ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ
Бошқа фан соҳаларида бўлгани каби, психологияда қам толерантликни яъни бағрикенгликни кундалик ва илмий тушунча сифатида фарқлаш лозим. Бироқ ҳозирги замонавий адабиётларда бундай фарқни сезиш мушкул, бундай хулосага толерантликка берилган баъзи таърифлар билан билишиб чиқиб келиш мумкин: «қарама-қаршилик шароитида ҳамкорлик қадрияти»; «ўзингнинг шахсий мақсад ва қизиқишларидан фарқлиларни қабул қилиши»; «эшитганларинг ўз дунёқарашингга қанчалик номутаносиб бўлмасин, сабр билан эшитиш, турли фикрлар билан ҳисоблашиш қобилияти»; «тинчлик ва хотиржамликка интилиш». Юқорида келтирилган барча таърифлар толерантлик феноменининг ҳам кундалик, ҳам илмий таърифи бўла олади.
Психологияда толерантлик феномен сифатида нисбатан яқин вақтлардан бери ўрганилмоқда. Бағрикенглик тенгликни ҳурмат қилиш ва тан олиш, устунлик қилиш ва куч ишлатишдан воз кечиш, инсоний маданият, меъёрлар, эътиқодларнинг кўп ўлчамлилиги ва турли-туманлигини тан олиш, бу турли-туманликни бир турлиликка ёки қандайдир нуқтаи назарнинг устунлик қилишига келтиришдан воз кечишдир[1].
«Чидамлилик» ва «толерантлик» тушунчаларининг ўзаро боғлиқлигини кўриб чиқишда А.А. Реан фикри карама-қаршидир. Унинг фикрича, толерантлик психофизиологик тушунчадир ва у бирор-бир номувофиқ омил таъсирига сезувчанликнинг сусайиши натижасида унга таъсирланишнинг пасайишини билдиради. А.А. Реан фикрига кўра, «чидамлилик» тушунчаси толерантликни ўз ичига олади ва янада умумийрок ҳисобланади. Чидамлилик шахснинг турли фикрларга муносабат, инсонлар ва воқеаларни баҳолашда олдиндан бир фикрга эга бўлмаслиги билан боғлиқ бўлган хусусияти, деб тушунилади.
Марказий Осиё ва Яқин Шарқ халқларида толерантлик: тарбияси узоқ тарихга эга. Ота-боболаримиз фарзандларига жуда ёшликдан бошлаб бошқа дин ва миллатларнинг вакилларига нисбатан сабр-бардошли бўлиб, ўзга халқларнинг маданияти, тили, урф-одатларини ҳурмат қилиш каби фазилатларни сингдирганлар. Шу билан бирга, толерантлик тарбиясини келгуси авлодларга ҳам тағиб қилганлар.
Яккахудоликни тарғиб қилувчи «Авесто»да толерантлик тарғиботига катта ўрин берилган. “Авесто” - аждодларимизнинг узоқ, тарихи, ижтимоий-иқтисодий хаёти, маданияти, маънавияти, ахлоқий, фалсафий, ҳуқуқий, этник қарашларининг қарор топиши ва ривожланишига хос тарихини ўрганиш учун бебаҳо ёзма манбадир. «Авесто»даги ахлоқий тарбиянинг асосини терисининг ранги, тили ва яшаш манзилидан қатъи назар пок ният, ҳалол, қалбан соф инсонларни тарбиялаш масаласи ташкил этади. «Пок ва беайб тутилмоқ, ёзиқсиз дунёга қадам кўймоқ одамлар тақдири ва тириклигида нечоғлик улуғ толедир. Одамнинг одоблилиги, жаҳоннинг осойишталиги учун жидду жаҳд қилмоқ, уни асрамоқ ва ёруғликка томон интилмоқ керак» дейилиши фикримизнинг далилидир. Яъни инсон зардуштийлар наздида ҳеч қандай айбсиз туғилади ва ҳар қандай ирққа мансуб кишилар илоҳ олдида мутлоқ баробардирлар[2].
Қуръон каримда эҳсонли, қўли очиқ, бағрикенг, мурувватли, кенг феълли бўлиш юксак маърифат белгиси, деб қаралади. Кимда-ким одамлардан ҳиммати, мурувватини аямаса, саховат эшигини беркитмаса, бундан, энг аввало, унинг ўзи катта наф кўради, маънавий қониқиш ҳосил қилади, руҳи кўтарилади.
Ислом дини пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)нинг мулойимлиги, бағрикенглиги, кечиримлилиги, шарм-ҳаёси, ўч олиш ўрнига авф этиши, қийинчиликларни чидам билан енгиши, адолатпарварлиги, шижоати ва сахийлиги, барча олижаноб инсоний фазилатлари ҳадисларда чуқур ва ихчам ифодаланган.Умуминсоний, дунёвий қадрият бўлган ислом таълимотида бошқа динларга, мазҳабларга мансуб кишиларнигина эмас, ҳатто золимларни ҳам сабр-тоқат билан тарбиялаб, тўғри йўлга солиш энг савобли, энг эзгу иш, деб уқтирилган.
Фалсафа фанлари доктори Г.Наврўзова Абдулҳолиқ Ғиждувоний асарлари асосида бағрикенгликнинг қайси ўринларда намоён бўлиши лозимлигини назарда тутиб, куйидагича гуруҳлайди :
Инсоний бағрикенглик - инсоннинг бутун борлиққа муҳаббати ва уйғун ҳаракати. Оилавий бағрикенглик – оила эшигининг ва оила аҳли қалбининг очиқлиги, меҳмоннавозлик, меҳрибон ва ғамхўр бўлиш.
Маҳаллий бағрикенглик - қавм-қариндош, қўни-қўшни, турли дин ва миллат вакилларининг ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда ўзаро ёрдам қўлини чўзиб яшаши. Эл-юрт бағрикенглиги – мамлакат аҳли бир-бирининг урф-одат, эътиқод, ғояларини тан олиб ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши.
Халқлар ва давлатлараро бағрикенглик - миллати, ирқи, жинси, даражаси, яшаш жойидан қатъий назар, бирлик ва дўстликка умр кечиришдир.
Абдуҳолиқ Ғиждувоний таълимотидаги бағрикенглик турига қараб қуйидаги йўналишларни ўз ичига олган:
Этнопсихология бағрикенглик - ҳар бир халқ, қабиланинг урф-одати, қадрияти, руҳий ўзига хослигини тан олиш қадрлаш, хурмат этиш, қабул қилиш. Миллий бағрикенглик - турли миллатларнинг ёнма-ён тенглик дўстлик асосида яшаши.
Ирқий бағрикенглик – турли ирқларнинг тенг ҳуқуқлилигини тан олиб улар билан баҳамжиҳат яшаш.
Жинсий бағрикенглик – жинслар ўртасидаги тенгликни тан олиш, аёлларни эъзозлаш, қадрлаш.
Диний бағрикенглик – турли хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир манзил-маконда эзгу ниятлар билан ҳамкорлик ва муросада яшаши.
Иқтисодий бағрикенглик – иқтисодой ёрдам, тенг муносабатга асосланган ҳамкорлик.
Ижтимоий-сиёсий бағрикенглик – жамиятдаги мол-мулки, нуфузи, сиёсий қарашларидан қатъий назар, ўзаро тенг ҳуқуқли инсонлар сифатида тан олиш ва улар билан мулоқотда бўлиш.
Умуминсоний бағрикенглик – барча инсонларни эъзозлаш, қадрлаш ва тенг муносабатда бўлиш. Бизнингча, ҳар бир кишида «ўзга»ни ҳурмат қилиш ҳиссини тарбиялаш толерантлик муаммосини ечишни осонлаштиради,
Ўзга миллат вакилини тан олиш унда ўзи учун азиз бўлган бошқача қадрият, мантиқий фикрлаш, турмуш тарзи, маданият мавжудлигини англаб етишдан иборатдир. Қабул қилиш – бу ўзга дин ва миллат вакилининг бизга нисбатан фарқли жиҳатларига ижобий муносабатда бўлиш демакдир[3].
Тушуниш эса ўзга дин ва миллат вакилининг ички дунёсини кўра олиш, унга ўзи ва ўзгалар нуқтаи назаридан ёндашиш демакдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, миллий бағрикенглик – турли миллатга мансуб кишиларнинг бир-бирларининг тилини, динини, турмуш тарзи, урф-одати ва анъаналарини, миллий-маданий меросини хурмат қилишни, уларнинг шаъни, қадр-қимматини, ор-номусини қадрлаш орқали амалга оширадиган ўзига хос маънавий кенглик (бағрикенглик)ни англатади.
Ўзбекистоннинг тараққиёти бевосита унда яшовчи миллатларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигига боғлиқ. Турли миллат ва элатларни бир-бирларига яқинлаштиришда, улар ўртасида тинчлик, дўстлик, биродарлик ва ўзаро ҳамкорлик туйғуларини қарор топтиришда бағрикенглик муҳим асос бўлиб хизмат қилади
Сатторова М.Д,
Термиз давлат университети
Психология кафедраси ўқитувчиси
Фойдаланилган адабиётлар:
- Ал-Бухорий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Исмоил. Ҳадис: Ал-жомеъ ас-сахиҳ (Ишонарли тўплам). 4 жилдлик. – Тошкент: Қомуслар бош таҳририяти, 1991,1992, 1994, 1996.
- А. И. Расулов, Л. С. Турсунов Диний бағрикенглик ижтимоий-психологик феномен сифатида, 2015. – Б. 19.
- Психологиянинг долзарб муаммолари (Республика илмий-амалий анжумани материаллари). – Тошкент: Низомий номидаги ТДУ, 2009. – Б. 270.
[1] А. И. Расулов, Л. С. Турсунов Диний багрикенглик ижтимоий-психологик феномен сифатида 2015. –Б. 19.
[2] Психологиянинг долзарб муаммолари (Республика илмий-амалий анжума- ни материаллари). – Тошкент: Низомий номидаги ТДУ, 2009. – Б. 270.
[3] Konevî de benzer şekilde İcâzu’l-Beyân’da Hz. Muhammed’in zahir hilafetinin Hz. Mehdi’yle, genel anlamda Allah’ın hilafetinin ise Hz. İsa’yla nihayete erdiğini belirtir ve akabinde isim zikretmeden Muhammedî velayetin, Zat ve ulûhiyet arasında sabit olan berzahlık mertebesine nail olmuş kimseyle sona erdiğini dile getirir (Konevî, 2009a: 475). Bununla birlikte Mirâtu’l-Ârifîn’de Muhammedî velayetin hâtemi olarak Şeyh-i Ekber yani İbnü’l-Arabî’yi gösterir (Konevî, 2010b: 36).
Izoh qoldirish