16.06.2024

ЗОҲИРИЙ ВА БОТИНИЙ НЕЪМАТЛАР ЖАМЛАНГАН БАЙРАМ

Юртимизда «Қурбон ҳайити» деб номланадиган байрам араб тилида «Ийд ал-азҳа» деб юритилади. «Ийд» сўзи араб тилида «қайта-қайта такрорланиш», «фойда-манфаат» маъноларини билдиради. Ҳайит куни ҳар йили такрор, қайта-қайта келгани ва унда Аллоҳнинг неъматлари бандаларига сероб бўлгани учун уни «ийд» деб номланган. «ал­-Азҳа» эса «қурбонлик қилиш», деган маънони англатади.

Олимларимизнинг келтиришича, тилшунос олимларга кўра, «ҳайит» сўзи ҳам асли «ийд» сўзидан олинган экан («Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 676-бет. Москва, 1981 йил). Ўғузлар (қадимги турклар) айрим ҳолларда сўз бошидаги унли олдига «ҳ» қўшиб талаффуз қилишган экан («Девону луғатит турк», 135-бет. Маҳмуд Қашғарий. Тошкент, 1961 йил. Ўз.ССР Фанлар Академияси нашрёти). Ана шундай қилиб, «ийд» сўзи бизда кейинчалик «ҳайит» шаклини олган экан. 

Қурбон ҳайити Пайғамбар алайҳиссалом томонидан Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин, аниқроғи ҳижратнинг иккинчи йилида жорий қилинган. У зот Мадинага келганларида қавмнинг йилда икки бор байрам қилишини кўрадилар. Айрим маълумотларга кўра, Мадина аҳли Исломдан олдин йилнинг иккита кунини – баҳорда шамсий йилнинг бошланиш кунини, кузда Меҳиржон кунини байрам қилишар эди. Ўша кунларни улар турли ўйин-кулгилар билан ўтказишар эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда сўрайдилар ва улар аввалдан қолган урф-одат эканлиги айтилади. Шунда у зот:

«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ –  Азҳо куни ва Фитр кунини берди», – дедилар» («Сунан» эгалари Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).

Албатта, Қурбон ҳайити нишонланадиган уч кун рўза тутиш мумкин эмаслиги ва уларнинг Пайғамбар алайҳиссалом томонидан еб-ичиш куни эканлигининг айтилиши бу байрамда Аллоҳ раҳматининг мўмин-мусулмонларга қанчалик кенг эканлигини кўрсатади. Аммо шу билан бирга бу байрам қуйидаги ҳадиси шарифга амал қилишнинг айни вақти эканлигини унутмаслик кераклиги ҳам таъкидланган:

«Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мўминнинг қалбига хурсандчилик киргизишдир» (Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Бошқа ривоятларда ҳам Ислом амалларининг афзали таом бериш ҳамда таниган ва танимаган кишига салом бериш эканлиги, берувчи қўл – олувчисидан устунлиги айтилади. Демак, булардан ейишдан кўра едириш, олишдан кўра бериш афзал даража эканлиги келиб чиқади. Шунинг учун ҳам халқимизда бу кунда меҳмон кутиш ва зиёфат дастурхони тайёрлаш одат тусига кирган. 

Шу билан бирга бу байрамда таом бериб сийлашнинг ўзи билан чекланилмайди, балки унда кишилар бир-бирларига ўзгача самимият ва хурсандчилик билан муомала қилишади, барчани байрам билан чин юракдан табриклашади, бир-бирларининг, элу юртнинг ҳаққига эзгу дуолар қилишади. Шунинг учун бу кунларда гина-кудрат қилиш мумкин эмаслиги, аксинча кечиримли бўлишга ҳаракат қилиш зарурлиги тушунчаси мусулмон халқларнинг миллий хусусиятига чуқур сингиб кетган.

Аллоҳ таоло барчаларимизга бу байрамни муборак қилсин! 

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

 

Izoh qoldirish