонлаш, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Мовароуннаҳр Мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Фанлар Академияси тегишли ташкилотлар билан бирга 1993 йил сентябр ойида илмий анжуман ўтказиш, “Нақшбандия таълимоти ва унинг жаҳоншумул аҳамияти” мавзусида монографияни ҳамда Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳот ул-унс”, Али-Сафийнинг “Рашaҳoт айн ул-ҳаёт” асарларидан Нақшбандия таълимотига оид маълумотларни таржима этиб, уларни илмий шарҳлар билан нашр этиш вазифаси қўйилди. 

Бухоро вилояти ҳокимлигига Бухоро шаҳрида ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таваллуд топган Қасри Орифон қишлоғида алломанинг номини қайта тиклаш учун тадбирларни ўтказиш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, ушбу мажмуада қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришда алоҳида ўрнак кўрсатганликлари учун масъуллар ва усталарни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 27 сентябрдаги “Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ меҳнаткашларни тақдирлаш тўғрисида”ги ПФ-667-сон Фармони асосида Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари берилди. Жумладан, 

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” – Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасининг раиси Абдуллаев Муҳтор.

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” – Бухора шаҳри, махсус илмий таъмирлаш ишлаб чиқариш устахонасининг уста-таъмирловчиси Муҳаммедов Ғайбулло ва Бухора шаҳри, саноат корхоналари комбинатининг асфальтловчиси Ражабов Омон. 

Фармон асосида яна ўн бир нафар масъуллар, усталар ва ходимлар Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофатланди.

Шунингдек, 2004 йил 27 майдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказини ташкил этиш тўғрисида”ги 244-сон қарори муҳим аҳамият касб этди. 

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)” қарорига асосан ўз кучини йўқотган деб топилган бўлса-да, амалда бу қарор ўз вақтида ҳуқуқий асос сифатида Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва устозлари Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуаларини бугунга кунга қадар яхши ҳолатда сақланиб келишида муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 3 апрелдаги “Ал-Ҳаким Ат-термизий хотирасига бағишланган миллий кураш бўйича II халқаро турнирни ташкил этиш тўғрисида”ги 112-сон қарорида (бу қарор 2021 йил 22 февралда ўз кучини йўқотган ёш авлодни миллий анъаналар ва қадриятларимиз асосида ҳар томонлама баркамол тарбиялашда ҳамда миллий курашнинг турларини ривожлантириш мақсадида ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ҳар икки йилда бир маротаба миллий кураш бўйича халқаро турнир ўтказишни йўлга қўйилиш белгиланди. Мусобақа ғолибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус соврини таъсис этиш, халқаро турнир билан боғлиқ сарф-харажаатлар Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджетидан қопланиши белгиланди. 

Шу ўринда ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказиладиган анъанавий халқаро турнирга оид қарорнинг 2021 йил 22 февралда ўз кучини йўқотган дея топилишини тўғри ёндашув дея ҳисоблаймиз. Бу ерда миллий курашимизга ҳеч қандай эътироз йўқ, аммо турнирнинг ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилишига бир қатор мулоҳазаларимиз бор:

Биринчидан, ал-Ҳаким ат-Термизий ислом динининг забардаст олимларидан бири бўлиб, ислом шариатига доир кўплаб асарларни бизга мерос қолдирган;

Иккинчидан, ал-Ҳаким ат-Термизий ўз асарларида тасаввуфий билимлар ва унга оид ғоя ва назарияларни жуда теранлик билан мушоҳада этган мутасаввуф аллома ҳам ҳисобланади;

Учинчидан, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг шоир Паҳлавон Маҳмуд сингари спортнинг кураш тури билан бевосита шуғулланиб ғолиб бўлганлиги ёки бу борада бирор китоб ёзгани ҳозирча маълум эмас;

Тўртинчидан, мустақилликнинг дастлабки йилларида алломаларимизнинг номини қайта тиклаш ва халқимизга танитиш мақсадида турли давлат мукофотлари, мусобақа, фонд ва хайрия ташкилотларига уларнинг номи берилган, шу нуқтаи назардан ҳам ал-Ҳаким ат-Термизий номини ушбу халқаро турнирга қўйилганлигини хулоса қилишимиз мумкин.

Бешинчидан, бу каби масалалар бўйича ҳукуматимизнинг янги ёндашуви ва соҳаларни ривожлантиришда бевосита ёки билвосита дахлдорлик жиҳатлари эътиборга олинган ҳолда олим ва уламоларимизнинг табаррук номларидан фойдаланиши ижобий ҳолат сифатида баҳолашимиз мумкин.

2001 йил 13 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ислом дунёсининг Ўзбекистондаги ўлмас тарихий обидалари” фотоальбомини нашр этиш тўғрисида”ги 300-сонли қарорида (ҳужжат 2021 йил 22 февралда ўз кучини йўқотган) Ислом дунёсининг Ўзбекистондаги тарихий обидалари тўғрисида фотоальбомини ўзбек, инглиз ва араб тилида нашр қилиш белгиланиб, альбомни тайёрлашда собиқ мустамлака даврида аёвсиз вайрон қилинган ислом оламида катта эҳтиромга эга бўлган тарихий-маданий обидаларимизни қайта тиклаш ва таъмирлаш, муборак зиёратгоҳларни обод этиш ҳамда ислом динидаги эзгулик, тинчлик, биродарлик, ҳамкорлик каби ғояларни халқимизга етказишга асосий эътибор қаратилди. Маълумки, юртимиздаги зиёратгоҳларнинг бир қисми тасаввуф алломаларининг хонақоҳлари, мақбаралари ва мажмуаларидан иборат, ушбу фотоальбомни нашр этишда тариқат мактабларига оид кўплаб тарихий обидаларнинг ҳам қамраб олинишини ижобий ҳолат сифатида айтишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003-йил 22-августдаги “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий таълим ишларини ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида” 364-сон қарорининг 3-иловасига мувофиқ бир қатор тасаввуф алломалари зиёратгоҳлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Маданий ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш инспекциялари билан тузилган “Фойдаланиш ва муҳофазалаш шартномалари” асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига фойдаланиш учун берилди. Жумладан:

  1. “Ҳаким Термизий” зиёратгоҳи – Сурхондарё вилояти, Термиз тумани, Кўҳна Термиз қишлоғи;
  2. “Шайҳ Хованди Тоҳур” зиёратгоҳи – Тошкент шаҳри, Шайҳонтоҳур тумани, Шайҳонтоҳур тор кўчаси;
  3. “Сўфи Оллоёр” зиёратгоҳи – Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани, Катта Вахшивор қишлоғи;
  4. “Зангиота” мажмуаси – Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Зангиота қишлоғи;
  5. “Паҳлавон Маҳмуд” зиёратгоҳи – Хоразм вилояти, Хива шаҳри, Ичан қалъа мажмуаси.

Тасаввуф соҳаси вакиллари зиёратгоҳларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига берилиши бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир босқичи дея таъкидлашимиз мумкин

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 декабрдаги “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги 423-сон қарорида  (ҳужжат 2021 йил 22 февралда ўз кучини йўқотган) тасаввуф таълимотида Хожагон (Нақшбандия) таълимоти асосчиларидан Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудига 900 йил тўлиши муносабати билан 2003 йил  октябр ойида ЮНЕСКО халқаро ташкилоти иштирокида ўтказиш белгиланди. Ушбу қарорда алоҳида таъкидлашимиз зарур бўлган бир жиҳат, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 31-сессияси томонидан Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллигини нишонлашда иштирок этиши ҳақидаги қароридир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004-йил 25-мартдаги “Хожа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги 143-сон қарорида (ҳужжат 2021-йил 22-февралда ўз кучини йўқотган) Хожа Аҳрор Валий асарларининг қўлёзмалари манбаларини кенг, холисона талқин ва ёндашувлар асосида ўрганиш, алломанинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги замонавий тадқиқотларни тўплаш ва нашр этиш, Самарқанд шаҳрида “Хожа Аҳрор Валийнинг Марказий Осиё тарихи ва маънавиятида тутган ўрни” мавзуида республика илмий-амалий конференциясини ўтказиш қарор асосида мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 16-апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони асосида диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар белгиланди, хусусан фармонда тасаввуф йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашга ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом университети ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳузуридаги Ўзбекистон ислом академияси негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил топди. Академия кундузги таълим шаклида, тўрт йиллик бакалавр босқичи асосида 5160100 – Исломшунослик (ақида ва тасаввуф) таълим йўналишига талабалар қабулини йўлга қўйди. Исломшунослик (ақида ва тасаввуф) йўналишига қабул қилинган талабаларга “Тасаввуфга кириш”, “Тасаввуф”, “Тасаввуфий тафсирлар” каби фанлар ўқитилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-январдаги “2022–2026 йилларга мўлжаланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 январдаги “Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Малака ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш ҳамда қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 25-сонли қарорида белгиланган устувор вазифалар мазмунидан келиб чиққан ҳолда, академия таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилган бўлиб, у замонавий талаблар асосида малака ошириш жараёнларининг мазмунини такомиллаштириш ва бош имом-хатибларнинг касбий маҳоратини мунтазам ошириб бориш ҳамда турли соҳа вакиллари малакаларини ҳам ошириб боришда ижобий аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, Малака ошириш марказида вилоят, шаҳар, туман бош имом-хатиблари учун 4 ҳафталик (144 соат) ва 2 ҳафталик (72 соат) ҳажмдаги ўқув курслари ташкил этилмоқда. Тингловчилар учун тасаввуф таълимотига оид “Тасаввуфда инсонпарварлик ғояларининг акс этиши”, “Руҳий тарбиянинг инсон камолотидаги ўрни”, “Руҳий тарбия: тасаввуфда нафс ва аҳлоқ тарбияси” каби ўқув курслар жорий этилган бўлиб, бу ўз навбатида тингловчиларнинг тасаввуф таълимотига доир билимларини янада ошишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 11-июлдаги Ф–4998-сон “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойиши ижросини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган маънавий-маърифий, илмий-амалий ва тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича Бухоро вилоят ҳокими Ў. Барноев томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ Тасаввуф илмий мактаби томонидан 2018 йилда ҳар ҳафтанинг пайшанба кунлари Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида маҳаллий ва хорижий зиёратчилар учун 30-35 дақиқалик “очиқ дарс” шаклидаги  “Нақшбандхонлик” тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Тасаввуф илмий мактаби томонидан тасаввуфшунос олимлар: Гулчеҳра Наврўзова, Зоиров Эркин, Ҳалим Тўраев, Бобир Намозов, Самад Азимов ва бошқа бир қатор мутахассислар билан биргаликда араб, форс ва немис тилларидаги китоблар ўзбек ва рус тилларига таржима ва шарҳлар қилиниб, нашрга тайёрланмоқда. Жумладан, Бухоро давлат университети ва Тасаввуф илмий мактаби томонидан “Бухорои шарифнинг етти пири” номли рисола, тасаввуфшунос олима Г.Наврўзова томонидан Ҳ.Юлдашходжаев масъул муҳаррирлигида “Баҳоуддин Нақшбанд” номли рисола ҳамда “Абдухолиқ Ғиждувоний” номли монография тайёрланди.

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги тасаввуф таълимотининг илмий-маърифий меросини ўрганишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қарорлари ва буйруқларида тасаввуф таълимоти алломалари меросини қайта тиклаш, таваллуд айёмларини ўтказиш, асарларини таржима қилиш, хонақоҳ ва мақбараларни таъмирлаш ҳамда турли илмий-маърифий конференция ва тадбирларни ўтказишга асосий эътибор қаратилди.

Хатамов Тохир Абдумуталович,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA 

кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди

Izoh qoldirish