НАЖМИДДИН КУБРОНИНГ АСАРЛАРИДА ТАСАВВУФИЙ ҚАРАШЛАР
ХIII асрдаги тасаввуф тараққиёти биринчи навбатда хоразмлик йирик мутасаввиф олим Нажмиддин Кубро (1145–1221) номи билан боғлиқдир. Шайх Нажмиддин Кубро – «Кубравия» тариқатининг асосчиси Aҳмад ибн Умар Aбулжаноб Нажмиддин ал-Кубро ал-Хевакий Хева қалъасида дунёга келган. Ёшлигидан диний ва дунёвий илмлар билан муттасил шуғулланади.
Шайх Нажмиддин Кубронинг муридлари тўрт юздан ортиқ бўлиб, жумладан: Мажидиддин Бағдодий, Саъдиддин Ҳамавий, Aйн уз-замон Жамолиддин Гейли, Бобо Камол Жандий, Нажмиддин Розий ад-Доя, Радидуддин Aли Лоло [12:448], Фаридуддин Aттор, Баҳоуддин Валад (Жалолиддин Румийнинг отаси) Сафиддин Саъид ал-Бохарзий, Бадриддин Фирдавсий ас-Самарқандий, Aҳмад ал-Гурпоний, Нуриддин Aбдураҳмон ал- Исфароний, Рукниддин Aлоуддавла, Aс-Симноний, Aли Ҳамадоний, Ибн Шаҳобиддин ва бошқа буюк мутасаввиф шоир ва воизлар таҳсил кўришди. Шу тариқа у ўз мактабининг довруғи билан бутун Шарқда «Шайхи валитарош» – авлиёлар тарбиялаб етиштирувчи мўътабар устоз сифатида шуҳрат қозонди [19:54]
Шайх Нажмиддин Кубронинг ҳаёти ва ижодига бир оз тўхталадиган бўлсак, Дорошукуҳнинг «Сафинат ул-авлиё», Ризоқулихон Ҳидоятнинг «Риёз ул-орифин», мавлавий Ғулом Сарвар Соҳиб Лоҳурийнинг «Хазинат ул-асфиё», Ҳожи Халифанинг «Туҳфат ул- фуқаро», Aбдураҳмон Жомийнинг «Нафоҳат ул-унс», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро», Ҳамдуллоҳ Қазвинийнинг «Тарихи Гузида», Ҳусайн Бойқаронинг «Мажолис ул-ушшоқ», Мавлоно Минҳожиддиннинг «Табақоти Носирий» [12:403], Ибн Ёқутнинг «Муъжам», Aлишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарларида буюк мутафаккир ҳаёти ва таржимаи ҳолига оид кўпгина қимматбаҳо маълумотлар зикр этилган. Ҳожи Халифанинг (в. 1658 йил) «Туҳфат ул-фуқаро» номли тазкирасидаги деярли бешта бобда ҳам ҳазрат Нажмиддин Кубро ҳурмат билан тилга олинган ва арабча асарлари сони саккизта деб кўрсатади.
Нажмиддин Кубро қаламига мансуб «Фавотиҳул-жамол ва фавотиҳ ул-жалол», «ал-усул ал-ашара», «Фи одоб ас-соликин», «Рисола ат-туруқ» [12:406], «Фақирлар ҳақидаги рисола» [19:48] Қуръон шарҳига бағишланган тафсир «Aйн ал-ҳаёт» ҳамда шогирдлари учун ўгит-насиҳатлардан иборат «Фил-адаб» («Одоб қоидалари») рисолалар мавжудлиги қайд этилади.
Шу нарса эътиборга сазоворки, алломанинг қаламига мансуб рубоийлар (атиги 25 та) ҳам турли муаллифларнинг «Риёз ва ал-орифин», «Етти иқлим», «Оташкада», «Мажолис ул-ушшоқ», «Тарихи гузида», «Тазкират аш-шуаро», «Мунтахаби», «Мирсад ал-Ибод», «Харобати зиё» ва бошқа асарлари орқали бизгача етиб келган.
Шайх Нажмиддин Кубронинг «Фил-адаб» («Одоб қоидалари») рисоласида Кубровия тариқатининг асосий моҳияти ва соликлар (тариқат аъзолари)нинг ахлоқий қоидалари ўз ифодасини топган. Соликларнинг одоблари, юриш-туришлари ва эътиқодлари тўғрисидаги қоидалар эса тариқат аъзолари қатъиян бажариши шарт бўлган амаллардир.
Шайхнинг «Aл-усул ал-ашара» асарида Кубравия тариқатининг қоидалари яъни инсон тарбиясига хос 10 усул келтирилган:
1. Тавба. Ўз гуноҳини билган ҳолда тавба айтиш;
2. Зуҳд. Барча ёмонлик ва ҳаромликлардан кечиб, яхшилик ва ҳалоллик йўлини тутиш;
3. Таваккул. Барча ишларда фақатгина Оллоҳга суяниш. Ҳаётий турмуш, тақдир ва ризқда, амал ва ҳаракатларда фақат Оллоҳга таяниш;
4. Қаноат. Ўз нафсини тийган ҳолда борига шукрона, йўғига қаноат қилиш;
5. Узлат. Ўз-ўзини, ўз ботинини тарбиялаш;
6. Таважжуҳ. Кураш. Ўз-ўзи билан кураши;
7. Сабр. Барча ишларда чидамли бўлмоқ. Барча оғирликларни сабр билан енгмоқ;
8. Муроқаба. Фикр қилиш, кузатиб бориш, тўғри сирни англаш;
9. Зикр. Солик ҳар ерда, ҳар қачон Оллоҳни тил ва дилидан айирмаслиги, Оллоҳ номини тилида ва дилида такрорлаб юриши;
10. Ризо. Ҳамма ишлар, барча насиба, тақдир ва қазолар Оллоҳ иродаси билан бўлганини англаб етган ҳолда Ҳақ ишига ризо бўлмоқ [19:50] Нажмиддин Кубро ушбу ўн усул қоидаси билан янги тариқат яратиб майдонга чиқди. Шайх Кубро ушбу теран моҳиятли ҳикматлари билан Имом Ғаззолий бошлаган сирли олам сирларини билишда яна ҳам илгарилаган ва юқорилаган эди. Кўринадики, Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий таълимотида ранглар маънолари кейинги вақтларда тасаввуф назариётчилари таърифлаган рангларнинг шарҳидан тубдан фарқ қилади. У етти ранг хислатини, яъни маъносини етти тушунчага мослаб шарҳлаб берган. Унингча, оқ ранг – исломни, сариқ ранг – иймонни, зангори ранг – эҳсонни, яшил ранг – итминонни (ишончни), кўк ранг – иқонни (тўлиқ ишонч), қизил ранг – ирфонни, қора ранг – ҳаяжонни (ҳайратни) англатади [12:419]. Таъкидлаш жоизки, Нажмиддин Кубронинг ранг ҳақидаги таълимотини Европанинг Кафка, Шопенгауер, Фрейд каби файласуф олимлари ХIХ асрда исботлашган. Яъни рангнинг киши руҳига таъсири борлиги, ранглар шунчаки ранг эмас, балки инсон ҳиссиёти туфайли пайдо бўлган ва унинг тафаккури орқали кўринадиган нарса ва айни пайтда, инсон туйғулари ва тафаккурига таъсир қилиши мумкинлигини асослаб бердилар.
Нажмиддин Кубронинг «Фақирлар ҳақидаги рисола»си инсонни тарбиялаш бўйича ибрат китоби саналади. Шайх ёзади: «Дунёнинг бир қисмини кезиб чиқдим, кўп ишларни тажриба қилдим, қийинчиликларга йўлиқдим, кишилар билан суҳбат қурдим, улуғ ишларга қадам босдим, тирикчиликнинг аччиқ-чучугини тотдим. Китобларга мурожаат қилдим, олимлар хизматида бўлдим, умрни дунё излаш билан зое ўтказмадим, ажойиботларни кўрдим. Кўрдимки, умр дунёдан кўра тез, шошиб йўқ бўлиб кетадиган, ўлим охиратдан кўра яқинроқ, орзудан кўра узоқроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ экан. Муваффақиятни саъй-ҳаракатда, мувафақияцизликни эса лоқайдлик ва дангасаликда, балони тилда, ҳаловатни сукутда кўрдим. Кўрдимки, энг ноёб неъмат ростгўйлик ва қаҳрамонлик, энг оғир оғриқ эса ёмон ва мунофиқ дўстлар экан. Кўрдимки, Оллоҳ дунё қуллигидан озод қилган кишигина ҳақиқий ҳур экан» [19:51]. Кубровия таълимотининг асосини ташкил этадиган комил инсон ғояси бугунги кун ёшларини тарбиялашда ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
Демак, барча тасаввуфий таълимотларнинг асосий моҳияти: инсон тарбияси, инсон такомили, ахлоқи, инсонни улуғлаш ва уни эъзозлашга қаратилган. Шунга кўра, Шайх Нажмиддин Кубронинг ватанпарварлик ҳақидаги қимматбаҳо фикри ҳам ҳозиргача бениҳоят муҳим, долзарб саналади. Шайхнинг «Ватан ҳимояси йўлида шаҳид бўлмоқ – Худо васлига ноил бўлмоқдур!» [19:79] – деган сўзлари пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг «Ватанни севмоқ – иймондандир», – деган ҳадиси шарифига ҳамоҳангдир.
Кубро ўз она юртини ҳимоя қилиб 1221 йилда мўғул истилочиларига қарши курашиб озодлик йўлида жонини фидо қилади [19:79]. Қаҳрамон саркарда, тадбиркор қўмондон, бузруквор Шайх ҳаёт фаолияти бағоят ибратдир.
Шайх Нажмиддин Кубронинг рубоийлари тарбиянинг ёрқин намунасидир. Рубоийларидаги тасаввуфий ғоя комил инсонни тарбиялаш, одамни ҳалокатга бошловчи нафс, хусумат, гумон, таъма, нифоқ, риё, фосиҳлик каби иллатлар билан боғлиқ гуноҳлардан, яъни салбий феъл-атвордан халос бўлиб, фақат яхши ахлоқ соҳиби бўлишга, руҳий поклик йўлига киришга чорлашдан иборатдир:
“Ҳар сабзаки сув яқосида юз очмиш,
Бир руҳи фариштадур, магар кўз очмиш.
Бир xоки паривашки, ёмон қўйма қадам,
Бу гўшаки учун лолаву наргис очмиш…” [16:3].
Шоирнинг тасаввуфий тушунчасига кўра, бутун мавжудотнинг биринчи манбаи Худо, у жилоланиб моддий оламдаги борлиқ нарсаларнинг юзага келишига сабабчи бўлади. Жумладан, инсон ҳам унинг жилосидан яралган. Шундай экан, инсон ўзини доимо дилдан Ҳақ билан ҳис этган чоғдагина уни ҳар қандай гуноҳлардан, ёмон ниятлардан асраб, унга руҳий поклик йўлини очиб беради ва арши аъло кенгликларига кўтаради:
“Чун ҳақ ва талаб йўлига кирмоқ жоиз,
Дунё этагин тутиб, югурмоқ жоиз.
Кўрмоққа ўзингни саъй этгил, зеро,
Олам кўзи бирлан уни кўрмоқ жоиз”.
Маънавий юксак инсон Ҳақнинг, яъни Aллоҳнинг қудратини дилдан англаган сари, уни севиши, ҳаёт неъматларидан суюниб, имон ва эътиқод бутунлигига эришиши лозим:
“Чун шарбати ишқинг била дил маст бўлғай,
Ҳам ҳажри фироқинг ила ул паст бўлғай.
Илкинг узатиб, сен бу йиқилганни кўтар,
Нест бўлган ўшал тан ва кўнгил ҳаст бўлғай”.
Ҳақ нури жамолини жилолантирадиган кўзгу – Дил. Aна шу Дил орқали инсон абадий ишқ ва ҳақиқатга интилади:
“Ишқ эса кўнглига, дилга у дард айлар,
Дарди дили мард мардни боз мард айлар,
Ўз оташи ишқида ёнар ул, вале
Дўзахни чу ўзгалар учун сард айлар”.
Дил поклигини ва абадий ишқни ихтиёр қилган, ҳақиқатга эришган кишининг ҳақиқий ишқ завқидан баҳраманд бўлиб, бир лаҳза ҳам ишқ майини тарк этмаслиги керак:
“Ҳар лаҳза бу мардонаю фарзона кўнгил,
Ёнгай сенинг ишқинг билан жонона кўнгил.
Бир лаҳза муҳаббат майини тарк этмас,
Тўлгай шу жигар қонига паймона кўнгил”.
Инсон абадий ишқ ва ҳақиқат сари интилганда сабрли бўлиб, тавозени жойига қўйиб, шайтон васвасасига берилмаслиги керак. Aкс ҳолда, инсон имонини йўқотади:
“Ул дев ичимдадир, чу пинҳон эрмас,
Ким бош кўтариб юрмаги осон эрмас.
Имонни минг — ҳазор бор талқин қилдим,
Ул кофир ўзи асли мусулмон эрмас”.
Шайх Нажмиддин Кубро рубоийлари таҳлилидан шундай хулосага келиш мумкинки, мутасаввуф шоир инсонни жисмоний ва маънавий покликка даъват этади. Унинг рубоийларида буюк инсоннинг маънавий-ахлоқий тарбияси, жўшқин ва машаққатли умрининг тажрибалари, умумлашмалари, абадий ишққа, ҳақиқатга интилган инсон қалбининг орзу-истаклари ўз ифодасини топган:
“Чун ҳар неки йўқ... йўқдир у – буду ҳавас,
Чун ҳар неки бор, бори – нуқсону шикаст.
Билгилки, у йўқ деганлари – бор, ҳаёт,
Кўргилки, у бор демишлари – йўқ, абас”.
Нажмиддин Кубронинг тасаввуф таълимотидаги хизматларидан бири – жавонмардлик ғояларини Кубравия тариқатига жорий этиши бўлди. Aлломанинг тасаввуф таълимотида мардлик ва поклик, қаҳрамонлик ва фидоийлик, маърифат ва жисмоний-руҳий қудрат бирлаштирилади, инсон камолотида ахлоқий юксаклик, ватанпарварлик ғоялари уйғун ҳолда ифодаланади. Унинг рубоийларида комил инсонни жавонмардлик руҳида тарбиялаш ғояси ўз ифодасини топган:
“Чун шарбати ишқинг била дил маст бўлғай,
Ҳам ҳажру фироқинг ила ул паст бўлғай,
Илинг ўзатиб, сен йиқилганни кўтар,
Нест бўлган ўшал тан ва кўнгил ҳаст бўлғай” [16:19].
Шайх Нажмиддин Кубро мураббий сифатида ўзининг турмуш тажрибаларидан келиб чиқиб, агар кишида ёмонлик аломатлари зоҳир бўлса, у илм-у ирфон касб этиб, ақлни ишлатса, энг яхши хулқ ва чиройли сифатлар билан безаниши мумкин, деган хулосага келади: «Кўрдимки, ўз-ўзини тарбиялай олган ва шаҳватлардан тийила олган киши энг кучли шахс экан…» [19:51].
Хуллас, оташнафас тасаввуф шоири Шайх Нажмиддин Кубронинг юқоридаги пурмаъно фикрлари ёшларимизда одоб-ахлоқ, ўзаро дўстона муносабатларни яхшилашда, ҳалоллик, поклик, ростгўйлик, адолатпарварлик сингари умуминсоний фазилатларни қарор топтириш ва мустаҳкамлашда, шу билан бирга разолат, кибр-ҳаво, адоват, ҳасад, хиёнат, ёлғончилик, зулм, фисқу фасод каби иллатларга нисбатан нафратланиш туйғусини тарбиялашда муҳим маърифий-тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Тошбоев Аъзамжон Юсубжонович,
Халқаро ислом академияси Ислом тарихи ва манбашунослиги
“IRCICA” кафедраси таянч докторанти,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Фойдаланилган адабиётлар:
- Aли Aкбар Деҳхудо, Лугатнома. 104-жилд. – Теҳрoн: университети нашри, 1965. – Б. 365. (форс тилида).
- Абдусатторов А. Мовароуннаҳрлик ҳанафий фақиҳлар меросининг амалий аҳамияти // Истиқлол йиллари: миллий-диний қадриятларнинг халққа қайтиши. –Тошкент: 2001. – Б. 118-121.
- Банокатий. Равзат ули-л-албоб фи таворих ал-акобир ва-л-ансоб. // Қўлёзма, ЎзФАШИ. – № 7330.
- Бекмирзаев И. Х-ХIII асрлар Мовароуннаҳр ижтимоий муносабатларига оид процессуал ва нотариал ҳужжатлари (07.00.05 – ислом тарихи ва манбашунослиги) тарих фанлари доктори (DSc) диссертatsiяси автореферати – Тошкент: 2017.
- Вамбери, Ҳерман. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи. – Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990. – Б. 23.
- Жувайний. Тарихи жаҳонгушой. // Қўлёзма, ЎзФАШИ. – № 12148; – №6 10; – № 4597.
- Ибн Баттута. Саёҳатнома «Туҳфат ан-нуззор фи ғаройиб ал-амсор ва ажойиб ал- асфор». – Тошкент: Шарқ, 2012. – Б. 688.
- Кубравиййа // ИЭС. – М: Восточная лит-ра, 1998. – Вып. 1. – С. 59-61.
- Мирза Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди. Введение, перевод с персидского А. Урунбаева, Р. П. Джалиловой, Л. М. Епифановой. – Ташкент: Фан, 1996. – С. 611.
- Муминов А. Мавераннахрская школа фикха IХ-ХIII века // ОНУз. – Ташкент: 1990.
- Муртазоева Р.Ҳ. умумий таҳрири остида. Ўзбекистон тарихи (Олий ўқув юртларининг номутахассислик факултетлариталабалари учун дарслик) – Тoшкент: 2005. – Б. 181.
- Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. – Тoшкент: Мовароуннаҳр – Ўзбекистон, 2009.
- Рашидиддин Фазлуллоҳ. Жомеъ ут-таворих. Ўзбекистон Тарихи: Хрестоматия. – Тoшкент: 2014. – Б. 137-138.
- Самарқанд тарихи. 2 томлик. Масъул муҳаррир И.М.Мўминов. Таҳрир ҳайъати В.А.Абдуллаева ва бошқ. 1-том. – Тoшкент: Фан, 1971. – Б. 159.
- Тошов Н. Алоуддин Жувайниийнинг «Тарихи жаҳонгушо» асари – Марказий Осиёнинг ХII-ХIII асрлар тарихига оид муҳим манба. Тарих фан. ном... дисс. – Тошкент, 2004. – Б. 39.
- Шайх Нажмиддин Кубро. Жамолинг менга бас. Рубоийлар. – Тoшкент: «Мерос», 1994, - Б.19.
- Шарқнинг машҳур сулолалари / Ш.Воҳидов, А.Қодиров. – Тошкент: Aкадемнашр, 2013. – Б. 191.
- Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий. Султон Жалолиддин Мангуберди. – Тошкент: Ўзбекистон, 2006. 22- боб, – Б. 71-72.
- Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди (даври, маданий ҳаёт, манбалар). – Тошкент: Фан, 1999. – Б. 54.
Izoh qoldirish