МУҲАММАД ҒАЗЗОЛИЙ АСАРЛАРИНИНГ ЁЗИЛИШИДА ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ТАЪСИРИ
Ҳаким Термизий ҳижратнинг учинчи асрида ислом динининг фикрий йўналишидаги кўзга кўринган мутафаккирларидан бири бўлган. иб, тафаккуршунос ва исломни фикрий тамондан тушинтиришда намояндалардан бири бўлган.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр ибн Ҳорун Ҳаким Термизий тахминан 820 йилда Термиз шаҳрида таваллуд топган.
У зот машҳур тасаввуф олими, шайх, муҳаддис, ҳофиз, имом ва ҳаким бўлиб, ақида, тафсир, ҳадис ва тасаввуф ҳақида кўплаб асарлар ёзган етук аллома.
Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг оиласи отаси Али ибн Ҳасан ибн Бишр Термизий ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири бўлган. У олим сифатида Балх, Бағдод, Куфа, Басра, Макка ва Мадина каби шаҳарларда фаолият кўрсатган. Ҳаким Термизий онасидан ҳадис ривоят қилади. Она тарафидан бўлган бобоси ҳам ҳадис ровийларидан – уни нақл этувчи олимлардан эди.
Отаси вафотидан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан асосан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Унинг термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ҳадис илмини ўрганганлиги ҳақида манбаъларда аниқ маълумотлар келтирилган[1].
Ҳаким Термизий 27 ёшга етганда Маккага ҳажга йўлга чиқади. Сўнг ҳадис илми талабида Ироқда бир озтуриб, Басра шаҳрига боради. Ундан сўнг ражаб ойида Маккага бориб, ҳаж қилади. Унинг бу муқаддас шаҳарга сафари Басра, Бағдод орқали бўлиб, йўл давомида ҳадислар эшитади ва эшитган ҳадисларини ёдлаб, ёзиб боради, илмий мажлис ва мунозараларда ҳам иштирок этади. Аллома дунёқараши шаклланишида она шаҳри Термиз билан бир қаторда Балх, Марв, Нишопур, Басра, Куфа, Бағдод, Макка ва Мадина шаҳарлари ҳам муҳим ўрин тутган.
Ҳаким Термизий ислом тарихида биринчилардан бўлиб маърифат – билиш назариясига асос солган. Ислом тарихида валийлик – авлиёлик назарияси ва амалиётини илк бор тизимли тарзда тадқиқ этиб, кўрсатиб берган..
Ҳаким Термизий яна бир муҳим илмий йўналиш – шариат ҳукмлари ҳикмати ва улардан кўзланган мақсадни ифода этувчи “мақосид аш-шарийъа” (шариат аҳкомларидан кўзланган мақсадлар) йўналишининг ҳам асосчисидир.
932 йилда 112 ёшида вафот этиб, Термизда дафн этилган[2].
Алломанинг асарлари ва фикрларидан кўпчилик, жумладан замондош ва ундан кейин келган олимларнинг аксари фойдаланишганлар ва Ҳаким Термизийдан таъсирланганларини ҳам ўзлари ривоят қилишганлар.
Ҳаким Термизийнинг илмга бўлган қизиқишида биринчи устози – отаси Али ибн Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта бўлган. Аллома Термиздаги етук олимлардан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. У ўзининг энг йирик асари бўлган ва бир ярим мингдан ортиқ ривоятларни жамлаган “Наводир ал-усул фий маърифати аҳадийс ар-расул” (“Пайғамбар ҳадисларини англашнинг нодир усуллари”) китобида 206 ҳадисни отаси Али ибн Ҳасан Термизийдан ривоят қилгани диққатга сазовордир. Юқорида келтирилганидек, унинг онаси ҳам олимнинг илк устозларидан бўлган.
Муҳаммад Ҳаким Термизий тасаввуф намоёндаларидан бўлган Абу Туроб Нахшабий, Аҳмад ибн Хизравайҳ Балхий, Яҳё ибн Муъоз Розий каби тасаввуф намоёндаларидан, Қутайба ибн Саъид Балхий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий, Солиҳ ибн Муҳаммад Термизий, Жоруд ибн Муъоз Термизий, Суфён ибн Вакийъ Куфий, Али ибн Ҳужр Марвазий, Ризқуллоҳ ибн Муса Бағдодий, Абдулворис ибн Абдусамад Басрий, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Маккий ва бошқа икки юздан ортиқ олимлардан илм ўрганган ва улардан ҳадис ривоят қилган.
Ҳаким Термизийнинг Абу Муҳаммад Яҳё ибн Мансур Қозий Нишопурий[3], Абу Мансур Али ибн Абдуллоҳ ибн Холид Зуҳлий Ҳиравий, Ҳасан ибн Али Жузжоний, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо, Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Ҳаким Варроқ Термизий (ваф. 320/932 й.) каби шогирдлари бўлган.
Ҳаким Термизийдан бой илмий-маънавий мерос қолган. Унинг асарлари сони 70-80 та атрофида кўрсатилади. Эътиборли жиҳати, уларнинг аксари бизгача етиб келган ва доимий тарзда нашр этилиб, ўрганилмоқда. Бу асарлар араб тилида ёзилган.
Ҳаким Термизийнинг қўлёзма асарлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонаси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги қўлёзмалар хазиналарида, жумладан, Франция, Миср, Сурия, Ливия, Туркия, Буюк Британия, Париж ва бошқа шу каби давлатлардаги қўлёзма фондларида ҳам сақланади.
Ҳаким Термизийнинг тўрт юздан ортиқ асарлари бўлиб, улардан 100 га яқини бизгача етиб келган. Улар қуйидагилар: “Тафсир” (“Фотиҳа” ва “Бақара” сурасининг айрим оятлари тафсирига бағишланган тугалланмаган асар”,) “Будувву шаън Абу Абдуллоҳ” (“Абу Абдуллоҳ фаолиятининг бошланиши”), «Хатмул авлиё», «Баёнул фарқ», «Риёзатун нафс» («Нафс риёзати»), «Адабун нафс» («Нафс одоби»), «Ал-масоилул макнуна» («Яширилган масалалар»), «Наводирул усул фи маърифат ахбор Расул» («Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар»), «Ас-солат ва мақосидуҳа» («Намоз ва унинг мақсадлари»), «Ар-радд алар рофиза» («Рофизий фирқасига раддия»), «Ал-манҳиёт» («Қайтарилган амаллар»), «Таҳсил назоирил Қуръан» («Қуръон ибратларини ўрганиш»), «Ал-ҳаж ва асроруҳу» («Ҳаж ва унинг сирлари»), «Баёнул касб» («Касблар баёни»), «Маърифатул асрор» («Сирлар маърифати»), «Ал-амсал минал китаб вас сунна» («Қуръон ва Суннатдаги масалалар»); «Жавоб ал-масоил аллати саъалаҳу аҳлу Сарахс анҳа» («Сарахс аҳли сўраган масалаларга жавоблар») ва шу каби бошқа асарлари мавжуд.
Алломанинг тафсирига оид асарлари “Қуръони Каримнинг “Фотиҳа” ва “Бақара” сурасининг айрим оятлари тафсирига бағишланган тугалланмаган асари, ҳадисга оид «Наводир ал-усул фий маърифати аҳадийс ар-Расул» («Пайғамбар хабарларини билишда нодир усуллар») асари мавжуд.
Ҳаким Термизий ўзининг “Ал-қавл ъала маъна ла-а илаҳа иллаллоҳ” (“Лаа илаҳа иллаллоҳ” маъноси ҳақида сўз), “Ас-солату ва мақосидуҳа” (“Намоз ва унинг мақсадлари”), “Ас-савм ва асроруҳу” (“Рўза ва унинг сирлари”), “Ал-ҳаж ва асроруҳу” (“Ҳаж ва унинг сирлари”) каби асарларида шариат асосий арконларининг мақсад ва ҳикматларини ёритган. Ушбу асарлар юртимизда ҳали ислом дини ва ғояси янги бўлиб турган вақтларда бу диннинг асосий арконларини асл мазмун-моҳиятини кенг оммага енгил ва равон тарзда тушунтириб беришда муҳим ўрин тутган.
Ҳаким Термизий ўз давридаги адашган ботил фирқаларга ёзма тарзда асосли раддия бериш йўналишида юртимизда аниқланган энг қадимги асарлар муаллифи ҳамдир. Алломанинг бизгача етиб келган “Ар-Радд ъала-л-муаттила” (“Муаттила – жаҳмийлар тоифасига раддия”) ва “Ар-Радд ъала-р-рофиза” (“Рофизий – шиаларга раддия”) каби асарлари бу соҳага махсус бағишланган манбалардир. Бошқа асарларда ҳам Термизий фирқаларга раддиялари бериб, энг муҳим жиҳат – фирқаланиш келиб чиқишининг туб асосларини англаш масаласида нодир фикрларни баён қилган.
Ҳаким Термизийнинг Қуръони Карим тафсирига бағишланган асари ҳам бўлиб, гарчи олим вафоти муносабати билан якунига етмаган бўлса-да, у юртимиз миқёсида ҳозиргача аниқланган энг қадимги тафсир сифатида ҳам эътиборга моликдир.
Серқирра мутафаккир Ҳаким Термизийни дунёвий илмларда психология, табобат, социология (жамиятшунослик), эстетика, ахлоқшунослик ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанларда буюк аллома сифатида, диний илмларда муфассир, муҳаддис, фақиҳ, калом илми олими, тасаввуф олими ва муршиди сифатида баҳолаш мумкин. Мана шу тарздаги кенг қамровли қарашлари ва таҳлили натижаси ўлароқ Ҳаким Термизий тарихда исломий йўналишда “Ҳаким”, яъни донишманд номи билан энг кўп танилган ягона шахсдир. Ҳатто бу унвон алломанинг исмидан ҳам устун келиб, у “Ҳаким Термизий” деб машҳур бўлишига сабаб бўлган.
Ҳаким Термизий ҳар бир нарсани, хоҳ у илм бўлсин, хоҳ у Аллоҳ таолонинг бандалари учун яратиб қўйган неъматлари бўлсин, хоҳ шаръий ҳукмлар бўлсин, барчасида илоҳий куч-қудрат ва теран ҳикмат мавжудлигини кўрсатиб, бизни ўраб турган дунёнинг сиру асрорларини ўзлари англаб, бошқаларга ҳам англатар эдилар. Шунинг учун улуғ алломамиз «Ҳаким», яъни «моҳиятни англашга интилган донишманд зот» деган шарафли номга мушарраф бўлганлар. Ҳужвирийнинг келтиришича, уни Термизда Муҳаммад Ҳаким деб чақиришарди ва у зот “ҳакимийя”[4] тариқатига асос солган эди. Бу эса юртимизда бизга маълум тариқатларнинг энг қадимгисидир.
Ҳаким Термизийнинг асарларидан таъсирланиб, китобларини ёзган олимлардан бири ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийдир (1058–1111). “Иҳёу улумиддин” (“Дин илмларини жонлантириш”) асарини ёзишда Ҳаким Термизийнинг фикрларидан таъсирланган. “Иҳёу улумиддин” асарини ўқисангиз, бунинг таъсирини яққол кўриш мумкин.
Абу Ҳомид Ғаззолий асарининг “Рубъул муҳликат” (“Ҳалок қилувчиларнинг тўртдан бири”) қисмининг аксариятини ёзишда Ҳаким Термизийнинг “Ал-акяс вал муғтаррин” (“Зийраклар ва алданганлар ҳақида китоб”) асаридаги фикрларига ўзининг ҳам фикрларини қўшиб фойдаланган.
Шунингдек Имом Ғаззолий “Баёнул илм” (“Илм баёни”) ва “Анвоъул улум” (“Илмнинг турлари”) ва “Ал-аъзо ван нафс” (“Аъзо ва нафс) каби асарларини ёзишда Ҳаким Термизийнинг илм, ақл, нафс, руҳ, қалб ва унинг аскарлари ҳақида ёзган маълумот ва ғояларидан фойдаланган. Шу сабабли Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин” асарини ўқиган киши Ҳаким Термизийнинг барча китоблари билан солиштирганда фарқи бироз бобларини кенгроқ қилиб ёзиши услублари билан ажралиб туради, холос. Аслида эса Ҳаким Термизийнинг асарларининг аксариятидан фойдаланилганлигини билиш мумкин[5].
Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийдан ташқари Ҳаким Термизийнинг асарларидан Ибн Арабий (1165–1240), муфассир Қуртубий (1214–1273) “ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръон” тафсирини, Ибн Қойюм Жавзий (1292–1350) ва бошқа олимлар ўзларининг асарларини ёзишда қўпроқ фойдаланганлар.
Ҳаким Термизийнинг асарларидан таъсирланган олимларнинг етук олимлар, фақиҳ, ақида олими, муҳадддис ва муфассирлар борлигини олиб қарайдиган бўлсак, Ҳаким Термизийнинг нечоғлик олим эканлигини кўрсатиб турибди.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий. Ал-масолиул макнуна. Таҳқиқ Муҳаммад Иброҳим Жуюший. Дор туросил арабийя, 1980.
- Аш-Шайх Комил Авайда. Ал-Ҳаким ат-Термизий, Байрут, 1993,
- Ибн Имод Ҳанбалий. Шазаротуз заҳаб. Ж. 3.
- Уватов У. Икки буюк донишманд (Абу Исо ат-Термизий, Ал-Ҳаким ат-Термизий). – Тошкент: Шарқ, 2005.
- Ҳужвийрий. Кашфул маҳжуб. – Қоҳира: Мактабату ас-сақафийяти ад-динийя, 2008.
Олим Жўраев, Маҳмуд Нормуродов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари
[1] Аш-Шайх Комил Муҳаммад Муҳаммад Авайда. Ал-Ҳаким ат-Термизий. – Б. 5-6.
[2] Ал-Ҳаким ат-Термизий ва назариятуҳу фил-вилойа. – Б. 35.
[3] Шазаратуз заҳаб. Ж. 3. – Б. 9.
[4] Ал-Ҳужвийрий. Кашф ал-маҳжуб.
[5] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий. Ал-масолиул макнуна. Таҳқиқ Муҳаммад Иброҳим Жуюший. Дор туросил арабийя, 1980. – Б. 30.
Izoh qoldirish