БИР ВАҚТНИНГ ЎЗИДА ИККИ НАМОЗНИ ҚЎШИБ ЎҚИШ МУМКИНМИ?
Икки вақтдаги намозни бирга қўшиб ўқиш ҳақида намозхонлар орасида айрим фикрлар бор. Чунки, уларнинг ҳаж мавсумида арафа куни намозларни қўшиб ўқиш хусусида тушунчалари мавжуд. Икки вақтдаги намозни қўшиб, бир вақтда бирга ўқиш "жамъ" деб аталади. Исломда айрим мазҳабларда ҳаж мавсумидан бошқа вақтларда ҳам намозларни жамъ қилиб ўқишнинг жоизлиги борасида фатволар берилган. Бироқ, ушбу масалага ўта ҳассослик ва эҳтиётлик ила ёндашиш керак бўлади. Чунки, бу борада ҳаддан ошиш, беш вақт намозга бепарво бўлиб қолиш, намоз вақтларига аҳамият бермаслик, шайтоний васвасага учраб қолиш эҳтимоли ҳам борлигини унутмаслик керак. Исломдаги шиалар жамоаси амалда беш вақт намоз эмас, доимо уч вақт намоз ўқишларининг сабаби ҳам биз сўз юритмоқчи бўлган мана шу намозларни жамъ қилиб ўқиш масаласидан келиб чиққан. Ҳозирги кундаги бемазҳабларнинг сафарда юрганларида доимий равишда уч вақт намоз ўқишлари ҳам айнан шиаликнинг ўзгинасидир. Ўзлари тўрт ёки беш юлдузли меҳмонхонада турадилар-у, меҳмонхона пастидаги масжидга ўз вақтида намоз ўқишга тушишмайди, унинг ўрнига икки намозни бир қилиб ўқиб олишади-ю, намознинг асл вақтида эса дўконма-дўкон сайр қилиб ёки ўзининг нафси-ҳавоси истаган дунёвий иши билан бемалол юришаверади. Ёки йўл бўйларидаги масжидларга кириб, ўз вақтида намоз ўқишдан эринган бетақволар бирор жойда тўхтаб, икки намозни бир қўшиб ўқиб кетишаверади. Астағфируллоҳ! Бинобарин, бемазҳабликни йўқотиш, намозларга бепарво қарашдан сақлаш, бетақво кимсаларнинг ўз нафслари йўлида намозларни бирга қўшиб ўқиб кетавериш касофатининг олдини олиш мақсадида, ушбу мавзудаги ҳанафий мазҳаби фиқҳидаги маълумотларни тақдим қилишга қарор қилинди.
Бизнинг ҳанафий мазҳабида ҳаж зиёратидан арафадан бошқа пайт намозларни қўшиб ўқишга рухсат йўқ. Намозларни жамъ қилиб ўқиш жоиз эмаслиги борасида ҳанафий мазҳабининг далиллари нима? Бунга бир қанча далиллар мавжуд.
- Ояти карималар бунга яққол далил бўла олади.
– Аллоҳ таоло намозларни вақти белгиланган ҳолда фарз қилгандир:
فَإِذَا قَضَيْتُمُالصَّلاَةَ فَاذْكُرُواْ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُوداًوَعَلَى جُنُوبِكُمْفَإِذَا اطْمَأْنَنتُمْ فَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَإِنَّ الصَّلاَةَكَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَاباًمَّوْقُوتاً {103}
"Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Оллоҳни ёд этингиз! Бас, қачон хотиржам бўлгач, намозни тўкис адо этингиз! Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди" (Нисо, 103).
– Аллоҳ таоло бандаларини намозларни сақлаб, ўз вақтида адо қилиб юришга буюргандир:
حَافِظُواْ عَلَى الصَّلَوَاتِ والصَّلاَةِالْوُسْطَى وَقُومُواْلِلّهِ قَانِتِينَ {238}
"Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!" (Бақара, 238).
– Яна бир оятда эса Аллоҳ таоло намозни унутиб, вақтини ўтказиб юборганларга вайл эълон қилгандир:
فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ {4} الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ {5}
"Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгай" (Маъун, 4-5).
– Пайғамбарларга меросхўр бўлса-да, бироқ намозларини зоеъ қилган, яъни ўз вақтида адо қилмаганларга Аллоҳ таоло томонидан ёмон жазо таъйинлангандир:
فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَوَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَيَلْقَوْنَ غَيّاً {59}
"Сўнг уларнинг ортидан намозни зоеъ қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар" (Марям, 59).
Мазкур ояти каримада "намозни зоеъ қилиш" намозни умуман ўқимаслик эмас, уни вақтидан кечиктириб бўлса-да, ўқиб юриш назарда тутилган. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: "Улар бу уммат орасида бўлади", деган. Чунки, намозни умуман қасддан ўқимаслик куфрдир. Куфр келтирганлар эса пайғамбарларга меросхўр бўла олмайдилар. Демак, бу ерда намозни зоеъ қилиб, уни ўз вақтида ўқимасдан, кечиктириб юриб гуноҳи кабирага қўл урганлар зикр қилинган (Қаранг: Абу-л-Баракот ан-Насафий. Мадорик ат-танзил (Тафсири Насафий). 3-жуз. – Ҳайъат ал-иғоса ал-исломиййа, 1988. – Б. 39; Ибн Касир. Тафсир ал-Қуръон ал-азим. 3-жуз. – Қоҳира: Дор ал-ғадд ал-жадид, 2007. – Б. 117-119).
– Намозларни ўз вақтида доимий ўқиб юрганларни Аллоҳ таоло мақтагандир:
إِنَّ الْإِنسَانَخُلِقَ هَلُوعاً {19} إِذَا مَسَّهُالشَّرُّ جَزُوعاً {20} وَإِذَا مَسَّهُالْخَيْرُ مَنُوعاً {21} إِلَّا الْمُصَلِّينَ {22} الَّذِينَهُمْ عَلَى صَلَاتِهِمْ دَائِمُونَ {23}
"Дарҳақиқат инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачон унга ёмонлик етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачон унга яхшилик етса, у ўта манъ қилгувчидир. Фақат намоз ўқигувчи зотлар ундоқ эмаски, улар намозларида доим-барқарор бўлгувчи зотлардир" (Маориж, 19-23).
Мазкур ояти каримада инсоннинг бетоқатлиги, у ўта бесабр экани баён қилинмоқда. Унга шунчалик яхшиликлар қилинса-да, манъ қилувчи экани, бахиллиги айтилмоқда. Бу ерда сафарга чиқиш неъмати берилган, бойлик, яхши-яхши уловлар берилган бўлса-да, инсон бесабрлик ила йўлида давом қилиб, намозларнинг вақтини манъ қилиб, икки намозни бирга қўшиб, вақтга бахиллик қилувчилар; ўзининг дунёвий ҳою-ҳаваси учун вақтни аямайдиган, лекин Аллоҳнинг ибодати учун вақтни қизғанадиганлар назарда тутилган бўлса эҳтимол. Фақатгина намозларини доимо ўз вақтида ўқиб юрувчилар ундай эмас.
– Намоз вақтларини сақлагувчиларни Аллоҳ таоло охиратга ва Қуръонга имон келтирганлар сифатида зикр қилгандир:
وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَبِالآخِرَةِ يُؤْمِنُونَبِهِ وَهُمْ عَلَى صَلاَتِهِمْيُحَافِظُونَ {92}
"Охиратга иймон келтирадиган кишилар унга (Қуръонга) ҳам иймон келтирадилар ва улар намозларини ўз вақтида адо қиладилар" (Анъом, 92).
– Намозларни вақтлари ила муҳофаза қилувчиларни Аллоҳ таоло ҳақиқий меросхўрлар сифатида зикр қилгандир:
وَالَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَوَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ {9} أُوْلَئِكَهُمُ الْوَارِثُونَ {10}
"Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар ворислардирлар!" (Мўъминун, 9-10).
Юқоридаги ояти карималардан маълум бўлмоқдаки, ҳар бир намознинг муайян ва муқаррар ўз вақтлари бор. Ўша вақтни сақлашлик фарз, вожиб ҳисобланади. Бу вақтларни сақламаганларга эса ваъид-таҳдид бўлмоқда. Боз устига, мазкур оятларнинг субути ва далолати қатъийдир. Намозларни жамълаш ҳақидаги ҳадислар эса машҳур ёки мутавотир эмас, балки аҳод бўлиб, улар оятга мухолафат қила олмайди. Яна мазкур аҳод хабарларни саҳиҳ бир мафҳумга – тушунчага ҳамл қилиш мумкин. Ушбу тушунча эса ҳадисни ҳанафийлар тушунгандек тушунмоқликдир. Яъни, уларни "жамъи суварий" деб тушуниш ҳам мумкин-ку!? Зотан, ҳадислардан "жамъи суварий"ни тушуниш кераклиги уларнинг ўзларида ҳам баён қилинган ўринлари мавжуд. Қуйироқда улар ҳақида сўз юритилади.
- Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:
مَا رَأَيْتُالنَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى صَلَاةً بِغَيْرِ مِيقَاتِهَا إِلَّا صَلَاتَيْنِ جَمَعَ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ وَصَلَّى الْفَجْرَ قَبْلَ مِيقَاتِهَا
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳеч бир намозни ўз вақтидан бошқа вақтда ўқиганларини кўрган эмасман. Фақатгина икки намозни – шом билан хуфтонни жамъ қилганлар, ва бомдодни ўз (одатдаги) вақтидан олдин ўқиганлар" (Бухорий, 2/1682; Насоий, 1/1578). Имом Баззор ривоятида бу воқеа Муздалифада бўлгани очиқ айтилган (Баззор, 1907).
Бошқа ўринда саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд раҳимаҳуллоҳ бундай деган:
كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصلي الصلاة لوقتها إلا بجمع وعرفات
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларни ўз вақтида ўқир эдилар, фақат Муздалифада ва Арафотда ундай эмасди" (Насоий, 2/4005).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг бу гаплари жуда муҳим. У ҳанафийларнинг энг катта далил. У зот саҳобалар ичида энг пешқадам фақиҳи, энг кучли мужтаҳиди ҳисобланади. Ана шундай буюк зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Арафотда пешин билан асрни, Муздалифада эса шом билан хуфтоннигина жамъ қилиб, қўшиб ўқиганлиги ҳақида хабар берганлар. Бу қўшиб ўқиш ҳақиқий жамъ бўлган. Бундан ўзга вақтларда (сафарда ёки бошқа пайтларда) эса ҳадисларда келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суварий жамъ қилган бўлиб чиқадилар.
3) Саҳоба Абу Қатода разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шариф бор бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақтида ўқилмаган намозни, айнан бирор намозни бошқа вақт киргунча кечиктириш мумкин эмаслигини билдирганлар:
لَيْسَ فِى النَّوْمِ تَفْرِيطٌإِنَّمَا التَّفْرِيطُ فِى الْيَقَظَةِ أَنْ تُؤَخَّرَ صَلاَةٌحَتَّى يَدْخُلَوَقْتُ أُخْرَى
"Уйқуда ҳаддан ошиш, сусткашлик йўқ. Сусткашлик, бепарволик бедорликда намозни то бошқа вақт киргунча кечиктиришда бўлади" (Абу Довуд, 1/441; Насоий, 1/1583; Байҳақий, 1/1639; Дорақутний, 1/12; Ибн Ҳиббон, 1/1460; Таҳовий, 1/987).
4) Саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу намоз борасидаги ҳаддан ошиш, сусткашликни намозни бошқа вақт киргунча кечиктириш деб баҳолаган:
سُئِلَ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَا التَّفْرِيطُ فِي الصَّلَاةِ ؟ قَالَ: " أَنْتُؤَخَّرَ حَتَّى يَجِيءَ وَقْتُ الْأُخْرَى "
Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан: "Намоздаги сусткашлик нима?" деб сўралди. У: "Намозни бошқа намоз вақти киргунча кечиктиришингдир", деб жавоб берди (Таҳовий, 1/989; Ибн Абу Шайба, 1/3389).
5) Саҳоба Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бошқа вақт кирмагунча намознинг вақти ўтиб кетмайди, деган:
لا يفوت صلاة حتى يجئ وقت الأخرى
"Намоз бошқа вақт кирмагунча ўтиб кетмайди" (Таҳовий, 1/988).
Бошқа ўринда Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бундай деган:
لا تَفُوتُ صَلاَةٌ حَتَّى يُنَادَى بِالأُخْرَى
"Намоз бошқа намозга азон айтилмагунча ўтиб кетмайди" (Ибн Абу Шайба, 1/3388).
6) Саҳоба Абу Разин разийаллоҳу анҳу бошқа вақт кирмагунча намознинг вақти ўтиб кетмаслиги, унгача эса инсон бепарволик қилиб уни зое қилиши мумкинлигини айтган:
عَنْ مُنْذِرٍ ، قَالَ : سَأَلْتُ مُرَّةَ أَبَا رَزِينٍ مَتَى تَفُوتُنِي صَلاَةٌ ؟ فَقَالَ : لاَ تَفُوتُك صَلاَةٌ حَتَّى يَدْخُلَ وَقْتُ الأُخْرَى ، وَلَكِنْ بَيْنَ ذَلِكَ إفْرَاطٌ وَإِضَاعَةٌ
"Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: Абу Разин разийаллоҳу анҳудан: "Намоз мендан қачон ўтиб кетади?" деб сўрадим. У бундай деди: "Сендан намоз бошқа намоз вақти кирмагунча ўтиб кетмайди. Лекин мана шунинг орасида ҳаддан ошган сусткашлик ва намозни зое қилиш бўлиши мумкин" (Ибн Абу Шайба, 1/3387).
7) Намознинг вақтлари мутавотир ҳадислар билан собит бўлгандир. Жумладан, фаришта Жаброил алайҳиссалом икки кун келиб, намоз вақтларининг аввалги ва охирги вақтларини белгилаб ўқиб берган. Энди, қоида чиқади: сафарда намозларни жамъ қилиб ўқиш мумкинлиги ҳақидаги аҳод ҳадислар ушбу мутавотир ҳадисларга қарши тура олмайди!
ХУЛОСА
Сафар ёки бошқа узрлар билан намозларни жамъ қилиб ўқилганда, Аллоҳ наздида, ҳанафийлар фикрича, вақтида ўқилмагани боис гуноҳкор бўлиш мумкин ёки бошқалар фикрича, намозлар зиммадан соқит бўлиши ҳам мумкин, яъни шубҳали. Агар ҳар бир намоз ўз вақтида ўқилса, намозлар зиммадан соқит бўлиши аниқ, ўз вақтида ўқилгани учун гуноҳ эмас, савобга эга бўлинади, яъни бешубҳа. Шубҳали ишни қилгандан кўра бешубҳа ишни қилган яхшироқ. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
مَا رَأَيْتُشَيْئًا أَهْوَنَمِنْ الْوَرَعِدَعْ مَا يَرِيبُكَ إِلَى مَا لَا يَرِيبُك
"Парҳез (тақво)дан ҳам кўра яхшироқ нарсани кўрмадим! Шубҳали ишни тарк қилиб, сени шубҳага солмайдиганини қил!" (Бухорий, 3/2051; Термизий, 4/2518; Насоий, 3/5220; Доримий, 1/167; Ибн Ҳиббон, 2/722; Ҳоким, 1/166; Аҳмад, 1/1723; Байҳақий, 5/10601).
Демак, сафарларда намозларни жамъ қилиб, пешин билан асрни, шом билан хуфтонни бир вақтнинг ўзида ўқиш ҳанафий мазҳабига кўра асло мумкин эмас! Уларни фақат ҳажда барча ҳожилар билан биргаликда адо қилиш мумкин, холос. Бошқа вақтларда эса намозлар ўз вақтида адо қилиниши шарт. Бу Аллоҳ таолонинг вақтларини аниқ белгилаб қўйган фарзидир!
Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларга муҳаббат ва ихлос натижасида Аллоҳ таоло олдида қурбат ҳосил қилинади. Бу муҳаббат ва ихлос эса фарз қилинган ҳар бир намозни ўз вақтида ўқиш билан билинади!
Ҳамидуллоҳ Аминов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими
Izoh qoldirish