25.03.2024

ШАЙХ САЙЙИД БУРҲОНИДДИН СИРДОН СУҲБАТЛАРИ ВА ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ

(Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” ва Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” номли асарлари маълумотлари асосида)

Маълумки, термизлик тасаввуф алломаси Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ дунёга машҳур мутафаккир шоир Жалолиддин Румийнинг устози ва тариқатдаги пиридир. Кубравия шайхларидан бўлган Баҳоуддин Валаднинг шогирди буюк ватандошимиз, авлиё Саййид Бурҳонуддин Сирдон ҳақида Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да:“Ҳусайний саййиддур ва Термиздин эрди ва Шайх Баҳоуддин Валад (қ.с.)нинг асҳоби ва муридларидиндур. Анинг хавотирға ишрофи жиҳатидин Саййиди сирдонға машҳурдур”,[1] – деб ёзган. “Султон ул-уламо” номи билан танилган Баҳоуддин Валаднинг халифаси Саййид Бурҳониддин шариат ва тариқат илмларини пухта эгаллаган кароматгўй шайхлардан бири бўлган. Радий Фиш ўзининг тарихий маълумотларга асосланган “Жалолиддин Румий” асарида шайхни шундай таърифлайди: “(Жалолиддин Румий) нинг Отасининг халфаси – Саййид Бурҳониддин чўзинчоқ юзи, узун, қотма гавдаси билан чиндан ҳам йиртқич бир қушни эслатар, у қай бир ишга уннамасин, муқаддас китобларни қироат қилишми, тиловат этишми, устозининг панд-насиҳатларини тинглашми ёки унинг болаларига сабоқ беришми, хуллас, ҳаммасини чин жазму жазава билан адо этарди”[2]. – “Султон ул-уламо” суҳбатларида тариқат пири сифатида шаклланган Саййид Бурҳониддин Сирдон “Уламо (Баҳоуддин Валад)нинг ўгитларини тинглаб, у баъзан шундай жазавага тушардики, ўзи сезмаган ҳолдаб дод-фарёд солиб, шайхнинг сўзини бўлар, ё бўлмасам, оёғини манқалдаги оловга тиқиб оларди. Шунда сабр-бардоши битган Султон ул-уламо муридларига: “Саййидни ташқарига чиқариб ташланглар, токи мажлисимизга халал бермагай!” – деб буюрарди...

Ўз пирига ўхшаб, у воиз бўлмади, зоҳид бўлди. Гоҳида ўй-хаёл дарёсига шу қадар ғарқ бўлардики, бор дунёни унутарди. Қариган чоғида уни Қайсаридаги масжидларнинг бирига имом қилиб кўтаришди. Баъзан шундай бўлардики, намоз пайти бошқаларни унутиб, соатлаб саждадан бош кўтармасди.

Ниҳоят, имомликдан ўзи воз кечишга мажбур бўлди: 

Мўминлар, айб айламанг! Жунуним бошимга чиқиб, сизни унутамен. Ўзларингга ақли-ҳуши бутун бир имом топинглар...”[3]. Шундай бўлди ҳам. Илоҳий ишқ ошиғи Саййид Бурҳониддин имомликни топшириб, фақат тоат–ибодат билан шуғулланди, мажлислар ташкил қилиб, тасаввуфга оид маърузалар ўқиди.

Султон ул-уламо вафотидан сўнг Жалолиддин Румийни сулук йўлида тарбиялаш мақсадида Саййид Бурҳониддин Сирдон Термиздан Кўнёга келди: “Ул кунки Шайх Баҳоуддин Валад оламдин ўтти, Саййид Термизда ўлтуруб эрди. Дедики: шайхим ва устодим ҳазратлари дунёдин риҳлат қилдилар. Ва неча кундин сўнгра мавлоно Жалолиддин тарбияти учун Кўнёга мутаважжиҳ бўлди. Ва Мавлоно Жалолиддин ҳазратлари тўққиз йилғача алар (Саййид Бурҳониддин) хидматларида бўлуб, иршодлар кўриб тарбият топтилар”[4]. “Жалолиддин Румий” тарихий-биографик романида ёзилишича: “Саййид Бурҳониддин (мактубида) ёзарди: устози Султон ул-уламо вафотини Термизда эшитиб, у зор-зор йиғлаб, кўз ёши тўкибди, Қуръон ўқиб, марҳумнинг руҳига бағишлабди, тунлари ухламай, қирқ кун мотам тутиб, элга ош берибди.

Султон ул-уламонинг ўғли, унинг шогирди ва суюкли талабаси якка қолмиш – алҳол Саййид Бурҳониддин унга ота ўрнини босмоғи лозим, зеро устоз уни халифа – ўринбосар деб атамишди. Қандай бўлмасин, у Жалолиддин (Румий)ни топмоғи, у ҳақиқатнинг хатарли ва машаққатли йўлларида у ҳолдан тойган дақиқаларда суянчиқ бўлмоғи даркор...

У (Жалолиддин Румий)нинг устозини Сирдон деб бежизга айтишмаган. Жалолиддин (Румий) ўзи ҳали ғира-шира илғаган яширин эҳтиёжни у нечук сезиб, нечук англабди? Шу ёруғ оламда у ҳузурида қалбини тўкиб, қалбига қувват оладиган кишиси – ёлғиз шу Саййид (Бурҳониддин) эди”[5]

Шундай қилиб, Шайх Саййид Бурҳониддин шогирди Жалолиддин Румийни тариқат йўлига бошлади. Термиздан Кўнёга келишнинг асосий мақсади ҳам Жалолиддин Румий сиймосида пири комил – тасаввуф пешвосини шакллантиришдан иборат эди. Аслини олганда ҳам шайх Саййид Бурҳониддин таълимотига кўра, “тасаввуф ўз-ўзини идрок этиш ва ўз-ўзини камолга етказиш йўлини уч асосий босқичга бўларди. Биринчи босқич – шариат, яъни Қуръон ва Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) ҳақидаги ривоятларда акс этган қонун қоидалар (суннат)ни бажариш даври, аниқроғи, тайёргарлик босқичи. Лекин бу ҳали йўлга кириш дегани эмас, зеро, уларни бажариши ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Сўфийлар учун шундай: фақат ислом қонун-қоидаларини ўзлаштирган тақдирдагина, яна олға юриш, иккинчи босқич – тариқатга ўтиш мумкин...

Тасаввуф олимлари фикрича, ...тариқат тугаб, камолга етишнинг сўнгги босқичи – “ҳақиқат”, яъни ҳақиқий ҳаёт бошланади...

Юқорида кузатганимиз уч босқич – шариат, тариқат ва ҳақиқат сўфийлардаги билишнинг уч босқичига мувофиқ тушарди. Биринчиси – ишончли билимлар, “илм-ул-яқин”. Уни шундай ташбиҳ ила изоҳлашади: “Менга неча бор исбот этишган, гарчи тажрибамда синаб кўрмаганман, аммо яхши биламан, оғу заҳарлайди, олов куйдиради”. Бу одатдаги мантиқий билиш босқичи эди.

Иккинчи босқич – тўлиқ ишонч, “айн-ал-яқин”. “Мен ўз кўзим билан кўрдим, оғу заҳарлайди, олов куйдиради”. Бу тажрибага суянган билиш эди.

Ниҳоят, сўнгги босқич – комил ишонч, “ҳақ-ал-яқин”. “Мен ўзим оғу ичиб, оловда ёниб кўрганман, ишонч ҳосил этдимки, оғу заҳарлайди, олов куйдиради”. Ҳақиқат босқичига мос бўлиб тушувчи бу босқичда, сўфийларнинг фикрича, субъектнинг объект билан, кузатувчининг кузатилувчи билан тугал қўшилиши, бирининг иккинчисига сингиб кетиши юзага чиқади”[6].

Ана шундай тариқат йўлини ўташ ва комил инсон бўлиб шаклланиш учун пир-у муршид талаб этилар эди. Бинобарин, Саййид Бурҳониддин муриди Жалолиддин Румийга шу йўлда устозлик қилди: “Мурид – “ўз измини ўзгага топширган кимса”, – дегани. У шайхга ҳамма нарсада сўзсиз бўйсуниши, мақсадга мувофиқми-мувофиқ эмасми, зарур-зарур эмасми, қатъи назар, унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир фармойишини бажариши лозим эди”[7].

Саййид Бурҳониддин сулукда шогирди Румий таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланди: “Жалолиддин (Румий) оёққа турди. Саййид унга қўл чўзган, қўлида ҳирқа бор эди. Уни ёш уламога кийдириб, белини ридо камари ила бойлади. Шу ондаёқ Жалолиддин (Румий)нинг қўнғир, жингалак соқолини қиртишлаб, қошларини юлиб, сочини қиришди. Саййид (Бурҳониддин) унинг бошига дарвешлик қалпоғи–сарпўш қўндирди. Шу ондан эътиборан у уламо ҳам, воиз ҳам, мударрис ҳам эмас, балки Саййид Бурҳониддин Сирдоннинг кўп сонли муридларидан бирига айланди”[8].

Мавлоно Жалолиддин Румий нафс ва ғурурни енгишга бел боғлагач, “кузга бориб, очликка анча кўникиб қолди, шайхнинг кенгаши билан қорнига тош боғлаб, очликни жиловлашни ҳам ўрганиб олди. Ана шунда пир тағин бир сабоқ берди. Ота мулоқотлар (Баҳоуддин Валаднинг “Маориф” китоби)и бир юз карра ўқилган эди. Энди шайх энг ноқулай алпозларда ўлтириб – икки букилиб, бир оёқни чўзиб, иккинчисини йиғиб, ухламай, соатлаб Қуръоннинг гоҳ у, гоҳ бу сурасини ўқишни буюрди. То шеърий оҳанг ва садо тасаввурида тимсол ва суврат пайдо этмагунча, сурани такрорлайвериши шарт эди. 

Муриднинг иродасини тоблаб, ...шайх энди (унинг) диққат – эътиборини бир нуқтага йиғишга ўргатарди”[9].

Жалолиддин Румий ҳам Шайхнинг юзлаб муридлари сингари, унинг суҳбатларига қатнай бошлади. Суҳбатларда Саййид Бурҳониддин шариат, тариқат ва ҳақиқат ғояларини тарғибу ташвиқ қилган, ана шу суҳбат-мажлисларда шогирдлар устозидан таълим олган, дейиш мумкин.

Нақл қилишларича, “суҳбат чоғи бир мурид Саййид (Бурҳониддин)дан сўради:

 –Ким ўзини Оллоҳга бағишлаган деб айта олур? 

 –Бурнидан чиққан ҳар бир нафас “Оллоҳ!” “Оллоҳ!” дегувчи зот, – деб жавоб берди шайх.

Кейин илоҳий исм Оллоҳнинг яширин маъносини тушунтирди. Дастлабки, икки, арабча “алиф” ва “лом” ҳарфлари – бор-йўғи шакл. – Исмнинг моҳиятини ҳар бир жонзот нафас олиб, нафас чиқазгандаги “оҳ” билан изҳор этади. Бинобарин, ҳар бир нафас Худога ҳамду санодир. Инчунин – деб амру маъруф этди шайх, машқ ила шундай маррага етиш лозимки, ҳар бир нафасимиз ибодат ўлғай.

Пирнинг сўзлари тобора мавҳум тус олиб борарди. Муридлар кеча-кундуз бош қотириши жоиз бўлган рамзу ишоралар орқали у инсонни юзага келтирган қудратлар тасвирини чизиб берарди”[10].

Суҳбатларда “Жалолиддин ўз фикрларини баён қиларкан, кўпинча, (буюк тасаввуф намояндалари, мутафаккир шоирлар) Саноий ва Атторга мурожаат қилишини тез-тез пайқаб қоларди. Пайқаркан, ҳайрон қолмас, балки ичида мамнун бўлар, зеро, бу шоирларнинг асарларини у деярли ёд билар ва устозининг нима демоқчи эканлигини илғаб оларди”[11].

Навоий айтганидек, Мавлоно Румий тўққиз йил Саййид Бурҳониддин Сирдоннинг тасаввуф мактабида тобланди, тарбияланди ва шаклланди: “...Кўкламда Саййид (Бурҳониддин) Жалолиддинни ҳузурига чорлади.

–Охиратим яқинлашиб қолди, – деди у. – Истайменки, то кўзим очиқлигида узлат синовидан ҳам ўтгайсен, таҳайюл денгизига чўмиб, илҳом дурдоналарини тергайсен...

Узлат синови қирқ кун чўзилди...

Ниҳоят, муҳлат тўлди. Шайх муридини ўйлаб, сўнгги кечани бедор ўтказди. Тонготарда эшикни буздириб, ҳужрага биринчи бўлиб ўзи қадам қўйди.

Жалолиддин (Румий) ўртада турар, гумбаз остидаги туйнукдин тушган нур уни чала-чулпа ёритарди. Унинг лабларида сезилар-сезилмас, маъюс табассум ўйнарди.

Нарса йўқким, хорижи олам эрур,

Ҳар не истарсен, ўзингда жам эрур...

Жалолиддиннинг қирқ кун ичида айтган ана шу илк сўзи пирни беҳад ҳаяжонга солди. Қўллари қанотдек силкиниб, кўк салланинг печи елкасидан кўкрагига, кўкрагидан яна елкасига ирғиди. Кўксидан бўғиқ бир фарёд отилиб чиқди. У Жалолиддинни бағрига босди.

Шайх илк бор ҳужрага оёқ босганда унинг хаёлидан кечган Қуръон сўзига мурид жавоб қилган эди. Шайхнинг фикрини илғай олган мурид-мурид эмас, ориф саналарди.

-Сен жаъми билимлар – ҳам илми зоҳирий, ҳам илми ботинийни эгалладинг, - деди шайх ўзини бир оз босиб, тили калимага келгач, – Икки олам сарварига ҳамду шукронаким, мендек фақир ва ожиз бир бандасини ўз кўзи билан сенинг камолингни кўришга муяссар этди”[12].

Шундан сўнг Саййид Бурҳониддин шогирдига хирқа кийгизади ва ўз ўрнига кўп сонли муридларга пиру муршид этиб тайинлади: “Жалолиддин (Румий) яна Гавҳартош мадрасасида мударрис ва хонақоҳ пири бўлди. Яна муридлар билан суҳбат қурар, ваъз айтар, шогирдларига панд-насиҳат айлар, уламолар ила баҳс-мунозара этар, эшиги жумла халойиққа очиқ мажлислар тузар эди...

Мажлисларида мухлислар, хонақосида муридлар кўпайгандан  кўпайиб борарди”[13].

Дарҳақиқат, улуғ пир, Термиз тасаввуф мактаби намояндаси Саййид Бурҳониддин Сирдон саъй-ҳаракати, беқиёс хизматлари ва суҳбатлари орқали буюк Жалолиддин Румий шаклланди. Бинобарин, Саййид Бурҳониддин суҳбатлари Румий тафаккури ва дунёқараши тараққиёти ва камолотида муҳим роль ўйнади. Машойихларнинг, авлиё устозларнинг йиғинларига қатнашганликлари ҳақида Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида “суҳбат тутиб эрди”, “суҳбатиға етти” дея қайд этилган. “Шу маънода, сўфийлар, бўлғуси валийлар нодир инсонларнинг суҳбатида бўлишга жуда катта эътибор берганлар. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўз асарларида ҳар бир валийни таърифлаганларида уларнинг замонасидаги қандай улуғ зотларнинг суҳбатига етишганликларини алоҳида таъкидлайдилар. Бинобарин, ҳадисда айтилганидек, азизлар суҳбатининг бир соати кўп йиллик мактаб, мадраса сабоғидан афзалдир”[14]. Тасаввуф тариқатларидаги суҳбатларнинг оммалашувининг асл сабаби унинг Пайғамбаримиздан қолган суннат эканлигидадир. Бу ҳақда адабиётшунос Нажмиддин Комилов шундай деган: “Расули Акрам (С.А.В.) дин асослари, шариат аҳкомини ва ҳам ғайб асрорини суҳбат билан бошқаларга тушунтирар эдилар. Шунинг учун у киши билан бирга бўлганларни аҳли суҳбат деб атаганлар”[15]Шунга кўра, Пайғамбаримиз (С.А.В.)га эргашиб, Саййид Бурҳониддин каби тариқат пирлари ўз шогирдларига тариқат асрорини суҳбатлар орқали англатганлар. Зотан, Саййид Бурҳониддин Сирдондек улуғ муршидлар билан мулоқотлар орқали Мавлоно Жалолиддин Румийдек соликлар баланд даражаларга етишишган. Чунки тасаввуфда суҳбат-мажлис – бу таълим-тарбия, билим ва тажриба орттириш манбаи саналган. 

 

Шерхон ҚОРАЕВ,

СамДУ тадқиқотчиси,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. ТАТ. Ўнинчи жилд. – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги НМИУ, 2012.
  2. Радий Фиш. Жалолиддин Румий. Русчадан  Ж. Камол таржимаси. – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги АСН, 1986. 

 


 

[1] Радий Фиш. Жалолиддин Румий. Русчадан  Ж. Камол таржимаси. – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги АСН, 1986. – Б. 7.

[2] Кўрсатилган асар. – Б. 146-147.

[3] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. ТАТ. Ўнинчи жилд. – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги НМИУ, 2012. – Б. 356.

[4] Радий Фиш. Жалолиддин Румий. Русчадан  Ж. Камол таржимаси. – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги АСН, 1986. – Б. 140.

[5] Кўрсатилган асар. – Б. 142-145.

[6] Кўрсатилган асар. – Б. 147.

[7] Кўрсатилган асар. – Б. 147.

[8]  Кўрсатилган асар. – Б. 150-151.

[9] Кўрсатилган асар. – Б. 151.

[10] Кўрсатилган асар. – Б. 152.

[11] Кўрсатилган асар. – Б. 154-155.

[12] Кўрсатилган асар. – Б. 155.

[13] Насафий. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд. – Тошкент: Фан, 1993. – Б. 7.

[14] Комилов  Н. Тасаввуф. Биринчи китоб. – Тошкент: Ёзувчи, 1996. – Б. 108.

[15] Садриддин Айний, Таърихи инқилоби Бухоро. – Душанбе: Адиб, 1987; Климович Л. Ислам в царской России. – М, 1936. 

Izoh qoldirish