20.06.2024

ДИНДА ҒУЛУВГА КЕТИШ ОҚИБАТЛАРИ

         Аввало, биз,  “ғулув” сўзининг маъносини ўрганиб кўрсак.  “Ғулув” сўзи арабча сўз бўлиб, “рухсат берилган чегарадан чиқиш” деган маънони билдиради.   Истилоҳда эса дин таълимотини талқин қилишда ҳаддан ошишни англатади.  Аллома Ибн Ҳажар ғулувга: “бирор нарсада муболаға қилиб, белгиланган чегарадан чиқиб, унда қаттиқлик қилишдир” – деб таъриф берган. Имом Набавий эса ғулувни: “шариатда талаб этилган нарсага қўшимча киритиш”, – деб атаган.  Абдул Карим Юнус Ал-Хатибнинг таърифи қуйидагича: “Ғулув — бирор нарсада муболаға қилиб, унда ҳаддан ошиш ва мўътадиллик чегарасидан чиқишдир”. Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-окибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ҳамда бошқа оким ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган. Айни вақтда, ғулувгa берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис, одамлар тўғри йўлдан озиб, ислом динидан безиб қоладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни динда ғулувга кетишдан қайтарган: «Айтинг: Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни,  адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг хавойи нафсларига эргашмангиз!» (Моида, 77). Ва яна бошқа оятда Аллоҳ таоло  шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум, 32). Эътибор берилса, ўтмиш халқларнинг ёмон оқибат топишларига, турли фирқаларга бўлиниб кетишларига сабаб уларнинг динда ғулувга кетишлари экан. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ғулув масаласида қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас».  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақида) хабар берилганида, худди у (ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:
«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», – дедилар.
Улардан бири:
«Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», – деди. Бошқаси эса: «Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», – деди. Яна бошқа бири: «Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:
«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», – дедилар». Ҳакимлардан бири айтади: “Бандалар Аллоҳнинг амрларини бажаришда шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бор: Бири – банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси – уни  ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”. Шайтон ўзи ғолиб бўлган кимсани   хоҳлаган куйига солади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж ва бошқа тоифаларнинг юзага келиш воқеаларига бир эътибор қаратайлик. Уларнинг турли номлар билан бўлиниб кетишларининг асоси ҳам динда ғулувга кетишнинг оқибати эди. Рофизийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифаликка лойиқ зот сифатида Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодларидан бошқа ҳеч кимни тан олмадилар. Ҳатто, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуларни халифаликни Али розияллоҳу анҳудан зўрлик билан тортиб олганликда айбладилар. Равофиз сўзи «инкор қилувчилар», «рад этувчилар» деган маънони англатади. Уларнинг баъзи тоифаси Али розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам юқори қўяди. Улар  шу даражада ғулувга кетиб, аҳли сунна вал жамоадан чиқдилар. Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Натижада, унга қарши қурол кўтариб, қонини тўкишни ҳалол дедилар. Равофиз ва хавориж тоифалари айнан Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг шахси борасида ғулувга кетишлари оқибатида пайдо бўлди. Бу ҳақида Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай деган эдилар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилганидан бўлди”. Бугун мусулмонларнинг сўзи, мақсади, нияти бир бўлиши, исломнинг ривожи, уммматнинг нажотига бирга киришишлари зарур бўлади. Аксинча, турли ихтилофли масалалар устида тортишиб, уммат учун муҳим бўлган мавзулар четда қолса, бундан дин душманлари, турли ёвуз томонлар фойдаланиб қолишлари турган гап. 

Хулоса қилиб айтганда, динда ғулувга кетиш мусулмонлар орасида тафриқага сабаб бўлади. Бунинг оқибатида фитналар, беқарорлик вужудга келади. Тинчликка путур етади, жамият бирлиги заифлашади. Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашуви ва қуввати кетишига сабаб бўлади. 

Аллоҳ таоло барчамизни ўзи мақтаган «Ўрта уммат” сафига қўшсин! Ҳар соҳада мўътадилликка амал қилиб, икки дунё саодатига эришишни муяссар қилсин.

 

М.Я.Чориев – Имом Термизий халқаро 

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

 




 

 

 

Izoh qoldirish