12.06.2024

ҚУРБОНЛИКНИНГ ФАЗЛИ ВА АҲКОМЛАРИ

         Рамазон ва Қурбон ҳайитлари ислом оламининг энг катта  байрами ҳисобланади. Айниқса, Қурбон ҳайити кунларида бутун дунё мусулмонлари вакиллари муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатини бажараётган бўладилар. Ҳожилар ва ҳажга бормаган мусулмонлар ҳам бойлик нисобига эга бўлсалар, қурбонлик қиладилар. Бу амал шариатда вожиб амаллардан ҳисобланади.

Қурбонлик сўзининг ўзаги “қурбат”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради. Бу сўз асар тилидаги “қаруба” феълидан олинган.

Қурбонлик қилишнинг улуғ амал эканига Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари гувоҳлик беради: “Қурбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир...” (Ушбу ҳадис ҳасан ҳадис бўлиб, Ибн Можа ва Термизий ривоят қилган). Яна Пайғамбар алайҳиссаломдан: “Қурбонлик ўзи нима?”, - деб сўрашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир”, – деб жавоб бердилар. “Ундан бизга қандай ажр бор?”, – дейишганида эса, у зот: “Ҳар бир туки учун биттадан яхшилик берилур”, – дедилар (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари). 

Ҳадисларда бу дунёда қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтар пайтда ҳозир бўлиб, эгасини ўзининг устига миндириши ва Сиротдан олиб ўтиши айтилган. Уламоларимиз қурбонликнинг маъносини таърифлаб: “Қурбонлик бу – муайян ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, – деганлар. Қурбонлик иккинчи ҳижрий санада жорий бўлган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. У – ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан чиқади. Қурбонлик қилиш ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дарҳақиқат, бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қилишдир. Ким шундай қилса, демак у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти). 

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Булардан бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Мол билан туяни 7 кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Бунда шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тарозида ўлчаб, тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. 

Арафа куни кечаси, яъни ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуои истиғфор билан бедор ўтказиш мустаҳаб амаллардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, – деганлар.

Ҳайит  кунининг тонгидан ғусл килиб, хушбуй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб, ҳайит намози ўкилгунча ҳеч нарса емай намозгоҳга бормоғимиз суннат амалдир. Қурбон ҳайити кунларида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон, мунис онахонларга имон, ёшларга тавфиқу ҳидоят тилашлари лозим. Қариндош-уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан хисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-қудуратли таниш-билишлар ҳам худди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучок очсалар, ўзаро узр сўрашсалар, максадга мувофик бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафкатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун хам қарз, хам фарздир.

Кириб келаётган Қурбон ҳайити байрами билан барча юрдошларимизни муборакбод этамиз.

 

Мухиддин Чориев – Имом Термизий халқаро 

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

Izoh qoldirish