02.04.2024

УЛУҒ ЗОТЛАРНИНГ ҚАБРЛАРИ ОЛДИДА ДУОЛАР МУСТАЖОБ БЎЛАДИ!

Ислом тарихи саҳнасига ваҳҳобийлар чиққанидан кейин, қабрларнинг аёвсиз яксон қилиниши, тавҳид баҳонасида, атайин қабрларни зиёрат қилувчиларнинг такфир қилиниши, мушрикка чиқарилиши авж олгани ҳақиқатдир. Бу бугунги кунгача давом қилиб келаётган аянчли ҳолат бўлиб, уларнинг гапларидан таъсирланган бугунги айрим ўзбекзабон мусулмонлар ҳам ўз ватандош ва юртдошларини “қубурий” ва ҳатто қўрқмасдан, қилган таънасининг оқибатидан хавф қилмасдан “мушрик” деб атамоқдалар. Аслида, уммати муҳаммадий асрлар давомида, айтиш керакки, саҳоба, тобеъин ва табъа тобеъинлар давридан бошлаб улуғ зотларнинг қабрлари зиёратига атайин ва махсус ният қилиб боришни фазилатли амаллардан санашган, уларнинг қабрлари олдида дуоларни ғанимат билишиб, дуолари мақбул ва мустажоб бўлишидан умид қилишган. 

Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий (673-748 ҳ./1274-1348 м.) раҳматуллоҳи алайҳи буюк аллома, муҳаққиқ, муаррих ва муҳаддис сифатида юздан ортиқ асарлар мерос қолдирганлар. Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи ҳозирги салафий-ваҳҳобийларнинг маънавий устози ва раҳнамоси бўлмиш машҳур Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг шогирди ҳисобланади. Бироқ, у зот ҳозиргилардан фарқли ўлароқ унинг аҳли суннат ва жамоатга зид қарашлари ва ижмоъи умматга қарши айтган гапларига қўшилмаганлар. Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳининг “ал-Кабоир” – “Катта гуноҳлар” асари ўзбек тилига ҳам тўлиқ таржима қилиниб, қайта-қайта нашр қилингани юртдошларимизга маълум. Унинг “Сийар аълом ан-нубало” асарининг мовароуннаҳрлик олимларга оид қисмлари ҳам ўзбек тилига таржима қилиниб нашр қилинган.

Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи мазкур “Сийар аълом ан-нубало” асарида бизнинг ҳозирги мавзумиз бўлиб турган масалани машҳур зоҳид ва сўфий Маъруф ал-Кархий (ваф. 200 ҳ./815 м.) раҳимаҳаллоҳнинг таржимаи ҳолида сўз юрита туриб, унинг қабри ҳақидаги: قَبْرُ مَعْرُوْفٍ التِّرْيَاقُ المُجَرَّبُ – “Маъруф ал-Кархийнинг қабри тажрибадан ўтган тарёқ дориси кабидир!”, деган гапдан кейин бундай деганлар:

يُرِيْدُ إِجَابَةَ دُعَاءِ المُضْطَرِ عِنْدَهُ؛ لأَنَّ البِقَاعَ المُبَارَكَةِ يُسْتَجَابُ عِنْدَهَا الدُّعَاءُ، كَمَا أَنَّ الدُّعَاءَ فِي السَّحَرِ مَرْجُوٌّ، وَدُبُرَ المَكْتُوْبَاتِ، وَفِي المَسَاجِدِ، بَلْ دُعَاءُ المُضْطَرِ مُجَابٌ فِي أَيِّ مَكَانٍ اتَّفَقَ

“Бу гапдан у зотнинг қабрлари олдида ўта иложсиз қолган муҳтож кишининг дуоси ижобат бўлиши назарда тутилади. Чунки, муборак маконларда дуолар мустажоб қилинади. Бу худди саҳар вақтида, беш вақт намозлар ортида ва масжидларда дуо қилингани каби умид қилинган. Балки, иложсиз қолган кимсанинг дуоси қайси маконда туриб амалга оширилган бўлса-да ижобат қилингусидир” (Шамсиддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 9-жилд / Таҳқиқ: Шуайб Арнаут ва Муҳаммад Нуайм ал-Арақсусий. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1983. – Б. 344).   

Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи мазкур “Сийар аълом ан-нубало” асарида бизнинг ҳозирги мавзумиз бўлиб турган масалада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чеваралари Саййида Нафиса (ваф. 208 ҳ./823 м.) раҳимаҳаллоҳнинг таржимаи ҳоли ва Мисрдаги мақбаралари ҳақида сўз юрита туриб, бундай деганлар:

وَقِيْلَ: كَانَتْ مِنَ الصَّالِحَاتِ العَوَابِدِ، وَالدُّعَاءُ مُسْتَجَابٌ عِنْدَ قَبْرِهَا، بَلْ وَعِنْدَ قُبُوْرِ الأَنْبِيَاءِ وَالصَّالِحِيْنَ، وَفِي المَسَاجِدِ، وَعَرَفَةَ وَمُزْدَلِفَةَ، وَفِي السَّفَرِ المُبَاحِ، وَفِي الصَّلاَةِ، وَفِي السَّحَرِ، وَمِنَ الأَبَوَيْنِ، وَمِنَ الغَائِبِ لأَخِيْهِ، وَمِنَ المُضْطَّرِ، وَعِنْدَ قُبُوْرِ المُعَذَّبِيْنَ، وَفِي كُلِّ وَقْتٍ وَحِيْنٍ، لِقَوْلِهِ تَعَالَى: {وَقَالَ رَبُّكُمُ: ادْعُوْنِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ}. وَلاَ يُنْهَى الدَّاعِي عَنِ الدُّعَاءِ فِي وَقْتٍ إِلاَّ وَقْتَ الحَاجَةِ، وَفِي الجِمَاعِ، وَشِبْهِ ذَلِكَ. وَيَتَأَكَّدُ الدُّعَاءُ فِي جَوْفِ اللَّيْلِ، وَدُبُرَ المَكْتُوْبَاتِ، وَبَعْدَ الأَذَانِ

“Айтилишича, у зот солиҳа ва обида зот бўлганлар. Унинг қабри олдида дуо мустажобдир! Балки, пайғамбарлар ва солиҳлар қабрлари олдида ҳам дуо мустажобдир. Масжидларда ҳам, Арафот ва Муздалифа майдонида ҳам, мубоҳ сафарда ҳам, намозда, саҳар вақтида ҳам, ота-онанинг фарзандлари ҳаққида, ғойиб инсоннинг ўз биродари ҳақида, иложсиз қолган ўта муҳтож кимсанинг дуоси, азобга учраб вафот топган (шаҳид)ларнинг қабрлари олдида, хуллас, ҳар бир вақт ва ҳар онда дуолар мустажобдир. Бунга Аллоҳ таолонинг гапи далилдир: “Раббингиз: “Менга дуо қилинглар, сизларга уни ижобат қиламан!” дейди”. Дуо қилувчини ҳеч бир вақтда дуо қилишдан қайтарилмайди! Фақат қазойи ҳожат ва жинсий алоқа пайти ҳамда шунга ўхшаш пайт бундан мустасно. Дуо қилиш кечанинг ўртасида, беш вақт намозлар ортида ва азон айтилгандан кейин таъкидланган” (Шамсиддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 10-жилд / Таҳқиқ: Шуайб Арнаут ва Муҳаммад Нуайм ал-Арақсусий. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1983. – Б. 107).     

Демак, Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи фикрига кўра анбиёлар, авлиёлар, муҳаддислар, уламолар, шаҳидлар, тақводор ва солиҳ зотларнинг қабрлари олдида дуолар мустажоб бўлади. Бунга аллома оятдан далил келтирганлар. Ушбу оят қуйидагичадир:

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ 

“Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир ёки Мўъмин, 60).

Дуо ибодатдир. Ибодатдан бош тортганлар, уни инкор қилганлар, дуо қилишни гуноҳ деб ҳисоблаганлар, дуо қилишни ширк деб баҳолаган, ўзларининг “илми” ва “тақво”сига кибр қилиб, ўзгаларни “қубурий” деб атаганларнинг оқибати мазкур оятга кўра хайрли эмас. Шунинг учун ҳам, аллома Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи мазкур оятни келтирар экан, “Дуо қилувчини ҳеч бир вақтда дуо қилишдан қайтарилмайди!”, деб алоҳида қайд қилиб огоҳлантирганлар.

Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи “Сийар аълом ан-нубало” китобининг бошқа жойида мазкур мавзуга яна қайтганлар ва бундай деб таъкидлаб ўтганлар:

قُلْتُ:وَالدُّعَاءُ مُسْتَجَاب عِنْد قُبُوْر الأَنْبِيَاء وَالأَوْلِيَاء، وَفِي سَائِر البِقَاع، لَكِن سَبَبُ الإِجَابَة حُضُورُ الدَّاعِي، وَخُشُوعُهُ وَابتِهَاله، وَبلاَ رَيْبٍ فِي البقعَةِ المُبَارَكَة، وَفِي المَسْجَدِ، وَفِي السَّحَر، وَنَحْوِ ذَلِكَ، يَتَحَصَّلُ ذَلِكَ للدَاعِي كَثِيْراً، وَكُلُّ مُضطر فَدُعَاؤُه مُجَابٌ

“Мен айтаманки, пайғамбарлар ва авлиёлар қабрлари олдида ҳамда бошқа (улуғ) жойларда дуолар мустажобдир! Лекин, ижобат бўлишининг сабаби: дуо қилувчининг қалби ҳозир бўлиши, қўрқиб хушуъда туриши ва ёлворишидир. Шак-шубҳасиз, муборак маконларда, масжидда, саҳар вақтида ва шунга ўхшашларда дуо қилувчи учун кўп ҳолатларда ижобат қилиниши юз беради. Ҳар бир эҳтиёжманд муҳтожнинг ҳам дуоси ижобат қилинувчидир!” (Шамсиддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 17-жилд / Таҳқиқ: Шуайб Арнаут ва Муҳаммад Нуайм ал-Арақсусий. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1983. – Б. 77).

Мазкур иқтибос муҳаддис олим, ҳадис бўйича бир қанча асарлар муаллифи Абу Бакр Аҳмад ибн Лол (308-398 ҳ./920-1007 м.) раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида: وَالدُّعَاءُ عِنْد قَبْرِهِ مُسْتَجَابٌ– “Унинг қабри олдида дуо мустажоб бўлади”, дейилганидан кейин келтирилган.

Улуғ зотларнинг қабрлари олдида қилинган дуоларнинг тезда мустажоб бўлиши асрлар давомида ихлосманд мўъмин-мусулмонлар жамоаси томонидан амалда ўз исботини топиб келаётгани айни ҳақиқат ҳисобланади. Қабрларнинг зиёрат қилинишининг, зиёрат туризмининг асосий сабабларидан бири ҳам шу. Қабрлар олдида дуолар Аллоҳ таолодан сўралади, албатта. Қабрлар олдида Аллоҳ таолодан шифо сўраб, эҳтиёжини тилаб, Аллоҳга ялиниб-ёлвориб илтижо қилиш оқибатида шифо топиб келганлар, мурод-мақсадига етганлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Албатта, бу ерда ҳам дуонинг ижобат бўлиши учун, ҳар доимгидек, Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи айтганларидек, “Ижобат бўлишининг сабаби: дуо қилувчининг қалби ҳозир бўлиши, қўрқиб хушуъда туриши ва ёлворишидир”.

Хуллас, аҳли суннат ва жамоатнинг йирик вакили бўлмиш Шамсиддин аз-Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Сийар аълом ан-нубало” китобининг камида учта жойида анбиёлар, авлиёлар, муҳаддислар, уламолар, шаҳидлар, тақводор ва солиҳ зотларнинг қабрлари олдида дуолар мустажоб бўлишини айтганлар. Бу тўрт мазҳаб аҳлининг, ашъарий ва мотуридий бўлган зотларнинг ҳам фикри бўлиб, асрлар давомида ихлосманд мўъмин-мусулмонлар бунинг ҳақиқатини, амалда ўз исботини кўриб, билиб, мушоҳада қилиб келганлар. Шундай экан, қабрлар зиёратида дуолар қилишни ғанимат билиб, Аллоҳ таолодан ҳар не тилагингиз ва ҳар не истагингиз бўлса, ихлос, хушуъ ва хузуъ ила сўраб қолинг. Шояд, Аллоҳ таоло ана шу мақбарада дафн қилинган улуғ зотнинг ҳурматидан дуоларингизни ижобат қилса! Зотан, улуғ зотлар қабрлари олдида қилинган дуоларнинг мустажоб бўлишида шак-шубҳа йўқ!

Жониев Музаффархон Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори в.в.б тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Izoh qoldirish