12.06.2024

ҚУРБОН ҲАЙИТИ – ЭЗГУ ҚАДРИЯТЛАР НАМОЁНИ

Қурбон ҳайити мусулмонлар учун нафақат ибодат, балки бутун инсониятни тинчлик ва осойишталик муҳитига чорловчи умумбашарий байрамдир. Бутун дунё мусулмонлари томонидан кенг нишонланадиган Қурбон ҳайити юксак умуминсоний қадриятлар, эзгу муносабатлар намоён бўлувчи байрамлардан бири ҳисобланади. 

Қурбонлик Аллоҳга яқинлашиш, Унга шукр қилиш учун амалга ошириладиган ибодатдир. Қурбонлик муайян шартларга жавоб бера оладиган ҳайвонларни қурбонлик қилиш ва гўштини Аллоҳнинг розилигини олиш учун муҳтожларга бўлиш демакдир.

Ушбу байрамда ҳар бир мўъмин-мусулмон ўз хурсандчилигини, меҳр-муҳаббатини, хайр-саховатини бошқаларга нисбатан кўпроқ намоён қилиши мақсадга мувофиқдир. Ушбу байрамда ҳар бир мусулмон киши яқинларини зиёрат қилиши, улар ҳолидан хабар олиши, етим-есирларга хайр-саховат улашиши ҳам хайрли амаллардан ҳисобланади. Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғлар, дўст-биродарларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятлироқдир. Зеро, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилиши масрур этса, қариндошларига силаи раҳм қилсин”, – деганлар. Ушбу муборак байрам муносабати билан нафақат қариндош-уруғлар ёки дўст-биродарлар, балки бева-бечоралар, етим-есирлар ҳолидан ҳам хабар олиш, уларга нисбатан марҳаматли бўлиш гўзал фазилатдан нишонадир. Бугунги кунда инсонга эътибор, унинг қадрини юксалтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экан, ушбу эзгу ғоя асосида оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш, айниқса мана шундай муборак ҳайит байрамларида яққол намоён бўлиб келмоқда. 

Ислом дўстликни рағбатлантирувчи, баҳамжиҳатлилик, кечиримлилик ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи диндир. Бу ғоялар ҳайит кунларида айниқса яққолроқ намоён бўлади. Шу сабабдан ушбу қутлуғ байрамда ўзаро гина-кудуратни унутиш, ҳайит баҳонаси билан дўстона муносабатларни тиклаш, ярашиш лозим. Зеро, гина-кудуратларга чек қўйиш, дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳар бир фазилат соҳибининг гўзал хислатларидан ҳисобланади. 

Қурбон ҳайитининг шундай фазилатларини тўғри англаган ҳолда, ушбу байрамнинг муносиб тарзда нишонланишини таъминлаш, халқимизнинг ушбу қутлуғ айём кунларида муносиб ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида дам олиш кунларининг оптималлаштирилиши ҳам муборак Қурбон ҳайитини муносиб тарзда нишонлаш борасида яратилаётган имкониятлардан биридир.  Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш, минг йиллар давомида сақланиб келган гўзал одатлар асосида ҳайит байрамларини нишонлаш халқимизнинг маънавий ҳаёти янада тараққий этишига, меҳр-муҳаббатга асосланган алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқотлар бўлими бошлиғи

Izoh qoldirish