29.03.2024

АЛ-МАҚРУЪ

АЛ-МАҚРУЪ

لِتَقْرَأَهُ عَلَى النَّاسِ عَلَىٰ مُكْثٍ 

ВА ҚУРЪОННИ ОДАМЛАРГА АСТА-СЕКИН ЎҚИБ БЕРИШИНГ УЧУН... (ИСРО, 106)

Оятнинг тўлиқ матни шундай келади: “Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик”.

Бу ўриндаги Қуръон кишиларга ўқиб берилувчи, умуман олганда эса ўқилувчи нарса Китоб эканлиги айтилмоқда. Пайғамбар алайҳиссалом кишиларни Исломга чақирар экан, бундаги асосий ишлари уларга Қуръон ўқиб бериш бўларди. Албатта, Қуръон  ҳидоятни ўз ичига олгани туфайли уни эшитган киши учун ҳақни очиқ баён қиларди. 

Шунинг учун Қуръоннинг ишига шошиш ва тезлик хос ва мос эмас. Ибн Аббос розиялоҳу анҳумодан “аста-секин ўқиб бериш”ни шошмай, қулай, хотиржам ва оҳиста эканлиги, шунингдек, қўллаб-қувватлаб, мадад бериб туриш учунлиги, унинг шогирди тобеин Мужоҳиддан эса бунинг тартил билан ўқиш экани ривоят қилинади. Чунки Ибн Аббос, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан қилинган ривоятга кўра, уни бўлиб-бўлиб туширилиши батафсил баён қилиш, бу эса улуғ тобеин Ҳасан Басрийга кўра, ҳақ ва ботилни ажратиб бериш учундир. Насафий тафсирида келганидек, булар шошмаслик ва саботни талаб қилади. 

Имом Мотуридийга кўра, “Қуръон воқеа-ҳодисалар тақозосига кўра бўлиб-бўлиб нозил қилинган, бу билан кишиларнинг басиратлари (фаҳм-фаросатлари) юқорилаб, улар учун ҳужжат-далиллар зиёда бўла борган. Агар биратўла нозил қилинса, улар учун бу юқорилаш ва зиёдалик бўлмасди.

Ёки кишиларни огоҳликда тутиш учун бўлиб-бўлиб нозил қилди, бу билан уларни ҳар вақт огоҳлантириб туради, ҳар бир ҳолатда ваъз-насиҳат қилади. Мана шу биратўла нозил қилинишдан кўра кишиларни сергак қилувчироқ, насиҳатни етказувчироқдир. Эътибор қилсангиз, агар бирон оят-аломат бардавом бўлса, унинг огоҳ қилиш қуввати озроқ, агар у турли вақтларга бўлиниб давом этса, хавфлантирувчироқ ва сергаклантирувчироқ бўлади. Масалан, қуёш кечқурун тутилса ва бу давомли бўлса, у хавф туғдирмайди, унинг давомийлиги кишиларга огоҳлик ҳам бўлмайди. Агар у кундузи тутилса, орада узилиш бўлгани туфайли олдингисидан кўра ҳақиқий огоҳликка далолат қилади. Аллоҳ билувчироқ”.

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Izoh qoldirish