КОФИРГА ЧИҚАРИБ, МУСУЛМОНЛАРНИ ЎЛДИРГАНЛАРНИНГ ОҚИБАТИ
“Такфир” – яъни, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқариш оғир гуноҳ бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан умматларини доимо огоҳ қилиб келганлар. Шунингдек, “фалончи ширк қилди, фалончи мушрик” деявериш яхшилик эмаслигини билдирганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларидан ҳам воқиф бўлган саҳобалардан бири Ҳузайфа ибн ал-Ямоний розияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадиси шарифни айтиб қолдирган:
أَنَّ حُذَيْفَةَ حَدَّثَهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلى الله عَلَيه وسَلم: "إِنَّ مَا أَتَخَوَّفُ عَلَيْكُمْ رَجُلٌ قَرَأَ الْقُرْآنَ حَتَّى إِذَا رُئِيَتْ بَهْجَتُهُ عَلَيْهِ وَكَانَ رِدْئًا لِلإِسْلَامِ، غَيَّرَهُ إِلَى مَا شَاءَ اللهُ، فَانْسَلَخَ مِنْهُ وَنَبَذَهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ، وَسَعَى عَلَى جَارِهِ بِالسَّيْفِ، وَرَمَاهُ بِالشِّرْكِ"، قَالَ: قُلْتُ: يَا نَبِيَّ اللهِ، أَيُّهُمَا أَوْلَى بِالشِّرْكِ، الْمَرْمِيُّ أَمِ الرَّامِي؟ قَالَ: بَلِ الرَّامِي
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ҳадис айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар, деган: “Албатта, мен сизлар учун, Қуръон ўқийдиган ва унинг чиройи унда кўринадиган ва Аллоҳ хоҳлаганича Исломнинг ҳимоясига турадиган кишидан хавф қиламан! Кейинчалик у исломдан ажралиб чиқиб, уни орқасига отиб ташлайди-да, ўз қўшнисига, уни ширкда айблаб қилич билан ташланади”. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу сўраган: “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Уларнинг қай бирлари ширкка яқинроқ: ширк таъналарини отганми ёки ширкда айбланганми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Йўқ, балки айбловчи ширкка яқинроқдир” (Бухорий, “ат-Таърих ал-кабир”, 4/2907; Ибн Ҳиббон, 1/81; Табароний, 20/169; Баззор, 1/2793).
Мазкур ҳадиси шарифдан биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари орасида Қуръонни гўзал қилиб ўқийдиган, исломни қўллаб-қувватлаб юрган, тақводорлиги ва билимдонлиги билан танилиб, шариати исломияни ҳимоя қилиб турган ва алалоқибат “такфир” фитнасига алданиб қолиб, ҳатто ўз қўшнисини ҳам кофирга чиқарадиган, ҳатто бирга масжидга қатнаб, бир сафда намоз ўқиб юрган биродарига “кофир” дея қурол билан ташланиб қоладиган кимсалардан қўрққанлигини билиб оламиз.
Яъни, мазкур ҳадиси шарифда радикал “тақводор”ларнинг оқибатини Пайғамбаримиз алайҳиссалом башорат қилиб айтиб кетганлар.
Афсуски, Жаноби Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўрққан ҳолатлар бугун кўплаб учрамоқда. Бугун минг йиллардан бери мусулмон бўлиб келган, ислом динининг ривожига буюк ҳисса қўшган ўзбек халқини кофирликда айблаб, дини исломнинг тараққиётига қўлдан келгунча ҳисса қўшган ва қўшаётган уламо ва домлаларни ҳамда давлат аҳлини кофир деяётган, ҳолбуки, бир вақтлар улар билан бирга намоз ўқиган, домлаларнинг орқасида иқтидо қилиб намозда турган бўлишига қарамай, сояи давлатида тузини еб, тузлиғига тупурган ҳолда бугун уларни кофирдан олиб кофирга солаётганлар топилиб турибди.
Афсуски, ўз ота-оналарини ҳам кофир ва мушрик деяётганлар бугун учраб турибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз биродарлари, яқинлари, юртдошлари ва мусулмонларни кофир ва мушрик дея ўлдирадиган мусулмон даъвосидаги кимсалардан хавфсираганлар ва улар Қуръон ўқишларидан қатъий назар, улар исломнинг ҳимоячиси бўлиб кўрингани билан ўлдирувчи кимсаларнинг ўзлари куфр ва ширкка мубтало эканлигини башорат қилганлар. Радикал кайфиятда бўлиш, ўзини ҳақ, ўзгаларни эса мутлақ ноҳақ деб билиш, ўзининг тоат-ибодатига мағрур бўлиб, бошқаларни менсимаслик, шариатни ўзининг нафси ҳавосига мослаб олиш оқибатларидан бири мазкур ҳадиси шарифда баён этилмоқда. Ушбу ҳадисни Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ қуйидаги оят тафсирида келтирганлар:
وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ الَّذِي آَتَيْنَاهُ آَيَاتِنَا فَانْسَلَخَ مِنْهَا فَأَتْبَعَهُ الشَّيْطَانُ فَكَانَ مِنَ الْغَاوِينَ
“Оятларимизни келтирганимизда улардан чиқиб кетган (амал қилмаган) одамни шайтон (ўзига) эргаштириб олгани, натижада (у) адашганлардан бўлиб қолгани (ҳақидаги қисса)ни уларга ўқиб беринг” (Аъроф, 175).
Эътибор берилса, мазкур оятда мўъмин-мусулмон, тақводор кимсанинг шайтон гапига кириб, алалоқибат оятларни ҳам тан олмай адашиб кетиши тасвирланмоқда. Бу ерда Мусо алайҳиссалом давридаги Балъам деган дуоси мустажоб бўладиган, авлиё ва уламо бўлиб танилган кимсанинг оқибатига ишора қилинган. Бу билан мусулмонлар оммаси то қиёматгача ана шунга ўхшаган “тақводор”лар чиқавериши мумкинлигидан огоҳлантирилган. Шунинг учун, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадиси шарифни шу ерда келтирганлар (Ибн Касир. Тафсир ал-Қуръон ал-азийм. 2-жилд. – Қоҳира: “Дор ал-ғадд ал-жадид”, 2007. – Б. 250).
Бундан огоҳ бўлайлик! Аллоҳ мусулмонларни кофирга чиқаришдан ва уларни ўлдиришдан Ўзи асрасин!
Ҳамидуллоҳ Беруний – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish