ИХЛОС – МЎМИННИНГ ҚЎРҒОНИ
«Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш», «холис қилиш» деган маъноларни англатади. Ихлоснинг шаръий истилоҳи – Аллоҳга худди У Зотни кўриб тургандек ибодат қилишдир. Албатта мўмин киши солиҳ амаллари билан ҳаёт кечиради. Бу амалларини ҳар доим ихлос билан қилмоғи зарурдир. Ихлос бўлмаган амални Аллоҳ ҳузурида савоби жуда оздир. Аллоҳ таоло амалларни ихлос билан бажаришга буюради. Хусусан, Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади: «Албатта, Биз сенга Китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт» (2-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга хитоб қилиб, Қуръонни ҳақ ила нозил қилганини ва динга холис амал қилишни буюрмоқда. Бу оятдаги «Дин» сўзи «итоат», «ибодат», «жазо-мукофот» ва «шариат» деган маъноларни ўз ичига олади. Демак ихлос қилиш деганда Аллоҳгагина холис итоат этган ҳолда ибодат этиш, Унга бирор нарсани ширк келтирмай, ёлғиз Ўзига ибодат қилиш тушунилади. Банда ҳар бир амалини Уни кўриб тургандек амалга ошириши, Уни кўрмасада, Аллоҳ қўриб турганини хис қилган ҳолда бажармоғи, қилган ибодатларининг савобини ёлғиз Аллоҳдан умид қилиши лозим.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Баййина сурасида шундай мархамат қилади: «Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга, динни Унга холис қилган, бошқадан Унга бурилган ҳолда ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга, закот беришга буюрилган эдилар, холос. Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир» (5-оят). Бу оятдаги Аллоҳ таолонинг динига ихлос қилиш Аллоҳнинг розилигини кўзлаб амалларга бирор-бир нарсани шерик қилмасдан, ёлғиз Ўзининг розилигини кўзлаб амал қилишдир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», – деган. Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади: «Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда илтижо қилинг» (14-оят). Мўмин киши доимо Аллоҳ таолонинг холис Ўзига ихлос билан ибодат этиши, дуо ва илтижо қилиши, ёлвориши лозим. Бу ишларда бошқа бировларнинг муносабатига эътибор бермаслик керак. Шунинг учун ҳам оятда «агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам» деган жумла ишлатилмоқда. Кофирларга ёқмас экан, деб Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига динни холис қилиб ёлворишдан, ибодат қилишдан, Унинг йўлига юришдан қайтмаслик керак. Ихлос қалбни мусаффо, ботинни пок тутиб, Аллоҳга худди У Зотни кўриб тургандек, суюмли бўлиш учун уриниш, холос. Ана ўша ихлос қанчалик кучли бўлса, қилинган яхши амалнинг савоби шунчалик кўпаяверади.
Кўпчилик «Тоат-ибодат риёдан холи бўлса, ихлос ҳосил бўлади», – деб ўйлайди. Аслида эса ундай эмас, яъни тоат-ибодатда ҳақиқий ихлос ҳосил бўлиши учун уларда Аллоҳ таолодан бошқа бирор нарсани, мисол учун, мол, обрў, шуҳрат, соғлик каби нарсаларни аралаштирмаслик керак. Мисол учун, намоз ўқишда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш билан бирга, бадантарбияни ҳам ният қилиш ихлосга футур етказади. Рўза тутишда Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатни адо этиш билан бирга, таомдан парҳез қилиб, озишни ният қилиш ҳам ихлосга футур етказади. Шунинг учун ҳам банда тоат-ибодат қилганда фақатгина Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаши лозим. Ҳатто ўша қилган ибодатига савоб талабини ҳам қўшмаслиги керак. Чунки савоб икки тарафнинг олди-бердисида ишлатиладиган нарса эмас. Балки Аллоҳ таолонинг лутфидан бўладиган нарсадир.
Банда қилган амали эвазига савоб талаб қилиши мумкин эмас. Фақат банда Аллоҳ таоло Ўзининг лутфи ила савоб ато қилишидан умидвор бўлиши мумкин, холос. Ушбу ўта нозик маънолар юзасидан бандалардан бирортаси ўзининг амаллари холис ихлосдан иборат эканини даъво қила олмайди. Аксинча, банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда қанча зиёдага эришса, унинг ўзида Аллоҳ таолонинг ҳаққи қанчалар кўп эканини ҳис қилиши шунча зиёда бўлиб боради. Роббига қанча ибодат қилса ҳам озлигини ҳис қилиши кучайиб боради.
Мухиддин Чориев – Имом Термизий халқаро
илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish