06.05.2024

МУҲАДДИСЛАР РИВОЯТ ҚИЛГАН ҲАДИСЛАРДА МЕРОС ИЛМИ АҲКОМЛАРИНИНГ БАЁН ҚИЛИНИШИ

Мовароуннаҳр ислом дини кириб келганидан бошлаб кўплаб уламоларни етиштириб чиқаргани ҳаммага маълум. Улар Ислом дини ва унга тегишли бўлган барча соҳаларда, шунингдек, араб тили, мантиқ, балоғат каби фанлар билан биргаликда дунёвий илмлар ривожига ҳам катта ҳисса қўшдилар. Айнан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Фарғона, Термиз ва Насаф каби шаҳарлар илм марказларидан бири сифатида бутун дунёга танила бошлаши ҳам мана шу даврларга тўғри келади. Мовароуннаҳрдан ўша вақтда мавжуд бўлган илмлардан ташқари бир қанча янги илмларга асос солган улуғ зотлар ҳам етишиб чиқди. Ислом маданиятининг ривожланиши, мусулмон ўлкаларининг юксак тараққиётга эришиши каби ижобий суратлар Ислом динининг илм-фанга бўлган ўта яхши муносабатидан, илм олишни ҳар бир эркак ва аёл учун бешикдан лаҳадгача фарз қилганидан, уламоларнинг сиёҳини шаҳидлар қонига тенглаштирганидан дейиш мумкин[1].

Тарихий воқеалар ҳам ўша даврда (IX–X асрлар) «...Мовароуннаҳрда кечаётган жараён ҳали маҳаллий аҳамиятга эга бўлиб, бу минтақа ислом марказларида Хуросоннинг бир қисми ҳисобланарди. Фақиҳ гуруҳлари, Сомонийлар (875–999) амалдорлари зўравонликларидан аҳоли турли табақаларининг ягона ҳимоячиси сифатида чиққанликлари натижасида уларнинг ижтимоий обрўси ва таъсир доираси кенгая борди»[2]. Мақола муаллифи ёзишича, ўша даврда фиқҳ илми турли жиҳатдан, масалан, яратилган асарларнинг озлиги нуқтаи назаридан ҳам шаклланиш ва кучга тўлиш даврини бошдан кечирмоқда эди.

Давлат ҳокимияти Қорахонийлар (999–1212)га ўтгандан кейин Мовароуннаҳрда фиққ илмининг ривожи ва такомили юзага кела бошлади. Қорахонийлар давлати қарор топиши натижасида «Мовароуннаҳрнинг Хуросон билан алоқалари заифлашиб, оёққа турган маҳаллий мактабларнинг мустақил ривожланишига асос яратилди. Марказий шаҳарларда автоном бошқарувнинг кучайиши уламо гуруҳлари таъсир доирасининг кенгайишига олиб келди. Бухоро ва Самарқанд ҳақиқий илм марказларига айлантирилди. Бу шаҳарларда Насаф, Марв, Фарғона фақиҳлари ҳам фаолият кўрсатдилар»[3].

Ушбу мактабларнинг вакиллари бўлган фуқаҳоларнинг деярли ҳаммалари фароиз бўйича катта ишларни қилишган. Бунинг учун фароизни фиқҳ бобларидан бири эканлигини эслаб ўтишнинг ўзи кифоя. Аммо уларнинг орасида айримлари ўзларига хос қарашлар билан ажралиб туришган. 

Фиқҳнинг усул ва фуруълари бўйича эса Мовароуннаҳр уламоларининг сони чексиздир. Усулул фиқҳ илмининг ривожланишига ҳисса қўшган Ўрта Осиёлик уламолар қаторида Абу Мансур ал-Мотурудий, Имом Абу Зайд ад-Дабусий, Имом Али ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим Фахрул Ислом Баздавий (в. 482), Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ҳофизиддин ан-Насафий, Шамсул-аимма ас-Сархасий ва бошқаларни келтириш мумкин бўлса, фуруъул фиқҳ борасида ижод қилган алломаларимиздан Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний (в. 587), Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий, Имом Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий, Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Абдулжалил ал-Марғиноний, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий (в. 483), Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалавоний, Қозихон номи билан машҳур Фахриддин Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний (в. 592) ва бошқа кўплаб алломаларни санаш мумкин бўлади.

Мерос илмига тааллуқли ҳукмлар Қуръони карим, суннат ва ижмога суянганлиги учун Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан ислом илмларининг турли соҳаларида шуҳрат қозонган олимларнинг аксарияти ушбу илмга қайсидир маънода ҳисса қўшган. 

Ҳадис илми бўйича ҳам бутун дунё тан олган олимлардан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий (161-238/778-853), Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий (118–181/726–797), Имом Насаий (215-303/829–915), Имом Бухорий (194–256/810–870), Имом Термизий (209–279/824–892), Имом Доримий[4] (182–255/797–869) каби уламоларимизни келтиришимиз мумкин.

Ислом оламидаги энг ишончли олти тўплам муаллифларининг учтаси Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насоийларни мана шу юртдан чиққанлиги юртимиз уламоларининг бу соҳадаги ўринларини кўрсатиб турибди.

Имом Бухорий “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” китобида мерос ва васият аҳкомларига кенг тўхталиб ўтган. Китобнинг 85-бобини “Китаб ал-фароиз” деб номлаган. Ушбу китобда 43 та, улардан биттаси муаллақ, қолгани мавсул ҳадис ҳамда саҳоба ва улардан кейингиларнинг асарларидан яна 24 та келтирган.

Имом Бухорийнинг фиқҳдаги қарашлари бобларнинг сарлавҳаларидан олинади. Шундан кўриш мумкинки, фароиздаги кам сонли ихтилофли масалалардан бўлган бобо билан ака-укалар мероси масаласида Имом Бухорий жумҳур уламоларга хилоф равишда Абу Ҳанифа мазҳабидаги каби фикрни танлаганини кўриш мумкин. Шунинг учун имом “бобо билан ака-укаларнинг мерос олишлари ҳақидаги боб” деб сарлавҳа қўяди ва боб остида: “Абу Бакр, ибн Умар ва ибн Зубайрлар: бобо отадир, деганлар”, – дейди[5]. Шунингдек, Имом Бухорий фуқаҳолар ўртасидаги тортишувли масалалардан бўлган марҳума аёлга меросхўр бўлган икки амакининг ўғиллари масаласида ҳам ҳазрати Алидан келган ривоятга биноан марҳуманинг ҳам эри ҳам амакисининг ўғли бўлган амакиваччасига молнинг ярми, ҳам она бир акаси бўлган иккинчи амакиваччасига 1/6 берилганидан сўнг қолган мол ўрталарида тенг бўлинишини айтадилар[6].

Фароиз китобларининг аксарида ёритилмаган мулоана мероси, насаб даъвоси қилганга мерос берилиши, лақит (топиб олинган инсон) мероси, валосини биров олмаслик шарти билан озод қилинган (саиба) нинг мероси, асирни мерос олиши, фарзанд меники, деб даъво қилган аёл масаласи каби ва бошқа қатор ҳукмларни оят, ҳадис ва асарлар орқали очиб беришга ҳаракат қилиб, фароиз уламоларига жуда катта енгилликлар бўлишига сабабчи бўлган[7].

Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан машҳур муҳаддислардан бошқа бири Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий Доримий (181/798–255/869) ҳам ўзининг шоҳ асари бўлган “Сунан”нинг 21-китобини “كتاب الفرائض” (“Мерос ҳуқуқи ҳақидаги китоб”) деб атаган. Ушбу китоб “Фароиз илмини ўрганиш” ҳақидаги боб билан бошланади. Шунингдек, унда эр ва хотин, қиз ва ўғил, ака-ука ва опа-сингиллар, бобо ва бувиларнинг меросдаги улушлари, мамлуклар ва Аҳли китобларнинг мерослари масалаларига бағишланган ҳадислар жамланган. Китобда узоқ ва яқин қариндошларнинг улушлари, мулоъана[8], қотил, асир тушган киши, зинодан туғилган бола, меросхўр бўлмаган вазиятлар, қул озод қилишлик (الولاء) сабаб меросхўр бўлиш ва бошқа мавзулардаги кўплаб ҳадислар келтирилган. Имом Доримийнинг ушбу “كتاب الفرائض” (“Мерос ҳуқуқи ҳақидаги китоб”) китоби ҳаммаси бўлиб 56 боб, 324 та ҳадисни ўз ичига олган[9].

Абу Исо Муҳаммад Термизий ҳам ўзларининг “Сунани Термизий” номи билан машҳур бўлган жомеъида “أبواب الفرائض عن رسول الله” (“Росулуллоҳ с.а.в. дан фароиз бўйича келган ҳадислар”) деб номланган умумий сарлавҳа остида 20 та боб, 27 та ҳадис келтирган[10]. Имом Термизий кўплаб фуқаҳолар, жумладан, Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик ва бошқаларга хилоф равишда мусулмон қўли остида исломга кирган мушрикнинг бошқа меросхўри бўлмаган ўринда меросига эга бўлади, дейди. Мазкур ҳукмни улар Тамим ад-Дарийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис билан қувватлайди: “У киши Пайғамбар с.а.в. дан: мусулмоннинг қўлида исломга кирган мушрик борасида қандай йўл-йўриқлар бор? – деб сўрайди. Пайғамбар с.а.в: “У (мусулмон) унинг (исломга кирганнинг) ҳаёти ва ўлими учун ҳаммадан ҳақли”, – дейдилар”[11].

Шунингдек, Имом Термизий: “Эри ўлдирилган аёл нафақат эрининг молидан, балки хуни (дия)дан ҳам мерос олади”, – дейди ва бу сўзларига Пайғамбар с.а.в. нинг Килобийга ёзган мактубларини келтиради. Унда, жумладан, Пайғамбар с.а.в. унга хат ёзиб: “Ашям Добабийнинг хотинини эрининг диясига ворис қилгин”, – деганлар[12].

Хулоса қиладиган бўлсак, Мовароуннаҳрлик муҳаддисларнинг фиқҳ ва айниқса, унинг катта бобларидан бири бўлган фароиз соҳасида қилган ишлари беқиёс экан ва ундаги кўплаб нозик масалаларнинг ҳал қилинишида уларнинг муносиб ўринлари салмоқли эканини тадқиқотчилар кўрсатиб беришган. 

С. Масайитов - Ўзбекистондаги ислом цивилизatsiяси

маркази катта илмий ходими,

ТИИ катта ўқитувчиси

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Тошкент: Тошкент ислом университети, 2004. 
  2. Доримий Самарқандий Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон. Сунани Доримий (сайланма). Таржимонлар: Усмонов И. Алимова М. Ва бошқ. – Тошкент: Тошкент ислом университети, 2011. – Б. 20.
  3. Мўминов А. Мовароуннаҳр мусулмонлари: ҳанафийлар, Шарқшунослик, – N 9, 1999.
  4. Насафий, Абул Баракот. “Мадорик ут-танзил ва ҳақоиқ ут-таъвил”. “Дар ул калим ат-тоййиб”. – Байрут, 1998. 
  5. Самарқандий Абу Лайс. Баҳр ул улум. – Байрут: Дар ул кутубил илмийя, 1993. 
  6. Т. Дустжонов; С.Хасанов Хоразм Маъмун академиясининг олис-якин юлдузлари”. – Тошкент, 2005 й.
  7. Ўрта аср Шарқ алломалари энциклопедияси. Зиёдов Ш. раҳбарлигидаги олимлар жамоаси, 2016.
  8. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мавороуннаҳрлик уламоларнинг жаҳон цивилизatsiясига қўшган ҳиссаси.
  9. Шоший Б. Муқаддимаи илмил фароиз. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёти, 2016.
  10. ابن حجر العسقلاني. فتح الباري شرح صحيح البخاري. ج12, ص28.
  11. المباركفوري أبو العلي محمد عبد الرحمن. تحفة الأحوذي بشرح جامع الترمذي دار الفكر 1979. ج6 ص 264.


 

[1] Мўминов А. Мовароуннаҳр мусулмонлари: ҳанафийлар, // Шарқшунослик, 9-сон, 1999 й

[2] Мўминов А. "Мовароуннаҳр мусулмонлари: ҳанафийлар", //  Шарқшунослик, 9-сон, 1999 й.

[3] Ўрта аср Шарқ алломалари энциклопедияси. Зиёдов Ш. раҳбарлигидаги олимлар жамоаси. 2016. Расулова; Т.Дустжонов; С.Хасанов “Хоразм Маъмун академиясининг олис-якин юлдузлари”. – Тошкент: 2005 й.,

[4]ابن حجر العسقلاني. فتح الباري شرح صحيح البخاري. ج12, ص19.

[5] ابن حجر العسقلاني. فتح الباري شرح صحيح البخاري. ج12, ص28.

[6]  Ўша манба. – Б. 31.

[7] Мулоъана –хотинини зинода айблаган эрнинг ўзидан бошқа гувоҳи бўлмагани ва хотин ушбу айбни туҳмат деб тан олмагани учун қози ҳузурида бир-бирларини лаънатлашидир. Мабодо хотин ҳомиладор бўлиб қолган бўлса, у отага нисбатланмайди. Бу ерда ана шу бола худди зинодан туғилган бола каби фақат она ва у томондан бўлган қариндошлардан мерос олиши ҳақида гап боради.

[8] Доримий Самарқандий Абу Муҳаммад Абдулоҳ ибн Абдурраҳмон. Сунани Доримий (сайланма). Таржимонлар: Усмонов И. Алимова М. ва бошқ. – Тошкент: Тошкент ислом университети, 2011. – Б. 20. (Б. 233).

[9] المباركفوري أبو العلي محمد عبد الرحمن. تحفة الأحوذي بشرح جامع الترمذي دار الفكر 1979. ج6 ص 264. 

11.Ўша манба. – Б. 295.

[11]. Ўша манба, – Б. 292.

[12] А. И. Расулов, Л. С. Турсунов Диний багрикенглик ижтимоий-психологик феномен сифатида 2015. – Б. 15.

Izoh qoldirish