01.05.2024

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “АЛ-АМСОЛ МИНАЛ-КИТОБ ВАС-СУННА” АСАРИНИНГ ҚЎЛЁЗМА ВА ЗАМОНАВИЙ НАШРЛАРИ ТАВСИФИ

“Ал-Aмсол минал-китоб вас-сунна” китоби қомусий аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизийнинг қаламига мансуб асарлардан биридир. Дунёнинг турли манбалар хазиналари фондларининг баъзиларида асарнинг турли асрларда кўчирилган кам сонли қўлёзма ва фото нусхалари сақланади. Бу ҳақида яқин давргача кўпчилик тадқиқотчиларда батафсил маълумот йўқ эди. Асарда Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлардаги икки юздан ортиқ масал-тамсиллар ва уларнинг мазмун-моҳиятлари содда ва равон услубда баён этилган. 1975-йилга қадар бу асарни ўрганиш ва уни илмий муомалага киритишга араб ёки ажамлардан бирор тадқиқотчи қўл урмаган. Тадқиқотчи бунга алоҳида тўхталиб, бундай ёзади: “Камина бу китоб ҳақида чуқур илмий изланишлар олиб бориб, уни нашрга тайёрлаб, муҳтарам китобхонларга тақдим этмоқдаман. Афсуски, бугунга қадар, менинг билишимча, у унут бўлган, уни одамларга тақдим этишга ҳеч ким қўл урмаган эди. У ҳақида деярли ҳеч кимда маълумот йўқ, фақатгина “Амсол” жанрида асар ёзган баъзи муаллифлар Ҳаким Термизийнинг шу мавзуда асар ёзгани ҳақида қисқача қайдлар билан кифояланган. Жумладан, мисрлик доктор[1] Маҳмуд ибн Шариф “aл-Aмсал фил-Қуръан” номли китобида бу асарни бироз бошқача ном – “Расоил ал-Ҳаким ат-Термизий” шаклида зикр қилган [1:120]. Буюк муфассир Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Ансорий Қуртубий ҳам “aл-Жомиъ ли аҳкамил-Қуръан” номли асарида бу китобга мурожаат қилиб, ундан иқтибос келтирган. Лекин уни “Наводир ал-усул” деб Ҳаким Термизийнинг бошқа асари номи билан алмаштириб тилга олган [2-7-жуз, 322]. Аслида “Амсол” китоби Ҳаким Термизийнинг буткул бошқа асари эканини қуйида билиб оласиз [3:3]”. Дарҳақиқат, бу икки асар муаллифнинг турли фан ва мавзуларга оид алоҳида икки китобидир.

Асарнинг ёзилиш сабаби

Бу асар исломий фанлар сирасига кирувчи тафсир ва тасаввуф ҳамда ҳадислар шарҳига оид бўлгани учун таълифнинг исломий одобларига кўра, “басмала” яъни Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм ибораси ва Аллоҳ таолодан кўмак ўтинчидаги дуо, Унга ҳамду сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат битиклари билан бошланган. Сўнг унинг ёзилиш сабаби – аксар муаллифларнинг муборак одатларига мувофиқ, Ҳаким Термизийнинг ўзи томонидан – асар муқаддимасида қуйидаги сатрлар билан баён қилинган: “أما بعد فإنك سألتني عن شأن الأمثال وضربها للناس...” Маъноси: “Аммо баъд. Сиз мендан масал-ўхшатишлар ва одамларга зарбулмасал қилиш ҳақида сўраган эдингиз...”. Демак, асар ўша даврдаги илм ихлосмандларининг илтимосларига жавобан ёзилган экан. Бу жумладан сўнг муаллиф, масал-ўхшатиш жанрининг Қуръони каримда ҳам келтирилгани, унинг мазмун-моҳияти одамларга тушунарсиз ва номаълум бўлган нарса ва ҳодиса-ю ҳолатларни – уларга маълум бўлган, кўрган-билган, англаган нарсаларига ўхшатиш орқали – тушунтиришнинг энг самарали усули эканини айтиб ўтган [3: 1]. 

Асарнинг колофони

Асарда колофон мазмунидаги хотима қисми мавжуд бўлиб, “А” ва “Б” нусханинг охирги саҳифасида ҳам қуйидаги бир хил иборалар, яъни: “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу китоб Унинг кўмаги ва фазли карами билан ниҳоясига етди. Аллоҳнинг набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, унинг аёлларига, зурриёти ва саҳобаларига Аллоҳнинг саловоти – раҳмату мағфирати бўлсин. Бизларни ҳам Ўз фазли карами билан улар қаторида қилсин”, – деган дуо мазмунидаги битиклар бор. Сўнг хаттот ўзи ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Бу китобни охиригача кўчириш Аллоҳнинг раҳматига муҳтож  банда Али ибн Сулаймон ибн Аҳмад ибн Сулаймон Муродий Андалусийнинг қўли билан адоғига етказилди. Аллоҳ унга буни манфаатли қилсин, ундаги илмларни юқтирсин ва Ўз фазли ва раҳмати билан Ўзининг набийсига эргашувчилардан айласин. Уни ва ота-онасини ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларини мағфират қилсин!” [3: 352].

Асарнинг қўлёзма нусхалари

Бу асарнинг мағрибий хатида ёзилган энг мўътабар қўлёзма нусхаси Париж миллий кутубхонасида 5018 рақами остида сақланади. У ўзи яхлит бир китоб ҳолида эмас, бир нечта қўлёзмалардан иборат бўлиб, Б 21817 рақамли мажмуанинг 141/184 варақларидан ўрин олган, ундаги ҳар бир варақ икки саҳифадан иборат. У тахминан ҳижрий бешинчи асрга мансуб қўлёзма ҳисобланади [4: 13]. 

Унинг форсий (настаълиқ) хат турида катта маҳорат билан чиройли хатда кўчирилган бошқа бир қўлёзма нусхаси Туркиянинг Аситана (Истанбул) [5] шаҳридаги “Aşir Efendi” (Ашир Эфенди) кутубхонасида мавжуд бўлиб, у 1479 рақами билан қайд этилган. У ҳам яхлит асар ҳолида эмас, балки бир нечта қўлёзмалардан иборат Б21816 рақамли мажмуанинг 42/97 варақларидан ўрин олган бўлиб, ундаги ҳар бир варақ икки саҳифадан иборат. Бу нусха аввалгисидан саҳифасининг ён томонида сарлавҳалари борлиги билан ажралиб туради. Сарлавҳа мавзунинг бош қисмида эмас, ён томонида ёзилганидан уни муаллиф эмас, балки котиб ёзганини хулоса қилиш мумкин. Тадқиқотчи яна “Дор ул-кутубил Мисрия”да асарнинг учинчи қўлёзма нусхаси ҳам бор экани, лекин хатолари кўплиги учун йиғма қиёсий матнни тайёрлашда ундан асосий манба сифатида фойдаланмаганини айтиб ўтган [3:13]”. Асарнинг яна бир қўлёзма нусхаси Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳридаги Ал-жамъийя ал-асиявийя кутубхонасида сақланади. У (1)1056 рақамли мажмуанинг 1/81 варақларидан ўрин олган. Китобнинг номи “Тибён ул-амсол”. Муаллифнинг номи: Ҳаким Термизий. Нусханинг кўчирилган вақти Тўққизинчи ҳижрий аср. Аралаш хатда кўчирилган. Варақлар сони 81 варақ. Бичими 100х190. Мулоҳаза-намуналар:

فـإنك سألتني عن تبيان الأمثال وضربها للناس... 

Бундан асарнинг номи қўлёзма нусхаларда бир хил шаклда эмас, балки “Ал-амсол”, “Тибён ул-амсол” каби бир бирига яқин маъноли номлар билан қайд этилганини хулоса қилиш мумкин. Шунингдек, бу нусхада асарнинг қисқача колофони ва қисқа илмий тавсифи – унинг номи, муаллифи, қайси асрга оидлиги, варақлари сони, бичими ва унинг хат тури, асарнинг қандай ибора билан бошлангани ҳақида тўлиқ маълумот берилганини кўриш мумкин.

Асарнинг фото нусхалари

Миср Араб Республикасининг пойтахти Қоҳира шаҳридаги “Дорул-кутубил-Мисрия” манбалар хазинасида, Париж миллий кутубхонасидаги N:5018 ва Истанбулнинг “Aşir Efendi” (Ашир Эфенди) кутубхонасидаги N:1479 қўлёзмаларининг фото нусхалари мавжуд. Шунингдек, Қоҳира шаҳридаги “Арабий қўлёзмалар” институтида асарнинг 3142 рақамли фото нусхаси ҳам мавжуд. Бу эса Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳридаги Ал-жамъийя ал-асиявийя кутубхонасидаги (1)1056 рақамли қўлёзмадан тасвирга олинган нусхадир. Унинг охирида қуйидаги битиклар бор: “Бу нусханинг тасвирга олиш ишлари Калкутта шаҳридаги Ал-жамъийя ал-aсиявийя номли кутубхонада ҳижрий 1371-йили, ражаб ойининг 27-санасида, душанба куни, милодий 1952-йилнинг 21-апрель кунида адоғига етди [6]”.

Асарнинг йиғма-қиёсий матни

Асарнинг босма нашрини илк бор 1975-йили мисрлик тадқиқотчи олим Али Муҳаммад Бажовий Қоҳира шаҳридаги “Дор ул-кутубил Мисрия” манбалар хазинасидаги мазкур икки фото нусха асосида йиғма-қиёсий матнини нашрга тайёрлаб, Қоҳира шаҳридаги “Дорун-наҳда” ва “Мактабату дорит турос” нашриётларида чоп этган. Унда тадқиқотчи керакли ўринларда Б21817 рақамли нусхага “А” ҳарфи, Б21816 рақамли нусхага “Б” ҳарфи билан шартли қисқартма белги қўйган [3: 13].

Тадқиқот хусусиятлари

Тадқиқотчи асарнинг йиғма қиёсий матнидан аввал ўн уч бетдан иборат кириш сўзи ёзиб, унда Ҳаким Термизийнинг таржимаи ҳоли, илмий фаолияти, уламоларнинг муаллиф ҳақидаги эътирофлари, бу асарнинг таркибий қисми, турли қўлёзма ва фото нусхалари ҳамда тадқиқот хусусиятларини батафсил баён қилган. Нусхалар орасида фарқли жойлар учраса, уни сноскада келтирган. Асар матнининг шарҳга муҳтож ибораларини шарҳлаб, Ҳаким Термизийнинг чуқур тасаввуфий-ботиний маъноли тафсирларини ўқувчига тушунтириш учун машҳур тафсир китобларга мурожаат қилиб, улар асосида оятлар тафсирини матн остида изоҳда баён қилган. Қуръони каримнинг оятларини қайси суранинг нечанчи ояти эканини ҳаволада баён қилган. Қўлёзмада берилган оятларнинг маъноси тугалланмай қолган ўринларда уларни охирига етказиб қўйган. Асардаги ҳадисларни ҳам “кутуби ситта”, яъни ислом оламида “Олти саҳиҳ ҳадислар тўплами” деб эътироф этилган манбаларга мурожаат қилиб, уларнинг қай бирида келтирилганини изоҳ қисмида баён қилган. Ҳадислардаги баъзи тушуниш қийинроқ бўлган сўзларни ҳам шарҳлаган. Шунингдек, Б21816 рақамли настаълиқ хатли нусха асосида асар мавзуларига муносиб сарлавҳаларни матндан фарқли ўлароқ, йўғон, қора ҳарфларда ёзган. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва ижоди бутун дунё миқёсида кенг ўрганилган бўлишига қарамай, алломанинг асари бугунги кунга қадар етарли тадқиқ этилмаган. Асар ҳақида бу икки нашрдан ташқари араб тилида олиб борилган бирорта тадқиқот учрамайди. У ҳақида ўзбек тилида ҳам бугунга қадар етарли тадқиқот олиб борилган эмас. Шунингдек, Ўзбекистондаги қўлёзма фондларда асарнинг нусхалари мавжуд эмас. Алломанинг ҳаёти ва ижоди бўйича тадқиқот олиб борган Иброҳим Усмонов “Ҳаким Термизий” номли рисоласида алломанинг тафсир ва Қуръон илмига оид асарлари қаторида бу асарнинг фақатгина номини айтиб ўтиш билан кифояланган. Тадқиқотчи асар ҳақида бошқа бирор маълумот бермаган [7: 25]. Демак, “Ал-амсол” асарини чуқур тадқиқ этиб, унинг мазмун-моҳиятини оммага ёритиб бериш, ёш авлодни маданий мерос дурдоналари билан билиштириш бугунги куннинг долзарб мавзуси бўлиб қолмоқда.

 

Баходиржон Азамов, 

Тошкент давлат шарқшунослик 

университети мустақил тадқиқотчиси

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ал-Амсол минал-китоб вас-сунна. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий. Али Муҳаммад Бажовий тадқиқоти – тадқиқотчи муқаддимаси. Мактабату дорит-турос. – Қоҳира, 1975.
  2. “Истамбул” исми нереден гелиёр” номли мақола. Ҳурриет газетаси, 21-март, 2012-йил.
  3. Иброҳим Усмонов. Ҳаким Термизий. – Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014.
  4. Маҳмуд ибн Шариф Аламсал фил-Қуръан. Дорул ҳилал. – Байрут.
  5. Маъҳад ул-махтутот ал-арабия. – Қоҳира. Фото нусха. 
  6. Тафсир ул-Қуртубий. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Ансорий Қуртубий. . – Байрут: Дорул-кутубил-илмия. 
  7. Фиҳрис ул-махтутот қўлёзмалар каталоги. Биринчи қисм. – Қоҳира, 1961.

 


 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мавороуннаҳрлик уламоларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси.

Izoh qoldirish