03.04.2024

ҒАЗАБ ҚАЛБ ИЛЛАТИДИР

Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратди. Инсон эса ўз навбатида ўзининг инсоний фазилатларини юксалтириш, нафсоний истакларини назорат қилишга масъулдир. Инсонга хос бўлган мана шундай иллатлардан бири ғазаб иллати бўлиб, ушбу иллатнинг инсон фарзандига келтирадиган зарарлари, ундан сақланиш лозимлиги борасида ислом алломалари ўз асарларида ибратли панд-насиҳатлар келтирганлар. Шундай мутафаккирлардан бири VIII асрда яшаган олим ва котиб Абдуллоҳ ибн Муқаффа ҳисобланади. Жумладан, аллома ўзининг “Адабул важиз” рисоласида ушбу иллатдан сақланиш борасида қуйидаги тавсияларни беради: 

Эй фарзанд: Ўз қалбингни мулойимлик, сукут, виқор ва саботга одатлантиргин, ушбу фазилатлар орқали қалбингни идора этгин. Жаҳлинг чиққан вақтда ғазаб ғалаба қозониб, ақл ва тафаккурингни тўсиб қўядиган даражага етмасин. Бу сени юксак ахлоқий фазилатларга хилоф бўлган одат ва иллатлар сари етаклайди. Шунинг учун ҳам бундай шармандали ҳолатларга эргашувчи, ёқимсиз натижалар келтирувчи ғазаб иллатидан эҳтиёт бўл.

Донишманд Суқротнинг ҳикматларида шундай дейилган: Агар инсон устидан ғазаб ғалаба қозонса, унинг тили фақатгина хато сўзларни сўзлайди. Маст киши ўз ҳолатининг қабиҳлигини бошқа маст инсон мастлигининг ёмон оқибатига гувоҳ бўлмасдан туриб билмаганидек, ғазабнок киши ҳам ўз ғазабининг ёқимсиз оқибатига мубтало бўлмагунча, ғазабининг ёмонлигини била олмайди. Донишманд Суқрот ҳикматларининг маъноси шуки, қаҳр ва ғазаб кучайган ҳолатда жазолашга шошилиш жоиз эмас. Акс ҳолда, қабул қилган нотўғри қарорингдан афсус-надомат чекасан, ушбу қарорингни тўғрилаш қобилиятини йўқотасан. Ғазаб ғалаба қилган ҳолатларда жазо ва азоб-уқубатларга лойиқ бўлмаганлар жазоланадилар, жазога лойиқ кишилар эса жазоланишдан қутулиб қоладилар. Натижада уларнинг зарарли ва гуноҳ ишлари давом этаверади. Бундай хулқ-атвор ва одатлар оқибатида халқ сени уятсиз ва ахлоқсиз инсонларга мансуб деб ҳисоблайди. 

Ғазаб ва шаҳват ҳайвоннинг жамолидир, 

Илм ва ҳикмат инсоннинг камолидир. 

Шундай экан, ғазаб ва шаҳватни оёқости қилиш орқали одамийлик номига муносиб бўл.

Ибн Муқаффанинг “Адабул важиз” асаридан

 

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Izoh qoldirish