25.03.2024

ХОТИРЖАМЛИКЛИК НЕЪМАТИ – РУҲИЙ БАРҚАРОРЛИК САМАРАСИ

Хотиржамлик – улуғ неъмат саналиб, у фақат жисмоний жиҳатдан кўра кўпроқ руҳий жиҳатга боғлиқ саналади. Зеро, инсон ҳаёти давомида турли синовларга дучор бўлар экан, руҳий саботини қанчалик сақлай билса, синовнинг зарари шунчалик кам бўлади. Бунинг учун эса инсон баъзи ҳақиқатларни англаши ва улар тўғрисида тафаккур қилиши лозим. Ўтмиш олимлари бу борада муҳим тавсияларни баён этиб кетишган бўлиб, қуйида уларнинг айримларини келтирамиз.

Авваламбор, бизни Яратган Зотга юзланиш – хотиржамликнинг энг муҳим асосидир. Банда Роббиси билан танҳо қолиши уни эслаш ва зикрини қилишга ундайди.

Инсон ўзи яшаб турган замон шарафли эканини, вақтининг қадрини билмоғи ва ундан бир лаҳзасини ҳам қурбатсиз[1] ўтказмаслиги лозим. Доимо сўз ва амалнинг энг яхшисини танлаш малкасини ўзида ҳосил қилиш муҳим фазилат. Киши ниятини хайрли қилиши ва бу борада ният фақат яхшиликка қаратилиши лозим, зеро, гоҳида ниятидаги яхшиликни амалга оширишдан ожиз бўлиб қолса ҳам, ҳадисда келгани каби яхшиликка эришаверади:

Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир (Ҳаким Термизий ривояти).

Агар инсон қанча уринса ҳам ўлим уни амалдан узиб қўйишини билса, ҳаётлик чоғида савоби ҳаётидан кейин ҳам изидан бориб турадиган амалларни қилган бўлар эди. Агар унга озгина умр берилса, нарсасини вақфга қўйган, кўчат эккан ва сув чиқариб оқизиб қўйган ҳамда ўзидан сўнг Аллоҳнинг зикрини кўп айтадиган нарсаларни қўлга киритишга уринар эдики, шунда унга савоби бориб турарди. Ёки бир илм тўғрисида китоб ёзарди, чунки олим ёзган китоби унинг номини ёядиган давомчи боласидир. Агар инсон яхшиликни билиб, унга амал қилса, унинг ишидан бошқалар ўрнак олиб, унга эргашишса, у киши ўлмаган бўлади. Зеро, ҳикматда дейилади:

Кўп ўлганлар борки улар одамлар орасида тирикдирлар.

“Аралашишнинг ҳам ўз вақти бор. Агар аралашса, душман билан муроса қилиб, унинг ҳийласини даф қилишга ҳаракат қилиш керак бўлади.

Садоқатли дўстга келсак, уни топиш мушкул, чунки ўша дўст ҳар кимнинг ўзига тенг бўлиши лозим. Ваҳолангки, синчиклаб кузатилса, тенгдошлар бир-бирига ҳасад қилишини кузатиш мумкин.

Тинч яшашни хоҳлаган киши ҳасадчидан узоқ юриши лозим, чунки кўпинча у сиздаги неъматни кўрса, уни кетказишга ҳаракат қилади.

Агар у билан аралашишга тўғри келса, унга сир айтмаслик ҳамда ундан маслаҳат сўрамаслик керак. Унинг меҳр бериши ҳамда ўзини зоҳид ва диёнатли кўрсатишига алданиб бўлмайди. Чунки ундаги ҳасад диёнатдан устун келиши мумкин.

Ҳасад Одам алайҳиссалом фарзанди бўлган Қобилни укаси Ҳобилни ўлдириш билан қотилликкача етказиб борганини биламиз.

Юсуф пайғамбарнинг акалари уни арзимаган пулга сотиб юборишди.

Абу Омир Роҳиб ақлли обидлардан эди. Абдуллоҳ ибн Убай бошлиқлардан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳасад қилиш бу иккаласини тўғри йўлни ташлаб, мунофиқ бўлишга олиб борди.

Ҳасадчига ортиқ чора кўриш шарт эмас. Чунки сиздан неъмат кетишидан бошқа нарса уни рози қилмайди ва шунинг ўзи унинг зарарига узликсиз катта жазо бўлишига етарлидир. Чунки неъмат қанча узайса, ундаги азобланиш ҳам чўзилади. Шундай бўлгач, ҳаёти ҳаётга ўхшамай қолади. Аҳли жаннат ҳам қалбидан ҳасад ва кина чиқарилгандагина у ерда гўзал ҳаёт кечирадилар”

Маълум бўладики, хотиржамликка эришиш учун нафақат фазилатлар ҳосил қилиш, балки кўплаб салбий хислатларни ҳам ўзидан кетказиш лозим бўлади. Одамларга аралашганда улар билан муомалани тўғри йўлга қўйиш ҳам хотиржамликнинг муҳим устуни эканлигини ёддан чиқармаслик керак.

 

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими - Аббосхон Абдуллаев.

Араб тили манбалар асосида таёрланди.


 

[1] Қурбат: Аллоҳга яқин қиладиган ибодат.

Izoh qoldirish