ҚУРБОНЛИК ОДОБЛАРИ
Дарҳақиқат, қурбонлик қилиш Ислом динида вожиб бўлган улкан савобли амалларидан саналади. Дарвоқе, Набий алайҳиссалом қурбон ҳайити кунида тонгда ўзлари қурбонлик қилар эдилар ва бошқа кишиларни ҳам шундай қилишга ундар эдилар. Дарвоқе, қурбонлик тарихига аҳамият берсак, ушбу иш аслида пайғамбарларнинг отаси Иброҳим алайҳиссаломдан қолган амалдир. Бу борада бир қанча ҳадислар бор. Жумладан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.
Мусулмонларга унинг вожиблиги Қуръонда, Суннатда ва ижмоъда собит бўлган амал ҳисоланади. Бу борада Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган:
“Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят).
Бир қанча ҳадиси шарифларда бу борада маълумотлар бор. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”, дедилар” (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Шунингдек, Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: «Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир. Атийра нималигини биласизларми? У сизлар, ражабия, деб атайдиган нарсадир»-деганларини эшитдим”. Сунан эгалари ривоят қилган.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар ҳақидаги маълумотларга келсак, улар қуйидагилардр: мол, қўтос, туя, қўй ва эчки. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Айтиш керакки, булардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик қилишга ярамайди.
Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish