20.06.2024

МАВЛИДДА ТИК ТУРИШ ХОСИЯТИ НИМА?

Мавлид ўтказишнинг ҳозирги кўриниши Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва ундан кейинги салафи солиҳлар даврида бўлмаган. Лекин ўша даврларда фиқҳ, тафсир, калом, тасаввуф каби илмлар ҳам ҳозирги кўринишда бўлмаганини таъкидлашимиз керак. Демак, вақтлар ўтиши билан илмлар янгиланиб боради, янгидан янги билимларга эҳтиёж сезилади. Ўша салафи солиҳлар даврида мавлид ҳозиргидек бўлмагани билан, унинг моҳияти бор эди. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни эслаб туриш, у зотга саловатлар айтиш, у зотнинг мадҳияси ва наътида бирор нарсаларни одамларга айтиб бериш кабилар бор эди. Масалан, “Бонат суъод” деган “Қасидаи Бурда”нинг биринчи варианти саҳобалар давридан бери келмоқда. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг наътларида ёзилган энг ажойиб қасидалардан биридир. Ёки Ҳазрати Ҳассон розияллоҳу анҳу ва бошқа шоир саҳобаларнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом шаънларида айтган ашъорлари бўлган. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу эса кўчаларда ва бозорларда одамларни тўплаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилиб, одамларга у зоти бобаракот ҳақларида айтиб бериш одатлари бўлган экан. Булар ҳақида китобларда турли ривоятлар келтирилади.

Шунинг учун, мутааххирин – кейинги давр уламоларининг аксарияти мавлид ўтказишни жоиз ҳисоблашган. Масалан, Ҳиндистондаги машҳур Девбанд уламоларининг ақидаларини ифодалаб берган “ал-Муҳаннад ъала ал-Муфаннад” номли асарда шундай иқтибос мавжуд:

“Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарофатли туғилишлари зикри (мавлид) башарти саҳиҳ ривоятлар билан бўлса; вожиб ибодат вазифаларидан бошқа вақтларда бўлса; саҳобалар йўли ва яхшиликка гувоҳлик берилган учта давр аҳли (саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар) тариқасига мухолиф бўлмаган ҳолатда бўлса; ширк ва бидъатга сабаб бўладиган эътиқодлар билан бўлмаса; саҳобаларнинг Пайғамбар алайҳиссалом: “Мен ва саҳобаларим тутган йўл”, – дея тасдиқ қилган сийратларига мухолиф бўлмаган одоблар билан бўлса; шариатда инкор қилинган ишлардан холи мажлис бўлса, бу иш хайр ва баракани вожиб қилувчидир! Яна иккита шарти бор: у ниятнинг тўғрилиги билан ихлос мавжуд бўлсин ҳамда эътиқодида “Ушбу иш бирор вақтга боғлиқ бўлмаган мустаҳаб, гўзал зикрлар жумласига киради”, – деган фикр бўлсин. Агар иш шу хилда бўлса, унда бирорта мусулмон (уламоси)нинг уни ношаръий иш ёки бидъат деганини билмаймиз” (Халил Аҳмад ас-Саҳоранфурий. Мабоҳис фи ақоид аҳл ас-сунна ал-мусаммо “ал-Муҳаннад ъала ал-Муфаннад” / Таҳқиқ: Муҳаммад ибн Одам ал-Кавсарий. – Дамашқ: “Дор ал-Фатҳ”, 2018. – Б.75).

Мавлидларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганлари зикр қилинганда, ҳурмат юзасидан эшитувчилар тик туриш одати бор. Бу “маҳалли қиём” ҳам дейилади. Шу жоиз ёки ножоизлиги тўғрисида аввалдан ихтилоф қилиб келинади. Тик туриш лозим, дегувчиларнинг келтирадиган далиллари мавлид вақтида тик туришнинг шаръийлигига: "Менга мавлид ўтказаётган вақтингизда, тик туринг!" маъносидаги аниқ ва сариҳ ҳужжат бўла олмайди. Масалан, бундай ҳадис далил қилиниши мумкин:

 ‌قُومُوا ‌إِلَى ‌سَيِّدِكُمْ - أَوْ خَيْرِكُمْ

“Қумуу ила саййидикум!” – “Саййидингизга ёки яхшиларингизга тик туринг” (Бухорий, 3/2878; Муслим, 5/1768).

Фақат уларни биз ҳам истишҳодан келтиришимиз мумкин. Бироқ, бундай ривоятларга мавлидда тик туришга аниқ далил деб қаралмайди. Шунинг учун, машҳур ҳанафий олими Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Мажмаъ ал-фатово” асарида мавлиднинг ўзини жоиз деган бўлса-да, бироқ, зикри мавлидда қиём қилишнинг, яъни тик туришнинг асли йўқ эканини, бу иш макруҳликдан холи эмаслигини келтирган. Шунингдек, мавлиддаги қиёмни инкор қилганларни беадаб ва бетамиз дейишлик, исломдан узоқ деб баҳолаш, унинг мункирини кофир дейиш, орқасида намоз ўқишни макруҳ деб топиш кабилар фиқҳий қоидалардан ташқари иш бўлиб, бунга таъзири шаръий лозим, дейилган (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнав: “Юсуфий”, 1907. – Б. 339-340 ва 402-403).

Аслида, энг катта далил одамларнинг асрлар давомида мавлидларда тик туриб келишларидир. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат юзасидан қиладими, бошқа жиҳатдан қиладими, фарқи йўқ. Буни гўзал диний қадрият сифатидаги урфга киритиш мумкин. Шунинг учун ҳам, Барзанжий раҳимаҳуллоҳнинг мавлидларининг ўзидаёқ бу айтиб ўтилган:

وَقَدْ اِسْتَحْسَنَ الْقِيَامُ عِنْدَ ذِكْرِ مَوْلِدِه الشَّرِيفِ أَئِمَّةٌ ذُو رِوَايَةٍ وَ رَوِيَّةٍ فَطُوبَى لِمَنْ كَانَ تَعْظِيمُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ غَايَةَ مَرَامِهِ وَ مَرْمَاه

“Дарҳақиқат, мавлиди шариф зикри пайтида тик туришни ривоят ва нақлларга эга имомлар истеҳсон – гўзал иш деб ҳисобладилар. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъзимларини ғоятда маромига ва жойига етказган кишига башоратлар бўлсин!”.

Мазкур мисраларда мавлидда тик туриш “истеҳсон” экани айтилмоқда. Истеҳсон фиқҳий атамалардан биридир. Истеҳсон, айниқса, бизнинг ҳанафий мазҳабида жуда кучли ва қиёсдан кўра 80-90% лар кўпроқ қўлланилган амалиётлардан ҳисобланади. Бинобарин, истеҳсон сабабли мавлидларда тик туриш мумкин.

Шунинг учун, Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “Мажмуат ал-фатово”да айтишича, мавлидда тик туриш фарз ҳам, вожиб ҳам, суннат ҳам эмас, бироқ инсон камоли важди ва хурсандчилигидан тик туриб ўзининг муҳаббатини кўрсатса, бу жоиз. Бошқалар ҳам даврадаги улуғларга эргашиши жоиздир. Имом Барзанжий яшаган даврларда икки Ҳарамда – Макка ва Мадина мавлидларида тик туриш одати бўлган экан. Шунинг учун у киши мавлидда “маҳалли қиём”да тик туришни мақбул одатлардан ҳисоблаганлар (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 3 жилд. – Лакнав: “Юсуфий”, 1907. – Б. 130).

Демак, мавлидларда урф-одат юзасидан тик туриш мумкин, албатта. Бироқ, бутун бир тўй-маъракаларда ёки жамоат масжидларида минглаб одамларни оёққа турғазиш ёки ёши улуғ қари отахонларни ҳам туришга мажбурлашни қўлламаймиз. Тик туриш агар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муҳаббатларига аломат бўладиган ва инсоннинг ўз ихтиёридаги, қалбининг хоҳиши ва чин дилдан бўладиган иш бўлса, уни бажонидил адо қилиш мумкин. Зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳаббат қилиш имоннинг аломатларидандир.

Шунингдек, мавлидларда ва “маҳалли қиём” пайтида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг руҳлари шахсан ҳозир бўлади, – деган эътиқод ҳам дуруст эмас. Яна Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳга мурожаат қиладиган бўлсак, у зот бундай деганлар:

وَ مِنْهَا مَا يَذْكُرُونَهُ مِنْ اَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ يَحْضُرُ بِنَفْسِهِ فِى مَجَالِسِ وَعْظِ مَوْلِدِهِ عِنْدَ ذِكْرِ مَوْلِدِهِ وَ بَنَوْا عَلَيْهِ الْقِيَامَ عِنْدَ ذِكْرِ الْمَوْلِدِ تَعْظِيمًا وَ اِكْرَامًا وَ هَذَا اَيْضًا بَاطِلٌ مِنَ الْاَبَاطِيلِ لَمْ يَثْبُتْ ذَلِكَ بِدَلِيلٍ وَ مُجَرَّدُ الْاِحْتِمَالِ وَ الْاِمْكَانِ خَارِجٌ عَنْ حَدِّ الْبَيَانِ

“Қиссагўй ва мавъизагўйларнинг яна бир ишларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларининг ваъз мажлисларида ул зотнинг туғилишлари эсланаётган пайтда ўзлари ҳозир бўладилар, – деб зикр қилишларидир. Шу сабабли улар мавлид зикри вақтида таъзим ва икром юзасидан қиём – тикка туришни барпо қилиб олганлар. Бу ҳам далил билан исботланмаган бир ботил ишдир. Ҳар хил эҳтимоллар ва имкониятларни (турли ривоятларни) далил қилишлар эса баён чегарасидан хориждир” (Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Асор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа // Мажмуат расоил ал-Лакнавий. 5 жилд. Карочи (Покистон): “Идорат ал-Қуръон ва-л-улум ал-исломия”, 1998. – Б. 34). 

Яна шуни айтишимиз керакки, мавлидларда тик туришни бидъат ва залолат деб умумий маънода баҳолаш ҳам тўғри эмас. Мавлидларни ҳаромга чиқарувчи айрим кишиларнинг қуйидаги ҳадисни айтиб, тик туришни ҳам ҳаромга чиқаришлари асл ҳақиқатга тўғри келмайди:

خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مُتَوَكِّئًا عَلَى عَصًا، فَقُمْنَا إِلَيْهِ، فَقَالَ: ‌لَا ‌تَقُومُوا كَمَا تَقُومُ الْأَعَاجِمُ يُعَظِّمُ بَعْضُهَا بَعْضًا

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳассага суянган кўйи чиқиб келдилар. Биз у зотни қарши олиб тик турдик. Шунда у зот: “Ажам халқлари бир-бирларини улуғлаб тургани каби тура кўрманглар!”, – деб марҳамат қилдилар (Абу Довуд, 4/5230; Аҳмад, 36/22181).

Мазкур ҳадиси шарифдан мавлидда тик туришнинг жоиз эмаслиги ва ҳаромлигига далил олиб бўлмайди. Чунки у ҳадиснинг асли саҳиҳ ҳадисларда қуйидагича келган. Яъни, бу ерда ҳадиснинг асл маъноси қуйидагича англашилган: Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи  ва саллам бир  намозда  ўтириб имомлик  қилдилар  ва уни  тамомлаб  салом берганларидан  сўнг,  у зотнинг ортларида  тик  туриб намоз  ўқиган  асҳобга шундай  дегандилар:

اشْتَكَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَصَلَّيْنَا وَرَاءَهُ وَهُوَ قَاعِدٌ، وَأَبُو بَكْرٍ يُسْمِعُ النَّاسَ تَكْبِيرَهُ، فَالْتَفَتَ إِلَيْنَا فَرَآنَا قِيَامًا، فَأَشَارَ إِلَيْنَا فَقَعَدْنَا، فَصَلَّيْنَا بِصَلَاتِهِ ‌قُعُودًا، فَلَمَّا سَلَّمَ قَالَ: إِنْ كِدْتُمْ لَتَفْعَلُوا فِعْلَ فَارِسَ وَالرُّومِ، يَقُومُونَ عَلَى مُلُوكِهِمْ وَهُمْ قُعُودٌ، فَلَا تَفْعَلُوا، ائْتَمُّوا بِأَئِمَّتِكُمْ، إِنْ صَلَّى قَائِمًا فَصَلُّوا قِيَامًا، وَإِنْ صَلَّى قَاعِدًا فَصَلُّوا ‌قُعُودًا

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам касал бўлиб қолдилар. У зот ўтирганларида орқаларида намоз ўқидик. Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамларга у зотнинг такбирларини эшиттириб турдилар. Бизга қараб, тик турганимизни кўриб қолдилар-да, бизни ўтиришга ишора қилдилар. Биз ҳам ўтириб намоз ўқидик. Салом берганларидан кейин: “Сизлар боя худди форслар ва румликларни феълига ўхшаш амал қилдиларингиз. Улар  подшоҳларининг атрофида тик турадилар. Подшоҳлари бўлса ўтирган бўлади. Сизлар ундай қилманглар, Имомларингизга эргашинглар. Агар у туриб намоз ўқиса, сизлар ҳам туриб намоз ўқинглар. Агар у ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам ўтириб намоз ўқинглар”, – деб марҳамат қилдилар (Муслим, 1/413; Насоий, 1/540; Ибн Можа, 1/1240).

Аввалига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом ўтирса-ю, қавм тик туриб намоз ўқиса, бу худди ажамликлар подшоҳларини улуғлагандек ҳолат бўлиб қолади, – деб ўйлаганлар. Шунинг учун бундан қайтарганлар. Бироқ, бу исломнинг аввалида бўлган эди. Кейинчалик бу ҳукм мансух – бекор бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг охирги намозлари ўтириб ўқилган, саҳобалар эса тик туриб иқтидо қилганлар. Уламоларимиз ҳозирда ана шу ҳукмни олишади. Яъни, мабодо агар имом касаллиги туфайли ўтириб намоз ўқишга мажбур бўлиб қолса, қавм соғлом бўлгани туфайли тик туриб иқтидо қилаверади.

Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Ажам халқлари бир-бирларини улуғлаб тургани каби тура кўрманглар!”, – деган гаплари муайян бир ҳолатда айтилган бўлган. Бу ҳадиснинг меҳмоннинг ва ташриф буюрган одамнинг ҳурмати ва иззати учун тик туриб кутиб олишга ёки мавлиддаги тик туришга алоқаси йўқ.

Мавлидда тик туришнинг хосияти ва ҳукми борасида хулоса қиладиган бўлсак, у асрлар давомида қилиб келинаётган гўзал одатлардан биридир. Бироқ, мавлиднинг ўзини ҳам, унда тик туришни ҳам фарз ёки вожиб ёки суннат дейиш тўғри эмас. Мавлидларда тик турмаганларни айблаш, маломат қилиш ёки тик туришга мажбурлаш яхши эмас, албатта. Мавлидларда “маҳалли қиём” пайти тик туришни гўзал диний қадриятлардан ва урф-одатлардан ҳисоблаш керак, бўлди. Зотан, унда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳаббат изҳори бор. Мавлидларда тик туришни бидъат, залолат ва ҳатто ҳаром дейиш худди мавлиднинг ўзини шундай ҳисоблаш каби беасл ва беҳуда бир гапдир. Чунки мавлидлар ҳам узоқ ўтмишдан келаётган мусулмонларнинг гўзал урф-одатларидан бўлиб, уни аҳли суннат ва жамоатнинг минг йиллик уламолари жоиз санаб келишган.   

ҲИКМАТУЛЛОҲ АБИЕВ,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими  

 

 

 

Izoh qoldirish