03.05.2024

МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ НАЗДИДА ҚИЁФА, ИЙОФА, НУЖУМ ВА ХАТ ИЛМЛАРИ ТАЛҚИНИ

Инсоният тарихида илм ва унинг турлари аҳволи ва унга бўлган муносабат давр тараққиётини белгиловчи муҳим омил бўлиб келмоқда. Бу борада Ислом динининг ўзига хос хусусияти шуки, илмга ушбу дин олимлари томонидан “воқеа-ҳодиса ва нарсаларни аслидагидек билиш” дея таъриф берилган ҳамда илм турли хурофотлардан халос қилиб, башарият фойдасига хизмат қилдиришга йўналтирилган. 

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизий (тахм. 205-320/820-932) ҳам ўз ижодида диний ва дунёвий билимлар уйғунлигининг ёрқин намунасини кўрсатиб, айрим илмларни таҳлил этишга эътибор қаратган. Жумладан, олим “Таҳсилу назоир ал-Қуръон” асарида дейди: “Қиёфа илми, ийофа илми, нужум илми ва хат илми – Аллоҳнинг хайру саховатига сазовор бўлганларга берилган илмлардир. Дарҳақиқат, Аллоҳ уларни бандаларига имтиҳон тарзида ҳам берган ва уларга бунинг шукрини тақозо қилган”.

Аммо қиёфа илми, бу зикр қилиб ўтган нарсамиздир. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мужаззиз Мудлажжийнинг ҳақлигини тасдиқлашлари билан собит қилдилар, ҳатто унинг сўзидан юзлари чизиқларини намоён қилган сурурга тушдилар ва уларнинг барқ уриши юзларида намоён бўлди. Асорийр – пешана ва қўллардаги чизиқлардир. 

Бу билан муаллиф Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шарифни назарда тутмоқда:

ألم ترين يا عائشة أن مجززا المدلجي نظر إلي أسامة ابن زيد و إلي أبيه فقال: إن هذه الأقدام بعضها من بعض

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимга кирдилар. Юзларининг чизиқлари барқ уриб турар эди. Дедиларки: «Эй Оиша, Мужаззиз ал-Мудлажжийни кўрмайсанми?! Усома ибн Зайд ва отасига назар солди ва дедики «Бу қадамлар бир-биридандир».

Муаллиф бу илмнинг фойдасини шундай баён қилади: “Мунофиқлар отасига нисбат беришда Усомага таъна қилар эдилар. Мужаззиз назар солганда эса – у қиёфачи бўлиб, инсон ва бошқа ашёлардаги нарсаларнинг изларини ажратар эди, бу эса улуғ илм бўлиб, у кимга берилса, Аллоҳ унга неъмат берибди – дейманки, қачонки Мужаззиз унга назар солганида, унинг отасига нисбати ҳақиқий эканини ва бунда шак йўқлигини собит қилди”.

Қиёфа илми икки қисмга бўлинган: 

1. Қиёфатул асар, яъни излар қиёфаси – тузилиши ҳақидаги илм ва бу ийофа дейилади, у ҳақда қуйида келади.

2. Қиёфатул башар – икки шахс аъзолари орасидаги муштарак ва алоҳида хусусиятларни уларнинг насаб, туғилиш ҳамда бошқа ҳол ва хулқий далолатлар кайфияти жиҳатидан баҳс қиладиган илмдир. Бу илм арабларда, хусусан, бани Мудлаж ва бани Лаъбга хос бўлиб, уларда табиатан мавжуд саналади ва шунинг учун уни таълим олиш маҳоллиги қайд этилади. Бу илм кейинчалик ҳам айрим шаклларда мавжуд бўлган. Келтирилишича, Имом Муҳаммад ва Имом Шофеъий бир инсонни кўришади ва биринчиси уни дурадгор, иккинчиси темирчи дейди. Ўзидан сўрашганда у аввал темирчи бўлиб, ҳозир дурадгорлигини айтади. (Сиддиқ Ҳасан. Абжад ал-улум. 2/436-437).

Ҳаким Термизий ийофа илми ҳақида дейди: “Аммо ийофа илми – қуш учиши борасидаги илм. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинадики, у зот дедилар:

الطير تجري بقدر

“Қушлар қадар билан ҳаракатланади”.

Имом Ҳоким Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ушбу ҳадисни Имом Суютий «Ал-жомеъ ас-сағир»да саҳиҳ санаган. Суютий. Ал-жомеъ ал-кабир. 4/33, 11309-рақам ва изоҳ қисми. Буни Имом Баззор ҳам ривоят қилган: Ҳайсамий. Мажмаъ. 7/424, 11902-рақам. Бошқа муҳаддислар, жумладан, Имом Аҳмад «Муснад»ида ушбу ҳадиснинг давоми ҳам келади: «У зотни яхшиликка йўйиш қизиқтирар эди». 41/448, 25982-рақам ва изоҳ қисми. Яъни, бирор аломат билан ишларни яхшиликка йўйишни яхши кўрар эдилар. Муновийнинг ушбу ҳадис шарҳида айтишича, жоҳилият вақтида киши бирор жойга чиқмоқчи бўлса, қуш учирар, агар ўнгга учса, яхшиликка, чапга учса, ёмонликка йўяр ва қайтар эди. Ушбу ҳадис мана шундан қайтаради. Маълум бўладики, қушнинг учишини ёмонликка йўймаслик керак. Бошқа ҳадисларда шумланишдан қайтариш ҳақида келади ва «шумланиш»«тийара» сўзи билан ифодаланади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касаллик юқиши йўқ, қуш-ла фол очиш йўқ, бойқуш йўқ ва сафар йўқ. Ва моховдан худди арслондан қочганингдек қочгин», – дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дейди: «Ушбу ҳадиси шарифдаги биз «қуш-ла фол очиш йўқ» шаклида таржима қилган ибора арабчада «тияра» дейилади. Бу ибора «тоир» — «қуш» сўзидан олинган. Қушни фол очишга нима дахли бор ёки ҳозирдаги баъзи фолчиларга ўхшаб қушга хатни торттириб фол очиш авваллари ҳам бўлганми, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Қуш билан фол очиш жоҳилият даврида бошқача бўлган. Жоҳилият аҳлидан бирортаси бир ишни қилиш-қилмасликда иккиланиб қолса, қушни қўлда тутиб туриб учирган. Агар қуш ўнг томонга учса, ўша ишни қилган. Агар қуш чап томонга учса, у ишни қилмаган. Агар қуш тўғрига учса, яна бошқа қуш учирган. Улар бу ишни кўп қилганидан умуман фол очишга ҳам «тияра» ибораси ишлатиладиган бўлиб кетган. Ислом дини буни ҳам рад этди» («Ҳадис ва ҳаёт»). 

Аксинча, у зот ҳар бир нарсани яхшиликка йўйишга тарғиб қилиб, мабодо инсон табиати тақозосига кўра шумланиш юз берса ҳам нима қилиш лозимлигини айтганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шумланиш зикр қилинди. Шунда у зот: «Энг яхшиси, хайрли фол қилиш. У (шумланиш) мусулмонни қайтармас. Қачон бирингиз ўзига ёқмаган нарсани кўрса, «Аллоҳумма, лаа яъти билҳасанати иллаа анта ва лаа ядфаъус саййиаати иллаа анта. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла бика», десин, – дедилар» (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган) Дуонинг маъноси бундай: «Яхшиликларни Сендан ўзга келтирмас. Ёмонликларни Сендан ўзга қайтармас. Сендан ўзгада куч ҳам йўқ, қувват ҳам йўқ» («Ҳадис ва ҳаёт»).

Дейиладики, ийофа илмининг асли асар – изларга қараб аломатларни билишдир. Масалан, арабларда одам ёки ҳайвон изларини энг нозик жиҳатларигача ажратувчи кишилар бўлган. Бу илм қочган кишилар, йўқолган ҳайвонларни топишда керак бўлган. (Сиддиқ Ҳасан. Абжад ал-улум. 2/385). 

Ийофа – қушлар ҳаракатига қараб фаросат ёки фол билан баҳолашга ҳам нисбат берилади. Таҳонавийнинг нақл қилишича (Кашшоф. 2/1143), унинг «тияра»дан фарқи шуки, «тияра»да фақат шумланиш бўлса, бунда яхшилик хабарини бериш ҳам жоиз бўлган. «Лисон ал-араб»да келишича, жоҳилиятда Бани Асад ийофага хосланган эди. Муаллифнинг бу ўриндаги муроди шундан иборатки, айрим қушларнинг маълум хатти-ҳаракатлари билан маълум табиат ҳодисалари боғлиқлиги кузатилиши мумкин бўлиб, бу фаросат, аломат ва тажрибага асосланади. Ёки Иброҳим алайҳиссалом Маккада қолдирган Ҳожар ва унинг ўғлини Журҳум қабиласи уларнинг устидан учиб турган қуш орқали топгандек. Чунки ўша қавмга сув керак бўлганда, улар қушнинг учишидан у ерда сув борлигини фаҳмлаб олишган. «Лисон ал-араб»да (9/261) ийофанинг таърифларидан бирида уларнинг исмлари билан бирга тушиш ва ўтиш жойлари ва овозларига эътибор қаратиш ҳам дейилади, шунингдек, бу сўз кўчма маънода фаросат маъносига ҳам далолат қилиши ва айрим машҳур тобеинлар уни шу маънода ишлатгани келтирилади. Умуман, Ислом дини ўзидан аввалги илмларни куфр, ширк ва бидъат-хурофотлардан тозалаб, уларни илмий асосга йўналтиргани барчага маълум. Шунинг учун бу ўринда ҳам қушлар хатти-ҳаракатини айнан илмий асосларда ўрганиш масаласи кўтарилган. Чунки муаллиф таржима ҳолидан шу нарса маълумки, у табиий-аниқ фанларни, жумладан, астрономия, математика, тиббиёт каби илмларни пухта ўрганган. Дарҳақиқат, замонавий илм-фан қушлар овози ва хатти-ҳаракати билан боғлиқ кўплаб муҳим илмий жиҳатларни қайд этмоқда. 

Аммо бу ишлар хурофий тус олиб, бузуқ эътиқод билан қилинса, ман қилинади: «Қобийса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Иёфа, шумланиш ва тош ташлаб фол очиш ботилдандир» –  деганларини эшитдим» (Абу Довуд солиҳ санад ила ривоят қилган). «Иёфа» – қушларнинг исмига ва сайрашига қараб фол очиш» (“Ҳадис ва Ҳаёт”). Бу иш ҳаром ва унга эътиқод қилиш куфрдир. (Таҳонавий. Кашшоф. 2/1242).

Ҳаким Термизий зикр этиб ўтган нужум илмига келсак, у зотнинг ўзи ҳам автобиографик асарида бу илм билан жиддий шуғулланганлигини қайд этган. Нужум илми – қуёш, ой ва юлдузларнинг аҳволларини ўрганиш усули ҳақидаги илмдир. Унинг математика каби илмларга боғлиқ ҳисобий, қуёшнинг фасллар ўзгаришига кўра, фалак буржларидаги ҳаракатига боғлиқ табиий, самовий жисмларнинг воқеа-ҳодисаларга таъсирини гумон қилувчи ваҳмий каби турлари бор бўлиб, ана ўша ваҳмийси шариатда қайтарилган. Субкий ўз «Табақот»ида Имом Шофеъийдан нақл қилинишича, агар мунажжим ҳақиқий таъсир эгаси Аллоҳ деб эътиқод қилса ва Аллоҳнинг жорий қилган одатларига кўра, самовий жисмлар ҳаракати ва жойлашуви билан айрим ҳоллар юз беради, деб ҳисобласа, ҳечқиси йўқ. Маълум бўладики, таъсирни юлдузларнинг ўзигагина боғлаш ман қилинган. (Сиддиқ Ҳасан. Абжад ал-улум. 2/551-559. Таҳонавий. Кашшоф. 2/635). 

Ҳаким Термизий яна дейди: “Аммо хат илми – Пайғамбарлардан бири бир хат билан ёзар эди ва ўз қавмига ҳам ўша хат билан юборилди. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи:

أَوْ أَثَارَةٍ مِنْ عِلْمٍ

“ёки илмий асар” (Аҳқоф, 4).

Ушбу оятга Олтинхон тўра «Нақл қилинган бир мазмун» деб маъно берган. Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики, бу олимлардан қилинган ривоят ёки Пайғамбарлардан қолган бир илмдир. Шунингдек, «Тафсири Табарий»да у зотдан келтирилишича, бу илгари араблар ерга чизадиган хат-ёзувдир. Сўнг унинг изидан Абу Бакр ибн Айёшдан ривоят қилинишича, бу хат – ийофадир. «Тафсири Насафий»да  «аввалгилар илмларидан сизларга қолган бир илм», «Баҳр ал-улум»да эса пайғамбарлар ёки олимлардан асар ёки ривоят бўлиб қолган илм маъноси ривоят қилинган. Имом Мотуридий ҳам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг бу ўриндаги «асар»ни «хат» деганини келтириб, сўнг дейди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан зикр қилинишича, у зот дедилар: «Пайғамбарлардан бўлган бир пайғамбар ёзар эди (хат қилар эди). Кимнинг хати унинг хатига тўғри келса, билади». Имом Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда бу ўриндаги «илмий асар»ни Пайғамбар алайҳиссалом «хат» деганлари айтилади. Унинг Имом Табароний томонидан қилинган ривоятида келишича, Пайғамбар алайҳиссаломдан хат ҳақида сўраганларида «Бу илмий асар», – деб жавоб берганлар. Ҳайсамий «Мажмаъ»да (1/456, 927-рақам) «Имом Аҳмад ровийлари саҳиҳ», – дейди. Уни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога мавқуф тарзда Имом Ҳоким ҳам саҳиҳ санад билан ривоят қилган. (Имом Аҳмад. Муснад. 3/449, 1992-рақам ва изоҳ қисми).

Имом Аҳмад, Муслим, Абу Довуд, Насаийлар Муъовия ибн Ҳакам Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Пайғамбар алайҳиссаломдан сўради: «Биздан айримлар чизишади?» У зот: «Пайғамбарлардан бир пайғамбар чизар эди. Кимнинг чизганиб унга мувофиқ келса, ўша», – дедилар. (Суютий. Ал-жомеъ ал-кабир. 6/327, 16611-рақам).

Ушбу ривоят Имом Мотуридий келтирган шаклда ҳам мавжуд бўлиб, уни Имом Баззор Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъ»да (1/455, 925-рақам) дейди: «Уни Баззор шайхи Абу Саббоҳ Муҳаммад ибн Лайсдан ривоят қилган. Абу Муҳаммад ибн Лайсни Ибн Ҳиббон «Ас-cиқот» (“Ишончли ровийлар”) китобида зикр қилган ва «Хато ва хилоф қилади» деб таърифлаган. Қолган ровийлари саҳиҳ». Имом Суютий ушбу ривоятни «ҳасан саналди» дея қайд этган. (Имом Суютий. Ал-жомеъ ал-кабир. 6/200, 16346-рақам).

Муъовия ибн Ҳакам ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумонинг ҳадислари ҳақида Хаттобий, Қози Иёз ва Имом Нававий каби олимларнинг хулосаси шуки, ушбу илм ўша пайғамбарнинг ўзига хос. Пайғамбар алайҳиссалом уни мутлақ ҳаром қилмаганлари сабаби ўша пайғамбарнинг бу илмга хослангани сабабидан бўлиб, ҳадис умматни бу каби ишлардан қайтаришга далолат қилади. Булардан келиб чиқадики, Ҳаким Термизий “хат илми” дейилганда ўша пайғамбарга берилган илмни назарда тутмоқда ва бунинг айнан топилиши маҳолдир. 

Хулоса қилиш мумкинки, илмлар киши эътиқодини бузмаслиги ёки уни нотўғри тарафга буришга сабаб бўлмаслиги, фойдасиз нарсалар билан машғул бўлишга олиб келмаслиги, аксинча, шахс камолоти, дин ва дунё манфаатлари йўлида хизмат қилиши лозим бўлади. Бу эса саҳиҳ ҳадиси шарифларда келган фойдали илмни сўраш, фойдасиз илмдан эса паноҳ тилаш маъноларига мувофиқдир.

 

Жўрабек Чўтматов,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Маждиддин Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Ферузободий. Танвир ал-миқбос мин тафсири Ибн Аббос. – Жиза (Миср), 1342/1923.

2. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид ибн Касир ибн Ғолиб Омилий Табарий (ваф. 310/923). Жамиъ ал-баён фий таъвил ал-Қуръон. – Байрут: Муассаса ар-рисола, 1420/2000. XXIV. Биринчи нашр.

3. Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий (ваф. 333/944). Таъвилоту аҳл ас-сунна. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1426/2005. X. Биринчи нашр.

4. Абу Лайс Наср ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий (ваф. 373/983). Баҳр ал-улум. – Байрут: Дор ал-фикр, III. 

5. Ҳофизиддин Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (ваф. 710/1310). Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-танзил. – Байрут: Дор ан-нафоис, 1426/2005. IV.

6. Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Шайбоний Воилий Марвазий Бағдодий. Муснад Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. – Байрут: Муассасатур-рисола, 1999. L. Иккинчи нашр.

7. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизий. Таҳсилу назоир ал-Қуръон. – Қоҳира: “Ас-саъодат”, 1389/1969. Биринчи нашр.

8. Нуриддин Абулҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Сулаймон ибн Абу Бакр ибн Умар ибн Солиҳ Ҳайсамий Мисрий Қоҳирий (735-807/1335-1404). Мажмаъ аз-завоид ва манбаъ ал-фавоид. – Байрут: Дор ал-фикр,1412/1992. X.

9. Жалолиддин Абулфазл Абдураҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқиддин Хузайрий Суютий Қоҳирий (ваф. 911/1505). Жамъ ал-жавомиъ ал-маъруф бил-жамиъ ал-кабир. – Азҳар: Дор ас-саъода, 1426/2005. XXV. Янги нашр.

10.Зайниддин Муҳаммад Абдураъуф ибн Тожулорифин ибн Али ибн Зайнулобидин Ҳаддодий Муновий Қоҳирий (ваф. 1031/1622). Файз ал-қодир шарҳ ал-жомеъ ас-сағир. – Миср: Ал-Мактаба ат-тижарийя ал-кубро, 1356/1938. VI. Биринчи нашр.

11. Сиддиқ ибн Ҳасан Қонужий (ваф. 1307/1889). Абжад ал-улум. – Дамашқ: Визорату ас-сақофа вал-иршод ал-қавмий, – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1978. III.

12. Муҳаммад Али Таҳонавий (ваф. 1362/1943). Мавсуъату кашшоф истилоҳат ал- фунун вал улум. – Байрут: Мактабату Лубнан наширун, 1996. II. Биринчи нашр.

13. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тиб ва дам. 18-жуз. – Тошкент: Шарқ, 2005.

 

Izoh qoldirish