14.06.2024

ҚУРБОНЛИКНИНГ МОҲИЯТИ

Қурбонлик сўзи ҳақида тўхталсак, бу сўз луғат китобларда “яқинлашмоқ”, “яқин бўлмоқ” маъноларида келади. Истилоҳдаги маъносига келсак, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйиш маъносини билдиради.

Бу иш Ислом дини вожиб қилган улуғ савобли амаллардан саналади. Зеро, бу борада Аллоҳ таоло шундай деди: “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят).

Қуръондан ва ҳадислардан маълумки, Зулҳижжа ойининг қурбонлик қилинадиган вақтларида қурбонликни ният қилиб, ўша ниятини бажарганларга беҳисоб ажру савоблар ёзилади. Бунинг далили сифатида Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ушбу ҳадисни келтириш мумкин: “Кимки қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини кечиради. Қурбонликни савдо қилаётганда, айтган сўзларини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта ясатади ва улар қиёматгача унинг истиғфорини айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун бир қулни озод қилганлик савоби ёзилади”.

Ушбу ҳадисдан маълум бўлдики, қурбонлик мақсад қилинган ҳар қандай ҳаракат учун савоб ёзилади. Ўшандай улуғ савобларни қўлга киритишни мақсад қилган инсон қандай жонлиқни сўйиш мумкин ёки қай бири мумкин эмаслиги ҳақида маълумотга эга бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Қурбонликка туя, сигир, қўй, эчки каби жонлиқлар сўйилади, лекин товуқ, ғоз каби паррандалар бўлмайди. Қурбонликка аталган туя, сигир беш-етти киши номидан; қўй, эчки бир киши номидан қурбонлик қилинади. Бу жонлиқлар ориқ, касал, чўлоқ, кўр, шохи синган, қулоғининг ярмидан кўпи кесилган бўлмаслиги, ҳар жиҳатдан соғлом, семиз, айблардан холи бўлиши керак.

Шундай қилиб, қурбонлик қилишни мақсад қилганлар жонлиқ сўйиладиган вақтни ҳам билиши лозим. Қурбон ҳайити намози ўқилгандан сўнг жонлиқлар сўйилади ва токи қурбонликнинг учинчи куни аср намози вақтига қадар бу ишлар давом этади. Холбуки, киши ўз жонлиғини ҳайит намозидан олдин сўйиб қўйса, ёйинки уч кунни ўтказиб кейин сўйса, қилган қурбонлиги қабул қилинмайди. 

Парвардигоримиз юртимиз, халқимиз учун кириб келаётган Қурбон ҳайитини баракотли қилсин, барчамизни шундай улуғ кунлар фазилатидан насибодор айласин!

Маҳмуд Нормуродов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish