21.06.2024

Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий илмий мероси ва тасаввуф илмига қўшган ҳиссаси

Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳомид ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Холид  термизлик авлиёлар силсиласида ўзига хос мақомга эга. Мутасаввуфтарихчи, муҳаддис, воиз бўлганлар ҳадисшунослик илмига қўшган хизматлари беқиёсдир. Аллома ҳадиси шариф ривоят қилишда даврининг беназирларидан бўлганлиги ҳам диққатга сазовордир. Муҳаммад Ҳомид Термизийнинг ҳадис шарҳига оид, фиқҳ илмига доир асарлар ёзганига ва бу асарлар ўз даврида катта эътиборга эга бўлганига шак-шубҳа йўқ.  Шайх тилидан нақл килинган ҳадислар ва ҳикматлар турли тарихий манбалар воситасида бизнинг давримизга етиб келган. 

 Ҳаким Термизийнинг суҳбатдошларидан асли исми шарифи Асқар бин Ҳасин бўлган Абу Туроб Нахшабий (Ҳужвирийда Насафий, вафоти 861), нишопурлик Яҳё бин Маоз Розий (вафоти 872) ларнннг вафоти саналари қиёслаб чиқилса, Муҳаммад ибн Ҳомид Термизийнинг таваллуд йилини аниклаш имконияти туғилади. Юқоридагилар ичида Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий энг ёши деб зикр этилган алломаларнинг кичик замондоши эканини эътиборга олсак, тахминан 830 йилда таваллуд топганлиги маълум бўлади.

Кўринадики, Муҳаммад ибн Ҳомид Термизийга боболарининг исми шарифлари қўйилган экан, бу ўша замоннинг ажойиб таомилларидан бири эди. Муҳаммад Ҳомид Термизийнинг падари бузрукворлари Ҳомид Термизий бўлиб, бу зот ҳадис ва фиқҳ илмида ўз даврининг етук уламолари сафида турган.

Мухаммад ибн Ҳомид Термизий ўз замонасининг авлиёси Балхлик Аҳмад Хизравиянинг (ваф. 855) суҳбатларида бўлган. Шунингдек, термизлик аллома Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳам Аҳмад Хизравиянинг  суҳбатида бўлганлигини биламиз. Муҳаммад ибн Ҳомид Термизийиинг пири ва устози Варроқ Термизий эса Аҳмад Хизравиянинг яқин дўстларидан бўлган. Муҳаммад  ибн Ҳомид Термизийнинг пири ва устози Абу Бакр Варроқ Термизийдир. Зотан Ҳаким Термизий, ўз навбатида, Варроқ Термизийга устозлик қилган. Албатта, бундан устоз – шогирд анъаналарининг давом этганлигини кўришимиз мумкин. Шуни айтиш керакки, Балҳлик Ахмад Хизравия ва Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий, Муҳаммад ибн Ҳомид Термизийларнинг ўзаро илмий ва устоз шогирдлик алоқалари бўлганлиги Балҳ ҳамда Термизнинг IX асрда ислом оламидаги мавқейи ҳамда ўзаро алоқалари нечоғлик муҳим эканлигини очиқ англатиб турибди.

Айтишларича, Мухаммад ибн Ҳомид Термизийнинг сухбатдошлари ул зотдан доимо қониқиш ҳосил қилиб мамнун бўлар эканлар. Абулаббос Динаварий асли арабистонлик, кейинроқ маълум муддат Нишопурда яшайди, Термизга келади, Муҳаммад Ҳомид Термизий билан учрашади, нихоят, умрининг охирини Самарқандда ўтказади. Бу хусусда “Насойим ул-мухаббат” да шундай келтирилган: “Ва Нишобурдин Тирмизга борди ва Хожа Муҳаммад Ҳамид-Абу Бакр Варроқнинг шогирди анга ўтди (рупара) келиб, рикобин (узанги ёки этагини) ўпти. Муридлар яъни Хожа Муҳаммад шогирдларга нохуш келиб, андин жиҳатин (сабабини) сурдилар. Ул деди: эшитибменким, менинг Худовандимни яхши ситойиш (мақтов-мадҳ) қилур”.

Англашиладики, Муҳаммад Ҳомид Термизийнинг шогирдлари нима сабабдандир Динаварийни яхши қабул қилмайдилар, бу ҳодисани шарҳлаш жуда қийин, сабаби шогирдлар устозга содиқ қолган ҳолда Динаварийнинг кимлигини билмайдилар, ўз устозларини Динаварийдан қизганадилар.

 Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да қуйидагича келтиради:  “Абулмузаффар Термизий олтинчи табақадиндур. Оти Ҳаббол ибн Аҳмаддур. Имом эрди, зоҳид ва Ҳанбал мазҳаб. Тирмизда музаккирлик қилур эрди ва Хизр алайҳиссалом билан суҳбат тутар эрди. Муҳаммад Ҳомид Термизий Дошгарднинг  шогирдидур. Ва ул Шайх Абубакр Варроқнинг. Шайх ул - ислом Ҳожа Абдуллоҳ Ансорий дебдурки, анинг яхши сўзи кўпдур, муомалот ва зуҳд ва тақвода.

Ҳазрати Мир Алишер Навоий бу зотни “Хуросон машойихининг жавонмардларидиндур” деб унга юксак баҳо беради. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарининг уч ўрнида Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий ҳакида келтириб ўтади. Биринчи ўринда, “Насойим ул-муҳаббат” нииг Абулаббос Динаварий бобида Иккинчи ўринда, Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий ҳақида қуйидаги таърифни беради: “Иккинчи табақадиндур. Куняси Абубакрдур. Хуросон машойихининг жавонмардларидиндур. Аҳмад Хузравайҳни кўриб эрди ва анинг ўғли Абунаср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳомид Хуросоннинг машоҳиридиндур”.

“Насойим ул-мухаббат” даги иккинчи маълумот Муҳаммад ибн Ҳомид Термизийнинг ўзи ҳақидадир, бунда Навоий шайхнинг иккинчи табақаданлиги, куняси Абу Бакр, Хуросон шайхларининг жавонмардларидан яъни (саховатпеша) ларидан экани, Аҳмад Хизравия билан учрашгани кабиларни эслатади. Иккинчи табақа шайхлик тарихида ва сўфийлик тариқатида дарвишликдан кейинги иккинчи босқич бўлган, илк босқич дарвишлик ёки қаландарлик кўринишида зоҳир бўлган бўлса, иккинчи босқич ориф (Аллохни таниш) лик шаклида намоён булади.

Кўринадики, Мир Алишер Навоий таъкидлаганидек Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий жавонмардликда ана шу амалларнинг барчасини босиб ўтган ва ушбу соҳада кўпларга ибрат бўлгани шубҳасиз. Алишер Навоий айни пайтда шайх Мухаммад ибр Ҳомид Термизийнинг фарзанди Абунаср Муҳаммад бин Муҳаммад бин Ҳомид ҳакида тўлқинланиб сўзлайди ва уни “Хуросоннинг машоҳиридиндур” (Хуросоннинг машхур кишиларидан), деб таърифлайди.  Алишер Навоий шайх Мухаммад ибн Ҳомид Термизийнинг иккита ажойиб ҳикматларини келтириб ўтади, шулардан биринчиси:  “Сенинг сармоянг (бойлигинг) кўнглунгдир ва вақтинг”. 

“Насойим ул-муҳаббат” даги учинчи ахборот Абулмузаффар Термизий муносабати билан келтирилади, унда: “Шайх ул ислом” (Абдуллоҳ Ансорий 1006—1088) дебтурки: Абулмузаффар Термизий ва анинг устоди Ҳомид Термизий чибинни ўзларидин Кўримаслар эрдиким, алардин учиб яна биров устига кўнмағай экандурлар”. Шу ахборотнинг бошқа бир урнида Муҳаммад Термизий - Мухаммад Хомид Дошгард тарзида ҳам тилга олиб ўтилади.

Тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат» ҳамда Абдурахмон Жомий (1414 - 1492) нинг “Нафаҳот ул-унс” асарларидаги Мухаммад Ҳомид Термизий ҳақидаги зикрлар айтарлик бир хил.

Энди Алишер Навоий келтирган иккинчи ҳикматга келсак: “Ва ҳам анинг сузидурким: Инсонни эски чопонда юргани бировнинг янги тўнини кийиб юрганидан яхшироқдир. 

Бу ҳикматнинг мохият-мазмуни ўзгача, яъни тасаввуф таълимоти бўйича тъама қилиш, умид-илинж, пок инсонлар учун бегона экани таъкидланмоқда. Сабаби поклик, умуман, унга эришиш осон иш эмаслиги ўз-ўзидан аён нарса, унга эришишнинг талаблари юксак, бу юксакликни оддий кўз билан кўриб бўлмайди.

Муҳаммад Ҳомид Термизий томонидан ривоят қилинган ҳадислардан намуналар: Кимки Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани ундан қўрқадиган қилиб қўйади. Ва кимки Аллоҳдан қўрқмаса, Аллоҳ таоло уни барча нарсалардан ваҳимага тушадиган қилиб қўяди.  Ҳалолни талаб қилмоқ Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир, зотан Аллоҳ таоло халол меҳнат билан топувчи мўминларни севади. 

Ибн Носирга Аҳмад ибн Али ибн Ҳалафдан яна ҳам бизга Абд Раҳмон Суламий хабар берган унга Мансур ибн Абдуллоҳ у киши Муҳаммад Ҳомид Термизийдан эшитдим деди: Бир киши Аҳмад ибн Ҳудровайҳнинг олдига келиб: менга насиҳат қилинг деди. Шунда у киши: “Нафсингни ўлдир уни қайта тирилтириш учун, ғафлатдан кўра оғирроқ уйқи йўқ шаҳватдан кўра моликроқ бирор-бир қуллик йўқ аган ғафлат юки бўлмаганида шаҳват сен билан ҳеч ютуққа этишмасди”.

Мансур ибн Абдуллоҳдан у киши Муҳаммад Ҳомид Термизийдан эшитдим у киши Аҳмаб ибн Ҳудровайҳдан “Сабр ҳайратда қолганларнинг зоди роҳиласидир ва розилик эса ориф (Аллоҳ таъолони таниган) кишиларнинг даражасидир”.

Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мункадирийга Муҳаммад ибни Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳофиз Найсопурда ривоят қилган  яъни бизга бу ҳадисни ривоят қилган киши Абу Наср Муҳамма ибн Ҳомид Термизий, унга Муҳаммад ибн Ҳайён Сағоний, Амр ибн Абдулғаффор Сағоний, унга Бирш ибн Сиррий, унга Аммор ибн Абу Муовиядан, унга эса Саид ибн Жубаир, унга Ибн Аббос ривоят қилинган ҳадисда “Биз сут билан оғзимизди чаярдик лекин у билан таҳорат қилмасдик”. – дейилган.

Абу Абдуллоҳ  ал - Ҳофизга Абу Наср Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий, унга Муҳаммад ибни Жибол, унга Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизи, унга Абдулвоҳид ибн Зиёд, унга Осиб ибни Кулай, у киши отасидан отаси Воил ибни Ҳужрул Ҳозронийдан ривоят қилинади: Расуллулоҳ Соллалоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келидим қандай намоз уқишларини кўриш учун. “Расуллулоҳ Соллалоҳу алайҳи васаллам турдилар юзларини қиблага бурдилар, такбир айтдилар ва қўлларини кутардилар. Қўллари елкаларининг баробарида эди. Рукуъ қилганларида қўлларини тиззаларига қуйдилар ва бошларини рукуъдан кўтарганларида яна қўлларини кўтардилар, ҳатто елкалари баробарида. Сўнгра сажда қилдилар”. Суфён ибн Уяйнадан ҳам бу ҳадис ривоят қилинган.

Муҳаммад ибн Абуллоҳ Ҳофизга Абу Наср Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий, унга Муҳаммад ибн Худол, унга Яҳё ибн Забаир, унга Лайсдан, унга Уқайлдан, унга Ҳишом ибн Урва, унга Урва Ибн Зубаир, унга Асмодан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ замонларида Мадинада фитр закотини жорий қилганлар бир “Мудд” (Ҳанафий мазҳабига кўра, бир мудд 1072 грамм ) ва “Соъ” (бир соънинг миқдори 4 килограмм 288 грамм) ўлчовида. Бундан аҳли байт ва Мадина аҳли тановул қилганлар”.

Муҳаммад Ҳомид Термизийнинг ҳикматли сўзларидан:

Кимки шайхларнинг амри ва интизомидан қаноатламаса, у китоб ва суннат билан тарбияланмайди.

 Авлиёларнинг валийлигини инкор этишлик жоҳиллар қалбининг сиқилишидандир, қудрат ўринларини, яни авлиёнинг валийлигини билмаганлиги жоҳилнинг илмдан узоқлигидир. Мусулмонларни бирортасини хорлаганимда, иймоним ва маърифатимда нуқсонни топган бўламан. Сенинг сармоянг қалбинг ва вақтингдир. Қалбингни ёмон гумонлар билан машғул қилма, вақтингни кераксиз нарсаларга сарф қилма бу сармоянинг хусуридан қутулғил. Агар қалбда нур ўрнашган бўлса, тил фақат яхшиликни гапиради. Модомики бир нарсадан ожиз қолган экансан, демакки бу ожизлигинг заифлигингдандир. Авлиёларни паст санашлик Аллоҳни  танимасликдандир. Сен ожиз бўлиб қолганингда ҳам ўз заифлигингди кўришликдан ожиз бўлмагин.



Сайдуллаев Фаррух

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Термиз давлат университети Тарих факулети стажёр тадқиқотчиси

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Алишер Навоий. Насойим-ул муҳаббат. – Т: Фан, 2001.
  2. Ҳусайн Воиз Кошифий. Футуватномаи Султония ёҳуд жавонмардлик тариқати. – Т: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994.
  3. С.Турсунов, Б.Муртазоев. Термизийларнинг илмий тафаккури. – Т: Ўзбекистон, 2016.
  4. Фаридудин Аттор. Тазкират ул-авлиё. – Т: Ғофур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2012.
  5. Абдурахмон Суламий. Табақоти Суфия. – Б: Боғдод, 2001. 
  6. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. Ж. X. – Т.: “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2005.
  7.  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Т.: HILOL – NASHR,  2019.
  8. Ислом Энциклопедияси. – Т.: “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”  Давлат илмий нашриёти, 2007.

Izoh qoldirish