ИБН МУҚАФФАНИНГ “АДАБУЛ ВАЖИЗ” РИСОЛАСИНИНГ ТАРКИБИ
“Ал-Адаб ал-важиз ли-л-валад ас-сағир” (“Ёш авлод учун мўъжаз адаб китоби”) рисоласи машҳур форсийзабон мутафаккир ва таржимон Абдуллоҳ ибн Муқаффа қаламига мансуб бўлиб, ушбу рисоланинг асл арабча нусхаси, афсуски, бошқа кўплаб нодир асарлар сингари бизнинг кунларимизгача етиб келмаган. Рисоланинг Носируддин Тусий томонидан форс тилига қилинган таржимаси унинг бугунги кунга етиб келишига сабабчи бўлган.
Ушбу рисола ота тилидан ўз фарзандига қилинган панд-насиҳатларни ўзида жамлаган асар бўлиб, мазкур насиҳатлар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Рисоланинг ҳар бир банди “Эй фарзанд” хитоби билан бошланиб, ҳар бир қисм алоҳида бир масала хусусидаги насиҳатлардан ташкил топган. Рисолани ибн Муқаффа фарзандига нисбатан шундай насиҳат билан бошлайди:
اى پسر: چون خدای تعالی مرا بوجود تو مستبشر گردانید و بعطای تو بر من منّت نهاد باین سنّ و درجه
.وحدّ و مرتبه رسانید که مستعدّ قبول ادب و قابل عدّت هنر گشتی
Таржимаси: Эй фарзанд! Аллоҳ таоло мени сенинг вужудга келишинг учун омонатдор қилиб қўйди ва сени ато этиш орқали менга буюк бир туҳфа берди. Сени бардавом ҳунар ва одоб намуналарини қабул қила оладиган ёшга, мартаба ва даражага етказди.
Гарчанд, аксарият ишончли манбаларда ушбу рисоланинг ибн Муқаффа томонидан ёзилганлиги борасида маълумотлар мавжуд бўлса-да, аммо бир қанча замонавий тадқиқотчилар ушбу рисоланинг ибн Муқаффага нисбат берилишига нисбатан шубҳа билан қарайдилар. Жумладан, замонавий эронлик шарқшунослардан бири Аббос Иқбол ушбу рисоланинг Ибн Муқаффага нисбат берилишини хато фикр сифатида баҳолайди. Аммо “ал-Адаб ал-важиз ли-л-валад ас-сағир” рисоласининг мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, унинг мазмун жиҳатидан Ибн Муқаффанинг “ал-Адаб ал-кабир” ва “ал-Адаб ас-сағир” каби рисолаларига жуда ўхшаш эканлигини кўрамиз. Шунингдек, ушбу рисолаларда баъзи фикрларнинг айнан такрорланганлигини ҳам кўришимиз мумкин. Асарнинг Ибн Муқаффага тегишли эканлигини далилловчи бир қанча хусусиятлар борки, ушбу хусусиятлар асарнинг ушбу алломага тегишли эканлиги тўғрисида хулоса чиқаришга сабаб бўлади. Жумладан, “ал-Адаб ал-важиз ли-л-валад ас-сағир” асаридаги ҳикматларнинг баъзилари “ал-Адаб ал-кабир” ва “ал-Адаб ас-сағир” асарларида ҳам учрайди. Шунингдек, асарнинг ёзилиш услуби ҳам Ибн Муқаффанинг услубига хосдир.
Ушбу рисола муқаддима ва 51 банддан иборат бўлиб, ҳар бир банд اي پسر (Эй фарзанд) деган хитоб билан бошланади. “Эй фарзанд!” хитоби билан бошланадиган тавсиялар бутун асар давомида такрорланади. Ушбу насиҳатларда алломанинг шукроналик, сабр-тоқат, хотиржамлик ва қадр-қимматга эга бўлиш, ўзига қарши бўлса ҳам, ҳақиқатни тарк этмаслик каби фазилатларни улуғлаши акс этади. Асарнинг Носируддин Тусий (1201-1274) томонидан 633/1235-йилда форс тилига қилинган таржимаси бизгача етиб келган. Ушбу таржиманинг бир нусхаси бугунги кунда Лондондаги Британия музейида, 752/1351 йилга оид бўлган бир қўлёзма нусхаси эса Истанбулдаги Кўпрулу кутубхонасида 1585 рақам остида сақланмоқда.
Асар форс тилига таржима қилиниш асносида унга Қуръони карим оятлари ва ҳадислардан, ҳикматли сўзлар, масаллар, форсий ва арабча шеърлардан иқтибослар келтирилган.
“Ал-Адаб ал-важиз ли-л-валад ас-сағир” асарининг Носируддин Тусий томонидан амалга оширилган таржимаси асосида 1943 йилда эронлик олим Муҳаммад Ғуфроний (1887-1969) Хуросоний ушбу асарнинг араб тилига таржима ва таҳқиқини амалга оширди. Шунингдек, асарнинг 1921 йилда Теҳронда, 1961 йилда Исфаҳонда чоп қилинган замонавий нашрлари ҳам мавжуд.
Карл Броккелман “ал-Адаб ал-важиз ли-л-валад ас-сағир” асарининг яна бир номланиши сифатида “ал-Адаб ал-важҳ” (الادب الوجه) номини келтиради.
Ушбу рисоланинг маънавий-ахлоқий қиймати ниҳоятда улкан бўлиб, ундан ёш авлодни маънан баркамол, ахлоқан етук шахс қилиб тарбиялашда фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Сарвар Саидов – Имом Термизийхалқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish