ИЛМ ФАЗИЛАТИ ВА МАСЪУЛИЯТИ
Илм киши учун фазилат бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Унга эришиш инсон ҳаётидаги энг муҳим мақсадлардан бири, аммо унга етгач, уни омонат сифатида авайлаш ва амал қилиш билан ҳаққини адо этиш лозим бўлади. Бу масалада ҳам ўтмиш олимлардан муҳим сўзлар нақл қилинган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
1. Аввало, киши илмга эга бўлмоқчи экан, уни айтувчига эмас, балки ўзига қараши мақсадга мувофиқ.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу дейдилар:
“Сиз ким айтганига эмас, нима деганига қаранг”.
2. Устознинг илмлисини танлаш ҳам муҳим. Бу ҳақда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши кимдан илм олишни билиши лозим”, – деганлар.
3. Илмни олиш ва зиёда қилиш сири эса қуйидаги ҳадис ривоятида акс этган:
“Ким билганига амал қилса, Аллоҳ унга билмаган илмини мерос қилиб беради”.
4. Илмга эга бўлгач, уни тарқатиш ва кишиларга фойда бериш ҳам лозим бўлади. Уламолардан бирининг қайд дафтарига қуйидаги сатрлар битилган:
“Мен яратилишдан мақсад нима бўлганлиги тўғрисида ўйлар эканман, у камтар бўлиш, ноқис ва ожиз эканлигига эътиқод қилиш эканини билдим.
Мен амал қилувчи олимлар ва зоҳидларни икки қисмга бўлдим. Уламолар тоифасига Молик, Суфён, Абу Ҳанифа, Шофиъий ва Аҳмад ибн Ҳанбални қўйдим, обидлар тоифасига Молик ибн Динор, Робиъа, Маъруф Кархий ва Бишр ибн Ҳорисни қўйдим.
Бас, обидлар ибодатга қанча киришсалар ҳам ҳол тили гўёки уларга: “Сизлар қилаётган ибодатларингиз манфаати ўзингиздан нарига ўтмайди, балки нафи тегадиган иш бу олимлар ишларидир, ҳолбуки улар анбиёлар меросхўри ва Аллоҳ таолонинг ердаги халифасидирлар, ҳақни билиш учун уларга мурожаат қилинади, қанча синиқ ва камтар бўлсалар ҳам фазилат улар томонда”, – деб баралла айтади. Одамлар ушбу ҳолат тўғри эканини билишган. Зеро, обид саналган Молик ибн Динор фақиҳ Имом Муҳаммаднинг олдиларига келиб, у кишидан илм ўрганган. У яна: “Ҳасан (Басрий) бизнинг устозимиздир”, – дер эди.
5. Илм кишини яхши амалларга эргаштириши лозим. Уламолар илм билан устун эканлиги маълум бўлганини кўргач, уларга ҳол тили гўёки: “Илмдан мақсад амалдан ўзга нарсами?!” – деди.
Аҳмад ибн Ҳанбал: “Илмдан мақсад бир яхшиликка етишдан ўзга нарсами?!” – деган. Яъни илм олган киши яхшиликка муваффақ бўлиши лозим.
Умму Дардо розияллоҳу анҳо бир одамдан: “Билган нарсангга амал қилдингми?” – деб сўради. У: “Йўқ”, – деди. Шунда Умму Дардо: “Сен нега Аллоҳ таоло ҳужжатларини ўзингга қарши кўпайтирасан?” – деди.
Абу Дардо: “Билмай туриб амал қилмаганнинг ҳолига бир марта вой, билиб амал қилмаганнинг ҳолига етмиш марта вой бўлсин”, – деган.
Фузайл: “Амал қилмаган олимдан бир гуноҳ кечирилгунча беамал жоҳилдан етмиш гуноҳ кечирилади”, – деган.
6. Илм фахрни эмас, масъулиятни кучайтириши шарт. Суфён Саврий: “Қани эди қўлларим кесилган бўлганда-ю, мен ҳадис ёзмасам эди”, – деган. Яъни, ўтмиш олимларида илм қиёмат куни менинг зараримга ҳужжат бўлмаса эди, деган хавотир доим мавжуд бўлган.
Суфён Саврий обида аёл бўлган Робиъанинг олдига келди, унинг олдида ўтирди ва гапларидан фойда олди. Демак, илм олимларга илмдан мақсад унга амал қилиш эканлигини ва у мақсад эмас, яхшиликка етказувчи бир сабаб эканини кўрсатди. Шунинг учун улар босиқ ва камтар бўлишди. Шу сабаб раббоний уламолар барқарор ва тавозели бўлишган, илму маърифат уларни ўз бандалигига иқрор бўлган етук шахслар бўлиб етишишига сабаб бўлди.
Хулоса қилиш мумкинки, илм фазилатидан бебаҳра қолиш мумкин бўлмаганидек, унинг фойдаси, яъни амалидан қуруқ қолиш ҳам маҳрумликдир. Унинг фазилати ва масъулиятини жамлаш эса камолотнинг икки қанотидир, – десак муболаға бўлмайди.
Араб тилидаги манбалар асосида тайёрловчи:
Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish